LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

13 Jul 2022

 

     Учкудук тумани ҳокимлиги биносида Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор К. Турсунов иштирокида йиғилиш ўтказилди.

   Унда ҳоким ўринбосарлари, Халқ депутатлари Учкудук тумани Кенгаши вакиллари, депутатлар, ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди. 

   Йиғилиш кун тартибидан 

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси тарғиботи;  

   Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма саккизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар;  

   Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Хизматлар соҳасида ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар ҳамда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш, 2022 йилда меҳнат баланси ва бандлик дастурини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўрисида"ги видеоселектор йиғилиши баёнида берилган топшириқ ва вазифаларнинг тумандаги ижроси каби масалалар ўрин олди.  

   Ҳар бир масала бўйича муҳокамалар ўтказилиб, иштирокчилар ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

 

13 Jul 2022

Янги банкноталар 15 июлдан муомалада бўлади.

 

Марказий банк 2022 йил 15 июлидан бошлаб янги кўринишдаги номинал қиймати 200 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгилари муомалага чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилди.

Мазкур банкнот мавзуси (тематикаси) “Буюк Ипак йўли” ҳамда мамлакат ҳудудидаги Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган.

 
 

Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи сифатида туя ва “200000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.

Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 4 мм.ликўк рангли, “силжиш” эффектига, “UZB” ёзувига эга бўлган, микрооптик ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.

Олд ва орқа томонларининг асосий ранги – фируза рангда бўлиб, бошқа ранглар билан уйғунлашган. Банкнотлар ҳимояланган қоғозда чоп этилган бўлиб, олд ва орқа томонлари махсус лак билан қопланган. Банкнот олд томони чап қисмида Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида жойлашган “XUDOYORXON O‘RDASI” меъморий ёдгорлиги тасвирланган.

Юқори қисмининг чап тарафида “200000” рақами, юқори қисм марказида “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” матни кўк ва яшил рангларда ҳамда юқори ўнг бурчакдаги Ўзбекистон Герби яшил рангда жойлашган.

 

Ўнг ва чап томони чеккасида жойлашган яшил рангдаги махсус элемент кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалик хусусияти ҳисобига банкнотнинг қийматини аниқлаш имконини беради.

Банкнот қуйи қисмида нақшинкор тасвир фонида “латент” (яширин) тасвир “UZ” кўринишида берилган бўлиб, у ёруғлик манбаига нисбатан маълум қияликда кўриниш хусусиятига эга.

Қуйи қисмининг чап томонида банкнот қийматини акс эттирувчи “IKKI YUZ MING SO‘M” ёзуви ва “O‘ZBEKISTON SO‘MI RESPUBLIKA HUDUDIDA HAMMA TO‘LOVLAR UCHUN O‘Z QIYMATI BO‘YICHA QABUL QILINISHI SHART” матни жойлашган.

Юқоридаги тасвирлар металлограф босма усулида бажарилган бўлиб, бармоқ учи билан сийпалаганда бўёқ бўртмалигини сезиш мумкин. Банкнот ўнг қисмидаги оч фонда нусха кўчиришга қарши ҳар хил диаметрдаги ҳалқалар жойлашган бўлиб, нусха кўчирилганда тасвирлардаги аниқлик йўқолади.

Шунингдек, ультрабинафша нури остида кўринувчи нақшинкор безакнинг яшил рангли фонида “UZB 200000 SO‘M” сўзи қизил рангда тасвирланган. Юқори қисмидаги Ўзбекистон харитаси чизмасида оч чизиқлар билан “Буюк Ипак йўли” карвон йўллари йўналиши кўрсатилган.

Юқори чап қисмида “XUDOYORXON O‘RDASI” меъморий ёдгорлигидаги нақшинкор безак тасвири регистр вазифасини бажаргани ҳолда, “олд” ва “орқа” томонларини бир-бири билан мос тушириш учун хизмат қилади. Ёруғликка қаратилганда оқ қисми банкнотнинг орқа томонидаги рангли элементлар билан қўшилиб тўлиқ тасвир ҳосил бўлади.

Банкнотнинг рақами лотин алифбосидаги икки ҳарфли серия ва етти хонали сондан ташкил топган бўлиб, ўнг қисмида горизонтал ва чап қисмида вертикал кўринишда босилган. Банкнот орқа томонида милоддан аввалги III асрга тегишли қадимги Фарғона давлатининг пойтахти бўлган “AXSIKENT ARXEOLOGIYA YODGORLIGI” тасвирланган.

Марказий қисмида машҳур Қува анорининг рамзи сифатида “анор” тасвирида замонавий “Spark live” ҳимоя элементи қўлланилган бўлиб, турли қияликда ранг ўзгариши ва силжиш эффектини ҳосил қилади. Ўнг қисмида Фарғона водийсидаги археология ёдгорлиги топилмалари – милоддан аввалги II минг йилликка тегишли бўлган сопол идиш ва икки бошли илон кўринишидаги қадимий тош тумор тасвири акс эттирилган.

Юқори чап қисмида “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI MARKAZIY BANKI” матни ва банкнот муомалага чиқарилган йил “2022” чоп этилган. Банкнотнинг пастки қисми чап ва ўнг бурчакларида банкнот номинал қиймати “200000” рақами оқ рангда бир чизиқда ҳамда юқори ўнг бурчакда “IKKI YUZ MING SO‘M” ёзуви туширилган.

Пастки қисмида “O‘ZBEKISTON SO‘MINI QALBAKILASHTIRISH QONUNGA MUVOFIQ TA’QIB QILINADI” матни огоҳлантирувчи ёзув сифатида қайд этилган.

Марказий банк хабарига кўра, 200 000 сўмлик банкнотлар, айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.

 

10 Jul 2022

   Учқудуқ туман фавқулодда вазиятлар бўлими туманимиз аҳолисини июль ойининг иккинчи ўн кунлигида кутилаётган қуруқ ва жуда иссиқ ҳаво ҳақида огоҳлантиради.

  Албатта жазирама иссиқда эҳтиёт чораларни кўриш шарт. Ҳозир офтобда кўп вақт туриш жуда хавфли, кўп суюқлик ичиш керак. Шунга қарамасдан, айрим нохуш воқеаларга ҳам гувоҳ бўляпмиз.

Бундай вазиятларда биринчи ёрдам қандай кўрсатилади?

  Жазирамада одамнинг саломатлигига ё офтоб нурларининг тўғридан-тўғри тушиши ёки иссиқ уриши ёмон таъсир қилади.  Бу икки ҳодисанинг аломатлари қуйидаги инфографикада акс эттирилган.

IMG 20220710 144800 436

  Иккинчи инфографикада эса  жазирамада оғир аҳволга тушган инсонларга биринчи ёрдам кўрсатиш қоидалари кўрсатилган.

IMG 20220710 144802 466

Ғайрат Уралов,

Учқудуқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи.

 

 

 

 

09 Jul 2022

 

  Она табиат инсонга инъом этган ҳар бир яратиқ — мўъжиза! Ҳазрати инсон эса ана шу неъматнинг моҳиятини билишга киришаркан, у аввало ўзини ва ўзи яшаётган борлиқни — борлигини англайди! Мана шу дақиқадан бошлаб одамзотнинг ўзи ҳам мўъжиза яратишга киришади.

  Дарҳақиқат, дунёдаги энг катта саҳро — саҳройи Кабирдан 30 маротаба кичик бўлган Қизилқум чўли — юртимизнинг ва халқимизнинг ҳақиқий бойлигидир. Зеро, 300 минг квадрат километрни ташкил этган мазкур бепоён ҳудуд ер ости ва усти бойликлар билан лиммо-лим маскан.

  “НКМК” АЖ Шимолий кон бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари учун ўтказилган пресс-турда саҳро бағрида барпо этилган 3- сонли Гидрометаллургия заводи фаолияти билан танишар эканмиз, бу ерда учқудуқлик кончилар яратаётган мўъжизаларга гувоҳ бўлдик...

  Завод ҳақида қисқача

  3 - сонли Гидрометаллургия заводи – мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида фойдаланишга топширилган кончилик ва металлургия соҳасидаги биринчи йирик саноат корхонасидир. Ушбу корхона 1995 йил 14 июнда фойдаланишга топширилган.

  Умуман олганда, завод ишга туширилган йилга нисбатан бугунги кунда корхонанинг маъдан қайта ишлаш бўйича йиллик унумдорлиги 6 баробардан кўпроқ, олтинни ярим тайёр ҳолатида ишлаб чиқариш эса 5 баробарга ошган. Айни вақтда заводда йилига 8 млн. тоннадан ортиқ “Кокпатас” ва “Даугизтау” конларидан қазиб олинган олтин таркибли маъдан қайта ишланади.

— Мазкур завод мутахассислари олимлар билан ҳамкорликда олиб борган илмий тадқиқотлари натижасида 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати тарихида илк маротаба НКМК мутахассислари мураккаб таркибли, қайта ишлаш қийин бўлган маъданлардан олтин ажратиб олишнинг янги технологиясини яратганликлари учун Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг олтин медалига сазовор бўлишган, — дейди журналистларни завод фаолияти билан таништириш чоғида корхона раҳбари Шуҳрат Нарбадалов — 2019 йилда заводда чиқиндиларни қайта ишлашга мўлжалланган фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш бўйича янги юқори технологияларга асосланган мажмуа ишга туширилди. Янги технологик жараённи амалга оширадиган жиҳоз ва ускуналар учун комбинат ва хорижлик компания мутахассислари биргаликда Германия давлатининг халқаро патентини қўлга киритди. Янги лойиҳа табиий ресурслардан тўлиқ фойдаланишни кўпайтириш ва ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ҳамда чиқиндига чиқиб кетадиган олтин миқдорини икки баравар камайтириш имконини берди.

