Марказий банкнинг Халқаро захираларни бошқариш департаменти директори Санжар ВАЛИЕВ бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Марказий банк томонидан олтиндан тайёрланган қуймалар ва эсдалик тангаларининг муомалага чиқарилишидан асосий мақсад мамлакатимиз аҳолисининг инвестицион ва жамғариш имкониятларини кенгайтиришдир. Маълумки, маблағларни инвестиция қилишда инвесторлар олтиндан диверсификация мақсадида кенг фойдаланадилар. Бунинг сабаби шундаки, ҳар қандай активнинг қиймати вазиятдан келиб чиқиб тушиши мумкин. Инвестиция ёки жамғарманинг таркибида қисман олтиннинг бўлиши инқирозли даврларда активлар умумий қийматининг тушиб кетиши хавфини камайтиради ва бу ҳолат амалиётда кўп маротаба ўз исботини топган. Активларнинг хусусиятлари, инвестициядан кўзланган мақсад ва маъқул кўрилган хатар даражасидан келиб чиқиб, инвестиция ёки жамғарма таркибида алоҳида активларнинг, жумладан, олтиннинг улуши турлича шакллантирилиши ҳам мумкин.
Аҳолининг олтиндан жамғарма сифатида фойдаланиши мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Олтин қуймалари ва эсдалик тангаларининг муомалага чиқарилиши аҳолининг олтиндаги жамғармалари шаклланишига ва бу ўз навбатида, чет эл валютасига бўлган талаб ва иқтисодиётнинг «долларлашув» даражаси пасайишига ижобий таъсир кўрсатади.
Жаҳон тажрибасидан маълумки, пандемия ёки шунга ўхшаш фавқулодда хатарли вазиятлар пул қийматига ўз таъсирини кўрсатиши мумкин.
Олтин эса ҳеч қайси давлат иқтисодиёти ва валютасига боғланмаган актив бўлиб, пандемия, иқтисодий инқирозлар ва сиёсий беқарорлик пайтида олтинга хавфсиз актив сифатидаги талаб ошади. Бу эса унинг нархи ўзгаришига сабаб бўлади.
Маълумки, Марказий банк томонидан олтин қуймаларидан ташқари олтин эсдалик тангалари ва сувенирлари ҳам сотувга чиқарилди. Ва яна тарихий ва замонавий даврнинг муҳим воқеаларига бағишлаб олтиндан тайёрланган эсдалик тангалари ва сувенирлар муомалага чиқарилмоқда.
Эсдалик тангалари ва сувенирларнинг асосий фарқи шундаки, сувенирларда унинг эсдалик тангаларидаги каби номинал қиймати акс этмайди. Жорий йилда буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб, олтин эсдалик тангалари ва сувенирлар тўплами сотувга чиқарилди.