Катта ҳаёт тажрибасига эга ёши улуғ нуронийларни эъзозлаш, қадр-қимматини жойига қўйиш халқимизга хос эзгу фазилатлар сирасига киради. Авлоддан авлодга ўтиб келаётган ушбу қадрият Учқудуқ туманида бугун янада сайқалланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 сентябрдаги тегишли баёнига асосан, жорий йилнинг 3-9 октябрь кунлари «Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат» ғояси остида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Кексалар ҳафталиги» ўтказилаётир.
Бу борада белгиланган чора-тадбирлар режаси асосида “Алтинтау” ОФЙ биносида кексалар ўртасида шахмат-шашка бўйича «Ақл чархи» турнири ўтказилди. Унда иштирокчилар иккита гуруҳга бўлинган ҳолда спортнинг шахмат ва шашка тури бўйича ўзаро беллашдилар.
Шунингдек, ёшлар ва нуронийлар ўртасида стол тенниси мусобақалари ҳам қизиқарли тарзда бўлиб ўтди. Беллашувларда фахрли биринчи ўринни Алтинбай Абдреуов, иккинчи ўринни Сидиқбай Базаров, учинчи ўринни Қалимбет Жаримбетовлар қўлга киритишди.
Аёллар ўртасида ўтказилган мусобақаларда Жанаш Ешмуратова ва Жупар Қалабаевалар совриндор бўлиб, ғолиблар туман ҳокимининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.