Тортинчоқликни енгиш тўғрисида сўз борганда аввало инсонда ўзига нисбатан ишонч пайдо қилиш ва уни ошириш муҳим роль ўйнайди. Болада тортинчоқликни йўқотиш учун овозни баландлатмаслик бақирмаслик, силтамаслик, тез-тез такрорланиб турувчи чеклашлар, танқид қилиш ва жазолаш бола хатти-ҳаракатларида қарама-қарши реакцияни вужудга келтиради.
Ота-оналарнинг «сени яна хафа қилишдими», «Бу ҳар доим ўзи шунақа», «Яна жавоб қайтара олмадингми?» сингари гаплари нафақат ижобий натижа бермайди, балки акси бўлса-да, ўзига нисбатан ишончсизликни мустаҳкамлаб, асабийлик ҳолатини юзага келтириши мумкин.
Тортинчоқ болалар уятчан бўлганликлари боис оддий вазифаларни ҳам бажара олмайдигандек бўлиб кўринади. Лекин уларнинг муваффақиятсизликлари қандай ҳаракат қилишини билмаганлиги учун эмас балки уни урушишлари мумкинлигини ҳис қилганлари билан асосланади. Болага берилган топшириқ моҳиятини тушиниш, унда нима талаб этилаётганини, кутилаётган натижа қандайлигини англаб етиши учун кўп вақт керак бўлади.
Агар катта киши болани шоширадиган бўлса, одатда у ишини умуман тўхтатади. Бир неча шундай ҳолатдан кейин бола ҳар бир талаб этиладиган топшириқни бажаришдан бош тортадиган бўлиб қолади.
Тортинчоқ болани кўпроқ жамоага қўшиш яхши натижа беради ва унинг яна бир самарали усули бу кичикроқ ёшдаги болалар билан биргаликдаги фаолиятини ташкил этиш.
Одатда тортинчоқ болалар ёши кичик бўлган болалардан уялмайдилар ва тажрибали катта ролини бемалол бажара оладилар ва улар учун ёқимли ҳисобланади. Чунки бу роль тенгдошлари билан мулоқатда болалар учун қийинчилик туғдирмайди.
Боғча ёшидаги болаларнинг тортинчоқликни енгишида тарбиячилар ҳамда ота-оналар бирга ишлаши самарали натижа кўрсатади.
Гули ҚАМБАРОВА,
2-сонли «Қуёшжон» номли ДМТТ тарбиячиси.