LOTIN-КИРИЛЛ

Олий Мажлис депутатлари такси ҳайдовчиларидан лицензия талаб қилмаслик таклифини илгари сурди

19 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашга бағишланган фракциялараро мунозара ўтказилди, деб хабар беради парламент матбуот хизмати.

 

Таъкидланишича, қонун лойиҳасида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишга оид ҳуқуқбузарлик учун юридик шахсларга нибатан жарима қўллаш институтини жорий этиш назарда тутилаётгани қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган. Бунда юридик шахс жаримани бир ой давомида ихтиёрий тўлаган, шунингдек, амалга ошириш учун талаб этиладиган лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисида мурожаат қилган ҳамда хабарнома юборганда, тайинланган жарима миқдорининг етмиш фоизи ундирилишига оид рағбатлантирувчи норма белгиланмоқда.

Тадбирда шахсий автотранспортидан фойдаланган ҳолда йўловчи ташиш хизматини кўрсатиш орқали фаолият юритаётганлар масаласига ҳам эътибор қаратилган.

Қайд этилишича, шахсий автотранспортидан фойдаланган ҳолда йўловчи ташиш хизматини кўрсатиш фаолиятини лойиҳада белгиланган «Амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган» фаолият туридан чиқариб, «Ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган» фаолият турлари рўйхатига киритиш, яъни такси хизматини кўрсатаётган тадбиркорларга ўз фаолиятларини қонуний амалга оширишида енгиллик яратиш илгари сурилган.

«Ушбу фаолият турини бир рўйхатдан иккинчи рўйхатга олиниши ҳайдовчиларга йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш учун рухсатнома олиш жараёнини енгиллаштиради ва тўлов суммасини адолатли белгиланишига олиб келади», — дейилади хабарда.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Шоҳиста Турғунова қонун лойиҳасини фракция тўлиқ қўллаб-қувватлашини, бироқ айрим масалаларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган. «Хусусан, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари рўйхатига нотариал идоралар ва уй боғчалари киритилмаган. Уй боғчалари билан шуғулланиш қайсидир маънода ёш болалар учун жавобгарлик масъулиятини олиши лозим. Шундай таклифлардан яна бири бу лицензияни алоҳида филиалларга қўлланмаслигидир. Бу турдаги енгиллик айрим ‘ишбилармонлар’ учун қонунни айланиб ўтишларига имкон бериши мумкин. Яъни лицензия олмай туриб бирор бир катта юридик шахс билан ўзаро тил бириктириб, ўзини катта юридик шахснинг бир филиали сифатида кўрсатиши мумкин», — дейди Турғунова.

Маълум қилинишича, ушбу тадбирда билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев иштирокида 2020 йил 19 май куни ўтказилган йиғилишда ўзини ўзи банд қилаётган, касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланганди. Йиғилишда Президент томонидан такси ҳайдовчилари ҳам даромад солиғидан озод этилиши қайд этиб ўтилганди. Бироқ июнь бошларидан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари кўпайган, лекин улар орасида Президент айтган таксичилар йўқ эди.

2020 йил октябрь охирларида Президент Шавкат Мирзиёев «Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолагани тўғрисида хабар берилганди. Мазкур фармон лойиҳаси ва унинг имзоланган версияси таққосланганида, ундан бир нечта банд, жумладан, жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилиш учун йўловчиларни ташишга рухсат бериш тўғрисидаги банд жой олмагани маълум бўлганди.

2020 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров киракашлик билан шуғулланаётганлар ўзини ўзи банд қилувчи сифатида рўйхатдан ўтса, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масала юзага келишини айтган эди. Шунингдек, у бу масала бўйича махсус ишчи гуруҳи тузилгани ҳамда мақбул ечим изланаётганини айтган.

O'qilgan: 623 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: