LOTIN-КИРИЛЛ

ҚИЗИЛҚУМ САҲРОСИ – САХОВАТЛИ ЗАМИН

ҚИЗИЛҚУМ САҲРОСИ – САХОВАТЛИ ЗАМИН

3- Гидрометаллургия заводининг 26-йиллигига бағишланади

Кон-металлургия саноатининг равнақи ва қудрати илғор технологияга эга бўлиши билангина эмас, балки уни муттасил такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятига ҳам боғлиқ бўлади. Бугун комбинат тизимида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви жараёнида янги инновацион ғояларга асосланган стратегик лойиҳалар жорий этилаётганлиги ўзининг юксак самарасини бермоқда.

Шимолий кон бошқармасининг 3-Гидрометаллургия заводидаги янгиланишлар бунинг яққол далилидир.

Бундан 26 йил олдин, яъни 1995 йил 14 июнь куни мамлакат иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3- Гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилди. Мустақилликнинг илк йирик иншоотини фойдаланишга топшириш оламшумул воқеага айланди.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Навоий кон-металлургия комбинатининг 2017-2026 йиллар мобайнида қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган дастурлар доирасида 3- Гидрометаллургия заводида ҳам қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилди.

Жумладан, Кокпатас ва Даугизтау  олтин конлари маъданларини қайта ишлаш технологиясини янада такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа  “Ўзгеорангметлити” институти ҳамда Германиянинг “Инжиниринг Доберсек” компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Якунида, умумий қиймати 114 миллион евро маблағлари эвазига бунёд этилган юқори технологик мажмуаси, фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуанинг лойиҳалаштириш ишларида иштирок этган комбинатимизнинг муҳандис-технологлари, олимларининг кон-металлургия саноатида катта ўзгаришларни бошлаб беришига ишонишгани, мажмуанинг салобати ва иқтисодий аҳамияти билан янада яққолроқ намоён бўлди.

Объектнинг қурилишида иштирок этган бутун комбинат ишчи-ходимлари бу борада катта тажрибага эга эканликларини амалда исботлашди. Юқори технологик ечимларга эга ушбу мажмуа 3-Гидрометаллургия заводининг олтинга бой маъданларини қайта ишлаш имкониятини янада  оширди. Янги лойиҳа амалга ошиши эвазига қўшимча 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Бугун заводда дунё кончилик амалиётидаги ноёб ва мураккаб технология – сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш орқали олтин ажратиб олиш самарали эканлиги ўзини исботлади. Эътиборли жиҳати, ушбу ноёб технологияни ишлаб чиқаришга тез ва сифатли татбиқ этилишида илмий изланишларни олиб борган Улуғбек Эргашев техника фанлари йўнилишида  докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Олимнинг  ишлаб чиқариш ва фан уйғунлигида олиб борган илмий изланишлари хорижнинг кўплаб илмий-оммабоп журналларида чоп этилган ва  катта қизиқиш билан мутолаа қилинган.

Яқин келажакда заводда ишлаб чиқариш қувватини ошириш, ҳар бир цехни сўнгги технологиялар билан қайта жиҳозлаш доимо устуворлик касб этади.

Флотация цехининг ишлаб чиқариш кўрсатгичларини яхшилаш мақсадида, флотация занжирларининг 1 ва 2 - сонли назорат қилиш блокларидаги “RCS” аэроционли, яъни ҳаво тақсимлагич мажмуалари, замонавий “РИФ” мажмуасига алмаштирилди. Пировардида занжирлардаги флотацион қурилмалар илк бор сўнгги авлод технологиялари асосида қайта тикланди.

Бутун дунё биооксидлаш жараёнида бўтана кўпикларининг реакторлардан тошиши глобал муаммо бўлиб келаётган даврда, 3-Гидрометаллургия заводининг муҳандислари бу муаммони ечиш йўлида кўпгина изланишлар олиб бориб, сўндириш тизимини ишлаб чиққан ҳолда ушбу муаммога чек қўйишди.

Сорбция жараёнида суюқликдан олтинни ажратиб олиш схемаси такомиллаштирилди ва кенгайтирилди.

Ишлаб чиқаришда қайта ишланган флотация чиқиндиларини қуюқлаштириш жараёни такомиллаштирилди.

Янги инвестицион лойиҳа асосида қурилган 2019 йилда ишга туширилган фильтрлаш қуритиш ва куйдириш цехи бугунги кунда ишлаб чиқариш бўйича давлат дастурини бажаришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Эътиборлиси, янги мажмуа ишга туширилганидан сўнг, тайёр маҳсулот ажратиб олиш даражаси 12,4 %, тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажми  эса 8,7 % ошди.

Ўтган 2020 йилда маъданни қайта ишлаш режасининг бажарилиши 102,4 % ташкил этди. Тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш режасининг бажарилиши 103,7 % ташкил этди. Таъкидлаш жоизки, тайёр маҳсулот ажратиб олиш қўрсатгичи 2019 йил билан солиштирганда 12,4 % га ошди.

2021 йил учун инновацион ривожланиш дастурини бажариш мақсадида, қуюлтириш, саноат чиқиндиларини  зарарсизлантириш ва реагентларни тайёрлаш цехида, Ц-100 қуюлтиргичларни такомиллаштириш ишлари ўтказилди. Бунинг учун Ц-100 №2 қуюлтиргичнинг конструкциясига ўзгартиришлар киритилди. Бу қуюлтиргич унумдорлигини оширишга ва флотация чиқиндиларини битта қуюлтиргич билан ишлашга имкон берди. Ушбу ўзгариш натижасида, 1-сонли Ц-100 қуюлтиргичи флотация схемасидан чиқарилиб, биооксидланиш цехининг нейтралланган чиқиндиларини қуюлтиришига ўтказилди.

Натижада, қуюлтириш схемасини такомиллаштириш, қуюлтириш жараёнининг самарадорлигини оширишга ва чиқиндилар билан чиқиб кетадиган сувларнинг ҳажмини камайишига олиб келди, яъни заводнинг ишлаб чиқариш жараёнлари учун сув сарфини тежашга имкон берди.

Юқорида кўрсатилган инновацион ривожланиш дастурига асосан, биооксидланиш цехида Ц-36 қуюлтиргичининг конструкциясига ўзгартиришлар киритилди ва чиқинди сувларни тозалаш схемаси ишга тушурилди. Бугунги кунда ушбу схема фильтрлаш қуритиш ва куйдириш жараёнига бериладиган маҳсулотнинг сифатини оширишга имкон берди. Чиқинди сувларни тозалаш бўйича ишлар давом этмоқда.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг мос даврида маъданни қайта ишлаш хажми 100,8 % га, олтинни ажратиб олиш даражаси 101,1 % га, тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажми  эса 101,4 % га бажарилди.

Замонавий технологияларни жорий этиш асосида маҳсулот ҳажмини кўпайтириб бориш баробарида ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ҳам завод раҳбариятининг диққат марказида бўлмоқда. Барча участкаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ишчи-хизматчиларнинг кучи билан корхона ҳовлиси ва атрофида бунёд этилган фавворалар корхона ҳудудига алоҳида кўрк бағишлаб турибди.

Завод ҳудудида анча йиллардан бери фойдаланилмай келинган  икки қаватли бино капитал таъмирдан чиқарилиб, ошхонага айлантирилди. 500 ўринли замонавий ошхона биноси  иккита овқатланиш зали ва хизмат хоналаридан иборат.

Объектни капитал таъмирлаш, қайта қуриш ва жиҳозлаш учун 6,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Заводга келиб кетувчи меҳмонлар, ишчи-ҳодимлар учун муҳташам атриум барпо қилинган. Атриумда ишчи-ҳодимларнинг хордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиб, қушлар, балиқлар ва ҳар хил гуллар парваришланмоқда. Оғир иш кунидан кейин шахмат-шашка  доскаларида дона сураётган  корхона ишчи-ходимларига  бу ақл чархи ўйини  юқори кайфият улашмоқда.

Бу ерда жойлашган мониторларда эса завод цех ва бўлинмалардаги иш жараёнидан ҳикоя қилувчи лавҳалар намойиш этиб борилади.

Катта - кичик фавворалар, жонли табиат бурчаклари, иккита катта аквариумда сузиб юрган балиқлар албатта ишдан кейин ишчи-ходимларнинг чарчоғини бирмунча унуттиришга ёрдам беради.

Китоб ҳамма даврларда инсон маънавиятини шакллантириш, тафаккурини бойитиш, уни комилликка етаклаш воситаси бўлган ва шундай бўлиб қолаверади. Китоб мутолааси тарғиботи доирасида мўъжазгина кутубхонаси ташкил этилгани яна бир қувончли ҳолдир.

Бу ерда ўтказилган “Ҳар бир ишчига – битта китоб” акцияси доирасида бугун 3 500 дона бадиий, сиёсий ва техник китоблар жамланган. Ишчи-ходимлар ихтиёрида бўлган мазкур кутубхона уларнинг  севимли масканларидан бирига айланган.

Шу билан бирга  завод бошқармасида 30 ўринли маънавият ва маърифат хонаси ташкил этилган. Бу ерда шонли саналар, буюк алломаларимизнинг таваллуд кунларига бағишлаб турли маънавий-маърифий тадбирлар ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.

Бундан ташқари, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз устларида ишлаши учун қулай шарт шароитлар яратиш мақсадида барча қулайликларга эга ёшлар хонаси ва ёш кашфиётчилар хоналари ҳам фаолият олиб боради.

Барчангизни  олтин корхонанинг  26 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Сиз, шарафли касб эгаларининг кенг миқёсли вазифаларни муваффақиятли адо этишдаги ғайрат-шижоатингиз, ишлаб чиқариш режаларини бажариш ва қўлга киритилаётган ютуқларга қўшаётган беқиёс ҳиссангиз ҳар қандай эътирофга арзигулик. Фурсатдан фойдаланиб, фидокорона меҳнатингиз ва заводимиз шуҳратини ошириш йўлидаги хизматларингиз учун сизларга миннатдорчилигимни изҳор этаман.

Барчангизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий тинчлик-хотиржамлик ҳамда заводимиз равнақи йўлидаги шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман!

Шуҳрат НАРБАДАЛОВ,

ШКБ 3-Гидрометаллургия заводи директори.

 

O'qilgan: 652 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: