Hokimiyat matbuot xizmati
Йигирма етти йил тарих учун қисқа, лекин инсон ёки корхона ҳаётида навқирон, айнан кучга тўлиб, муваффақиятларни қўлга киритишни бошлаган даврини англатади.
Шимолий кон бошқармасига қарашли 3 - сонли Гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилганига 27 йил тўлди. Заводнинг шонли солномаси мустақилликнинг илк давридан бошланади. 1995 йил 14 июнь куни мамлакат иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3-сонли Гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилди. Мустақилликнинг илк йирик иншоотини фойдаланишга топшириш оламшумул воқеага айланди. Ана шу кундан бошлаб Учқудуқ олтини давлатимиз хазинасига етказилиб берилаётир.
Завод жамоаси ўтган даврда шарафли йўлни босиб ўтди. 2005 йилда “Кокпатас”, “Даугизтау” конларидан қазиб олинаётган сульфидли маъданни қайта ишлашга мўлжалланган мажмуа қурилиши бошланди. BIOX деб номланган янги мажмуанинг биринчи навбати 2008 йилда, иккинчи навбати 2012 йилда ишга туширилиши билан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 34 фоизга ошди.
2012 йилда сорбцион технологиясида сорбентнинг янги тури – фаоллаштирилган кўмирга ўтиш ишлари амалга оширилди. Қисқа муддатда кўмирни десорбциялаш, электролизлаш ва реактивизация қилиш бўлинмаси қурилди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда юз бераётган ислоҳотлар янги сифат босқичига кўтарилганлигини завод ҳаётидаги туб бурилишларда ҳам яққол кўриш мумкин.
Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан Навоий кон-металлургия комбинатида 2017-2026 йилларда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган дастурлар доирасида 3 - сонли Гидрометаллургия заводида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. “O'zgeorangmetliti” институти ҳамда Германиянинг “Injiniring Dobersek” компанияси ҳамкорлигида “Кокпатас” ва “Даугизтау” олтин конлари маъданларини қайта ишлаш технологиясини янада такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқилди. 2019 йилда 114 миллион Евро миқдоридаги маблағ эвазига бунёд этилган юқори технологик мажмуа – фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи фойдаланишга топширилди. Мажмуани лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларида иштирок этган комбинатимиз муҳандис-технологлари, олимлари кон-металлургия саноатида катта ўзгаришларни бошлаб беришди.
Юқори технологик ечимларга эга ушбу мажмуа заводнинг олтинга бой маъданларни қайта ишлаш имкониятини оширди. Янги лойиҳа амалга ошиши эвазига қўшимча 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бугун заводда дунё кончилик амалиётидаги ноёб ва мураккаб технология – сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш орқали олтин ажратиб олиш самарали эканлиги ўз исботини топаяпти.
Келажакда заводнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, ҳар бир цехни сўнгги технологиялар билан қайта жиҳозлаш вазифаси доимо устуворлик касб этаётир. Флотация цехининг ишлаб чиқариш кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида флотация занжирларининг биринчи ва иккинчи сонли назорат қилиш блокларидаги “RCS” аэроционли, яъни ҳаво тақсимлагич мажмуалари замонавий “RIF” мажмуасига алмаштирилди. Пировардида занжирлардаги флотацион қурилмалар илк бор сўнгги авлод технологиялари асосида қайта тикланди.
Биооксидлаш жараёнида бўтана кўпикларининг реакторлардан тошиши муаммо бўлиб келаётган эди. 3 - сонли Гидрометаллургия заводи муҳандисларининг жиддий изланишлари самараси ўлароқ, сўндириш тизими ишлаб чиқилиб, муаммога чек қуйилди. Сорбция жараёнида суюқликдан олтинни ажратиб олиш схемаси такомиллаштирилди ва кенгайтирилди. Ишлаб чиқаришда қайта ишланган флотация чиқиндиларини қуюқлаштириш жараёни такомиллаштирилди.
2019-2020 йилларда майдалаш схемаси ўзгартирилиб цикллараро флотация чиқиндилари учун гидроциклон қурилмалари монтаж қилинган. Бундан ташқари, иккинчи босқич майдалаш жараёнининг 10 Гр-8Л насослари ишлаб чиқариш қуввати каттароқ бўлган 10 Гр-7Т насосларига алмаштирилди.
Буларнинг ҳаммаси майдалаш цехининг кунлик ишлаб чиқариш қувватини 21-22 минг тоннагача оширишга имкон берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилдаги Навоий кон-металлургия комбинатида қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар дастури, шунингдек 2015-2019 йилларда тузилмавий ўзгаришларни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва диверсификациялашни таъминлаш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ, Кокпатас ва Даугизтау конларининг сульфидли маъданларидан олтинни ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш инвестицион лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосида 3-сонли Гидрометаллургия заводида янги комплекс қурилиш ишлари бошланди. Бу патентланган технологияни саноат ишлаб чиқарилишига жорий этиш имконини берди.
Ушбу инвестицион лойиҳанинг мақсади – олтин ишлаб чиқариш заводлари чиқиндиларини янги технология асосида қайта ишлаб, қўшимча маҳсулот олишдир. Лойиҳанинг аҳамияти юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичларига эришиш яъни, энерго-ресурсларнинг тежамкорлиги, экология талабларига жавоб берадиган замонавий чиқинди газларни тозалаш тизими, мукаммал автоматлаштирилган бошқариш тизими, таннархи арзон тайёр маҳсулот олишдан иборат.
Янги мажмуанинг ишга туширилиши – хомашёдан фойдаланиш самарадорлигини 18 фоизга, ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни эса 17 фоизга оширди.
2021 йилда заводнинг технологик жараёнларида бир неча ўзгаришлар олиб борилди. Жумладан, флотация чиқиндилари ва нейтралланган маҳсулотларнинг қуюлтириш жараёнларида ўзгаришлар натижасида, чиқиндига кетадиган сувларнинг бир қисмини технологияга қайтаришга эришилди. Бунинг натижасида 2021 йилда 1,5 млн. м. куб сув тежалди.
Фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехида куйдирилган маҳсулотни кислота билан ишлов бериш схемаси ишга туширилди. Бу эса сорбциялаш жараёнида куйдирилган маҳсулотдан олтинни ажратиб олиш даражасини 3% га оширишга имкон берди.
Кўриб турганингиздек, заводнинг технологик жараёнини такомиллаштириш, Кокпатас ва Даугизтау конларида олтингугуртли маъданларни жалб қилиш, технологик ускуналарни модернизация қилиш ва янгилаш бўйича жиддий чоралар кўрилмоқда.
Заводнинг ривожланиши ҳеч қачон тўхтамаган. Янги технологиялар доимий равишда ишлаб чиқилмоқда ва жорий қилинмоқда. Бу эса маъданни қайта ишлаш ҳажмини, олтинни ажратиб олиш даражасини ва ярим тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш кўрсаткичларини йилдан-йилга оширишга замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Янгидан қайта ишлаш қувватларининг мунтазам ишга туширилиши ва технологияни такомиллаштириш бўйича доимий иш олиб борилиши бугунги кунда маъданни қайта ишлаш заводининг йиллик унумдорлигини 6 баробарга, олтинни ишлаб чиқариш ҳажмини эса 4,6 баробарга оширишга сабаб бўлди.
Замонавий технологияларни жорий этиш асосида маҳсулот ҳажмини кўпайтира бориш баробарида ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ҳам завод раҳбариятининг диққат марказида бўлмоқда. Барча участкаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилмоқда. Ишчи-хизматчиларнинг кучи билан завод ҳовлиси ва атрофида бунёд этилган фавворалар корхона ҳудудига алоҳида кўрк бағишлаб турибди. Корхона ҳудудида 500 ўринли ошхона фойдаланишга топширилган. Бу ерда иккита овқатланиш зали ва хизмат хоналари мавжуд. Объект қурилиши ва жиҳозлантирилишига 6,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Заводда ишчи-ходимларга қулайликлар яратиш давом эттирилиб, бунёд этилган муҳташам атриумда уларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Катта-кичик фавворалар, жонли табиат бурчаклари ишчи-ходимларнинг унумли меҳнатдан кейин ҳордиқ олишларига хизмат қилади. Яна бир қулайлик, атриумга LED экран ўрнатилган бўлиб, цех ва бўлинмалардаги иш жараёнидан ҳикоя қилувчи лавҳалар намойиш этиб борилади.
3авод мутахассислари, оддий касб эгалари орасида шундай инсонлар борки, улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан жамоанинг фахрига айланишган. Майдалаш цехи бошлиғи Бекзод Хусанов, ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи Сухроб Кузиев, бош механик Зоҳиддин Ғаниев, биооксидлаш цехи бошлиғи Бобур Эшпўлатов, бош муҳандиснинг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Шахобиддин Аҳмедовлар шулар сирасидан.
Фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи пульт бошқаруви оператори Муҳиддин Саидовнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари муносиб баҳоланиб, давлат мукофоти “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани, барча ходимлар меҳнатига берилган эътироф дейиш мумкин. Шунингдек, йирик майдалаш цехи конвейер машинисти Байназар Куанбаев, майдалаш цехи чилангар-таъмирловчиси Наурызжан Жорабеков, майдалаш цехи тегирмон машинисти Шерали Ҳақназаров, майдалаш цехи электргазпайвандловчиси Шамсиддин Мухаммедовлар “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонининг тўла кавалерларидир.
Автотрактор техникасини ишлатиш ва таъмирлаш участкаси бошлиғи Алмас Пирмаханов, сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулотлар цехи бошлиғи Бахтиёр Қандахаров, технологик жиҳозларни таъмирлаш участкаси бошлиғи Жаббор Хўжақулов, юк кўтариш механизмларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш участкаси кран-машинисти Ильина Анжелика, меҳнатни ташкил этиш ва иш ҳақи бўлими муҳандиси Зулфия Носкова, қуйилтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентларни тайёрлаш цехи реагентларни дозаловчи Элмурод Шарипов, кимёвий ҳимоя ишлари ва ишлаб чиқаришни тайёрлаш участкаси бошлиғи Нағашибек Қуттимуратов, майдалаш цехи чилангар-таъмирловчиси Азамат Ёдгоров, майдон ичкариси муҳандислик тармоқлари участкаси бошлиғи Асқад Жўраевлар “НКМК фахрийси” шарафли номига сазовор бўлишган.
Аҳил жамоанинг фидокорона меҳнати эвазига заводда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Эътиборли жиҳат, бу йил ҳам корхона ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимлари завод ишга туширилганлигининг шонли санасини муносиб меҳнат ютуқлари билан кутиб олмоқдалар. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилнинг беш ойида қуйидагича бўлган, маъданни қайта ишлаш режаси 100,9 % га, ярим тайёр маҳсулотни ажратиб олиш даражаси 100,1 % га ва ярим тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш режаси 101,8 % га бажарилган.
Мухтасар айтганда, корхонанинг 27 йиллиги келгусида янги, юксалиш даврини бошлаб беради.
Қадрли ҳамкасблар! Барчаларингизни заводимизнинг муборак 27 йиллик шодиёнаси билан қизғин муборакбод этаман. Оилавий бахт, хотиржамлик, хонадонларингизга қут-барака, фарзандлар ва неваралар камолини кўриш бахти насиб этишини тилайман. Олдинда аҳил жамоамизни катта вазифалар, улуғвор режалар, нурли манзиллар кутиб турибди. Келгусида ҳалол ва фидокорона меҳнатимиз, ҳамжиҳатлигимиз билан юксак довонларни ҳам забт этишимизга ишончим комил!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз олтин корхонанинг олтин одамлари!
Шуҳрат НАРБАДАЛОВ,
3-сонли гидрометаллургия заводи директори.
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судида судья Акмал Курбонов раислигида судланувчи М.А.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси “Ўзбек геология қидирув” АЖнинг “Кокпатас” дала геология қидирув экспедициясида масъул лавозимда ишлаб келаётган М.А. “Кокпатас” дала геология қидирув экспедициясига тегишли 2 дона апораларни Учқудуқ шаҳридаги металлом базага топшириш ўрнига ўз эҳтиёжлари учун сотиб ишлатишни режалаштириб оғир юк машинасига юклаб олиб кетишга тайёргарлик кўраётган пайтда ихтисослашган милиция ходимлари томонидан ушланади. Операциянинг ярим йўлда бундай якун топишини истамаган судланувчи НКМК АЖ ШКБ ходими О. С.га воситачилигида пора беришни режалаштиради.
О.С. эса М.А.нинг ҳаракатлари ноқонуний эканлигини билиб, ДХХнинг Учқудуқ шаҳар бўлими бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Учқудуқ бўлими томонидан ДХХнинг Учқудуқ бўлими ходимлари ҳамда ИИБнинг Учқудуқ бўлими ходимлари билан ҳамкорликда О. С. нинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда М.А.га нисбатан 2-сон ИИБ тезкор ходими Феруз Отамуродов томонидан 2021 йил 24 декабрь куни “НКМК” АЖ ШКБ “ГМЗ-3”га қарашли участка ҳудудидан 8 метр узунликдаги юқори кучланишли электр линиясини кўтариб турувчи металл устунларни талон-торож қилиш ҳолати юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатларни ижобий ҳал қилиб, бости-бости қилиб беришлиги эвазига, “НКМК” АЖ ШКБ ходими О.С. воситачилигида унга 1000 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан жиноят устида ушланган.
Суд М. А.ни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топиб унгаЎзбекистон Республикаси ЖКнинг
211-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 1 (бир) йил
6 (олти) ой муддатга давлат органи ва давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 (тўрт) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Президент 7 июнь куни «Реклама тўғрисида»ги қонунни имзолади, деб хабар берди Адлия вазирлиги. У Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 28 декабрда, Сенат томонидан эса 2022 йил 17 мартда маъқулланган.
Ҳужжатга кўра, эндиликда мактабгача таълимда (боғча) ҳамда тарбияда, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган босма нашрларда (дарсликларда, мактаб кундаликларида, мактаб дафтарларида ва бошқаларда) товарлар реклама қилинмайди. Шунингдек, ️нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш ҳам таъқиқланмоқда.
Болаларга ахборот маҳсулотини ёш таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш ҳам таъқиқланади. Бу уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар билан боғлиқ.
Қолаверса, бундан кейин миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланилмайди.
Қонунга мувофиқ, вояга етмаганларнинг ишончини ва тажрибаси етишмаслигини суиистеъмол қилишдан ҳимоя этиш мақсадида рекламада, жумладан, қуйидагилар тақиқланади.
хавфли вазиятларда, шу билан бирга уларнинг ҳаёти ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлигига зарар етказишга ундовчи вазиятларда вояга етмаганларни намойиш этишдан фойдаланиш;
ота-оналар ва тарбиячиларни обрўсизлантириш, вояга етмаганларнинг уларга бўлган ишончига путур етказиш;
вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган товарларни вояга етмаганлар учун мўлжалланган телеканалларда, телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларда реклама қилиш.
Бундан ташқари, дори воситаларини реклама қилишда таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши тақиқланади. Мазкур тартиб 17 март куни сенаторлар томонидан маъқулланганди.
Телеканаллар эфирида, теле-, видео-, кинохроникали дастурларда тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг 1 соати давомида 20 фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг 15 фоизидан ошиши мумкин эмас. Ушбу талаб фақат реклама теледастурларига ихтисослаштирилган телеканалларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Давомийлиги 10 дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач (тахминан 7 сентябрдан) кучга киради.
Ассалому алайкум ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар!
Азиз ўқувчи-ёшлар!
Барчамизга маълумки, ҳурматли Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялаш йўлида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бундай эътибор ва рағбатга жавобан бугун Сиз ёшларнинг етакчи куч бўлиб ҳаётга кириб келаётганингиз, ўз билим ва салоҳиятингиз, иқтидорингиз билан юртимиз тараққиётини мустаҳкамлашда таянч ва суянч бўлаётганингиз ҳамиша бизга ғурур ва ифтихор бағишламоқда.
Ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёшларга таълим ва тарбия беришда, Сиз азиз устозларнинг, ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳиссаси катта, албатта.
Мана яна бир ўқув йили ортда қолди. Бугун ортда қолган 2021-2022 ўқув йили тарихига назар ташлайдиган бўлсак, туманимиз умумий ўрта таълим мактабларида бир қанча ютуқлар қўлга киритилганлигига гувоҳ бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги «Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 345-сонли қарорига асосан белгиланган индекаторлар бўйича республикадаги умумтаълим мактаблари миллий рейтинги ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳар йили Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан умумтаълим мактаблари миллий рейтинги эълон қилинади. Ушбу рейтинг натижаларига кўра Навоий вилояти республикада 1-ўринда қайд этилган бўлса, Учқудуқ тумани ҳудудлар бўйича – 5-ўринда, Учқудуқ туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактаби республикада 5-ўринни, вилоятда 2-ўринни эгаллади.
Битирувчиларнинг олий таълимга ўқишга кириши бўйича вилоятда Учқудуқ тумани 2-ўринни, битирувчиларнинг олий таълимга кириш имтиҳонларида ўртача тўплаган баллари бўйича Учқудуқ тумани 6-ўринни, чет тиллари сертификатига эга бўлган ўқитувчилар салмоғи бўйича Учқудуқ тумани
1-ўринни банд этган.
Шунингдек, 444 нафар битирувчининг 267 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган бўлиб, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 60 фоизни ташкил қилади.
Жумладан бу кўрсаткич 2, 6, 8, 11, 14- сонли умумий ўрта таълим мактабларида 100 фоиз, 4-сонли мактабда эса – 80 фоизни ташкил этган.
Давлат тест маркази имтиҳонларидан ўтиб талабаликка тавсия этилган битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида тўплаган баллари бўйича ўртача кўрсаткич таҳлил қилинди. Яъни битирувчиларнинг кириш имтиҳонларидаги ўртача баллари бўйича энг яхши натижалар 10 - мактабда - 98 балл, 15-мактабда - 95 балл, 20 – мактабда - 94 балл, 3 – мактабда – 92,5 балл, 18 – мактабда - 89 балл, 7 – мактабда - 88 баллни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жихатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий ўқув йилида биринчи маротаба ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичида 20 - сонли мактаб жамоаси фахрли 1-ўринни қўлга киритди. 250 млн. сўм пул маблағи билан мукофотланган ушбу жамоага келгусида мактабда хорижий тилларни ўқитишни янги сифат босқичига олиб чиқиш ҳамда таълим муассасаси моддий-техник базасини яхшилаш имкониятини тақдим этди.
Жорий ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонларига мувофиқ 3-сонли ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич таълим фани ўқитувчилари Лагутина Олга Владимировна “Меҳнат шуҳрати” ордени, Корниенко Валентина Владимировна “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан, 20-умумий ўрта таълим мактаби директори Рўзиева Насиба Жумаевна «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан тақдирландилар.
Шунингдек. жорий ўқув йилида туман халқ таълими тизимидаги 6 нафар педагог “Халқ таълими аълочиси”, 1 нафар педагог “Халқ таълими фидоийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Жорий ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Замонавий мактаб"ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорига мувофиқ туманимиздаги 18-умумий ўрта таълим мактаби 2-даражали "Замонавий мактаб" мақомига эга бўлди.
Ёшларнинг ҳар томонлама пухта билим олишлари учун улар таълим ва тарбия топаётган билим даргоҳларида етарлича шарт-шароитлар яратиш энг муҳим вазифаларимиздан биридир. Инвестиция дастури асосида 10-умумий ўрта таълим мактаби мукаммал таъмирдан чиқарилиб, қўшимча 360 ўринли янги ўқув биноси қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида “Кокаяз” ОФЙ даги 14-умумий ўрта таълим мактаби ва “Узунқудуқ” ОФЙ даги Бузаубай овулида жойлашган 15-умумий ўрта таълим мактаби бинолари мукаммал таъмирланди.
Жорий йилда 3-сонли мактаб биноси давлат дастури доирасида мукаммал таъмирланиши ва жиҳозланиши белгиланган. Бундан ташқари туман маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таълим муассасалари моддий-техник базасини янада яхшилаш, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ўқув йили давомида жами 656 млн. сўм, очиқ бюджет портали орқали 950 млн. сўм, бино ва иншоотларини соз ҳолатда сақлаш мақсадларига 300 млн. сўм маблағ йўналтирилиб, таълим муассасаларида қурилиш таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Бугун дунё тамаддуни шундай босқичга келдики, замонавий билим ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ёшларсиз кўзланган маррага эришиб бўлмаслиги аён бўлиб қолмоқда.
Бу борада Учқудуқ туманида ҳам ўқувчи ёшларга сифатли таълим бериш, уларнинг иқтидорини эрта аниқлаш, салоҳиятларини янада юксалтириш кун тартибидаги муҳим масалага айланган десак, тўғри бўлади. Бунинг натижаси ўлароқ, жорий ўқув йилида 14 та мактабни 289 нафар битирувчи тугатаётган бўлса, ҳозирданоқ уларнинг 7 нафари муддатидан олдин талаба бўлишди.
3-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари Артур Аржанов, Адил Насиров, Мардонали Рахматовлар Россиянинг Синегерия университети, 20 – умумий ўрта таълим мактаби ўқучилари Улуғбек Эсонбоев British Management университети, Аббос Эргашов эса бир йўла 20 дан ортиқ Америка университетларига ҳужжат топшириб талаба бўлдилар.
Шунингдек, 7-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси Умида Абдуллаева Тошкент амалий фанлар университетининг иқтисод йўналишига, 10 – умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Диёр Ҳайдаров CAMBRIDGE IU, WESTMINSTER сингари ўндан ортиқ нуфузли университетларга имтиҳон топшириб, ижобий хулоса олишган.
Мустақил ҳаётга қадам қўяётган муддатидан олдин талабалик бахтига муяссар бўлган ушбу битирувчиларимизга ўқиш ва ишларида омадлар тилаймиз!
Шу ўринда эртадан бошланадиган фан олимпиадасининг Республикаси босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қиладиган: 3-мактаб ўқувчиси Дилноза Саидмуродова, 10-мактаб ўқувчиси Нодир Саидалиев, 9-мактаб ўқувчиси Ботакўз Нуримханова, 10-мактаб ўқувчиси Муқаддас Омоноваларга омад тилайман!
Ўтган йилнинг сўнгида ҳурматли Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади», деган ғояни илгари сургани бежиз эмас. Зотан, Юртбошимиз таъкидлаганидек, «Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз».
Сиз азиз ёшлар ҳамиша Юртбошимизга, ота-онангизга, устозларингизга муносиб ворис бўлиб, билдирилган юксак ишончни оқлашингиз ҳам қарз, ҳам фарздир.
Биз сиз учун барча имкониятларни яратиб берамиз!
Сиз эса ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини қуришда ўз келажагингизни танланг!
Азиз ёшлар! Биз Сиздан ҳамиша улкан муваффақиятлар кутиб қоламиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Бугун Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги қирқ саккизинчи сессияси бўлиб ўтди, сессияда туман Кенгаши депутати бўлмаган туман ҳокимининг барча ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, тегишли ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Сессия кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси раиси Ш.Сатторов сўзга чиқиб Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови якунлари тўғрисида маълумот бериб ўтди. иккинчи масала юзасидан туман ҳокими ўринбосари О.Рамазонов Туманда “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-5152-сонли қарорига кўра уй-жой коммунал инфратузилмасини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда кўп қаватли уй-жойларни сақлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Навбатдаги масалалар Туман ҳокими ўринбосари Н.Муратовнинг туманда ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларнинг ҳал этилишига кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи,
Туманда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича жорий йилнинг январ-май ойлари давомида амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги,
Туманда 2022 йилда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижросини таъминланиши бўйича туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг январ-май ойлари давомида олиб борган ишлари юзасидан ҳисобот,
Туманда ёшлар муаммоларини ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим яратиш, соҳада ишлар самарадорлиги ва натижадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида,
“Аҳолининг санитария-эпидимологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг туман мактабгача таълим ташкилотларидаги ижросини ўрганиш натижалари тўғрисида
Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги туман бўлими бошлиғи Х.Райимовнинг ҳисоботи,
“Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисида маълумот ва ҳисоботлар тингланди.
Ёшлар ўртасида юзага келаётган сувдаги ҳалокатларнинг аксарияти уларнинг назоратсиз қолдирилиши ва ўзбошимчаликлари оқибатида содир бўлмоқда.
Статистик маълумотларларга кўра сувда чўкиб ҳалок бўлган ёшларнинг 95 фоизи ота-оналар томонидан назоратсиз қолдирилганлиги ҳамда ўзбошимчалик билан белгиланмаган ва тақиқланган жойларда чўмилиши оқибатида содир бўлган. Асосан катта ёшдаги фуқароларнинг сувга чўкишларига уларнинг сипиртли ичимликлар истеъмол қилиб, маст ҳолда чўмилиш учун сувга тушишлари сабаб бўлмоқда. Қайд этилган ҳолатларнинг деярли 99 фоизи белгиланмаган ва чўмилиш рухсат этилмаган жойларда содир этилган.
Шу боисдан вилоятимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Учқудуқ туманида сувда чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш борасида туман марказидаги “Олтин кўл” сунъий сув ҳавзасида чўмилишни қатъий тақиқлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Азиз тумандошлар! Сув ҳавзаларида фуқароларнинг чўкиб ҳалок бўлишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги оддий қоидаларга амал қилишингизни сўраймиз:
-ҳеч қачон белгиланмаган жойларда чўмилманг;
-“Чўмилиш таъқиқланади” махсус белгиларига қатъий амал қилинг;
-ёзги таътил даврида болаларни белгиланмаган жойларга чўмилишга боришларига йўл қўйманг;
-ёш болаларни назоратсиз қолдирманг;
-спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, чўмилишга борманг;
-фақатгина чўмилиш рухсат этилган махсус сув ҳавзаларида чўмилинг.
Хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш фақат сизнинг саломатлигингиз ва ҳаётингиз кафолати эканлигини унутманг.
С.КАМОЛОВ,
ШКБ ОЁХТТЭБ П ва НБ инспектори, катта лейтенант.
Ф.УЛУГОВ,
ШКБ ОЁХТТЭБ П ва НБ инспектори, оддий аскар.
Жамоат жойларида сигарет чекишни таъқиқловчи қонун қабул қилинганлигидан хабардормисиз?!.
Иш жойларида, корхоналарда, тиббиёт ва соғломлаштириш муассасаларида, шунингдек, мактаб, коллеж ва университетлар ҳудудида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар бундан мустасно, шунингдек жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди. Қонунни бузган ишчи ва хизматчилар жаримага тортилади.
Объектнинг ҳудудида, омборхона биноларида ва автомобилларнинг тўхтаб туриш жойларида чекиш, автомобилларнинг агрегатларини қиздириш учун очиқ оловдан фойдаланиш, гулханлар ёқиш, чиқиндилар ҳамда ахлатларни ёқиш тақиқланади. Бу ҳақда кўринадиган жойларга ўрнатилган белгилар осиб қўйилиши керак. Чекишга фақат махсус ажратилган, чекилган сигареталарнинг қолдиқлари учун махсус қутилар ва сув солинган сиғимлар билан жиҳозланган жойларда йўл қўйилади. Бу жойларда “Чекиш учун жой” деган ёзувлар осиб қўйилган бўлиши керак.
ШКБ объектларида ёнғин хавфсизлигини
таъминлашни ташкил этиш бўлими маъмурияти.
Бугунги кунда «Солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлар ҳузурига борган ҳолда уларнинг муаммоларини ўрганиб, ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2022-йилнинг май ойи давомида Учқудуқ туманидаги 247 та корхоналарнинг муаммолари батафсил ўрганилди. Натижада, солиқ хизмати органлари ходимлари кўмаги билан 52 та муаммолар ижобий ҳал этилди. Бугунги кунда бошқа ташкилотлар билан боғлиқ масалалар қатъий назоратга олиниб, ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, ўрганишлар давомида солиқ турлари бўйича 9 та субъектларнинг 1 200 000 сўм мавжуд ортиқча тўлов суммаси қайтариб берилди. 23 та субъектларнинг 16 400 000 сўм мавжуд ортиқча тўлов суммаси хисобидан бошқа солиқ турлари бўйича қарздорлигига ўтказилиб сингдирилди.
Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида электрон хизматлар кўрсатиш кўламининг янада кенгайтирилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Масалан, бугунги кунга қадар вилоятда «Э-ижара» автоматлаштирилган дастурий маҳсулоти орқали шартномалар рўйхатга олинган.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, солиқ тўловчиларга ҳақиқий маънода кўмакчи, ўргатувчи бўлиш солиқ органларининг бош вазифасига айланмоқда.
Масалан, жорий этилган қатор солиқ имтиёзлари, солиқ юки ва турларининг камайтирилганлиги тўғрисида тадбиркорлар ўртасида олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида 80 та норасмий иш ўринлари қонунийлаштирилди. Муҳими, фуқаролар муқим иш ўринларига эга бўлди.
Бугунги кунда қўлида ҳунари бор ёки уйда якка тартибда маълум фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларимиз талайгина. Уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, иш стажига эга бўлиши учун солиқ хизмати органлари томонидан доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг май ойи якуни билан туманда 420 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатдан ўтиб, муайян фаолият турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Энг муҳими, уларнинг 32 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Ҳурматли солиқ тўловчилар! Биз солиқ хизмати органлари ходимлари сизларнинг муаммоларингиз қонуний ҳал этиш, фаолиятингиз давомида юзага келган барча тушунмовчиликларга ечим топишда доимий кўмак беришга тайёрмиз.
Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроевнинг фан олимпиадасининг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган учқудуқлик билимли, иқтидорли ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари билан учрашуви ўтказилди.
Дилноза Саидмуродова 3-мактаб ўқувчиси, рус тили ва адабиёт фанидан, Муқаддас Омонова 10-мактаб ўқувчиси, тарих фанидан, Нодир Саидалиев 10-мактаб ўқувчиси, тарих фанидан, Ботакоз Нуримханова 9-мактаб ўқувчиси қозоқ тили ва адабиёти фанидан республика олимпиадасида иштирок этишади.
Туман раҳбари иштирок этаётган ўқувчиларга синовлардан муваффақиятли ўтишларида омад тилаган ҳолда, ёшларимизнинг иқтидорини кашф этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, қолаверса, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 май куни имзоланган “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ёшларимизнинг ўз иқтидорларини рўёбга чиқаришида муҳим аҳамиятга эга эканлиги, қолаверса, мазкур ҳужжатга асосан иқтидорли ёшлар ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш масалалари ҳам такомиллаштирилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Дарвоқе, фан олимпиадасининг Республика босқичи 18 та фан бўйича ўтказилмоқда ва мазкур фанларнинг ҳар биридан 3 нафардан ғолиб ўқувчилар аниқланади ҳамда уларга Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сонли қарорига мувофиқ тегишли фан йўналишида олий ўқув юртига киришда имтёзлар берилади.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Президент томонидан «Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон имзоланди.
Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳаларида ислоҳотларнинг аниқ манзиллилигини таъминлаш, кўрсатилган соҳаларга рақамли технологияларни кенг жорий этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш концепцияси, шунингдек унинг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторлари тасдиқланди. Концепция қуйидагиларни назарда тутади:
зилзилаларнинг вужудга келиш механизми ва табиатини тадқиқ қилиш механизмини такомиллаштириш;
ҳудудларни сейсмик микроҳудудлаштириш бўйича онлайн-хариталарни ва турли даражадаги тектоник ер ёриқларининг ўрта масштабдаги харитасини ишлаб чиқиш;
якка тартибдаги уй-жойларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриш
бино ва иншоотлар ҳамда сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлик даражасини доимий космик мониторинг қилиш тизимини жорий этиш;
автоматлаштирилган комплекс-прогностик станцияларни кўпайтириш ҳисобига республика ҳудудини тўлиқ мониторинг қилиш имкониятини кенгайтириш;
миллий сейсмик кузатувлар тармоғининг халқаро сейсмик кузатувлар глобал тизимига киритилган станциялар билан доимий алоқаларини таъминлаш.
20 22 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг сейсмик фаол зоналарида янги қурилиши режалаштирилаётган, хавфлилик омили IV тоифага мансуб бўлган объектларга зилзилабардошлик бўйича хулосалар бериш тартиби жорий этилади.
Фанлар академияси томонидан республиканинг сейсмик фаол зоналарида жойлашган сейсмик заиф ижтимоий соҳа объектларининг инструментал-техник текширувдан ўтказиш рўйхати шакллантириб борилади.
2022 йил 1 октябрдан бошлаб республика ҳудудидаги кўп квартирали уй-жойларни зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказиш бошланади, у эксплуатация муддатини ўтаб бўлган сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган кўп квартирали уй-жойлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича таклифларни маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиб борилишини назарда тутади.
2022 - 2025 йиллар давомида Андижон, Тошкент, Гулистон, Нурафшон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Навоий, Қарши, Термиз, Нукус ва Урганч шаҳарларининг рақамлаштирилган сейсмик микроҳудудлаштириш хариталарини ишлаб чиқиш назарда тутилган.