LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

01 Jun 2022

            Бруцеллёз (синонимлари Мальта иситмаси, Банго иситмаси) –турли хил юқиш йўлларига эага бўлган, кўпгина аъзо ва тизимларни, асосан таянч-ҳаракат аъзоларини ҳамда асаб тизимининг шикастланиши, организмнинг заҳарланиши ва аллергияни намоён бўлиши билан тавсифланувчи ҳамда инфекцион жараёни ривожланиши, аксарият ҳолларда сурункали кечиши, кейинчалик беморларда ногиронликни келтириб чиқарадиган, кенг тарқалган полиэтиологик зооантрапаноз ўта хавфли юқумли касалликдир. 

             Бруцеллёз қўзғатувчилари Brusella туркумига мансуб микроорганизмлар ҳисобланади. Халқаро классификацияга мувофиқ Brusella туркуми алоҳида 6 та турдан иборат бўлиб, улар бир қанча биоварларга бўлинади:

           1) Brusella melitensis : қўй ва эчки учун патоген бўлиб, бошқа турдаги ҳайвонларда ҳам касаллик қўзғатиши мумкин. Марказий Осиё, жумладанЎзбекистон Республикасида одам патологиясида катта аҳамиятга эга бўлиб, одамларда касалликнинг 90 фоиздан ортиғи Brusella melitensis билан боғлиқ.

           2) В.abortus: йирик шохли ҳайвонлар учун патоген бўлиб, уларда аборт келтириб чиқаради, бошқа турдаги ҳайвонларни ҳам зарарлаши мумкин. Одам учун кам хавфли, кўпинча симптомсиз, кам ҳолларда қўзғатувчини организмга кўп миқдорда тушиши ва циркуляция қилувчи биоварларга боғлиқ ҳолда касалликнинг клиник яққол намоён бўлган шаклини чақиради.

                                  Бруцеллёзнинг эпидемиологияси

           Бруцеллёзларнинг табиий резервуарлари ҳайвонлар ҳисобланади. Шунга боғлиқ ҳолда бруцеллёз эпидемиологиясини тўлалигича унинг эпизоотологияси белгилаб беради, касалликни эса тўлақонли типик зоонозларга киритиш мумкин.

Одамлар учун инфекция қўзғатувчилари манбалари бўлиб қўйлар, эчкилар, қорамол ва чўчқалар ҳисобланади. Одамларда шимол буғисидан ҳам касаллик юққан ҳолатлар қайд этилган. Айрим ҳолларда инфекция манбаи от, туя, хачир, ит, мушук ва бошқа ҳайвонлар ҳам бўлиши мумкин.

                                                Ўткир бруцеллёз

            Беморда ўткир бруцеллёз деб тахмин қилишга қўйидаги белгилар асос бўлади:

           -Касаллик ўткир бошланиб, 5 кундан кўп давом этаётган тўлқинсимон баланд иситма ва камида 4 та қўйидаги белгиларнинг кузатилиши:

          -Қалтираш ва кучли терлаш

          -Мадорсизлик, ҳолсизлик

          -Жигарнинг катталашиши

          -Суяк, буғим, мушак ва нерв толаларнинг оғриши

полиаденопатия 

                                            Сурункали бруцеллёз

           Беморда сурункали бруцеллёз деб таҳмин қилишга қўйидаги белгилар асос бўлади:

           - Узоқ муддатли(6 ойдан зиёд) давом этаётган сурункали тўлқинсимон кечувчи касаллик. Ушбу касалликка ўхшаш бошқа таҳислар инкор қилингандан сунг ками 5 та қўйидаги белгилар бўлиши:

Тўлқинсимон, кўпинча субфибрил даражадаги иситма

           Кучли терлаш ва қалтираш

           Оғриқлар (невральгия, артральгия, миальгиялар)

           Артритлар ва ёки сакроилеитлар ва ёки спондилоартритлар

           Миозитлар ва ёки невритлар

           Полиаденопатия

           Жигар катталашиши

          Жинсий аъзолар шикастланиши

Бруцеллёзнинг барча шакллари учун

          Беморга бруцеллёз деб дастлабки ташҳис қўйишда қўйидаги белгилар асос бўлади:

          Бруцеллёзга тахмин қилишга асос бўладиган белгиларни беморда бўлиши ва қўйидаги белгилардан камида биттаси беморда аниқланиши:

          Моллар туғишида қатнашиш

          Моллар билан контактда бўлиш

          Мол сўйиш ва гушт кесиш

          Хом сут ва хом сут маҳсулотларини истеъмол қилиш

          Яхши пиширилмаган гуштни истеъмол қилиш

           Бруцеллёз эпидемияси ёки бруцеллёз ташҳиси аниқланган бемор билан эпидемиологик боғлиқлик

           Агглютинация реакциясининг мусбатлиги.


 

01 Jun 2022

 

    Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, бола бу дунё, бола бу ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли.

    Байрам тарихига назар соладиган бўлсак, 1 июнь - 1925 йилда Женевада болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида таъсис этилган бўлса-да, орадан 25 йил ўтиб, 1950 йилдан бошлаб – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни байрами сифатида ҳар йили нишонланиб келинади.

   Мамлакатимизда ҳам ушбу байрам ҳар йили дилларда қувонч ила нишонланади. Сабаби Ўзбекистон – болажон юрт, халқимиз эса азалдан болажон халқ. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон қўшилган илк халқаро шартномалар қаторида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидан сўнг айнан Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция туриши ҳам бунинг яққол исботидир. 

   Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Учқудуқ туманида ҳам 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни катта хурсандчилик ва байрами шодиёналари билан бўлиб ўтмоқда. Шу куни кечгача туманнинг олис овуллари марказларида, “Учқудуқ” маданият уйи ҳовлисидаги фавворалар бўйида, “Орзу” истироҳат боғида, “Ёшлар” амфитеатри, ҳамда М.Авезов кўчасидаги “Ёшлар” боғида келажагимиз эгалари учун турли концертлар, кўргазмалар, сайиллар, спорт мусобақалари ўтказилади.  

   Бугун эрта тонгданоқ “Олтин кўл” дам олиш сув ҳавзаси бу ерга ташриф буюрган болажонларнинг табассумлари билан гўёки мўъжизалар дунёсига айланган. “Ҳар бир болага меҳр эътибор” шиори остида ўтказилган туман тадбири “Болаларга беринг дунёни!” деб номланди. Бу ерга маҳаллаларда истиқомат қилаётган “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг 65 нафар фарзандлари таклиф этилди. Уларни Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев табриклаб, сектор раҳбарлари томонидан болаларга совғалар, ширинликлар, музқаймоқ ва яхна ичимликлар берилди.

   Туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 2-сонли ДМТТ да ўтказилган байрам тадбирида иштирок этган туман сектор раҳбарлари муассаса тарбияланувчилари учун совғаларни ўзлари билан олиб келишди. Улар томонидан тарбияланувчиларга шарбатлар, ширинликлар, ўйинчоқлар берилди.

    Болажонлар томонидан бахтли болалик мавзусида куйланган қўшиқ ва рақслар барчада илиқ таассуротлар қолдирди.

   Ҳа, болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгаларидир. Бинобарин, уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир. 

   Ўзбекистонда ҳам фарзандларимиз ана шундай меҳр-муҳаббат, улкан ғамхўрликлар оғушида вояга етмоқда. Бу жонажон ватанимизнинг энг олис ҳудуди ҳисобланган Учқудуқ туманида сана муносабати билан бўлиб ўтаётган байрам тадбирларида ўз аксини топмоқда.

   Учқудуқ туманида байрам тадбирлари кечгача давом этади.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ

 

01 Jun 2022

   Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан йўллаган табриги

   Қадрли фарзандларим, азиз ўғил-қизларим!

   Болалик инсон умрининг гўзал ва беғубор фасли, улкан орзу-умидлар, беқиёс имкониятлар даври. Шуни чуқур ҳис этган ҳолда Сиз, навниҳол фарзандларимизга энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Шу фурсатда фойдаланиб, Сизлар ҳаётимиз мазмуни, эртанги кундан умидимиз ва орзуларимиз рўёби эканлигингизни таъкидлаб, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни чин қалбимдан табриклайман! 

        Тараққийпарвар давлатлар ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаган бу байрам давлатимиз, халқимиз ўз фарзандларининг бахти ва камоли учун ҳеч нарсани аямаслигини, мамлакатимиз ёшлари ҳам Ватанимиз равнақи учун хизмат қилишни ўз ҳаётининг мазмуни деб билишини яққол ифода этмоқда.

        Болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Айниқса, Республикамиз Президентининг ўтган йилнинг 29 майидаги “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш йўлида чинакам тарихий ҳужжат бўлди.                   

Ҳақиқатан ҳам, бу дунёнининг барча қувончи бир бола кўзида халқаланган бир томчи ёш, барча қайғуси бир гўдак лабидаги ним табассумга арзимайди. Шу сабабдан ҳам статистик маълумотларнинг аксарияти болаларга нисбатан олиниб, “жумладан фалон фойизи болалар” иборасига тез-тез дуч келамиз. Бошқачароқ ифодаласак бугун дунёда 1 миллиардга яқин одам оч-наҳор кун кечираётган бўлса шунинг 25 фойизини болалар ташкил этади. Ёки одам савдосидек жирканч иллатдан ҳар йили ўн миллионга яқин бола жабр кўрмоқда. Бундай рақамларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. 

Хулоса шуки бола Ер юзида аҳолининг ҳимояга муҳтож қатлами. Айни чоғда у ҳаёт абадийлигининг тантанаси. Унга бўлган эътибор, ғамхўрлик ва рағбат эртанги кун, ўз келажагимизга бўлган эътибор демакдир.

Бола қалби беғубор. Умр остонасидаги бу дамларда шаклланган фазилат, хислат ва умуминсоний қадриятлар пировардида жамият комиллигининг кафолати ҳисобланиб, мамлакатимизда баркамол авлод тарбиясига давлат миқёсида қаратилган эътиборнинг моҳияти ҳам шунда мужассам. Бугун мамлакатимизда бунёд этилган ва этилаётган таълим даргоҳлари, спорт мажмуалари, шифо масканлари ҳамда бир қатор маданий маиший иншоотлар, марказлар ва уларнинг энг сўнгги авлод технологиялари билан жиҳозланиши шу сиёсат самараси бўлиб, аксарияти болалар учун мўлжалланган. 

Шу ўринда сўнгги йилларда туманимизда 17 та мактабгача давлат ва нодавлат таълим, 2 та умумтаълим мактаби, спорт-соғломлаштириш иншоотлари, маданият даргоҳларининг янгидан қурилиб фойдаланишга топширилганлиги фикримизнинг яққол далилидир. 

Яна бир жиҳат ногирон ва вақтинча саломатлигини йўқотган болалар манфаатига қаратилиб, шу асосда уларнинг таълим олиш ҳуқуқлари таъминланиб, бунинг учун шарт-шароитлар такомиллаштирилаётганлиги эътиборга молик. Буни туманимиз мисолида кузатадиган бўлсак уларга ҳар томонлама кўмак берилиб, бу борада ибратомуз тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугун туманимиз бўйича 31 нафар боланинг уйда таълим орқали тенгдошлари қаторида эканлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Таъкидлаш жойизки юртимизда келажак авлод камолоти билан боғлиқ оддий нигоҳларимиз илғамайдиган жараёнлар ҳам кечмоқдаки улар “Йод танқислиги касалликлари олдини олиш тўғрисида”ги ҳамда “Ҳомийлик тўғрисида”ги қонунларда ўз ифодасини топган. “Болалар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун эса бу борада ижтимоий ҳимоя сиёсати изчиллигининг амалдаги тасдиғидир.

Дарҳақиқат бола ҳуқуқи инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми ҳисобланиб, у ҳам кенг миқёсдаги маърифий тадбирлар, турли даражадаги беллашувлар, танлов, фестивал бошқа анжуманлар орқали ўз самарасини оширмоқда. Биргина жорий йилда туманимиздан 30 нафардан зиёд тенгқурларингизнинг Халқаро ва Республика миқёсидаги турли мусобақа ва танловларда ғолиб бўлганлиги ҳурматли Президентимизга барча ғамхўрликлари учун Сиз болаларнинг миннатдорчилиги рамзи деб қабул қиламиз. Зеро, буларнинг барчаси мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимизнинг болаларга оталарча ғамхўрлиги самарасидир.  

   Азиз болажонлар!

        Сизларни яна бир бор Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан қутлаб, мустаҳкам соғлиқ тилайман! Ёзги таътилларингиз мароқли ва ёрқин хотираларга бой ўтсин!

   Эътиборингиз учун рахмат!

 

 

31 May 2022

    1 июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилади

   Электр ва газ тарифларини ошириш бўйича қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Кутилганидек, ойлик базавий нормани киритиш орқали тарифлар табақалаштирилади. Маълум қилинишича, аксарият оилаларда ошган нархлардаги қўшимча тўлов миқдори бир ойга электр учун 7,5 минг сўмгача, табиий газ учун иссиқ ойларда 6 минг сўмгача, иситиш мавсумида 21 минг сўмгача бўлади.

 

“Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

   Лойиҳа икки жиҳатига кўра аҳамиятли:

  • электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ тарифлари оширилмоқда;
  • энергетика ислоҳотининг аниқ муддатлари белгиланмоқда – бу ислоҳот электр ва газ танқислигига барҳам бериши лозим.

   Табақалаштирилган тўлов тизимига ўтилади

Электр ва газ тарифларига ижтимоий норма киритилиб, аҳолининг кўп энергия сарфлайдиган (нисбатан ўзига тўқ) қатлами харажатларини бюджетдан субсидиялаш қисқартирилади.

Ижтимоий норма миқдорини қуйидагича белгилаш таклиф этилмоқда:

  • электр энергияси истеъмоли бўйича 250 кВт соатгача;
  • табиий газ бўйича октябр-март ойлари учун 700 куб метргача;
  • апрел-сентябр ойлари учун 200 куб метргача.

Қуйида келтирилаётган янги нархлар 2022 йил 1 июлдан бошлаб жорий этилиши кутилмоқда. Эслатиб ўтамиз, газ ва “свет” тарифлари охирги марта 2019 йил ёзида оширилганди.

1 кВт соат электр энергияси учун таклиф этилаётган янги нархлар (аҳоли учун):

  • ижтимоий норма доирасида: ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм (ҳозир 295 сўм);
  • 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўм.

Расмий изоҳга кўра, таклиф этилаётган нархлар тасдиқланса, хонадонларнинг харажати қуйидагича суммага ошади:

  • 250 кВт соатгача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун қўшимча харажат ойига 7,5 минг сўмгача;
  • 300 кВт соатгача ишлатадиган абонентлар учун қўшимча харажат ойига 25 минг сўмгача;
  • 400 кВт соатгача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун эса қўшимча харажат ойига 61 минг сўмгача бўлади.
Иқтисодиёт, Молия ва Энергетика вазирликларининг матбуот хизматлари тақдим этган инфографика

Шунингдек, 1 кВт соат электр энергияси нархи юридик шахслар учун қуйидагича белгиланиши мумкин:

  • НКМК, ОКМК ва бюджет ташкилотлари учун – 800 сўм;
  • қолган юридик шахслар учун – 600 сўм (ҳозир 450 сўм).

1 куб метр табиий газ учун таклиф этилаётган янги нархлар (аҳоли учун):

Иситиш мавсуми – октябр-март ойларида:

  • ойига 700 куб метргача – 410 сўм (ҳозир 380 сўм);
  • 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1200 сўм.

Иситилмайдиган мавсум – апрел-сентябр ойларида:

  • ойига 200 куб метргача – 410 сўм (ҳозир 380 сўм);
  • 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1200 сўм.

Таъкидланишича, иситиш мавсумида:

  • 700 куб метргача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 21 минг сўмгача;
  • 1 000 куб метргача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 267 минг сўмгачани ташкил этади.

Иситиш мавсумидан ташқари даврда:

  • 200 куб метргача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 6 минг сўмгача;
  • 300 куб метргача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 88 минг сўмгача бўлади.
Иқтисодиёт, Молия ва Энергетика вазирликларининг матбуот хизматлари тақдим этган инфографика

Шунингдек, 1 куб метр табиий газ нархи юридик шахслар учун қуйидагича белгиланиши мумкин:

  • НКМК, ОКМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1300 сўм;
  • автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1200 сўм;
  • иссиқлик электр станциялари учун – 1000 сўм;
  • қолган юридик шахслар учун – 1150 сўм.

Суюлтирилган газ эса аҳоли учун 1600 сўм миқдорида белгиланмоқда (ҳозир 1120 сўм). Бунда, 1 абонентга бир ойда ўртача 20 кг суюлтирилган газ етказиб берилиши инобатга олинса, абонентнинг қўшимча харажати бир ойда 9,6 минг сўмни ташкил этади.

Ижтимоий норма бўйича ўрганишлар натижалари

Ҳукуматга кўра, Ўзбекистонда электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент бор ва уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт с) тўғри келади.

Шунингдек, табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Бу хонадонларнинг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизи (4,5 млрд куб м) тўғри келади.

Юқоридаги кўрсаткичлар энергоресурсларни истеъмол қилишнинг йил давомида ўртача ойлик даражасини ифодалагани сабабли, ўртача ойлик истеъмолнинг аниқ миқдорларини аниқлаш мақсадида Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги абонентларда танланма ўрганиш ўтказилган.

Электр энергияси. Ўрганиш натижаларига кўра, бу ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида:

  • эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 86 фоиз,
  • янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 65 фоиз,
  • ҳовлиларда яшовчи 57 фоиз абонент ойига ўртача 250 кВт соатгача электр энергияси истеъмол қилган.

Иситиш мавсумида эса:

  • эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 78 фоиз;
  • янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 77 фоиз;
  • ҳовлиларда яшовчи 44 фоиз абонент ойига ўртача 250 кВт соатгача электр энергияси истеъмол қилган.

Табиий газ. Юқоридаги ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида:

  • эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 100 фоиз абонент,
  • янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 99 фоиз абонент,
  • ҳовлиларда яшовчи 86 фоиз абонент ойига ўртача 200 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.

Иситиш мавсумида эса:

  • эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 100 фоиз абонент;
  • янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 93 фоиз абонент;
  • ҳовлиларда яшовчи 64 фоиз абонент ойига ўртача 700 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.

Нархларни ошириш зарурати: расмийлар изоҳи

Масъул вазирликлар баёнотига кўра, республикада ёқилғи-энергетика ресурсларига талаб йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, охирги 5 йилда аҳолига етказиб берилган –

  • электр энергияси ҳажми 1,5 бараварга ошган (11 млрд кВт соатдан 16 млрд кВт соатга);
  • табиий газ ҳажми 1,3 баробарга ошган (10 млрд куб метрдан 13 млрд куб метрга).

Шу билан бирга, таъминотда жиддий муаммолар бор. 2021 йилда қондирилмаган талаб 2-3 млрд кВт соатни ташкил этган.

Ортиб бораётган талабни қондириш учун ишлаб чиқаришнинг янги қувватларини барпо этиш, хусусий инвестицияларни кенг жалб этишга тўғри келмоқда. Бунинг учун эса энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилиш талаб этилади.

Юридик шахслар учун тарифлар 2023 йилда ҳам ўзгаради

Корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энерготежамкорликни ошириш ҳамда таннархни пасайтириш учун “перспектив мўлжал”ни кўрсатиш мақсадида, жорий йил учун янги нархлар билан бирга 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархларни ҳам тасдиқлаш таклиф этилмоқда. Бунда, 2023 йил 1 апрелдан қуйидаги нархлар жорий этилиши кўзда тутилмоқда:

Электр энергияси бўйича:

  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 800 сўм миқдоридаги нархни сақлаб қолиш;
  • қолган юридик шахслар учун – 700 сўм.

Табиий газ бўйича:

  • иссиқлик электр станциялари учун – 1200 сўм;
  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1350 сўм;
  • автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1400 сўм;
  • қолган юридик шахслар учун – 1350 сўм этиб белгилаш.

2026 йилдан тўлиқ бозорга ўтилади

Маълум қилинишича, 2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энгергетика ресурсларининг нархлари 2024 ва 2025 йилларда фақатгина инфляция даражасига индексация қилиб борилади. 2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.

31 May 2022

     БЕДОР ОТА ҳақида афсона

    Мен яшаётган маскан Қизилқум кенгликларида жойлашган. Бир сония ўтмай изларни кўмиб кетадиган қумликлар баъзи бир ерларда қирларга туташ.

    Мана шу қирликлар орасида инсонни ҳайратга солгувчи табиат мўъжизаси борки, кўрган кишининг ақли шошади. Фақат тошлардан иборат мана бу қирликлар орасида "Уйқудаги гўзал" номи билан машҳур бир тош ҳам бор...

    Бу ҳақдаги афсонани қўшни момодан эшитганман.

   Бир бой кишининг уч нафар қизи бор экан. Қизларининг чиройига, ҳаттоки ўз туққан онаси ҳам термилиб, тўймас экан. Улар шу даражада соҳибжамол бўлишса-да, отаси доим қизларидан нолир экан. - Менга ўғил керак, биттагина ўғил туғиб беролмадинг, сен! - дея хотинини калтаклар экан.

    Қизлар ота-онасига меҳрибон, ақлли бўлиб улғайишибди. Кунлардан бир куни бой дўстиникида уюштирилган зиёфатдан келиб, қизларининг дилини вайрон қилибди. Мен сизларни деб, элда бош кўтаролмай қолдим! Ҳамма дўстларимнинг ўғиллари бор, улар отасига суянч бўлишган. Сизлар-чи? Сизлар менга факат кулфат келтирасизлар!...

    Бу гаплардан қизларнинг дили вайрон бўлибди. - Отажон, айтинг, қайси ўғилдан кам жойимиз бор? Айбимиз бойнинг қизлари бўлганимизми? Қўшнимизнинг бир неча йилдан буён фарзанди йўқ, лекин уларнинг бирон марта баланд овозда гаплашаётганини эшитмаганмиз? Сиз онамни доим хўрлайсиз. Худога шак келтирманг, бизнинг ҳам уволимиз бор! - дея йиғлабди катта қизи.

