1586 йил (бундан 435 йил олдин) – Бухоро хони Абдуллахон II Бухоро шайхулисломи Хожа Саъдга Қўлобнинг забт этилиши муносабати билан мактуб юборди.
Мактубдан маълум бўлишича, хон бутун Бадахшонни хожа Саъдга тортиқ қилган. Аммо ҳазрати эшон, “Матлаб ут-толибин” муаллифининг гувоҳлик беришича, Арханг вилоятидан фақат 200 жуфти гов ер олишга розилик берган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Абдуллахон II Хожа Саъд фатвосисиз бирорта жиддий ишга қўл урмаган. Хожа Саъдга “Қутблар қутби” ва “Саййидлар паноҳи” унвонлари берилган.
1912 йил (бундан 109 йил олдин) – композитор, дирижёр, ўзбек операси асосчиларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Мухтор Ашрафий таваллуд топди (вафоти 1975 йил). У 1947–1962 ва 1971–1975 йилларда Тошкент консерваториясининг ректори бўлган. У устози Сергей Василенко билан ҳамкорликда илк ўзбек опералари “Бўрон” (Комил Яшин либреттоси, 1939) ва “Буюк канал” (Комил Яшин ва М. Раҳмонов либреттоси, 1940)ни яратган. Унинг “Дилором” операси асосида биринчи ўзбек фильм-операси яратилган.
1939 йил (бундан 82 йил олдин) – биринчи ўзбек операси “Бўрон”нинг премъераси бўлиб ўтди ва шу куннинг ўзидаёқ Ўзбек мусиқали драма театри Ўзбекистон давлат опера ва балет театри деб номланди. Тарихчи Баҳром Ирзаевнинг қайд этишича, бунгача ҳам опера йўналишида айрим асарлар яратилган, бироқ улар жанр талабларига тўлиқ жавоб бермасди. “Бўрон” ҳақиқий опера сифатида дунёга келди ва унинг сюжети мазмунидан қатъи назар бугун ҳам ҳақиқий миллий опера сифатида барча талабларга жавоб беради.
Унинг хор ижроларида “Гул ўйин”, “Гиря қозоқ”, “Чаманда гул” каби халқ қўшиқлари оҳангларидан унумли фойдаланилган, қаҳрамонлари Муҳитдин Қориёқубов, Ҳалима Носировалар опера саҳнасидаги ҳақиқий миллий образларни кўрсатиб бера олганлиги билан ҳам катта аҳамиятга эгадир.
1993 йил (бундан 28 йил олдин) – Тошкент вилоятининг Паркент тумани тоғли ҳудудида, Чатқол тоғ тизмаларининг жануби-ғарбида жойлашган Чатқол давлат табиий биосфера қўриқхонаси ЮНЕСКО муҳофазасига олинди.
2001 йил (бундан 20 йил олдин) – Германиянинг Фрайбург шаҳрида “Ўзбекистон кунлари” негизида катта фотокўргазма бўлди. Бунда Ўзбекистоннинг бой тарихи, мутафаккирлари, архитектураси ва бошқа маданий мероси фото ихлосмандларига тақдим этилди. Кўргазма очилишида германиялик олимлар Ўзбекистоннинг жаҳон халқлари илм-фани ва маданиятининг ривожланишига қўшган ҳиссасини таъкидлаб, унинг инсоният цивилизациясидаги муносиб ўрни эътироф этилди.
2010 йил (бундан 11 йил олдин) – Жанубий Африка Республикасида бошланган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш учрашуви – ЖАР ва Мексика терма жамоалари ўйинини Осиёнинг 2007 ва 2009 йиллардаги энг яхши ҳаками ва халқаро тоифадаги ФИФА рефериси ўзбекистонлик Равшан Эрматов бошқарди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2019–2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.