Сергелида 40 ёшли эркак ярим тунда калтаклангани ҳақида хабар берилганди. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси воқеа юзасидан маълумот берди.
Таъкидланишича, Сергели тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан 17 январдан 18 январга ўтар кечаси Сергели тумани 6-кварталда содир бўлган жанжал иштирокчиларининг барчасининг шахси аниқланди.
Қайд этилишича, 18 январь куни тахминан соат 23:50 ларда 26 ёшли Азимжон К. ўзининг бошқарувидаги Cobalt русумли автомобилида танишлари 32 ёшли Завқиддин Х. ва 40 ёшли Зулфиқор Х. билан Сергели тумани 6-кварталдаги автотураргоҳга келган.
Шу жараёнда икки нафар фуқаро – 30 ёшли, муқаддам судланган Азиз А. ва 30 ёшли Хуршид Х. маст ҳолатда бўла туриб, автомобилнинг йўлини тўсган. Бунинг натижасида фуқаролар ўртасида жанжал бошланган. Азиз ва Хуршид автомобилнинг ойналарини синдириб, автомобилга шикаст етказган. Шундан сўнг Азиз А. ва Хуршид Х. фуқаролар Зулфиқор Х. ва Завқиддин Х.ни уриб, уларга тан жароҳати етказган.
Зулфиқор Х.га тан жароҳати етказиш жараёни шу жойдаги кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи фуқаро томонидан видеога олинган ва интернет тармоғига жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар Азиз А. ва Хуршид Х. ушланган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.