LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

09 Apr 2021

9 апрель – Амир Темур таваллуди куни

Донишмандлик рамзи

      Амир Темур олимларга хайрихоҳ муносабатда бўлар, билими ва ҳалоллигини кўрган олимларга ишонар эди. У тарихчи ва файласуфлар, илм-фан ва маъмурий соҳада билимдон бўлган кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтидан ҳам тушарди. Амир Темур ўзидаги кишиларни бўйсундириш қобилиятига уларни ўз ҳукмронлиги остида бахтиёр қилиш истеъдодини ҳам қўшган эди. (Луи-Матьё Ланглэ)

Шатранж ўйини

    Амир Темур кўп вақтини шатранж ўйини устида ўтказган. У ўз даврининг машҳур шатранжчилари билан бемалол беллаша олган. (Хильда Хукхэм)

Олимларга эътибор

    Амир Темур фақат маҳаллий муаллифларнигина рағбатлантирмай, балки ўз пойтахтига чет эл олимлари ва шоирларини ҳам жалб этди ҳамда уларнинг ҳаммасига ҳотамтойларча мукофотлар ҳадя этар ва ўз шахсий эътибори ва ҳомийлиги билан уларни қўллаб-қувватларди. Ана шу олимларнинг айримлари Амир Темур салтанатида ўз ватанидагидан кўпроқ таъминланган эди. (Г. Вамбери)

Илмга рағбат

    Амир Темурнинг ақлий қобилиятлари ва қизиқишлари кўлами кишини айниқса ҳайратга солади. Унинг ҳукмдорлиги битилган тарихларда тиббиёт, астрономия ва, айниқса, араблар, форслар ва туркийлар тарихи соҳасидаги билимлари мадҳ этилади. У завқ билан олимларнинг мунозараларига киришиб, кўпинча ғолиб чиқарди... (В.Ф. Манс)

Санъатга эътибор

   Амир Темур санъатни юксак қадрлар эди. Унинг ўзи бадиий асарлар мажмуасига эга эди. Турли тоифадаги машшоқлар, сухандонлар, ҳайкалтарошлар, боғбонлар, рассомлар жаҳоннинг ҳар хил давлатларидан Амир Темур саройига тўпланган эдилар. (Хильда Хукхэм)

Фақат ҳақиқат

    Саййидлар, олимлар, фақиҳлар ва билим эгалари, шунингдек, уйғур бахшиларию форс адиблари Соҳибқиронга сафарда ҳам, уйда ҳам узлуксиз мулозимликда бўлган эканлар. Фармонга мувофиқ улардан бир гуруҳи мунтазам равишда ул Ҳазратнинг юриш-туриши ва гап-сўзларида, мулк, миллат ва аркони давлат аҳволида нимаики гап бўлса, тўла-тўкис ёзиб борардилар. Бу ишда муболаға қилинмасин, деб алоҳида таъкидлаб буюрилган эди. Шу йўсинда туркий манзума ва форсий қисса, ҳар бири ул Ҳазратнинг юриш-туришидаги энг йирик воқеаларни қамраб олган назм ва наср қаламига олинган эди. (Шарафуддин Али Яздий)

Жонбоз қурувчи

     Амир Темур жонбоз қурувчи эди, у ажойиб боғ-роғли муҳташам иншоотлар барпо этди, шаҳар ва қишлоқларни тиклади. Суғориш тизимлари барпо этилди ва таъмирланди, расмий тарих таъбирига кўра, у экин экишга яроқли бир қарич ерни ҳам бекор қўймасди. (Шарқшунос, манбашунос олим В.В.Бартольд)

Пойтахт

    1370 йил мартида Амир Темур Самарқандга қайтиб, уни ўз давлатининг пойтахти қилиб, кейин қонунларни ва ўз ҳокимияти давлат тузумини тартибга солди. (Ибн Арабшоҳ)

Савдо йўли

     Самарқанд XV аср бошларида Осиё ва Европа халқларининг Марказий Осиё орқали олиб борган кенг кўламдаги савдосининг маркази бўлган. Самарқанддан Кичик Осиёга, Ўрта денгизга, Хитойга ва Ҳиндистонга олиб борувчи жаҳон аҳамиятига молик савдо йўллари ўтган. (Профессор Н.И. Леонов)

Куч — адолатда

     Барча буюк саркардалар сингари Амир Темур ҳам ўз аскарларининг машаққат ва зафарларини баҳам кўрарди. Улардан қатъий интизомни талаб қилар,  уларга бош бўлиб жанг қилар эди. Ҳеч вақт ўз жангчиларини ёлғиз қолдирмас эди. У лавозими, бойлиги, ирқи, динидан қатъи назар, барча учун адолат бир бўлишини ниҳоятда синчковлик билан кузатиб борар эди. ...Бундай ҳукм чиқариш одати, ўз даври энг яхши саркардасининг жасорати ва шуҳрати сингари, унинг жангчилар ўртасидаги эътибори ва таъсирининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланарди. (Керэн Люсьен)

Шаҳрисабз ҳокими

   Ўзига хос ватанпарварлик ҳиссиётлари билан руҳланган, ижтимоий воқеаларни ўзича тушунган тадбиркор Амир Темур 25 ёшида Шаҳрисабз ҳокимлигига муяссар бўлди. (И.Мўминов)

Жасур шахс

    Амир Темур ёшлигидаёқ ақлининг тиниқлиги ва жасурлиги билан ажралиб турарди. Унда ҳарбий истеъдод эрта намоён бўлди, у отда юриш машқини олган ва камондан отишга моҳир эди. (Александр Юрьевич Якубовский)

Эътироф

     Деярли бартараф этиб бўлмайдиган икки ғов, бизнинг таассуб ва тарихнинг янглишлиги – бизнинг Амир Темурни билишимизга ва баҳолашимизга монелик қилди. Бироқ кўпгина муаллифларнинг ўз солномаларида уни сохта баён этганликлари муҳим эмас, ахир унинг номи миллатлар воқеаномаларида ўчмас ёзувларда қайд этилмаганми?! Ахир, авлодлари фойдаланиб келган зафарлари унинг буюк заковатини исботлаш учун етарли эмасми? (Луи-Матьё Ланглэ)

Манба : “Темур тузуклари” 2016-2021 – www.temurtuzuklari.uz

 
08 Apr 2021

   Бугун Учқудуқ тумани ҳокими Соли Хамроевнинг иш куни одатдагидан бироз бошқачароқ бошланди. Ҳоким ёшлар билан ўз иш кабинетида учрашди.

  18-умумий ўрта таълим мактаби ёшлари ташаббуси билан бўлиб ўтган ҳоким ва ёшлар учрашувида Отабек Ҳасановнинг “Лидерлар” китоби  асосида  фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

  Шунингдек, мактабнинг 11-синф ўқувчилари Муниса Муродуллаева, Озода  Ахматова ва Фарруҳ Эгамбердиевлар  Хамроев Соли Фармоновичнинг ҳаёти ҳамда иш фаолияти тўғрисида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

  Учрашув сўнгида Соли Хамроев  ёшларга ҳокимлик курсисида ўтиришга имкон берди. Ҳокимлик  лавозимнинг масъулиятини ҳис қилган “Ёш ҳокимлар”  янги марралар, катта довонлар, улуғ мақсадлар билан мулоқотлардан мотивация  олиб туман ҳокими иш кабинетини тарк этишди.

  Азиз учқудуқлик ёшлар!

  Илм эгаллашда давом этинг. Ташаббускор бўлинг!

  Мақсадингиздан ҳеч қачон воз кечманг!

  Учқудуқ туман ҳокимлиги ёшларни ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

08 Apr 2021

    Ёшлар муаммоларининг ҳал этилишга кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш борасида амалга оширилаган ишлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилаётган йиғилишларда мамлакатимизда ёшлар ва аёлларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар асосий бош мавзу бўлиб келмоқда.
Туманда ёшлар муаммоларининг ҳал этилишига кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш борасида амалга оширилган ишлар, уюшмаган, ишсиз
ва ижтимоий кўмакка муҳтож ёшларнинг муаммомларини тизимли ўрганиш ва ҳал этиш, ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича мутасадди ташкилотларга бир қатор вазифалар юклатилди.
   Шунингдек, ёшларни тадбиркорлик билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шароит яратиш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш бўйича зарурий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб, бу борадаги ишлар натижадорлигини янада ошириш ҳамда амалий чора-тадбирларни бажариш мақсадида, халқ депутатлари туман Кенгаши

    ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Туманда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Ф.Солиевнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Туман ҳокими ўринбосари (Н.Муратов), Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши (Ф.Солиев), сектор раҳбарлари туман ташкилот, корхона ва муассасалари туманда 2021 йилда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни тизимли йўлга қўйиш ва ўз муддатларида бажарилишини таъминласин.
3. Туман сектор раҳбарлари ҳар ҳафтада камида икки кун уюшмаган, ҳеч қаерда ишламайдиган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, энг аввало, уларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўрсинлар.
4. Туман ҳокими ўринбосари (Н.Муратов), Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши (Ф.Солиев), Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими (Н.Харипов), Республика Маънавият ва маърифат маркази Учқудуқ туман бўлинмаси (Ж.Булекбаева), туман маданият бўлими (Ж.Алпамисов), туман жисмоний тарбия ва спорт бўлими (А.Бўронов), туман мудофаа ишлари бўлими (Ж.Мусулмонов) билан биргаликда ёшларни маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш мақсадида, ёшлар билан маънавий-маърифий йўналишдаги ишларни янада жонлантириш, уларни музей
ва бошқа маданий-маънавий масканлар, спорт мусобақалари, илм-фан, спорт ва амалий санъат тўгаракларига фаол жалб этишни ташкил қилсин.
ёшларни ҳалол меҳнат қилиш, чет тили, касб-ҳунар ва бизнесга ўргатиш учун тайёрланган аудио ва видео материаллар тўпламларидан самарали фойдаланиш чораларини кўрсин.
5. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (Р.Кодирова), туманда “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ёшлар ва хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги, хусусан уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка кенг жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокими ўринбосарлари (Ф.Бафоев, Н.Муратов, У.Тўраев) ва халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари зиммасига юклатилсин.

Халқ депутатлари туман Кенгаши С.Хамроев.
08.04.2021 й. XXVI/171-son.

07 Apr 2021

       Ҳар биримиз қишнинг совуқ кунларидан сўнгги келадиган баҳор фаслини интиқлик билан кутамиз. Фасллар келинчаги баҳор қалбимизга илиқлик олиб  келиши билан бирга танамизда сезиларли нохуш холатларни ҳам юзага келтиради.

      Кўпчилик  одамлар тез чарчаш, иштаҳа йўқолиши. уйқучанлик, теридаги ўзгаришлар (тери рангини ўзгариши, дағаллашиши, қуриши)дан нолий бошлайди.

       Хўш нима гап ўзи?

Бу ерда иккита омил ўзаро таъсирга киришади: бир томондан, ультрабинафша нурларга бой баҳор офтоби моддалар алмашинувини кучайтиради, бу ўз навбатида организмнинг витаминларга эҳтиёжини оширади. Биз баҳорда мева ва сабзавотларни куздагига қараганда анча кам истеъмол қиламиз.Баҳорга келиб, маҳсулотлардаги витаминлар ҳам, куз фаслидагига қараганда анча кам бўлади.Шунинг учун баҳорда одам ўзида юкоридаги  холатларни бошидан кечиради.. Халқда бу ҳолатни  «илик узилди» деб айтилади.

        Шунга қарамай, баҳорда дорихоналарга боришга шошилмай турганингиз маъқул деб, қуйидагиларни  тавсия этамиз;

Бу фаслда организмнинг витаминларга бўлган эҳтиёжини табиат берган неъматлардан оқилона фойдаланиш орқали тўлдиришга ҳаракат қилинг.

  • Сервитамин таомлар, дармондориларга бой озиқ-овқат махсулотларидан истеъмол килишни канда қилманг...
  • Мева қоқиларидан тайёрланган шарбатларни кўпроқ истеъмол қилинг.

       Шарбатлар ниҳоятда фойдали бўлиб, таркибида организм учун зарур бўлган минерал тузлар, пектин моддалар , клетчатка хамда витаминларга бой қимматли махсулот ҳисобланади. Шарбатлардан, ўрик, олма, олхўри, помидор, узум, сабзи шарбатлари таркибида темир, калий, Р,С  дармон дорилар  мавжуд бўлиб, ҳар кунлик овқат истеъмолингизга киритсангиз фойдадан холи  бўлмайди..

      Ҳозирги кунда қора смородина (қорақат) шарбати хам истеъмолга чиқарилган. 100 грамм қорақат шарбатида 90 мг гача дармон дори, витамин С мавжуд бўлади, бу катта ёшли одамнинг шу витаминга бўлган кунлик эҳтиёжини тўла қондиради.

      Шуни унутмангки, шарбат хамма учун ёқимли,  енгил хазм бўладиган, ўта фойдали ичимликдир. Уй шароитида тайёрланган шарбатларнинг эти қанчалик кўп бўлса, унда фойдали моддалар шунчалик кўп бўлади, шунинг учун болаларга  шарбатларни ўзингиз тайёрлаб берганингиз маъқул.

  •      Мева ва сабзавотларни хомлигича ейишни тавсия этамиз.

Сабзавотлардан ва кўкатлар, (карам, лавлаги, картошка, кўк салат, кўк нўхат, кўк пиёз, редиска) қўшиб тайёрланган салатлар иштахангизни очиш билан бирга танангизни фойдали озуқа билан таъминлайди.

     Баҳор мавсумида инсонга куч қувват бахш этувчи таомлар зарурлигини халқимиз яхши билишади. Шунга қарамай, яна бир уларни эсга солиб ўтмоқни жоиз деб билдик. Организмга қувват бағишловчи оқсиллар, ёғлар, карбон сувлар, минерал моддалар, дармондориларга бой, халқ севиб истеъмол қиладиган сумалак ва халимни ким суюб истеъмол қилмайди дейсиз. Бу таомлар йил давомида халқ орасида «синовдан» ўтиб хурмат эъзозга эга бўлган таомлигини хеч ким инкор этмайди.

      Шунинг учун, бу таомлардан иложи борича кўпроқ тановул этишингизни  тавсия этамиз.

  •     Исмалоқ, ялпиз, отқулоқ, жағ-жағ, кўк пиёз ва зироварлар қўшиб пиширилган таомлар баҳор мавсумида рохатланиб ейилишидан қатъий назар танангизни хам керакли моддаларга тўлдиради ҳам  тозалайди.

     Хитой ва химолай тоғларида яшовчи инсонларнинг узоқ умр кўриши боисини аниқланган олимларнинг шу инсонлар билан текшириш олиб бориши шуни кўрсатди-ки, улар озиқ овқатида донли, дуккакли махсулотларни  оддий ва соф /табиий/  холда кўп истеъмол қилишлари маълум бўлди. Шуниси эътиборга лойиқ-ки қишки мавсумдаёқ улар баҳорги мавсумга тайёргарлик кўришлари яъни., буғдой, арпа, сули, ловия, нўхат, соя махсулотлари донлари, уруғларини ўстириб (ниш) майсаларидан  турли хилдаги салатлар, суюқ овқатлар ҳолида истеъмол  қилганлар. Шу  маҳсулотлар орқали улар таналарини турли хил касалликлардан асраган ва авлодларига ҳам  овқатланиш  инсон саломатлигини сақлашда муҳим омил эканлигини  ёшлигидан онгига сингдириб борганлар.

    Шу аснода, буғдой ва арпа ўсимталари (майса)лари мия ва юрак ишини меёрлаштириши, тери ва сочни бақувват қилиб, қариш жараёнини секинлаштириши аниқланган.

  •      Нафақат бахор мавсумида, балки йил бўйи саломат , бардам баққуват бўлиб юришингиз учун сут-қатиқ, жигар, қора нон,  балиқ махсулотлари дуккакли махсулотларни (мош,ловия,нўхат ва хоказо) тез-тез истеъмол  қилишингизни тавсия этамиз. Бу махсулотлар таркибидаги. В гурух витаминлари хотирани яхшилаш билан бирга асаб тизимининг мўтадиллигини  таъминлайди. Таркибида С ва Е витаминлари бўлган лимон, апельсин, наъматак, кунгабоқар ёғи организмни турли инфекциялардан сақловчи  хамда мия фаолиятини  яхшиловчи   озиқалардир.
  • Ёнғоқ, ерёнғоқ, майиз, туршак ва олма қоқиларни ҳалқимиз азалдан севиб истеъмол қилишлари, бу моддаларнинг ниҳоятда  фойдали эканлигидан далолат беради.

   Бахорги мавсумда Ўзбекистон шароитида кўп етиштираладиган табиат неъмати ўрик ва ўрик туршагидан доимий равишда истеъмол қилиб туришингиз ўринли. Чунки ўрик таркибида 27 фойиз қанд, органик кислоталар, пектин, крахмал, ошловчи моддалар, темир, мис, кальций, магний микрэлементлари, калий тузлари, витамин С, каротин бор. Аби Али ибн Сино ўрик ва унинг туршагидан меъда-ичак фаолиятини яхшилашда фойдаланган бўлса, ҳалқ табобатида хафақон ва юрак ҳасталикларини даволашда ишлатилган.

Ўрикнинг исфарак, хурмойи навларидан туршак тайёрланади. Туршак юрак санчиғи, нафас йўллари ялиғланиши, кўк йўтал, иситмаси бор одамларга ғоят фойдали.Ўрик меваси ( туршак)дан қуйидаги таомларни тайёрлаб истеъмол қилсангиз,  танангизни  фойдали зарур моддалар билан таъминлайсиз;

 Туршак суви

 Туршакнинг 10-14 донасини идишга солиб, иссиқ сув билан ювиб ташланг кейин туршакни кўмиб турадиган қилиб сув қуйинг, устини ёпиб, совугунича қўйинг, туршак суви ташналикни қондиради, қонни кўпайтириб танангизни бақувват қилади.

Ўрик шарбати

 Мевани чайиб, ўрикларни данагидан ажратинг. (Шарбат учун сал қатиқроқ ўриклар танланганингиз маъқул.)  Сирли идишда мевалар қайнатилиб, бироз миқдорда шакар қўшишингиз мумкин. (2 кг ўрикка 3-4 л сув ҳамда 0,5стакан шакар етарли).

Овқатланиш илми талабидан ҳабардор бўлиш сизнинг  саломатлигингизни асровчи асосий омил эканлигини доимо эсда тутинг!.

Баҳор  мавсуми  ҳар  бирингизга  қувонч  олиб  келсин !

07 Apr 2021

  Аҳолининг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш, янги спорт иншоотлари қуриш  мавжудларини таъмирлаш,  болалар спортини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

  Ана шундай эзгу ишлар Учқудуқ туманида ҳам бўй кўрсатмоқда. “Йўлчилар” овул фуқаролар йиғини “Истиқлол” массивида бунёд этилган сунъий қопламали спорт майдони бунга  мисол бўла олади. 

  “Бургут спорт аренаси” ХК томонидан барпо этилган  спорт майдони  қурилишига жами 280 млн. сўм маблағ сарфланган. Мазкур спорт майдонида кийиниш ва ювиниш хоналари мавжуд. Объектнинг фойдаланишга топширилиши билан 2 та янги иш ўрни яратилди.

  - Ўзмиллийбанк АЖ Учқудуқ филиалининг 150 млн. сўм кредити  ва 130 млн. сўм миқдоридаги  ўз маблағим эвазига барпо этилган минифутбол майдони бизнес режамизнинг дастлабки босқичидан ўрин олган, -дейди “Бургут спорт аренаси” ХК  раҳбари, ёш тадбиркор Маъмуржон Сувонов. -Келгусида тренажёр зали ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам барпо этишни режалаштирганмиз.

  Сунъий қопламали мини футбол майдонининг очилиш маросимидан сўнг, “Туман ИИБ бошлиғи кубоги” мусобақалари бўлиб ўтди.

  10 та футбол жамоалари иштирок этган мини футбол мусобақалари баҳсларга бой тарзда кечди.  Фахрли биринчи ўрин Учқудуқ саноат техникуми, иккинчи ўрин туман ХТБ ва учинчи ўрин Миллий гвардия жамоаларига насиб этди.

  Мусобақа сўнгида ғолиб жамоаларга қимматбаҳо совғалар ҳамда ИИБ бошлиғи кубоги тантанали равишда топширилди.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

07 Apr 2021

      Дунё аҳолисини бугунги кунда глобал исиш, низолар ва дискриминация муаммолари энг кўп ташвишга солмоқда. Бу ҳақда ЮНЕСКО сўровномасининг тегишли натижаларига таяниб БМТнинг янгиликлар хизмати хабар берди.

 

     «Мазкур ‘2030 йилги дунё’ деб номланган сўровномада 15 минг киши иштирок этди. Аввало, ёшлар бунга қизиқиш билдирди — сўровнома ўтказилган вақтда иштирокчиларнинг 57 фоизи ҳали 35 ёшга ҳам кирмаган эди», — дейилади хабарда.

    Сўровномага кўра, сайёранинг 67 фоиз аҳолиси глобал исиш ҳамда флора ва фауна турларининг кескин йўқолиб бораётганидан хавотирда.

     Ер аҳолисининг фикрига кўра, иккинчи энг муҳим глобал муаммо — низолар ва зўравонлик, учинчиси — дискриминация ва тенгсизлик, тўртинчиси эса сув, озиқ-овқат ва бошпана танқислиги бўлди.

      Глобал муаммоларнинг ечими масаласида кўпчилик иштирокчилар уларнинг калити яхши таълим эканини таъкидлади. Дунё аҳолисининг аксарияти глобал муаммоларни ҳал қилиш учун халқаро ҳамкорлик лозимлигини айтди. Лекин фақат 25 фоиз иштирокчилар мамлакатларнинг бир-бири билан келиша олишига ишониши маълум бўлди.

      Аввалроқ БМТ бош котиб Антониу Гутерриш шошилинч чоралар кўрилмаса, дунё бўйлаб миллионлаб одам очарчилик ёқасига бориб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиргани ҳақида хабар берилди. БМТнинг умумий маълумотларига кўра, 2020 йилда жами 88 миллион одам очарчиликдан азият чекди, бу 2019 йилги кўрсаткичдан 20 фоизга кўпроқ.

      Шунингдек, ЮНЕСКО бош директори Одре Азуленинг таъкидлашича, 2030 йилгача дунё 40 фоиз миқдорда сув танқислиги муаммосига дуч келади. Унинг сўзларига кўра, сув танқислиги билан боғлиқ вазият бошқа глобал муаммолар, шу жумладан, пандемия оқибатлари туфайли янада оғирлашади.

06 Apr 2021

        Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь–март ҳолатига республика бўйича 9 213 та ажрашиш ҳолатлари қайд этилган. Маълум қилинишича, ўтган 3 ойда ҳудудлар кесимида қайд этилган ажрашишлар сони:

  • Қорақалпоғистон 288 та;
  • Андижон 995 та;
  • Бухоро 500 та;
  • Жиззах 337 та;
  • Қашқадарё 711 та;
  • Навоий 289 та;
  • Наманган 682 та;
  • Самарқанд 912 та;
  • Сурхондарё 581 та;
  • Сирдарё 298 та;
  • Тошкент 946 та;
  • Фарғона 999 та;
  • Хоразм 344 та;
  • Тошкент шаҳри 1331 та.
06 Apr 2021

 

         Жорий йилнинг 1 - 2 апрель кунлари фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Навоий минтақавий филиали биносида даъвогар АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Навоий минтақавий филиалининг жавобгарларга нисбатан кредит қарздорлигини ундириш ҳақидаги фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

         Ушбу сайёр суд мажлисида 4 та фуқаролик иши юзасидан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилиб, жавобгарлардан жами 292-418-646 сўм кредит қарздорилигини ундириш ҳақида қарор қабул қилинди.

         Бундан ташқари, жавобгарлар томонидан кредит қарздорлиги ўз вақтида сўндирилганлиги сабабли даъвогар АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Навоий минтақавий филиали бошқарувчиси томонидан иш юзасидан зарурати қолмаганлиги боис, 9 та даъво аризалар бўйича даъво аризани кўрмасдан қолдириш ҳақида ариза тақдим қилинди.

          Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Б.Қ.Шерматов томонидан сайёр суд мажлиси давомида жавобгарларга кредит шартномалари шартларини ўз вақтида бажариб бориш ва давлат томонидан берилган кенг имкониятлардан тўғри фойдаланиш лозимлигини тушунтирди.

Фуқаролик ишлари бўйича

Учқудуқ туман суди судья ёрдамчиси  Б.Қ.Давидов

06 Apr 2021

      Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифни қабул қилди.

 

       Учрашувда Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

       Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемияси келтириб чиқарган мураккаб шароитларга қарамай Ўзбекистон-Эрон муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

        Вазир Муҳаммад Жавод Зариф, ўз навбатида, самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

        Учрашувда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига, савдо алоқаларини ривожлантириш ва янги кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

       Транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Эроннинг денгиз портларидан самарали фойдаланиш ҳамда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон транспорт йўлагини ривожлантириш муҳим экани таъкидланди.

       Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг томонларни қизиқтирган долзарб жиҳатлари, шу жумладан минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

        Эрон ташқи сиёсий идораси раҳбари Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича тинчлик музокараларига кўмаклашиш, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

05 Apr 2021

  “Йўлчилар” овулида  ““GARANT UCHQUDUQ” ” МЧЖ  томонидан Учқудуқ тумани тарихида илк маротаба гидропоника усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиш лойиҳасига қўл урилди. Хитой технологияси асосида қуриб битказилган замонавий иссиқхона майдони ҳозирча 1 гектарни ташкил этади. Иссиқхона майдонини кейинчалик кенгайтириш кўзда тутилган.

  Лойиҳа Ўзмиллийбанк АЖ ташаббуси билан Халқаро Тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 400 минг АҚШ доллари Учқудуқ тумани филиалидан ажратилган. Шунингдек, тадбиркор Фарид Муратовнинг 100 минг АҚШ доллари миқдорида ўз маблағи ҳисобидан ташкил этилган лойиҳанинг умумий қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг.

    Ҳозирда  иссиқхонада гипропоника усулида помидор, бодринг, булғор қалампири ва турли гул ниҳоллари парвариш қилинмоқда.

 Дарвоқе, қишлоқ хўжалиги ривожланган Голландия, Исроил, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Германия мамлакатларида махсус иссиқхоналарда гидропоника усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш  ўтган асрнинг охирларидан бошлаб  йўлга қўйилган.

  Гидропоника грекча сўз бўлиб “гидро”- сув, “рonos”- ишчи, “сувли эритма”- маносини англатади. Бу қишлоқ хўжалик экинларини тупроқсиз махсус жиҳозланган шароитда сувда эритилган озиқа моддалари ёрдамида етиштирилади.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: