Тошкент шаҳрида 15 январь куни поезд вагони устига чиқиб, расмга тушмоқчи бўлган 18 ёшли йигитни 27 минг волтли ток урди, дея хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.

 

Таъкидланишича, «Сергели» бекатидаги 3-йўлнинг 8-километри 1-тўсиғида турган вагон устига 2002 йилда туғилган меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси селфига тушиш мақсадида чиққан.

Натижада уни 27 минг волтли ток урган. Оқибатида йигит қаттиқ жароҳатланган.

Йигит воқеадан сўнг тез тиббий ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб борилган ва жонлантириш бўлимига ётқизилган. Таъкидланишича, жароҳат жиддий бўлиб, фуқарога тананинг 93 фоизи 2–3 А,Б даражали термик куйиш, 3-даражали бош мия ёпиқ жароҳати ташхиси қўйилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Хоразмда электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш учун симёғочга чиққан фуқаро ток уриши оқибатида ҳалок бўлгани, Чирчиқда темир йўл вагони устида селфи қилмоқчи бўлган йигит оғир тан жароҳати олгани ҳамда Тошкентда 8 ёшли қизалоқ электр токи уриши оқибатида вафот этгани ҳақида хабар берилганди.