    Шунда ота:- Кўзимдан йўқол ҳамманг, менга ўнта қиздан битта ўғил афзал! - деб бақирибди. Бу гапларни эшитган она бир бурчакда эзилиб йиғлабди.

    Кунлар ойларга, ойлар эса йилларга уланиб, вақт ўтаверибди. Бой қизларига умуман кун бермай қўйибди. Онаси бу дарддан адойи тамом бўлибди. Охири, дарди оғирлашиб, ётиб қолибди. Отанинг бағритошлигидан эзилиб кетган қизлар онасига термилиб, ранглари сарғайибди...

    Шунда улар: "Эй, қодир эгам! Бизни қандай яратган бўлсанг, яна шундай қайтариб ол! Аммо отамизга ҳар сафар бизни эслатувчи нишона қолдирки, ҳар кўрганда эзилиб, ҳеч бир малҳам дардига даво бўлолмасин!" деб нола қилибди.

    ...Отаси дўстлари билан овга чиққан кун онаси фоний дунёни тарк этибди. Энди қизлар нафас чиқаришга ҳам қўрқиб қолишибди. Ўша кунларда бойнинг бир ақлли, зукко дўсти унга шундай маслаҳат солибди. Қизларингни бўйи чўзилиб қолди. Уларни бундай қийноққа солмагин.

    Менинг битта-ю битта ўғлим бор. Бироқ у, на менга на онасига ўхшади. Тарбияси бузуқ. Сенинг қизларингни кўриб, унинг олдида булар фариштанинг ўзгинасику, деб турибман. Қани энди ўғлим эс-ҳушли бўлганида, битта қизингни ўзим келин қилардим...

    Бу гаплар бойнинг у қулоғидан кириб, бунисидан чиқиб кетибди. Кўп ўтмай, бой уйланибди. Бундан унинг қизлари баттар изтиробга тушибди.

"Аллоҳ, нега бизни бунчалар қийнадинг? Гуноҳимиз, сариштали, фариштали қиз бўлганимизми?" - дея қизлар дардлашиб, тошлар орасидан сизиб чиқаëтган булоқ бўйида кир ювишга тутинибди. Шунда қаттиқ шамол эсиб, сингиллар опанинг бағрига сингиб кетибди.

    Опа вужудига жо бўлган, бир тану бир жонга айланган гўзал қизлар тошга айланибди...

Ота қизларининг тошга айланганини кўриб, оҳ-фиғон чекибди. Уларнинг олдига бориб тиз чўкиб йиғлабди. Бироқ энди кеч экан...

   Шу тариқа бойнинг бойликлари унинг ҳеч бир кунига ярамабди. У сўққабош бир телба инсонга айланибди. Оққибатда хору зор бўлиб, бандаликни бажо келтирибди...

   Бу бир синоатми ёки афсонами, билмаймиз, аммо "Уйқудаги гўзал" тоши ҳозирги кунда ҳам Учқудуқ яқинидаги "Бедор ота" зиёратгоҳи ҳудудида бор.

   Табиат мўъжизаси билан тошлар шундай шаклга кирганки, тепадан томоша қилган кишига худди уйқудаги гўзал қизни эслатади.

   Афсоналарда айтилишича, бой ота ҳали-ҳануз бедор тунни тонгга уларкан. Шу боис зиёратгоҳ халқ тилида “Бедор ота”, дея аталади!

 

Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.

 

 

 

31 May 2022

     “ЕРЛЕР АТА”  ҳакида ривоят

     Тумандаги “Алтинтау” овулидан чиқиб, адирликлар оралаганча Шарқ тарафга чамаси 5-6 километр йўл юрсангиз «Ерлер ота» зиёратгоҳига борасиз.

    Тоғ орасида жойлашган бу маскан ўзининг сўлим ҳавоси ва гўзал манзараси билан диққатингизни тортади. Энг эътиборлиси, мазкур қадамжода тошлар орасидан сизиб чиққан чашма бор.

    Яхши инсонларнинг эътибори билан суви ифлосланмасин, дея чашма қудуқ шаклида ўраб қўйилган. Бу ерда қишин, ëзин сув бўлади. Қудуқда тўпланган оби ҳаëт қувур орқали сал пастроқда жойлашган ҳовузга оқиб туради. Шу ҳовуздан қувурлар орқали овулга ичимлик суви тортилган.

   «Ерлер ота” зиёратгоҳига жуда кўплаб инсонлар зиёратга келишади. Келган беморлар чашма сувидан ичиб, дарддан фориғ бўлгандай, ўзларида енгиллик ҳис этишади. Чунки, айнан шу ерда тупроқ таркибида кумуш моддаси кўп экан. Аллоҳнинг неъмати - зилол сув эса  шу тупроқдан сизиб чиқаяпти. Аслида Ерлер ота ким бўлган?

    Овул нуронийларидан суриштирдик ва анча маълумотларга эга бўлдик. Айтишларича, араб миллатига мансуб бу инсон кучли диний ва дунëвий билимга эга бўлганлиги учун Араб халифалиги томонидан Ислом динини тарғиб қилиш мақсадида Ўрта Осиё ҳудудига юборилган экан.

     Умрининг кўп йилини халқ орасида Ислом динини тарғиб қилишга бағишлаган, кексайгач шу тоғ бағрини ўзига макон қилган дейишади.

Шунингдек, Искендер Матжусип ўғлининг «Хосиятли ўлкам Қизилқум» («Киелі Өлкем - Қызылқұм») номли китобида ушбу ҳудудга оид қуйидаги ривоят келтирилади. Бундан VIII аср илгари Хоразм хонлигида Аёз исмли алпқомат йигит яшаган экан. Ботирлиги билан ном қозонган бу йигит хоннинг таъзйиқларига, ўзбошимчалигига чидай олмай кўзғолон кўтарган қулларга бошчилик қилади.

Қўзғолон пайтида хоннинг қизи Аëзнинг мардлигига маҳлиё бўлиб, йигитга кўнгил қўяди. Аммо малика отаси уни бир қул йигитга турмушга бермаслигини билар эди. Шу боис Аёздан бирга қочишни сўрайди. Тўқнашувларда қаттиқ талофат кўрган қўзғолончилар Туркистон ўлкаси (ҳозирги Қозоғистон республикаси ҳудуди) томонга қочади.

    Аммо хон аскарлари уларни таъқиб қилиб, ҳеч тинчлик бермайди. Охир оқибат қўзғолончи қуллар ҳозирги Алтинтау овулига, уларга бошчилик қилган бир гуруҳ ботир йигитлар эса бу ердаги тоғлар орасига яшириниб, қўним топишади.

    Шундан сўнг, бу овул Қулқудуқ, овул яқинидаги тоғ эса Ерлер (яъни Эрлар) тоғи, дея атала бошланган экан.

    Бу албатта, халк оғзидан тинглаб ёзилган ривоят. Унинг қай даражада ҳақиқатга яқинлиги бизга қоронғи. Аммо ушбу зиёратгоҳ сўлим табиати, турли хасталикларга даво зилол чашма суви билан ҳам кўплаб инсонларни ўзига жалб қилаётган муқаддас қадамжолардан биридир.

 

Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.

31 May 2022

    Қизилқум саҳроси сиру синоатларга бой. Бу ерлар қаърида мангу қўним топган авлиё анбиёлар ҳақида минг йиллардан буён эл оғзидаги афсоналар, эртакнамо воқеалар тафсилоти авлодлардан авлодларга ўтиб келмоқда.

   ҒАЛВИРДА СУВ КЕЛТИРГАН АВЛИЁ

    “Қанарбай ота” зиёратгоҳи

    Ислом динининг етук уламоларидан бўлган Қанарбой ота (1863-1926) нафақат вилоятимиз, балки қўшни мамлакатларда  ҳам танилган тарихий шахсдир. Учқудуқ тумани марказидан 120 километр олисдаги Узунқудуқ овули яқинида жойлашган “Қанарбай ота” зиёратгоҳи вилоятимиздаги мавжуд тарихий қадамжолардан бири ҳисобланади. Бумаскандаавлиё, дебтанолинганҚанарбойотанингқабри бор.

    Ўз билимларини эзгу ишларга сарфлаб, эл орасида юксак ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган бу инсон яқин ўтмишда яшаб ўтганлиги боис, у ҳақида баъзи бир маълумотларни келтириб ўтамиз.

Айбас ўғли Қанарбай ота 1836 йилда Узунқудуқ овулининг Аюртен қудуғи атрофида туғилган. Отадан ўн яшарлигида етим қолган. Ўқишга боришга шароити бўлмаганлиги боис, этик тикишни ўрганиб, халқнинг хизматини қилиб юрган. Шунинг баробарида диний таълимга эга кишилардан хат-савод чиқариб, диний билимларини ошириб борган.

   У овулдан ўтиб-қайтадиган карвонларга боқиб, катта шаҳарларга боришни, илм олишни, ҳунар ўрганишни орзу қиларди. Астойдил қилинган ҳаракат, чин дилдан орзуланган истак мустажод бўларкан. Қанарбай ота бир карвонбошига хизматчи сифатида ёлланиб, карвонга қўшилган ҳолда Бухоро шаҳрига келади. Кейинчалик орзу қилган – Мир араб мадрасасида таълим ола бошлайди.

   Ўқиш даврида ўзининг зийраклиги, ҳунари билан домла ва тенгдошларининг ҳурматини қозонади. Оғиздан оғизга ўтиб келаётган ривоятларга кўра, бир куни мударрис талабаларни мадрасага йиғиб, Лабиҳовуздан ғалвирда сув олиб келишни буюради. Барча шогирдлар бу буйруқни бажаришга шошилади, аммо бирортаси ҳам бу ишнинг уддасидан чиқа олмайди. Шунда тақводорликда тенги йўқ Қанарбой ота чин ихлос билан вазифани бажаришга киришиб, ғалвирни сувга тўлдирган ҳолда мадрасага олиб келган экан.

    Албатта, бу фикр ҳақиқатга зид бўлсада, бундан англаш мумкинки Қанарбай отанинг илми ва тақвоси кучли ҳамда илм-урфон аҳли орасида обрўйи баланд бўлган. Бу воқеадан сўнг, Қанарбай ота халқ орасида авлиё, деб тан олинган экан.

    Яссавия тариқатининг пирларидан Қанарбай ота қол ва ҳол илмларида пешқадам бўлган. Шариат илмлари баробарида тариқат илмлариниг ҳам етук уламоларидан ҳисобланган ва оталик (шайхлик) мартабасига етган[1].

    Ислом дини уламоси мадрасадаги ўқишини тугатиб, овулига қайтгач,  этикдўзликни давом эттирган. Шу билан бирга, қатор йиллар мобайнида халқ орасида  илм-ҳунарни, эзгуликни тарғиб қилган. Этик, бош кийим  тикиб топган маблағининг бир қисмини муҳтожларга эҳсон қилиб келган.

    Қанарбай ота ҳаёти давомида:  “Басти байлиқ – барға қанағат”, яъни  “Энг катта бойлик бу – борига қаноат”, дея инсонларни манманликдан қайтариб, камтарликка, меҳнатга, ҳунар ўрганишга ҳамда эзгуликка даъват этган экан. 

    Қанарбай ота 1899 йилда  63 ёшида рихлатга юз тутади. Шу куни кечаси Усен исмли яқин қариндошининг тушига кириб: “Мени ўз ҳужрамнинг ёнига кўминглар. Таҳоратолибтурсанглар бас, намознитегишли мулла келибўқийди”, дейди. Яқинлари таъзияни у айтгандек, ташкил этишади. Ҳамма йиғилгач, авлиёнинг пири Фахриддин домла келиб жаноза ўқийди.

    Ҳа, ибратли умр кечирган Қанарбай отанинг улуғ фазилатларига таъзим қилган минг-минглаб кишилар ҳар доим у ҳақида яхши гаплар айтиб, номини авлоддан-авлодга етказиб келмоқда. Шунинг баробарида, яхши инсонларнинг эътибори туфайли Қанарбай ота мангу қўним топган масканда қатор бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

    1969  йилда Суйеқул Тоқанов бошчилигида чорвадор-қурувчиларнинг қўл меҳнати эвазига масжид бунёд этилди.1980 йилда эса номи республикамизга  яхши таниш бўлган чорвадор Тобан Раметов отанинг қабри устига мақбара қурдиртирган.

   Дарҳақиқат, юртимиз истиқлолга эришганидан сўнг, барча қадрият ва урф-одатларимиз қайта тикланди. Тарихимиз, маънавиятимиз, маданиятимиз, динимиз жонланди. Муқаддас қадамжоларга бўлган эътибор кучайтирилди.

2004 йил 6 декабрда Қанарбой ота мангу қўним топган масканни обод этиш мақсадида  “Қанарбай ота”  хайрия  жамғармаси ташкил этилиб, унинг ҳисоб рақами очилди. Орадан кўп вақт ўтмай, яъни 2005 йилнинг 16 апрелида  янги масжид қурилишига биринчи ғишт қўйилди.

   Саховатпеша, олийҳиммат халқимизнинг кўмаги билан қисқа вақт мобайнида масжид қурилиб фойдаланишга топширилди. Эътиборлиси, 2006 йилда  Қанарбай ота таваллудининг 170 йиллиги, 2016 йилда эса 180 йиллиги вилоят миқёсида кенг нишонланди. Бугунги кунда жамғарма ҳуқуқий шакли ўзгартирилиб, “Қанарбай ота” хайрия жамоат фондига айлантирилди.

Қайта рўйхатдан ўтказилган жамоат фонди  мақсад ва вазифалари аждодлар меросини авлодларга етказиш, ёшларни она тилимизга, маданиятимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда уларда Ватанга муҳаббат туйғусини юксалтиришда ҳисса қўшишдан иборатдир.

Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.

 

30 May 2022

   Рўйхатга олувчи ходимлар томонидан тайёрланган йиғма рўйхатлар натижалари асосида шаҳар ва қишлоқлар (шу жумладан, эркаклар ва аёллар) бўйича дастлабки маълумотлар шаҳар ва қишлоқ аҳолисига ажратилган ҳолда шакллантирилади.

   Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар бўйича аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки маълумотлари 2024 йил 1 мартга қадар тайёрланади.

   Аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотлари республика ва ҳудудлар бўйича белгиланган жадваллар шаклида 2025 йил 1 декабргача шакллантирилади.

   Эълон қилинган маълумотлардан ташқари қўшимча маълумотлар фойдаланувчиларнинг сўровларига мувофиқ шакллантирилади.

   Якуний натижалар бирламчи маълумотлар базасидан шакллантирилади.

   Аҳолини рўйхатга олиш натижаларини чоп этиш Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан 2025 йил 1 декабргача расмий босма нашрларда, шунингдек, электрон манбаларда, фойдаланувчиларнинг кенг оммаси учун оммабоп нашрларда, (рисолалар, пресс-релизлар, атласлар, тақдимот материалларида ва бошқаларда), Қўмитанинг расмий веб-сайтида жойлаштириш орқали эълон қилинади.

   Қайта ишланган қоғоз кўринишидаги аҳолини рўйхатга олиш варағи шаклларини сақлаш ва йўқ қилиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

   Аҳолини рўйхатга олишнинг электрон маълумотлар базаси ва бошқа ҳужжатларнинг электрон шакли ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг йиғма ҳужжатлари қайта ишланганидан сўнг белгиланган тартибда доимий сақлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлигига тақдим этилади.

                                                                                                                     Статистика бўлими

 

27 May 2022

     Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган май ойидаги медиа режасига асосан Учқудуқ туманида ҳокимлик ахборот хизмати, “Учқудуқ” газетаси ва туман ахборот-кутубхона маркази фаолиятига назар мавзусида пресс-тур ўтказилди.

    Унда журналистлар, блогерлар ҳамда таҳририят қошида фаолият юритаётган “Сўз сеҳри” адабиёт тўгараги қатнашчилари бўлган ёш ижодкорлар иштирок этди.

   Дастлаб, ҳокимлик ахборот хизмати, “Учқудуқ” газетаси таҳририяти фаолияти билан танишган пресс-тур иштирокчиларининг кейинги манзили “КЕLАJАК” ёшлар маркази бўлди. Бу ерда туман ахборот-кутубхона маркази жойлашган бўлиб, шу куни кончилик саноат техникуми ҳамда Учқудуқ касб-ҳунар мактаби ўқувчиларидан таркиб топган жамоалар ўртасида ўтказилаётган “Заковат” интеллектуал ўйини кузатишди.

   Айтиш жоизки, иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимларини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилаётган “Заковат” ўйинлари учқудуқлик ёшларнинг севимли машғулотига айланиб улгурган. 

   Қизиқарли ва баҳс-мунозараларга бой тарзда кечган интеллектуал ўйин 5х2 ҳисобда саноат техникуми фойдасига ҳал бўлди.

   Бундан ташқари, “Учқудуқ” газетаси таҳририяти қошида фаолият юритаётган “Сўз сеҳри” адабиёт тўгараги бугун 20 нафардан ортиқ адабиётга, сўз санъатига меҳр қўйган ёшларни бирлаштирган. Тўгарак машғулотларини таҳририят ижодий ходими Дилноза Тошниёзова олиб боради. Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар тўгарак машғулотида ҳам иштирок этишиб, ёш қаламкашларнинг ижод намуналари билан яқиндан танишдилар. 

   Айниқса, Исломжон Илҳомиддинов, Шоира Тонготарова, Райҳона Рахимова, Умиджон Эргашев, Гулнур Ҳусанова сингари тўгарак аъзоларининг ижод намуналари барчага бирдек манзур бўлди.

   Пресс-турда туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нафиса Нажмиддинова иштирок этиб, бугун ёшларнинг пухта билим олиши, ўз қизиқишлари ва кўникмаларини муттасил ошириб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги ўз навбатида ёшларимиз ушбу имкониятлардан унумли фойдаланишлари лозимлиги хусусида тўхталиб ўтди. Бундан ташқари, юртимизда китобхонлик кенг тарғиб этилаётгани, китоб мутолааси ёшлар ҳаётида, уларнинг етук баркамол инсонлар бўлиб ҳаётга кириб келишларида муҳим ўрин тутиши ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

   Пресс-тур сўнггида ёшларнинг ижод намуналари жамланган ёшлар тўпламини чоп этиш ҳақида таклифлар айтилди. Ёшларнинг бу таклифи қўллаб – қувватланиб, ёшлар баёзини нашрга тайёрлаш ишлари таҳририят ижодий ходимларига юклатилди.

   Шунингдек, ёш ижодкорлар ўзларини қизиқтирган саволларга журналистлардан жавоблар олишди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

27 May 2022

    Халқимизда яхши бир азалий анъана бор — кексаларимиз қўлини дуога очганда, албатта, «Деҳқончиликларимизга, хирмонларимизга барака берсин, уйимиз буғдойга, нонга тўлсин», дея ният қилишади. Бу бежиз эмас.

    Турли суронли йилларда очарчиликни, бир бурда нонга зорликни кўрган ёхуд эшитган ёши катта авлод вакиллари хирмон тўла буғдой бўлса, тўқлик бўлишини, ҳаёт давом этишини яхши англайди...

    Шунинг учун ҳам юртимизда ғаллачиликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сўнги йилларда мамлакатимизда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишлаб ўтказилган йиғилишда дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнларининг натижадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилиниб, келгусидаги ишлар белгилаб олинди.

    Ҳеч кимга сир эмас, кейинги вақтларда жаҳон бозорларида озиқ-овқат нархлари юқори суръатлар билан ўсмоқда. Халқаро биржаларда 1 тонна буғдой нархи 400 долларга кўтарилди, йил бошига нисбатан нархлар 30 фоизга ошди. Нарх-наво барқарорлигига эришиш учун биринчи навбатда ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарурати туғилмоқда. Шу муносабат билан йиғилишда фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

   «Ўздонмаҳсулот» компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёр эмаслиги, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланилмаётганлиги, шунингдек, давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмаганлиги танқид қилинди. Давлат дон корхоналаридаги эскича тизим дон етиштирувчига ҳам, қайта ишловчи корхоналарга ҳам манфаат бермаяпти. Ўзбекистон халқи, фермер-деҳқонлар анчадан буён кутаётган дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратиш борасида муҳим қадам ташлашнинг фурсати етганлигини Президентимиз таъкидлаб ўтди.

   Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилиши маълум қилинди. Энди фермер ва кластерлар ўзи етиштирган ғаллани биржа савдоларига олиб чиқиши учун давлат томонидан барча имкониятлар яратилади. Давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилади. Бу каби имкониятлар фермерларнинг даромади ошишига, даромади кўпайган фермерлар эса ҳосилдорликни оширишга ҳаракат қилади. Натижада бозорларимиз тўкинлиги ва дастурхонларимиз мўл-кўллиги таъминланади.

    Яна бир муҳим масала. Эндиликда қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб биржага чиқарилади. Бунда фермерларга июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади. Бунинг учун жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.

   Бундан ташқари, фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб, илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради. Бунда 500 минг тонна буғдойнинг дон корхоналарида вақтинча сақлаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

   Шунингдек, фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилинади. Жорий йилда жами ғалла ҳосили учун 7,6 триллион сўм ажратилмоқда. Янги тизимни тўлақонли, адолатли ва очиқ-ошкора ишлаши, ҳар бир сўм фермер ва кластерга ўз вақтида, тўлиқ етиб бориши, нарх-навонинг ўсиши ва тақчилликнинг олдини олиш бўйича «кунбай» назорат тизими жорий қилинади. Бир сўз билан айтганда, соҳани ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифалар аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, фермерларнинг даромади кўпайишига хизмат қилади, — дейди депутат.

    Дарҳақиқат, ғаллачиликда амалга оширилаётган ислоҳотлар, фермер ва кластерларга яратилаётган қулайликлар халқимизни етарли дон маҳсулотлари билан таъминлашда, нарх-навонинг ўсиши ва тақчилликнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ..

 

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: