LOTIN-КИРИЛЛ

МЕҲНАТИ  – БАХТИ УНИНГ

    Аёлни гўзаллик тимсоли деймиз. Шу боис унинг қўли билан яратилган барча нарсалардан нафосат, нафислик, назокат уфуриб туриши, шубҳасиз. Бугунги аёл муаллима, ижодкор, муҳандис, мусаввир, ишчи, чевар, компьютер оператори, боғбон сингари ўнлаб касбларни ҳам пухта эгаллаб, улардан ташқари тўғрисиз ва дилкаш маслаҳатчи, бувижонлик мақомини ҳам қойиллатиб қўйиб, ҳаётда ўзининг ўрнини топмокда. Бугун ана шундай тиниб тинчимас Озода опа Эргашова ҳақида ҳикоя қиламиз.

    Қишлоғидаги кизларга жажжи Озоданинг ҳаваси келарди. Улар қўлларига жилд кўтариб, оппоқ фартук тақиб мактабга бориб келишарди. Ниҳоят, у ҳам 1-синфга борди. Озода ҳар бир ҳарфни мўъжизадай қабул қилар, ҳар бир дарс уни сирли оламга етаклаб кирарди.

   Адабиёт ўқитувчиси Б.Бўриевнинг дарсларини байрамни кутгандек интизор кутарди. Устозининг маромига етказиб шеър, ғазал ўқишлари унинг ёш қалбини сеҳрлаб қўярди. Шу сирли оламда қолиб кетгиси келарди... “Албатта адабиёт ўқитувчиси бўламан", дея аҳд қиларди. 1989 йилда Самарқанд давлат педагогика институтининг тил-адабиëт факультетига ўқишга кирди. У ерда таниқли адабиётшунос олимлардан сабоқ олди, фикрлаши ўсди, ижодий баҳсларда улғайди. Сўзнинг қадрига етишни ўрганди. Ўқувчилари қалбига сўз яхшиликка, эзгуликка ундовчи энг яхши  восита эканини англатишга уринди.

    1993 йилда турмуш ўртоғи Латифбой ака Арзиев билан Учқудуққа келган бу оилада Мафтуна, Собиржон, Сўғдиёна исмли фарзандлар вояга етди. Бугун Мафтуна онаси изидан бориб ўқитувчилик касбини танлаган бўлса, Собиржон Тошкент давлат техника университетини тугатиб, Шимолий кон бошқармасида ишлаяпти ҳам тадбиркорлик қилаяпти. Кенда қизи Сўғдиёна эса геотехнологик конида тиббиёт ходими.

   Аввалига мактабда, туман радиосида ишлаган Озода опани билим доирасининг кенглиги, меҳнатсеварлиги, ҳамма билан бир пасда тил топишиб кетиши каби хислатларини қадрлаган раҳбарият туман ҳокимлиги канцелярия бўлимига ишга олишди. Орадан кўп вақт ўтмай янгидан ташкил этилган туман маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи вазифаси унга ишониб топширилди.

   Шундан сўнг, хизмат пиллапояларида бирма-бир юқорилаб, “Учқудуқ” (аввалги “Достық-Дружба”) туман газетаси муҳаррири, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида ишлади.

    Опахон қаерда ишламасин ўзига билдирилган ишончни, берилган вазифани, юклатилган масъулиятни сидқидилдан бажарар каттаю, кичик айниқса, аёллар уни ўз опаси, ўз онаси, ўз дугонасидек ҳурмат қилади.

    Озода Хонтемировна Шимолий кон бошқармаси уй-жой коммунал хўжалиги бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган. 12 йил давомида корхона тасарруфидаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўлими, 5 та мактабгача таълим муассасаси, 6 та ётоқхона, "Ке lajak” ёшлар маркази, "Лочин" спорт мажмуаси, “Учқудуқ” маданият уйи ва меҳмонхонаси, иссиқхона сингари бўлим ва бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштирган. Бугун эса Навоий КМК ДМ “Учқудуқ” ҳудудий жамғармасида ижтимоий объектлар участкаси  меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси муҳандиси бўлиб фаолият юритмоқда. Халқ депутатлари туман кенгаши депутати.

   Озода опани машҳур адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг "Қўшчинор"идаги куй-пишди Саидахонга ўхшатаман. Депутатлиги боис, маҳалла аҳолиси даврасида, навниҳолларни парваришлаётган, кўчаларни тартибга келтираётган аёллар  даврасида учратаман. Боладиллиги бор эмасми,  мактабгача таълим муассасасида ўтказилаётган эрталикларда, маърифатга ошнолиги боис, турли маънавий-маърифий тадбирларда, кутубхоналарда кўраман.

...Кўпинча нолиб қоламиз. Вақт етишмаслигидан, бизга имкон берилмаганидан, уддалай олмаганимиздан... аслида буларнинг бари биз томонимиздан ўйлаб топилган оқловлар, эҳтимолки важлар эканлигини тан олгимиз келмайди. Ана шундай ҳолга тушганимда кўпинча Озода опани ёдга оламан. Қўнғироқлашаман. Кутганимдек, унда янгиликлар топилади. Тўлиб-тошиб, ҳис-ҳаяжон ва шукроналик билан гапираверади, мен эса тинглайвераман.

   "Инсон дунёнинг қалби”, деб ёзган эди Антон Чехов. Озода опа Эргашовадаги ўз юртига содиқлик, ўз ишига жонкуярлик, болажонлигию, боладиллиги, ҳофизасининг кенглиги билан у дунёнинг қалбини тинглаётгандай, гўё!

Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.

O'qilgan: 436 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: