Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Эсимизни таниган илк онларимиздан бошлаб айнан ана шундай зотлар бизнинг қўлимиздан тутиб, ҳаёт йўлимизни ёритиб келмоқдалар десак муболаға бўлмайди.
1октябр мана шундай улуғ зотларга шараф ёғиладиган, уларнинг машаққатли меҳнатларига раҳматлар билдирадиган кун. Шу айём муносабати билан бугун саҳифамизнинг қаҳрамонлари ўқитувчи ва мураббийлар!
Ирода Қаюмова,
тумандаги 18-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси.
Ирода Қаюмова 1982 йил 9 ноябрда Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган. Умумий ўрта таълим мактабини аъло баҳоларга тамомлаб, 2000 йилда Навоий давлат педагогика институтининг хорижий тиллар факультетига ўқишга киради. Олийгоҳни тугатиб, Қизилтепа туманидаги “Агросервис” касб-ҳунар коллежида ишлай бошлайди.
2009 йилда оиласи билан Учқудуқ туманига кўчиб келишади ва тумандаги 18 - мактабда инглиз тили фанидан дарс беради. Иродадаги янгиликка интилувчанлик, ўз билимини ошириш учун тинмай изланиши, ўқиб-ўрганиши кўплаб ёш ўқитувчиларга намуна бўлиб келмоқда.
2020 йилда олий тоифали ўқитувчи мақомини олган Ирода Қаюмова бу ютуғи билан чекланиб қолмади. 2021 йил июнь ойида “Aptis for Teacher” да иштирок этиб, С1 даражали сертификатга эга бўлди. Изланишда давом этган Ирода 2022 йил май ойида чет тили ўқитувчиларининг даражасини аниқлаш тестида қатнашади ва яна бир сертификатни қўлга киритади. 2022 йил июнь ойида миллий “Multi level” тест синовларига қатнашиб, В2 даражали сертификат эгаси бўлди.
Ундан сабоқ олган ўқувчилар ҳам устози каби яхши натижаларни қайд этмоқда. 2021-2022 ўқув йилида “Чет тилларини ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг туман босқичида мактаб жамоаси фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Қувонарлиси ўқувчиларининг 2 нафари миллий “Multi level” тест синовларида иштирок этиб, В2 даражали сертификат соҳиби бўлишди.
Ёзамиз десак ютуқлар ва натижаларнинг кети узилмайди. Келажагимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг эртанги куни учун тинмай меҳнат қилиб, таьлим-тарбия бериб келаётган Ирода Ғайбуллаевна сингари билимли, жонкуяр устозларимизнинг барчасига шарафли ва машаққатли касбларингизда Аллоҳ куч-қувват берсин, деймиз!.
***
Юсуфжон Мансуров,
касб-ҳунар мактаби инглиз тили фани ўқитувчиси.
Юсуфжон Мансуров 1995 йилда Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган. Оилада учинчи фарзанд бўлиб дунёга келган Юсуфжон болалигиданоқ тиришқоқ, илмга чанқоқ бўлиб вояга етади. Илк сабоқни тумандаги 10 – мактабда олади, ўқишини кончилик касб-ҳунар коллежида давом эттиради.
2013 йилда Жиззах давлат педагогика институтининг инглиз тили факультетига ўқишга киради. Олийгоҳни аъло баҳоларга тамомлаган Юсуфжон Мансуров тумандаги 4, 5-мактабларда ўқитувчи бўлиб ишлади.
2021-2022 ўқув йилидан эса касб-ҳунар мактаби ўқувчи- ёшларига инглиз тили фанидан сабоқ бериб келмоқда. Бундан ташқари, касб-ҳунар мактабида ташкил этилган “Қоракўл” ўқув марказида ҳам дарс беради. Ҳозирда ўқув марказида 150 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар инглиз тили фанидан билимларини янада мустаҳкамламоқдалар.
Жорий ўқув йилида марказда тайёрланган ўқувчиларнинг 98% олий ўқув юртлари талабаси бўлганлигининг ўзи уларга берилаётган таълим даражасининг юқорилигидан далолат беради.
Юсуфжоннинг турмуш ўртоғи Дилдора Аҳмадова ҳам шу касб-ҳунар мактабининг она-тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. Бу ёш оиланинг олдига қўйган эзгу мақсадларидан бири, ёш авлодни юртимизга нафи тегадиган, илмли, зиёли ва етук инсонлар бўлиб вояга етишларида ўз ҳиссаларини қўшиш.
Ишонч билан айтишимиз мумкинки, жамиятимизда Юсуфжонга ўхшаган интилувчан ёш кадрларимиз бор экан, келажагимиз ва эртанги кунимиз порлоқ бўлади.
***
Умида Шарипова,
тумандаги 7- МФЧЎИДУМ бошланғич синф ўқитувчиси.
Умида Шарипова 1978 йил 5 февралда Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган. 1994 йилда ўрта мактабни тамомлаб, Навоий давлат педагогика институтига ўқишга қабул қилинади. Олийгоҳни аъло баҳоларга тамомлаган Умида илк фаолиятини Қизилтепа тумандаги 16- мактабда бошлаган. Бир йилдан сўнг эса оиласи билан Учқудуқ туманига кўчиб келади ва тумандаги 7- умумий ўрта таълим мактабида ўз фаолиятини давом эттиради.
Қарийб, 20 йилдан зиёд юзлаб ёш ўғил қизларга қалам тутишни ўргатди, уларга илмдан, ҳаётдан сабоқ берди.
Фаолияти давомида бир қанча ютуқларга ҳам эришди. 2015 йилда "Йил ўқитувчиси" танловининг вилоят босқичида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди. Давлат тест маркази томонидан 2020-2021 ўқув йилида 4-синфлар учун ўтказилган тест синовларида ўқувчиларининг 85% аъло баҳоларга топширади. Синф математикага ихтисослаштирилган синфга айлантирилади.
Мактаб жамоасида ўз ўрни ва ҳурматига эга бўлган Умида Шавкатовна оилада ҳам суюкли аёл, меҳрибон она. Турмуш ўртоғи Умид Азимов билан 3 нафар фарзандни вояга етказдилар. Ўғли Азимжон Тошкент ахборот технологиялар университетининг 3- босқич талабаси, қизи Дилсора эса 7-мактабнинг 11-синфида таҳсил олади.
Ҳам ишда, ҳам оилада фаол ва жонкуяр бўлган Умида Шарипованинг ҳали олдига қўйган режа ва мақсадлари талайгина. “Учқудуқ” газетаси таҳририяти ижодий жамоаси ҳамда кўпмингсонли обуначилари номидан Умида Шавкатовнани шарафли касб байрами билан муборакбод этамиз. Келгусидаги фаолиятларига улкан зафарлар тилаймиз.
***
Нодира Алланова,
саноат техникуми махсус фан ўқитувчиси.
Нодира Алланова 1966 йилда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган. 1984 йилда ўрта мактабни тамомлаб, Тошкент давлат ирригация университетига ўқишга киради. Олийгоҳни тамомлаб, Навоий шаҳар электр тармоқлари марказида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2008 йилдан эса Учқудуқ туман саноат техникуми (аввалги кончилик коллежи)да ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Турмуш ўртоғи Шавкат Усмонов мана бир неча йиллардан буён Шимолий кон бошқармасига қарашли РМЦ корхонасида участка бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. Катта ўғли Хурожиддин 1-сонли Автобазада, кичик ўғли Фарруҳ қўл жанги спорт тури бўйича спорт устаси. Нодира опа ҳозирги кунда 6 нафар набиранинг меҳрибон бувижониси, келинлари Мунисахон ҳам саноат техникумида ишлайди.
Мана 14 йилдан буён шу даргоҳда ўқувчиларга таълим тарбия бериб келаётган Нодира опа бугунги кунда нафақада бўлишига қарамасдан, ўз касбига бўлган меҳр ўз фаолиятини яна давом эттиришга ундади.
“Аллоҳга беҳисоб шукр, доимо қўллаб-қувватлаб турган қадрдон оилам борлиги, севимли касбимда фаолият юритиб келаётганим, менга ишонч билдирган яқинларим ёнимда эканлиги энг катта бахтим”, дейди дуога қўл очар экан Нодира опа Алланова. Тилагимиз, шундай шукроналик барчамизга насиб этсин.
***
Шаҳноза Мустафаева тумандаги 20-мактабнинг физика фани ўқитувчиси.
Шаҳноза Мустафаева 1981 йил 8 мартда Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, 2001 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг физика факультетига ўқишга киради. Мазкур олийгоҳнинг магистратура йўналишида ҳам таҳсил олган.
Шахноза Мустафаева меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳар Миробод транспорт касб-ҳунар коллежида ўқитувчиликдан бошлаган. Оиласи билан Учқудуқ туманига кўчиб келиб, 2008 йилнинг сентябридан 20-умумий ўрта таълим мактабида физика ва информатика фанидан дарс беради.
Меҳнат фаолияти давомида эришган ютуқларини бирма-бир таҳлил қиладиган бўлсак, ўқувчилари Матлуба Ибодуллаева Гулбаҳор Боборайимова, Зилола Насибовалар фан олимпиадасида туманда биринчи вилоят фахрли иккинчи ўринларга сазовор бўлишган.
Билимлар беллашувида эса Ҳумоюн Нуримов туман боскичида 1-ўринга, вилоят босқичида эса фахрли 2-ўринга сазовор бўлди. Яна бир ўқувчиси Жамшид Комилов туман ва вилоятда фахрли 1-ўринни эгаллаб, ушбу танловнинг Республика босқичида нуфузли 3-ўринни забт этди.
2013-2014 ўқув йилида физика фанидан яратган дастури “Педагогик грантлар - 2013” кўрик - танловининг республика босқичига тавсия этилди. Шаҳнозанинг педагогик иш тажрибалари туман ва вилоят миқёсида оммалаштирилган. У ҳозирда аниқ фанлар услуббирлашма раҳбари сифатида ҳам фаолият олиб бориб, ўз билим ва тажрибаларини ёш ўқитувчиларга ўргатаётир. У Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Шаҳноза Мустафаеванинг оиласи маҳаллада ибратли оилалардан. У турмуш ўртоғи билан икки нафар фарзандини вояга етказмоқда.
Элнинг эътиборида, ўқувчилари эъзозида бўлган ана шундай устозлар бор бўлсин!!
Саҳифадаги материалларни Дилноза Тошниёзова тайёрлади.