Олтин олишда биотехнологик усул — Ўзбекистон кончилик саноати мўъжизаси

   Она табиатнинг инсонга туҳфа этган бойликлари қаторида кўзга кўринмас бактериялар ҳам бор, албатта. Одамзот учун мутлақо хавфсиз ана шундай бактерияларнинг бир тури табиатда учровчи маъданлар билан озиқланади. Таркибида олтини бор пирит, халкопирит каби минераллар устини қоплаб олган сульфид “плёнка”ни тозалаб бериш хусусиятига эга. Яъни, олтин ишлаб чиқаришда мазкур бактерияларнинг фойдаси катта. Буни шундай тушунтириш мумкин: кўзга кўринмас мазкур митти жонзотлар гўё “конфет устига ўралган қоғоз”ни очиб, фойдали мағизни ўз эгасига тақдим қилади — табиатнинг бир мўъжизаси, иккинчи мўъжизани инсонга туҳфа этади!

   Зарафшон шаҳри ва Қизилқум чўлининг бошқа ҳудудларида учровчи оксидли, яъни нисбатан содда таркибли маъданлардан фарқли равишда Учқудуқ конларидаги асосан сульфидли, мураккаб таркибли маъданлардан олтинни ажратиб олиш анчагина мушкул жараён. Шунинг учун гарчи Навоий кон-металлургия комбинати асос солинган ҳудуд саналаса-да, ўтган асрнинг 90-йилларида Учқудуқда кончилик саноати корхоналари тақдири бир муддат савол остида қолаётган эди.

   Бир неча йирик лойиҳалар амалга оширилиши натижасида завод кўз ўнгимизда кенгайди, 2003 йилдан эса корхона негизида дунёда ягона бўлган Жанубий Африка Республикасидаги биотехнология усули — бактериялар ёрдамида рудани қайта ишлаш жараёнини ташкил этишга катта қизиқиш билдирилди. Шу тариқа лойиҳа амалда бошланиб, 2008 йилда биринчи босқич ишга туширилди. 2011 йилда эса йилда эса иккинчи босқич файдаланишга топширилди.

— Бу усул 1989 йилдан бошлаб дунё кончилик саноатида ишлатиб келинади, — дейди биоксидлаш цехи бошлиғи Бобир Тошпўлатов биз билан суҳбатда. — Жанубий Африка Республикасида дастлаб суткасига 55 тонна маҳсулотни қайта ишлайдиган комплекс яратилган. Орадан бир йил ўтиб АҚШда 55 тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга янги мажмуа, 2002 йилда эса Россияда 400 тонналик қувватга эга цехлар ишга туширилган. Кейинчалик Гана давлатида янада кўпроқ қувватга эга — кунига 1500 тонна концентрантни қайта ишловчи завод қурилган. Бизнинг корхонада эса суткасига 2 минг тонна хомашёни қайта ишлаш қувватлари яратилди. Бу айни вақтда дунёдаги энг катта ҳамжда биотехнологик усулда олтинни қайта ишлаш мажмуаси саналади.

  Цех фаолияти билан танишар эканмиз, бу ерда 140 нафар ходим учун яратилган шарт-шароитлар кишини қувонтирди. Ходимларнинг ўртача ёши — 30 ёшни ташкил этмоқда. Бу эса ишлаб чиқариш жараёнларига қўшимча шижоат ва ғайрат бағишлайди, десак муболаға эмас. Хусусан, муҳандис-техник ходимларнинг барчаси маҳаллий кадрлар.

  — Заводга олиб келинган маъданлар дастлаб майдаланади, кейин эса янчиш жараёнига ўтказилади, — дейди мазкур цехнинг ёш мутахассисларидан бири Сирожиддин Холматов. — Булар бойитиш жараёнлари саналиб, сўнгра флотация жараёнида минерал янада бойитилиб, олтин таркибли маъданлар фотореагентлар ёрдамида махсус ажратиб олинади. Сўнгра хомашё биоксидлаш цехига келади. Бу ерда иккита резервуарда бўтана, яъни лойқа кўринишидаги концентратни қабул қилиб оламиз. Бугунги кунда биоксидлаш цехида барча жараёнлар бошқарув пульти хонасида мониторларда онлайн режимда кузатилиб борилади. Айни вақтда концентратлар қабул қилиниб, қайта ишланган маҳсулот чиқарилувчи қувурлар неча фоизга очиқлигигача кўриш мумкин. Техник ва технологик барча параметрлар бевосита анна шундай назорат қилиб борилади. Булар кончилик саноатида эн гилғор давлатлар тажрибасидир. Умуман олганда, соҳада коммуникация воситаларидан кенг фойдаланилаётгани, иш самарадорлигини оширмоқда.

  Дарҳақиқат, мазкур цехда концентратни қайта ишловчи биореакторлар сони 48 тани ташкил этади. Уларнинг 24 таси бирламчи реактор бўлса, қолгани иккиламчи реакторлар ҳисобланади. Реакторлар орасидаги фарқ шундаки, суюқ масса кўринишида қувурлар орқали қабул қилиб олинувчи фотоконцентрат маҳсулот асосан бирламчи реакторлардаги бактериялар ёрдамида 75 фоизгача тозаланиб, олтингугурт сульфиди биоксидлаб берилади. Кейинги босқичда эса ярим тайёр маҳсулот олинади.

— Реакторларда асосан 3 хил турдаги бактерия ишлайди, — дейди Б.Тошпўлатов. — Улар темирни, олтингугурт сульфидини ва ҳам темир, ҳам олтингугурт сульфидини оксидлаб берадиган бактериялар. Бу технологияни бошқариш анча мураккаб ва мушкул иш. Шу боис у бошқа мамлакатларда Ўзбекистон кончилик саноатидагидек кенг ривожланмаган. Юртимизда эса мазкур сул биргина Учқудуқда мавжуд. Сульфидли маъданлардан олтинни ажратиб олишда жаҳонда асосан куйдириш ва автоклав усуллардан фойдаланилади. Бу анчагина қиммат ва рентабеллиги паст. Биоксидлаш эс ааввало экологик тоза ва камхаражат саналади.

  Мазкур биотехнологик жараён маҳаллийлаштирилгач, юртимиз олимлари ва мутахассислари томонидан ҳам уни такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилди. Мисол учун, дастлаб кўпикларнинг реакторлардан тошиб кетиш ҳолати мавжуд эди. Бунинг сабаби Учқудуқ конларидан олинаётган маъданлар таркибида углерод моддаси кўплиги билан боғлиқ бўлиб, комбинат мутахассислари томонидан кўпик босувчи махсус тизим яратилгач, ушбу масала бартараф этилди. Айни вақтда биотехнология усулида олтинни қайта ишлашда учқудуқлик кончилар салоҳияти — дунё кончилик саноатида юқори туради, дейиш мумкин.

Гюго "ҳайрати"

  Пресс-тур жараёнида заводдаги барча — конлардан қазиб олинган маъданларни қабул қилиб, уларни қайта ишлаш ва олтин қуйиш каби жараёнларга қадар жонли гувоҳ бўларканмиз, бундай мураккаб ишлаб чиқаришнинг барча нуқталарида асосан ёш мутахассислар фаолият олиб бораётгани кишига ғурур бағишлайди.

   Завод бўйлаб айланар эканман, буюк француз адиби Виктор Гюгонинг қуйидаги фикрлари битилган лавҳага ҳам кўзим тушди: “Тараққиёт фақат жасорат туфайлигинина рўй беради”.

  Дарҳақиқат, Қизилқум саҳроси бағрида жойлашган мазкур завод, хусусан бу ерда бугунгача эришилган ютуқлар ва айни вақтдаги қизғин фаолият мисолида айтишимиз мумкинки, жасоратли халқимиз ҳали бу манзилда кўплаб натижаларга эришади!

 Озод МУСТАФОЕВ, журналист.

 

 

 

 

 

 

 

 

08 Jul 2022

   Юртимиз таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилаётган экан, бунда айтиш лозимки, чет тилларини ўрганиш тизими ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. 

     Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 июнда эълон қилинган Исъҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтини ташкил этиш ҳақидаги қарори бунинг ёрқин ифодасидир. Албатта, мазкур ҳуқуқий ҳужжат хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолияти шунингдек, чет тилларини ўргатиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг узвий давоми саналади. 

  Жумладан, агентликнинг Навоий вилоят ҳудудий вакиллиги ташаббуси билан мактабгача таълим муассасаларида «Китоб хайрия» лойиҳаси доирасида Корея элчихонаси томонидан вилоятдаги 14 та мактабгача таълим муассасаларига эртак китоблари топширилди. Шу билан бирга, «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танлови ўтказилиб, унда вилоятнинг 235 та мактабидан 1175 нафар ўқувчи иштирок этди. Ғолибликни қўлга киритган мактабларга биринчи ўрин учун 100 млн. сўм, иккинчи ўрин учун 75 млн. сўм, учинчи ўрин учун 50 млн. сўм пул мукофоти берилди. 

  Икки босқичда «Энг маҳоратли хорижий тил ўқитувчиси» кўрик-танлови ўтказилиб, 1100 нафардан ортиқ хорижий тил ўқитувчилари қатнашди. Натижаларига кўра, Хатирчи тумани 88-сонли мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Р.Неъматов мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Вакиллик томонидан ташкил қилинган “My success story” лойиҳасида эса ғолиб бўлган 10 нафар ўқитувчи ва 10 нафар ўқувчи қимматбаҳо совғалар ҳамда агентликнинг ташаккурномалари билан тақдирланди. 

  Умуман олганда, вилоятимизда айни пайтда жами 1707 нафар хорижий тил ўқитувчилари фаолият юритмоқда. Шундан, 707 нафари халқаро ва унга тенглаштирилган миллий сертификатларга эга бўлиб, халқаро сертификатлар сони 400 тани, миллий сертификатлар сони 307 тани ташкил этади. Бундан ташқари, 65 нафар устозлар халқаро даражадаги мутахассис сифатида дарс бериш имкониятини берувчи TESOL вa TKT сертификатларини олишган. Халқаро сертификатларга эга бўлган жами ўқитувчилар сони бўйича вилоятимиз республикада етакчи ҳудуд саналади.

Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев: “Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юрти битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт», дея таъкидлаган. Шу маънода, бугунги барча саъй-ҳаракатларимиз жаҳон ҳамжамиятида рақобатбардош кадрлар етиштиришда муҳим талаб — таълим муассасаларида чет тилларини чуқур ўргатиш тизими имкониятларини оширишга қаратилган.

Мирёқуб Шодиев, 

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш 

агентлиги Навоий вилояти ҳудудий 

вакиллиги раҳбари.

08 Jul 2022

   2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора тадбирлар режасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Олим Салиев ва Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бош мутахассиси Нилуфар Абдуллаева туманимизда меҳмон бўлдилар.

    Ташриф давомида Учқудуқ туманида маҳалла хотин-қизлар фаоллари билан мулоқот учрашуви ўтказиб, Касб-ҳунар мактаби ҳузуридаги "Тадбиркорлик маркази" ва "Оила мактаби" фаолияти билан танишиб, маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли меҳнат фаолияти билан танишиб мулоқот учрашуви ўтказдилар. Бундан ташқари туманда 30 дан ортиқ аёлни иш билан банд қилган Зулфия ИЧК фаолияти билан яқиндан танишиб ходимлар билан суҳбат ўтказдилар.

   Tуманда маҳалла хотин-қизлар фаоллари билан ўтказилган мулоқот учрашувида О.Салиев сўзга чиқиб Хотин-қизлар билан боғлиқ ҳамда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар, уларни олдини олиш борасида мутасадди ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини ҳамда хотин-қизларнинг мурожаатлари билан иўлаш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳақида фикрларини билдириб ўтди. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бош мутахассиси Нилуфар Абдуллаева Хотин-қизлар фаолларининг асосий вазифалари ва уларни амалга ошириш механизмлари, шу жумладан хотин-қизлар фаоллари томонидан ижтимоий хизматларни маҳаллада ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида маълумотлар бериб ўтди.

Учқудуқ туман ҳокимлиги матбуот хизмати

 

 

07 Jul 2022

  Бугунги кунда «Солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлар ҳузурига борган ҳолда уларнинг муаммоларини ўрганиб, ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

   Хусусан, 2022 йилнинг 6 ойи давомида Учқудуқ туманидаги 604 та корхоналарнинг муаммолари батафсил ўрганилди. Натижада, солиқ хизмати органлари ходимлари кўмаги билан 219 та муаммолар ижобий ҳал этилди. Бугунги кунда бошқа ташкилотлар билан боғлиқ масалалар қатъий назоратга олиниб, ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

   Шунингдек, ўрганишлар давомида солиқ турлари бўйича 118 та субъектларнинг 609 700 000 сўм мавжуд ортиқча тўлов суммаси қайтариб берилди. 156 та субъектларнинг 61 600 000 сўм мавжуд ортиқча тўлов суммаси хисобидан бошқа солиқ турлари бўйича қарздорлигига ўтказилиб сингдирилди.

  Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида электрон хизматлар кўрсатиш кўламининг янада кенгайтирилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунга қадар туманда «Э-ижара» автоматлаштирилган дастурий маҳсулоти орқали шартномалар рўйхатга олинмоқда.

   Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, солиқ тўловчиларга ҳақиқий маънода кўмакчи, ўргатувчи бўлиш солиқ органларининг бош вазифасига айланмоқда. 

   Масалан, жорий этилган қатор солиқ имтиёзлари, солиқ юки ва турларининг камайтирилганлиги тўғрисида тадбиркорлар ўртасида олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида 494 та норасмий иш ўринлари қонунийлаштирилди. Муҳими, фуқаролар муқим иш ўринларига эга бўлди.

   Бугунги кунда қўлида ҳунари бор ёки уйда якка тартибда маълум фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларимиз талайгина. Уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, иш стажига эга бўлиши учун солиқ хизмати органлари томонидан доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 6 ойи якуни билан туманда 1870 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатдан ўтиб, муайян фаолият турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Энг муҳими, уларнинг 871 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

   Ҳурматли солиқ тўловчилар! Биз солиқ хизмати органлари ходимлари сизларнинг муаммоларингиз қонуний ҳал этиш, фаолиятингиз давомида юзага келган барча тушунмовчиликларга ечим топишда доимий кўмак беришга тайёрмиз. 

 

07 Jul 2022

   Қизи Азизага келган совчиларга розилик беришди-ю, Нафисанинг боши қотиб қолди. Қиз чиқаришнинг ўзи бўладими. Мана, икки ойдирки, турмуш ўртоғи Шермирза ишга бормаяпти. Ишхонасида карантин. Эркак киши ишламаса, рўзғордан барака қочаркан. Устига-устак катта қизини унаштириб қўйишган. Қудалари тўйни тезлаштиришяпти. Кам-кўсти ҳали жуда кўп. Тўйлар ихчамлашгани билан ҳали мебелларини олиши керак. “Бугун тоғасини чақиртирсам, сигирни сотиб келсин, оқликсиз қолсак ҳам ҳарна бир ташвишдан қутилиб турамиз-ку. Қани, дадаси билан маслаҳаташайчи, нима деркинлар...”, деган ўйда ошхонадан чиқаётган маҳали қўшниси Рисолат буви катта ўғли Самандар билан эшикдан кириб келишди.

   Нафиса меҳмонларга пешвоз юрди. Рисолат холани анчадан бери кўрмаганди. Илгариги муштипар қиёфаси ўрнини қатъиятли бир ифода эгаллабди. Самандар эса тумандаги энг обрўли шифокорлардан бири. Уларни Шермирза ётган хонага бошлади. Дастурхон ёзиб, чой қўйди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, ошхонага чиқиб, иссиқ овқатга уннади. Шу асно кўз олдига қайнонаси раҳматли Ҳайринисо буви келди. Рисолат хола билан жуда иноқ эдилар. Қайнонасидан кейин Нафиса қўшничилик ришталарини бутунлай узиб юборганди. “Ўшанда ёш эканман-да, одамларнинг қадрини билмаганман”, деган ўйда хотираларга берилди...

... Қайнонаси Ҳайринисо буви жуда болажон эди, бутун маҳалланинг ўғил-қизини ҳовлига йиғиб оларди. Янги келинчаклик пайтида Нафиса кечгача ҳовлини йиғиштириш билан овора бўлар, бир тарафни тозалагунича болалар ҳовлининг бошқа тарафини тўзитиб юборишарди. Устига-устак ҳар куни қайнонаси қўни-қўшниларига бир-икки коса овқат илинмаса кўнгли жойига тушмасди. “Бунақада уйимизда барака бўладими?” дерди Нафиса эрига. “Қўявер, ярим коса овқат билан камбағал бўлиб қолармидинг”, деган жавобни эшитиб, тағин хуноби ошарди. Ҳайринисо буви эса: “Болам сиз оғринманг, баракани Худо беради. Қўшниларига оқибатли одам кам бўлмайди”, деб насиҳат қиларди.

   Унга сира ёқмайдиган нарса шу эдики, қўшни аёллар тап тортмай бостириб кириб келаверишарди. Уларга чой қўйиб, дастурхон ёзмаса бўлмайди. “Оқибатли бўлиш ҳам қурибгина кетсин, — деб ўйларди у. — Бу уйда сира тинчлик йўқ”.

   Ҳовли этагидан каттагина ариқ оқиб ўтган бўлиб, нариги тарафи қўшни Рисолат холанинг ҳовлисига туташганди. Ўша кезларда икки ҳовли ўртасини боғлаб турадиган тахта кўприк Нафисанинг кўзига балодек кўринарди. Қайнонаси уйда бўлмаган пайтларда дарвозани ичидан тамбалаб, кўчадан келадиган қўшнилардан дам оларди-ю, аммо тахта кўприк қурмагурга тўсиқ қўйиб бўлмасди, Рисолат хола истаган пайти: “Келин нима қиляпсиз?” деб кириб келаверарди. Ўша пайтлар унинг иккала ўғли ҳам институтда ўқирди. Пулга қийналаётганидан тез-тез нолинар, Ҳайринисо буви эса пенсиясини олган куни шу қўнисиникига йўрғалаб қоларди. Нафиса эса: “Жуда текиндан пул берадиган одамни топиб олишган. Қанонамнинг пенсиясига кун кўриб юришибди”, деган ўйда Рисолат холани ҳам, унинг ўғил-қизларини ҳам ёқтирмасди.

 — Ана қаранг, тағин пулларини Рисолат холага олиб кетдилар, шунинг ўрнига: “Хизматимни қиляпсан, барака топ”, деб менга бир жуфт пайпоқ олиб берсалар бўлмайдими, — дерди Нафиса ёзғириб.

   Шермирза мийиғида кулиб сўрарди:

— Нима, пайпоғинг йўқми?

— Бор, яқинда бирамас ўн жуфтини олиб бердингиз-у...

— Яна нимага нолийсан?

— Энди йўлига бўлсаям кўнглимга қарасалар, дейман-да...

— Ношукур бўлма, ойим энг аввал иккаламиз билан болаларни ўйлайдилар. Худога шукур маошим яхши, шундан кўнгиллари тўқ.

Қизлари катта бўлишгач уларга ўзича тарбия берди: “Бувинг эски замоннинг одами, эскича ўйлайди, ҳозиргиларга яхшилик қилиш шарт эмас. Барибир ҳеч ким миннатдор бўлмайди. Ҳаммаям иши битгунча: “Сиз яхшисиз, деб кўзингга мўлтирайди. Кейин қилган яхшилигингни эслаб ҳам ўтирмайди. Замон шунақа”.

 Ўша кезлар ўғилчаси жуда шўх эди. Бувисининг ортидан бир қадам қолмасди. Қишми, ёзми демай кўприкдан ўтиб, Рисолат холаникига югурарди. “Болам бирор кун сувга тушиб кетмасайди”, деб Нафисанинг еган ичганидан ҳаловат бўлмасди. Ўртадаги кўприкни олдириб ташлаш учун баҳона изларди.

Бир йили баҳорда ариқ сувга тўлган паллада қайнонаси бетобланиб ётиб қолди. Рўзғор бекалигини бутунлай ўз қўлига олган Нафиса дарҳол тахта кўприкни ўрнидан жилдириб, сувга оқизиб юборди-да: “Сув қирғоққача кўтарилиб кўприкни оқизиб кетибди-я”, деб қутилди. Эридан: “Майли, бошқа тахта топиб қўярмиз”, деган жавобни эшитиб, ранги оқарди. Ўша куниёқ укасини чақиртириб: “Жиянинг сув билан ўйнашяпти, ариққа тушиб кетса нима қиламан. Тезда бирор тўсиқ қўйиб бер”, деди. Унинг: “Поччам билан маслаҳатлашайлик”, деганига ҳам қарамай, қўшни тарафга сим тўсиқ ўрнаттирди. Кўнгли жойига тушди.

    Қайнонаси эса икки-уч ҳафта ҳолсизланиб ётди-ю, омонатини топширди. Шундан кейин Рисолат хола билан борди-келди, кирди-чиқдилар ҳам барҳам топди. Тахта кўприк ҳам унутилди...

   Нафиса иссиқ овқат олиб кирганида гурунг авжига чиққан, Рисолат хола билан Самандар Ҳайринисо бувининг хайрли ишларини эслашаётганди.

— Шундай одамлар борлиги учун ҳам кўнгилларимиз обод-да, — деди Самандар. — Ҳайринисо холам раҳматли бизга кўп яхшилик қилганлар. Агар у киши ёрдам бермаганида укам иккаламиз ўқишни ташлаб, тирикчиликнинг ташвишига тушиб кетардик. Сизларга билдириб, билдирмай ҳар ойда бизга пул юбориб турардилар. “Бу қарзларни қачон узамиз”, десак, “Вақти соати келар”, дегандилар...

— Мана, Ҳайринисо опам айтган кунларга ҳам етдик, — дея ўғлининг гапини давом эттирди Рисолат хола. — Қўшним берган пулларни тийин-тийинигача ҳисоб-китоб қилиб ёзиб юргандик. Аввалроқ қайтармаганимизга сабаб эса Ҳайринисо опам раҳматли: “Ўз ташвишларингдан қутилиб олгунингларча невараларим катта бўлишади. Уларни уйлаб-жойлашда, узатишда Шермирзамга суянчиқ бўлинглар”, деб васият қилган эдилар. Азизахоннинг тўйини бошлаб қўйибсизлар. Шунга Самандарим йиққан-терганларини ўртага олди. Насиб этса, тўйда нима хизмат бўлса, барига туриб беради. Ҳозирча манавини олиб, кам-кўстига ишлатинглар...

   Рисолат хола қоғозга ўралган пулни Шермирзага узатди.

— Буни фақат Азизахонга атаганмиз. Наргиза билан Умиджоннинг тегишини ҳам вақти-соати билан берармиз.

Нафиса нима деярини билмасди. Кўзига қуйилиб келаётган ёшни яшириш учун чойни янгилаш баҳонасида ошхонага чиқди. Шу тобда қайнонасининг илиқ-иссиқ меҳрини ҳис этиб тургандек, кўнгли юмшаб кетган, кўз ёшларини эса сира тия олмасди.

— Ойижон тинчликми? — деди Азиза.

Нафиса уни бағрига босди:

— Қизим, бувинг раҳматли: “Оқибатли одам кам бўлмайди”, дерди. У ҳақ экан. Мен бўлсам шундай оқила онанинг қадрига етмабман-а, болам...

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА.

 

05 Jul 2022

 

   Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган каналар ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланган Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги вирусини сақловчи ва ташувчисидир.

   Ушбу касалик геморрагик иситма билан зарарланган каналарнинг одамларни чақиши ва қўлларни кана ҳамда шу касаллик билан оғриган бемор қони билан ифлосланиши натижасида юқади.  

   Геморрагик иситма касаллиги асосан чўл зонаси ва чорвачилик билан боғлиқ бўлган касб эгалари орасида кўпроқ учрайди. 

КАСАЛЛИКНИНГ АСОСИЙ БЕЛГИЛАРИ                                              

?Тана ҳароратининг юқори бўлиши (иситма);

?Баданларда тошма тошиши;

?Терида қонталашлар пайдо бўлиши;

?Милк, бурун, ошқозон ва ичаклардан қон кетиши; 

?Касалликнинг оғир кечганда органлардан қон кетиши натижасида, турли асоратларга олиб келиши натижасида ушбу ҳолат ўлим билан якун топиши ҳам мумкин.

   КАНА ЧАҚИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ УЧУН ҚУЙИДАГИЛАР ТАВСИЯ ЭТИЛАДИ:

- Чўл ҳудудларида, умуман табиат қучоғига чиқилганда, айниқса апрел-июнь ойларида кана чақишидан сақланиш;

- Бозорлардан майда ва йирик шохли молларни канага қарши ишлов бермасдан уйга олиб келмаслик;

- Молларда кана аниқланса, дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилиб, уларнинг тавсияси асосида каналарга қарши ишлов бериш;

- Каналарни қўл билан эзиб ва қайчи билан кесиб ўлдирмаслик;

- Қўйлар жунини қирқими ишларига ҳомиладор аёллар, ёш болалар ва ўсмирларни жалб этмаслик;

- Қирқим вақтида фақат махсус кийимлардан (қўлқоп, енг ва пойчалари мустаҳкам беркиладиган шим, камзул, резина этик) фойдаланиш ҳамда шахсий гигиена қоидаларига қоидаларига амал қилиш;

❗️ЁДИНГИЗДА БЎЛСИН

Агар Сизни кана чақса ёки қўлларингиз кана қони билан ифлосланса, зудлик билан яқин жойлашган даволаш-профилактика муассасаларига мурожаат этинг!

УЧКУДУК Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги булими Энтомолог Г.А.Назарова.

 

02 Jul 2022

 

   Аҳоли даромадларини ошириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва фаровонлигини ошириш масалалари Навоий вилояти прокурори Б.Аҳмедовнинг Учқудуқ туманида ташкил этилган оммавий (сайёр) қабулида муҳим аҳамият касб этди.

   Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев, Учқудуқ туман прокурори Р.Рахматов ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мазкур ҳудудга бириктирилган масъул ходимлари, сектор штаби аъзолари, йўл қурилиш, коммунал ва ижтимоий соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган қабул давомида бу ерга ташриф буюрган 22 нафар фуқаролар Навоий вилояти прокурории томонидан қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари тингланди. 

   Қабул қилинган мурожаатларнинг 10 таси иш билан таъминлаш, 5 таси кредит, 2 таси соғлиқни сақлаш, 1 таси субсидия ажратиш, 1 таси уй-жой сўраб, 1 таси солиқ ва 2 таси бошқа масалаларга тааллуқли бўлиб, мурожаатларнинг 3 таси жойида ҳал этилди, 3 тасига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 16 та мурожаатни ижроси назоратга олинди.

   Жумладан, Латифа Отаниёзова онасини ишга жойлаштиришда кўмак сўраб қилган мурожаати ижобий ҳал қилиниб, Шимолий кон бошқармасига ишга жойлаштирилди. Екатерина Баджиева “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” ДМ “Учқудуқ” ҳудудий бошқармаси, Маъруз Намозов Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасига ҳайдовчи бўлиб ишга жойлаштирилди.

   Шунингдек, Антон Ташбабаев, Дилшод Хўжаевларнинг иш сўраб қилган мурожаатлари асосида “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” ДМ “Учқудуқ” ҳудудий бошқармаси тасарруфидаги корхоналарга ишга қабул қилинувчилар рўйхатига киритилди.

   Бундан ташқари, Маъруф Холмуродовнинг кредит олишда кўмак сўраб қилган мурожаатига гаров таъминоти суммаси сўралган кредит миқдорига етмаслиги сабабли қўшимча гаров таъминоти тақдим этиш кераклиги тушунтирилди. 

   Фуқароларимизни ўз ҳаётидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш бўйича олдимизга қўйган вазифаларни изчил амалга ошириш зарурлигидан келиб чиқиб, оммавий (сайёр) қабулда келиб тушган мурожаатларни тўлақонли кўриб чиқиш бўйича Навоий вилояти прокурори томонидан тегишли мансабдор шахсларга зарур топшириқлар берилди, шу жумладан уйма-уй юриб, аниқланган муаммоларни ҳамкорликда бартараф этиш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш чоралари белгиланиб олинди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: