Бугунги кунимиз бир дақиқасини ҳам алоқасиз тасаввур эта олмаймиз. Қайси касбда фаолият юритмайлик у бизнинг энг асосий қуролимизга айланган. Шимолий кон бошқармасида айни дамда 4 мингдан ортиқ касб эгалари фаолият юритадиган бўлса уларни чин маънода бир-бири билан “суҳбатдошга” айлантирган АКТМ ходимларидир. Аҳамад ака Эшпўлатов эса ана шу алоқачиларнинг устози саналади.
- Шимолий кон бошқармасида алоқа хизмати корхона бунёд этилган пайтдан бошлаб пайдо бўлган ва корхонанинг эҳтиёжи, шунингдек шаҳар талабини ҳисобга олган ҳолда корхона билан биргаликда ривожланган, чунки корхона шаҳарни вужудга келтирган. 90-йилларда Учқудуқда “Ўзтелеком” ташкил этилгунга қадар икки ўн йилликдан ортиқ вақт мобайнида шаҳар аҳолисига алоқа хизмати Шимолий кон бошқармаси АТС томонидан тақдим этилган, –дейди соҳанинг бугунги кундаги энг кекса вакилларидан Аҳмад Анорович.
ШКБда телекоммуникация ускуналарини жорий этиш, техник хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш Эшпўлатов Ахмат Анорович бошчилигидаги "Телекоммуникация технологиялари бўлими" томонидан амалга оширилади. Бўлим таркибида 28 нафар ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Гуруҳ раҳбарлари Даниёр Абдуллаев, Геннадий Абдуллаев, Умар Абдуллаевлар жамоа ишига катта ҳисса қўшмоқдалар.
Ахборот-коммуникация технологияларини такомиллаштириш мақсадида бўлим мутахассислари томонидан 2014 йилдан 2020 йилгача, “НКМК телекоммуникация тармоқларини техник қайта жиҳозлаш” лойиҳаси босқичма-босқич амалга оширилди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида “Даугизтау” кони билан радиореле алоқа линияси қурилди, “Шарқий” кони ва 3-ГМЗ, шунингдек Учқудуқ саноат майдончаси барча йирик ишлаб чиқариш объектлари билан толали-оптик алоқа линияси бунёд этилди. Бу эса бўлинмаларга қатор янги хизматлар турларини тақдим этиш имконини берди.
Хусусан, барча объектлар қамраб олинган НКМКнинг корпоратив ЛВС билан интеграциялашган глобал ЛВС тармоғи қурилди. ШКБ телефон тармоғига кирган ҳолда IP-телефонлари жорий этилди. Айниқса, бу “Даугизтау” кони учун жудам муҳим эди. Авваллари бунгача фақат уяли алоқа бўлган.
Ҳозирда корхонада видеоконференция алоқа тизими жорий этилган. Конлар карьерларида кон бошқармасидан марказлашган ҳолда назорат қилинадиган технологик видеокузатиш тизими қурилган.
Эндиликда кон бошқармасининг бош мутахассислари, диспетчерлик хизмати масофадан, юзлаб километр узоқликдан, ўз иш жойидан туриб “Даугизтау” ва “Шарқий” конлари карьерларида олиб борилаётган технологик жараённи назорат қилиб бориши мумкин.
Шунингдек, конларда радиоалоқа тармоғини ривожлантириш ва нисбатан янги DMR рақамли стандартига ўтиш бўйича тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. 2020 йил ноябрь ойида “Даугизтау” кони билан толали-оптик алоқа линияси ишга туширилди.
Айни пайтда ҳамма жойда олиб бориладиган IP-телефонларини жорий этиш ва NGN-тармоғини ташкил этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Шимолий кон бошқармасида рақамли технологиялар даври бошланди. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши НКМК иқтисодий қудратининг муваффақиятли ривожланиш ва ўсиш гаровидир. IT хизматларининг корхона ахборот-коммуникация технологияларини амалга оширишдаги аҳамияти доимий равишда ўсиб бормоқда ва НКМК фаолиятининг турли соҳаларида жорий этилишда давом этмоқда.
Лайло КАРИМОВА,
ШКБ ахборот хизмати раҳбари.