Ҳар бир ўғил боланинг ёшликдаги энг катта орзуси ҳарбий бўлиш бўлса керак. Улғайгач эса ҳар бири ўз танлаган йўлидан кетади. Ўсмирлик даврида ҳар бир ўғил-қизнинг олдида келажакда ким бўлсам экан деган катта савол пайдо бўлади. Ҳозирги вақтда ёшларнинг билим олиши ёки бирор бир касбни эгаллаши учун барча шарт-шароитлар давлатимиз томонидан яратиб берилган.
Ёшларни ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини инобатга олиб, келажакда ҳарбий билим юртларига ўқишга кириб юртимизнинг ҳарбий салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида Ватанпарварлик ойлиги муносабати билан Шимолий кон бошқармаси объектларини ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлими 7 ёнғин қутқарув қисмида умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчилари иштирокида “ЁНҒИН ҚУТҚАРУВ ҚИСМИДА БИР КУНИМ” номли тадбир ташкил этилди.
Тадбирга Учқудуқ тумани Шалхар овулида жойлашган 12- сонли умумий ўрта таълим мактабининг юқори синф ўқувчилари таклиф этилди. Тадбирда мактаб ўқувчиларига ёнғин хавфсизлиги хизмати ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Мактаб ўқувчилари Ёнғин – қутқарув қисмида қутқарувчиларнинг кун тартиби, иш фаолияти билан танишдилар. Қисмдаги офицерлар ва қутқарувчилар томонидан ёнғинларни ўчиришда ишлатиладиган ёнғин қутқарув-техникалари, асбоб-анжомларининг тактик-техник хусусиятлари улардан фойдаланиш ҳақида тушунчалар берилди.
Ёнғин қутқарув қисмида ўқувчилар қутқарувчиларнинг кундалик иш фаолияти билан танишиб амалда ўзлари ҳам бир қатор машқларни бажариб кўрдилар ва кўникма ҳосил қилдилар. Мактаб ўқувчиларини қизиқтирган барча саволларга қисмдаги офицерлар ва қутқарувчилар томонидан батафсил жавоб бериб ўтилди.
Сардор Камолов, Даврон Асадов,
ШКБ ОЁХТТЭБ П ва НБ инспекторлари