LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

31 Oct 2022

     Бошқа ҳудудларда ерга нечта ниҳол қадасангиз бари бехато униб-ўсади. Учқудуқда ўнтадан биттаси кўкариб кетса ҳам катта гап. Хўш, ана шундай иқлими шиддатли об-ҳаво шароитида Учқудуқда узумзор барпо этиляпти, десак кўпчилик тумандошларимиз ҳайрон қолса керак. Лекин бу ҳақиқат!
     Туман ҳокими С.Хамроев ташаббуси билан “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида узумзор барпо этишга киришилган. Ўтган йил эрта баҳорда атрофи темир панжаралар билан ўралган бир гектар майдонда 300 туп узум ниҳоллари экилган. Уларнинг 202 донаси кўкариб, палак ёзган, туп қўйган. Куни-кеча яна 110 та турли хил навдаги узум кўчатлари қадалди.
    -Шаҳар четидаги иссиқхонадан 40 машина тупроқ келтирилиб, экин майдонининг 2 метр юзаси алмаштирилди. Ловия, ошқовоқ экилиб, ҳосили болалар боғчаларига берилди. Галдаги муҳим вазифа экилган узум кўчатларини парваришлаб, қишдан беталофат олиб чиқиш. Агар шу қишдан омон чиқса, эрта баҳорда узумларимиз ҳосилга киради, - дейди “Дўстлик” МФЙ раиси Гулноз Махаматова.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ

31 Oct 2022

Учқудуқ тумани ҳокими Хамроев Соли Фармонович билан аҳолини узлуксиз электр энергия билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида ўтказилган  брифинг

 Ассалому алайкум ҳурматли брифинг ишчирокчилари!

Ижтимоий-тармоқ кузатувчилари!

Бугунги  ҳаётимизни электр энергиясиз тасаввур этиб бўладими? Йўқ, албатта. Хонадонингизда бир зумгина электр чироғи ўчса борми, бутун умр зулматда қолгандек бўласиз, гўё.

Шу ҳолат ташкилот ёки ишлаб чиқариш корхоналарида  содир бўлса-чи?! Бу қанчадан-қанча иқтисодий зарарни келтириб чиқаради.

Халқ хўжалиги тармоқларини, туманнинг олис овулларини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш йўлида меҳнат қилаётган Учқудуқ туман электр таъминоти участкаси ана шундай ўзларига юклатилган масъулиятни чуқур англаган ҳолда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўришди.

Бугунги кунда туманда  11 254 та электр энергияси истеъмолчилари мавжуд бўлиб, шундан 10 628 таси жисмоний ва 626 таси юридик шахслар ҳисобланади. Ушбу истемолчиларга  октябрь ойига қадар 27 млн. 660 минг кВ соат электр энергияси етказиб берилган. 14 млн. 980 минг кВ соат электр энергия жисмоний шахсларга, 12 млн. 650 минг кВ соати эса  юридик шахсларга етказиб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги  “2022–2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 172-сонли қарорига асосан, тумандаги “Айтим” маҳалласида  1 та трансформатор янгидан ўрнатилди, 3 таси жорий таъмирланди. 3,13 км. ҳаво электр узатиш тармоғи ва 0,5 км. юқори кучланишли ер ости электр линиялари янгиланди. 82 дона янги темир бетон таянч устунлари янгисига алмаштирилди.

  “Навоий” маҳалласида  2 та трансформатор янгидан ўрнатилди, 3 таси эса жорий таъмирдан чиқарилди. 2,4 км. ҳаво электр узатиш тармоғлари ва 0,4 км. юқори кучланишли ер ости электр линиялари янгиланди. 42 дона устунлар янги темир - бетон таянч устунларига алмаштирилди.

Шунингдек, “Дўстлик” маҳалласи ҳудудидаги 320 кВ трансформатор ўрнига 400 кВ ли юқори кучланишли трансформатор ўрнатилди.  0,4 кВ ли паст кучланишли 0,21 км кабель электр узатиш тармоғи янгиланди.

Туманда янгидан ташкил этилаётган “Ёшлар кичик саноат ва тадбиркорлик зонаси” га 2 дона 400 кВ ли юқори кучланишли трансформатор ҳамда 24 дона темир - бетон таянч устунлари ўрнатилди.  4,32 км. ҳаво электр узатиш тармоқлари янгидан барпо этилди.

“Шалхар” ОФЙ га қарашли “Контай”  овулида 23 дона темир - бетон таянч устунлари ўрнатилди. 1,4 км. ҳаво электр узатиш тармоқлари янгиланди. 1 дона қуввати 63 кВ ли янги трансформатор ўрнатилди.

2023 йилда  аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга қаратилган  амалий ишларни ҳам  режалаштирганмиз.

Жумладан, “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида 5 дона трансформатор пунктини капитал таъмирлаш, 2 км. 0,4 кВ ли кабел электр узатиш тармоғини жорий таъмирлаш;

“Мустақиллик маҳалласи ҳудудида 3 дона тарансформатор пунктини ҳамда 2 км. 6-10 кВ ли ҳаво электр узатиш тармоқларларини жорий таъмирдан чиқариш;

“Узунқудуқ” ОФЙ ҳудудидаги 4 км;

“Боздун” ОФЙ ҳудудида 2 км;

 “Шалхар” ОФЙ ҳудудида 2,5 км;

 “Кокпатас” МФЙ ҳудудида 2,5 км. 0,4 кВ ли электр узатиш тармоғи жорий таъмирланади.

“Узунқудуқ” ОФЙ га қарашли  “Бузаубай” овулига борувчи 10 кВ ли ҳаво электр симларини янгисига алмаштириш,  35 дона таянч устунларини янгилаш, 1 дона янги трансформатор ўрнатиш кўзда тутилган.

Шунингдек, “Алтинтау” ОФЙ га қарашли  “Балтай” ва “Боранбай” овулларга борувчи 10 кВ ли ҳаво электр узатиш тармоқларнинг 32 дона таянч устунларини янгилаш  ҳам режага киритилган.

Айни пайтда соҳа ходимлари олдида 2022-2023 йилги куз қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли истеъмолчилари ва ишлаб чиқариш корхоналарини кафолатли электр энергияси билан таъминлашдек масъулиятли вазифа турибди.

Юқорида таъкидланганидек, олдиндан  белгилаб олинган аниқ чора - тадбирлар асосида иш юритаётганлиги боис мавсумни кўнгилдагидек  беталофат ўтказиш имконияти етарли. 

Эътиборингиз учун рахмат!!!

31 Oct 2022


    Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда, давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф равишда пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади.
    Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир.
Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, биз давлатнинг назорат функцияларини қанча кучайтирсак, назорат билан шуғулланувчи давлат тузилмалари ва органларини қанча кўпайтирсак, амалдорларнинг зўравонлиги ва коррупция шунча авж олаверади.
    Бугунги кунда пенсия таъминоти соҳасида ҳам коррупцияга қарши муросасиз курашиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб келинмоқда. Бунга мисол қилиб охирги йилларда соҳага оид қабул қилинаётган концептуал амалиётга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.
Президентимиз томонидан коррупция масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, жамиятни “ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш” зарурияти хақидаги фиклари бу борада айтилган энг тўғри фикр, деб тан олинганлигини эътироф этишимиз лозим.
    Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тизимида коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар  амалга ошириб келинмоқда.
    Айнан шу вазифаларнинг амалга оширилишида ўз олдимизга коррупциявий хавф-ҳаракатларга кўмаклашувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш учун аниқ вазифаларни белгилаб олганмиз. Тизимда жорий йил 20 октябридан 20 ноябрига қадар “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” эълон қилиниб, бу бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Ҳар бир ходим амалдаги қонун ҳужжатлари мазмун- моҳиятини билмас экан, коррупцияга қарши курашишни ҳам билмаслиги аниқ. Шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик муқаррарлиги юзасидан ҳар бир ходим билан алоҳида суҳбат олиб бориш, бўлимга ташриф буюраётган фуқаролар билан этика, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилан ҳолда муомалада бўлиш, ҳар бир туманда ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўлими ва диний идоралар ходимлари билан бирга семинар-тренинглар ташкил этиш, ҳудудий бошқармалар томонидан барча туман Пенсия жамғармаларида “Сирли мурожаатчи” тадбирларини ташкил қилиш каби вазифалар белгилаб олинди.
    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тизимда коррупцияга қарши қанчалик қаттиқ чора ва тадбирлар кўрилишига қарамай, жорий йилда ҳам соҳа вакиллари орасида шу каби нохуш ҳолатлар кузатилгани сир эмас. Мақсадимиз ушбу иллатга қарши кураш олиб боришни янада кучайтириш, барча ходимларга коррупция ҳалокатга етакловчи йўл эканлигини, ҳар бир ходим бу ишга қўл уришидан олдин оиласи, фарзандларини кўз олдига келтирмоғи кераклигини тушунтиришдан иборат. Зеро, бундай ишлар унинг барча яқинларига салбий таъсир этиши билан бирга, у фаолият юритаётган бўлимда ҳалол, пок ишлаб келаётган ҳамкасбларининг ҳам тинчини бузиб, ҳаловати йўқолишига сабаб бўлади.

29 Oct 2022

    Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар Учқудуқ туманида ҳам қизғин давом эттирилмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида туманимизда 2022-2024 йилларда бир неча йўналишларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинган.

    Бунда жорий йилда 140 та хонадонга мўлжалланган 3 та беш қаватли уйлар қурилиб, ўз эгаларига топширилганлигига эътиборингизни қаратмоқчиман. 2023-2024 йилларда яна 28 та кўп қаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилади. Натижада  Учқудуқ туманида аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланади.

    Бугунги кунда уй-жойлар қурилишининг бориши қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан назоратга олинган. Шу кеча-кундузда 28 та кўп қаватли уйлар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларидан рўйхатдан ўтказилиб, қурилиш-монтаж ишлари режа-график асосида олиб борилмоқда.

    Жумладан, “GARANT-UCHQUDUQ” МЧЖ томонидан 1 та  тўққиз қаватли 180 хонадонли, “GRAND SHARQONA” ХК томонидан 5 та  беш қаватли 150 хонадонли, “ISHONCH FERUZ” ХК томонидан 6 та  беш қаватли 340 хонадонли, “AYGERIM ALMAGUL” XK томонидан 3 та беш қаватли 225 хонадонли,  “UCHQUDUQ GRANT SERVIS” МЧЖ томонидан 1 та уч қаватли 40 хонадонли, “JAVOXIR TARAQIYOTI” МЧЖ томонидан 4 та беш қаватли 300 хонадонли, “UCHQUDUQ ULGURJI” МЧЖ томонидан 5 та беш қаватли 295 хонадонли, “Мироншох сити зар” МЧЖ томонидан 2 та беш қаватли 120 хонадонли, “Навоий сантехника монтаж” МЧЖ томонидан 2  та беш  қаватли 120 хонадонли уйларнинг қурилиши жадал суръатларда давом эттирилмоқда.

   Йил охиригача яна  170 та хонадонли  2 та беш қаватли уйларнинг қурилиши якунланиб, фойдаланишга топшириш учун тайёргалик кўрилмоқда.

   Халқимизда,  уйи борнинг ўйи бўлмайди, деган ҳикматли сўз бор!  Буни айниқса, ўз уй-жойига эга бўлмаган, йиллар давомида шу орзу билан яшаган одамлар учун қанчалик бебаҳо сўз эканлигини уларчалик биз ҳис эта олмаймиз.

   Албатта,  буларнинг бари ҳурматли Президентимизнинг аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлари  Учқудуқ туманида ҳам изчил давом эттирилаётганлиги,  туман раҳбарларининг бу ишга катта масъулият билан ёндашаётганлиги  замирида ҳар бир учқудуқликни ана шундай бахтли-саодатли кўриш, истаги мужассам!.

Отабек РАМАЗАНОВ,

туман ҳокими ўринбосари.

29 Oct 2022

   Ёзда Учқудуқ қумига тухум кўмсангиз пишади. Буни синаб кўрганмиз. Фақат ёзда бу ерга келсангиз бу гапга ишонасиз. Учқудуқнинг қиши ҳам шундай аёвсиз.

    Шунга қарамай бир пайтлар йўлсиз  йўлда уч кунлаб йўл босиб, Учқудуқ томон йўл очган биринчи ҳайдовчилар жасорати доимо эсланади, қадрланади. Уларнинг сафларида меҳнат қилиш Иноят ака Эшмуродовга ҳам насиб этган.

    У 1966 йилда Қизилтепа туманида туғилган. Ўқитувчилар оиласида икки ўғилнинг кенжаси бўлиб вояга етган Иноят ака ёшлигидан техникага меҳр қўйди. Мактабда яхши ўқиди. Йигитлик бурчини тугатиб келгандан сўнг, 1986 йилда Учқудуқдаги саноат техникумига ўқишга кирди.

    1990 йилда техникумни тамомлаб, Шимолий кон бошқармаси 1-сонли Автобазасида ҳайдовчи бўлиб ишлай бошлади. Унинг босиб ўтган меҳнат йўлига назар солсангиз, 1998-2004 йилларда 2-колонна, 2004 йилдан  эксплуатация бўлими,  2010 йилдан 4-сонли участка бошлиғи лавозимларида ишлаган.

   Ҳозирда назорат  - техник пунктида катта уста вазифасида фаолият олиб бораётган Иноят ака Эшмуродов ҳайдовчилик  касби ҳам машаққатли, ҳам шарафли касблардан эканлиги, инсон танлаган касбига қизиқса, меҳр қўйса, қийинчиликлардан чўчимасагина ўз соҳасида ютуқларга эришишини таъкидлайди.

   Ишдан бўш вақтларида уйда ҳам  турмуш ўртоғи Шарқий кони ходими Маҳбуба Ярашова  билан оила тинчлиги, мустаҳкамлиги, фарзандлар бахту камолини кўзлаб яшаётган Иноят ака Эшмуродов маҳаллада обрў-эътиборли кишилардан. 33 йилдан буён бахтли-саодатли ҳаёт кечириб келинаётган бу оилада уч нафар ўғил-қиз вояга етган.

    Бугун фарзандлар  набиралар қуршовида файзли умр гаштини суриб яшаётган Иноят  Хўжамовичга ҳаёт йўлида ва  кейинги фаолиятларида зафарлар тилаймиз.

Дилноза ТОШНИЁЗОВА

29 Oct 2022

    От редакции: Учкудук является многонациональным городом. Здесь проживают представители разных народов в дружбе и согласии. В нашу редакцию обратилась гость из России Нурия Иксанова, которая направлена на работу в школу №10 г. Учкудук в рамках проекта «Зур класс» международного центра образования «Интердом» имени Е.Д. Стасовой. Она выступила с предложением печатать статьи на русском языке. Наша редакция всегда рада новым идеям и мы с удовольствием решили сотрудничать. В первой статье мы познакомимся с инициатором проекта и ее командой.

    Иксанова Нурия Сагитовна родилась в республике Башкортостан, которая находится в составе России. По национальности она башкирка, по религии – мусульманка. Она член журналистов Российской Федерации, имеет благодарность губернатора Челябинской области и главы Республики Башкортостан. Автор газеты, телевидения «Уралым», радиопередачи «Башкиры России» (радиопередача выходила на радио «Юлдаш» республики Башкортостан), куратор проекта «Зов предков» дома дружбы народов РБ; автор проекта «Шаяр» – пространство башкирского юмора в Челябинской области, соавтор проекта «Медиа-йыйын» Союза журналистов Республики Башкортостан, автор проекта «Этнический код Бородино», посвященный реконструкции орудий башкирских воинов 1812 года, автор проектов «Цикл курсов башкирского языка «Хозяйка медной горы в гостях у башкир», «Ассоциация уральского фольклора», фестиваля «Башкирская песня», конкурса-эссе «Весть о Башкортостане», литературного конкурса «Золотое слово», просветительской акции «По следам Расулева», «Спорт для жизни». Данные проекты реализуются в 7 регионах России.

    Также Нурия Иксанова владеет турецким языком. Выступила на турецком телевидении в 2020 году, вела курсы турецкого языка в Челябинской области.

    Нурия Сагитовна активно ведет общественную жизнь в России: руководитель регионального сектора молодежного комитета всемирного курултая башкир, активист федеральной автономии башкир, активист госсобрания курултай республики Башкортостан (руководитель сектора СМИ при молодежном совете). Организовала первую межрегиональную конференцию «Башкиры России» в 2021 г., круглый стол «След Салавата Юлаева в регионах РФ», «Образование в Башкортостане для жителей регионов». Лауреат конкурса «Женщина – мать нации» в номинации «Молодой лидер», организованный союзом женщин Башкортостана (2019 г.); есть медаль «Помним, чтим, гордимся» от Совета старейшин башкир Челябинской области за помощь в возведении памятника воинам, участвующим в Отечественной войне 1812 года и Заграничных походах русской армии 1813-14 гг.(памятник находится в Челябинске, рядом с Правительством области); информационный партнер Всероссийского детско-юношеского военно-патриотического общественного движения «Юнармия»; вошла в юбилейный сборник единственного издания Башкортостана о женщинах «Дочь Башкортостана» и в многотомник «История башкирских родов «Кипчак»; лауреат I степени Международного конкурса журналистских работ «Золотой курай».

     Активно сотрудничает с бизнесом: участвовала в создании брендов: «Башкирские шоколадки «Курай»; «Линейка авторских башкирских украшений «Хомай» от златоустовского мастера; башкирской юрты-питомника «Самрау».

    Является директором фонда «Инициативы и креатив», учрежденного меценатом из Челябинской области Рустамом Галимжановым. Фонд занимается благотворительностью. Недавно от имени фонда при содействии директора школы №10 Шахло Бафоевой был разработан проект с участием лидера Челябинской областной общественной организации узбекский национальный культурный центр «Бобур» Мамуржана Кадирова.

    Директор школы №10 г. Учкудук Шахло Бафоева:

   – Мы рады, что наша школа является причастным в добром и новом начинании. Приятно принимать участие в проекте, который охватывает не только целый город, но и будет налаживать сотрудничество между Республикой Узбекистан и Российской Федерацией. Приятно осознавать, что о нашем коллективе, учениках будут знать весь город.

28 Oct 2022

    Gepatitning A turi. Xo`sh bu qanday xastalik? Qayerdan yuqishi mumkin va asoratlari qanaqa?

   BIZDA QAYSI TURI KO`PROQ UCHRAYDI?

—Virusli gepatit A (xalq orasida-sarq) kasalligi– bu o`tkir yuqumli jigar kasalligi hisoblanib, qo`zg`atuvchisi gepatit A kasalligi virusi hisoblanadi. Har yili o`n millionga yaqin odam ushbu kasallikka chalinadi. O`zbekiston Respublikasida virusli gepatitlarning A, V, S turlari ko`proq uchraydi. Maktabgacha yoshda bo`lgan bolalar va kichik maktab yoshidagi bolalar boshqalarga nisbatan ko`proq kasallanadi. 

    VIRUSNING YUQISHI...

— Inkubasion davri, yani virusning organizmga tushishi va kasallikning ilk belgilari paydo bo`lishi 15 kundan 50 kungacha bo`lgan davrni o`z ichiga oladi. Kasallikning yuqish yo`li alimentar yo`l bilan–virus bilan zararlangan oziq-ovqat maxsulotlari, suv, o`yinchoqlar va iflos qo`l orqali yuqadi. Virus tashqi muxitga chidamli 60°C haroratgacha bo`lgan chuchuk va sho`r suvda bir necha oylab saqlanishi  mumkin. 

   XASTALIK ALOMATLARI

—Gepatit A kasalligi jigar to`qimalarini yallig`lanish va nekrozli o`zgarishlarga va intoksikasiya(zaxarlanish) sindromlarini paydo bo`lishiga, jigar va taloqni kattalashishi, jigar faoliyatining klinik va laborator buzilishlari, sariqlik belgilarining paydo bo`lishi, siydik rangini to`q rangga kirishi va axlatni rangsizlanishi bilan xarakterlanadi.Klinikasida quyidagi simptomlar namoyon bo`ladi: xolsizlik va darmonsizlik, ishtaxa yo`qolishi, ko`ngil aynish va qayt qilish, mushaklarda og`riq. Yashash va ish joylarining sanitariya jixatdan qoniqarsiz xolatda bo`lishi, shaxsiy gigiena qoidalariga rioya qilmaslik, axolining zichligi, oziq-ovqat maxsulotlarini tayyorlash qoidalarini buzilishi, sifatsiz ichimlik suvidan foydalanish viruslarning ko`payishiga sharoit yaratadi.

   VIRUSLI GEPATIT “A”NING KECHISHI VA ASORATLARI

Virusli gepatit “A”ning kechishi 3 xil jarayonda o’tishi mu’mkin;

Yengil shakli.

O’rtacha og’ir shakli.

Og’ir va fulminant shakllari-intoksikatsiya rivojlangan, juda og’ir kechishi, jigar yetishmovchiligiga olib keladi bazan o’lim holati uchraydi.

   VIRUSLI GEPATITDAN HIMOYALANISHNING 6 MUHIM QOIDASI:

•  Sog`lom turmush tarziga rioya qilish;

•  Shaxsiy gigiena qoidalariga rioya qilish, ovqat tayyorlash va ovqatlanishdan oldin, jamoat joylariga va xojatxonaga borgandan so`ng qo`lni yaxshilab sovunli suvda yuvish;

•  Oziq-ovqat maxsulotlarini tayyorlash va saqlash jarayonlarida sanitar-epidemiologik qoidalarga rioya qilish;

•  Meva va sabzavotlarni iste`mol qilishdan oldin oqar suvda yaxshilab yuvish va so`ngra qaynagan suvda yuvish;

•  Yashash joy gigienasiga rioya qilish: xonalarni shamollatish va namli tozalov ishlarini olib borish;

•  Gepatit A virusiga qarshi emlash.

YODDA TUTING!

Profilaktik qoidalar kundalik turmush tarzingizga aylanishi kerak.

Virusli gepatit A kasalligiga eng samarali usul bu virusli gepatit A kasalligiga qarshi emlashdir!!!

Uchquduq tuman SEO va JS bo’lim epidemiolog vrachi G’iyosjon Aktamov

 

28 Oct 2022

    Талабалик даврларимиз ўқиганим Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асарини ёзиш учун адиб туғилажак асар қаҳрамонлари билан кенг далаларда меҳнат машаққати ва роҳатини тотган, бирга ухлаб, бирга тонг оттирган, хуллас, улар билан ҳамнафас бўлган экан. Бу жараёнлар натижасида “Отамдан қолган далалар” дунёга келган. Тоғдек ёзувчига ўзимни тенглаш фикридан йироқлигимни таъкидлаганим ҳолда, мен ҳам бир кунга шаҳар марказидаги атмосферадан бироз узоқлашдим. Ишчи-ходимлар билан бирга, бир автобусда, уларнинг меҳнат шароитлари, саноат ҳудудларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида, Шимолий кон бошқармасининг йирик, аҳамиятга молик бўлинмаларидан бири Автомобил транспорти бошқармасида бўлдим. 

    Автомобил транспорти бошқармаси туман марказидан 35 километрлик масофа, ярим соат-қирқ дақиқалик йўлни ташкил этади. Яна бир янги кунни хайрли ўтказишни мақсад қилган бир неча ишчи-ходимлар билан автобусга ўтирдим. Аҳоли талқинида “13-микрорайон” дея аталувчи “Чўл гули” кўчасидан кейин бошланадиган кенгликлар ортидан куз фаслида яшаётганини унутгандек, ёзга хос нур сочаётган қуёшнинг тафтини иссиғу совуққа саботли саксовуллар сингдириб, доимий ҳамроҳларига айланган ходимларга тонгги майин шабода тақдим этаётгандек. Автобусдаги мусиқа кимгадир эрталабки сокинлик орқали ишда ва оилада янги мақсадлар тузишга имкон беради, кимдир фарзандлари тарбияси ҳақида ўйлаб қолади, кимлардир битмайдиган рўзғор юмушларини битириш илинжида, яна кимдир ота-онасини хурсанд қилиш ўйида... хуллас, ярим соатлик йўл тафаккур қилувчилар учун мушоҳада этишга айни муддао! 

    Автобус Автомобиль транспорти бошқармаси томон қайриларкан, ўнг томонда ўзгаришлар бўй кўрсата бошлайди. Ҳурматли Президентимизнинг иқтибослари ифодаланган ёзув илдирилган бокс янгидан барпо этилган. Автомобил транспорти бошқармаси азаматлари авваллари саҳронинг инжиқ табиати, ёмғир, қорларини енгиб, очиқ осмон остида баҳайбат техникалар таъмирини амалга оширишарди. Ходимлар меҳнат шароитларини яхшилаш, таъмир ишларини олиб боришда унумдорликка эришиш, мақсадида, ана шу таъмирлаш бокси қуриб битирилди. Бокснинг ички ҳудуди “гулливер” техникалар учун қулай таъмирлаш зонаси ҳисобланиб, ҳаво-айланиш (вентилляция), ёз ва қиш мавсумида иситиш-совутиш тизимига ва юк кўтариш қобилияти 

   16 тонна бўлган кўприкли кранига эга. 

    Автомобил транспорти бошқармасида инструментал омборхонанинг қурилиши ҳамда, ташкилотнинг аҳамиятга молик қисми бўлмиш марказий таъмирлаш устахонасига ўрнатилган юк кўтариш қобилияти 32 тонналик кўприкли кран таъмирлаш жараёнларини жадаллаштириш учун мутлақо зарур жиҳоз! Бу ҳудудда шижоат ва тезкор техник ечим бир дақиқа бўлсин, тўхтаб қолган эмас. 

   Мутахассислар ва тажрибали ходимларнинг катта тоғ-кон юк автомобилини қуршаб олиб музокара қилишаётган қизғин пайтидан фойдаланиб, улкан техниканинг салобатидан ҳайиқиш мени унга яқинлашмасликка ундаса-да, кўнглимдаги қизиқиш устун келиб техника қоидаларига амал қилган ҳолда, оғир юк автотехникасини кузатаман. Ҳайдовчи курсисидан пастга қараб ўлчанганда 3 метрни ташкил қиладиган баландлик ва кузов кўтарилганида 8 метргача борадиган юксаклик ҳар қандай нозик жинс вакилаларига баҳайбат кўринади, албатта! Шундай бўлса-да, кўнгилдаги шижоат техниканинг кузовини ҳам обдон томоша қилишга ундади. Эндигина 2 ёшга тўлган алпкелбат техниканинг ҳайдовчи учун мўлжалланган кабинаси гўё смарт хонадек! 

   Хуллас, бу оғир юк техникаси ичида яратилган қулайлик кимнингдир уйида ҳам топилмайди. Шинам, хавфсиз, самарали техника! Фидойилик билан меҳнат қиладиган, давлат мулкини кўз қорачиғидай асрай оладиган ҳар қандай моҳир ҳайдовчига бундай техника билан катта маош насиб этиши тайин! 

   Миллиардлаб маблағлар эвазига келтирилган техниканинг “организми” учун ҳам ана шундай харажат сарфланади. “Биз йилига фалон тонна олтин ишлаб чиқарамиз!”, дея фахрланамизу корхонамизга, бизнинг ризқимиз боғланган ташкилотимизга милён-милён харажатлар ортидан келтириладиган маҳсулотларни ҳисобга олмаймиз. Шундай пайтларда фаросатли Фармонбувининг “Боқивой, сен оиламизга келаётган даромаддан ҳайратланганингда, бу рўзғорнинг харажатини ҳам ёддан чиқарма!”, деган пурмаъно сўзларини ҳам эслайман.

   Сўнгги йилларда Автомобил транспорти бошқармасига жаҳон андозалари даражасидаги замонавий янги тоғ-кон технологиялари жорий қилинди, йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Япония давлатининг “КОМАТSU”, АҚШнинг “CATERPILLAR”, Беларуссиянинг “БелАЗ” компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган катта ҳажмдаги тоғ-кон жинсларини ташувчи автоағдаргичлар, бульдозерлар, фронтал юклагичлар, автогрейдерлар, таъмирлаш устахона автомашинаси, ёқилғи тарқатиш автомашинаси, шиналарни сочиб-йиғиш стенди келтирилди. Хориж техникаларининг барқарор ишлаши, ишлаб чиқариш унумдорлигини ошириш, техникаларнинг кафолатли муддатларини назорат қилиб бориш ва доимий техник сервис кўрсатиш мақсадида, Автомобил транспорти бошқармаси ҳудудида “КОМАТSU”, “CUMMINS” ва “CATERPILLAR” компанияларининг вакиллик бинолари қурилди. 

   Юқорида келтирилган техникалар бу – барчаси ишчи-ходимлар манфаатини кўзлаб, турмуш сифатини яхшилашни мақсад қилиб бажарилган ишлардир. 

   Суҳбатдош бўлганим фойдаланиш бўлими оғир юк автомобили ҳайдовчиси Жасур Уралов бугунги кунда ўзи ва ҳамкасбларининг эришган ютуқларини ташкилот раҳбарларининг адолати, ташаббускорлиги ортидан деб билади. Тиришқоқ ва меҳнатсеварлиги юз-кўзидан аён ҳайдовчи шу пайтга қадар ота-онасига моддий томондан юк бўлмагани, аксинча, бугунги кунда оилавий бюджетидан орттириб, улар кексайган пайтларида кўмаклашиб, ота-она ризолигини олаётганидан бахтиёрлигини тўлқинланиб гапирди. 

   Яқин йилларда ҳайбатли ғилдираклар - катта ўлчамли шиналарни таъмирлаш ва ямаш ишчилардан катта куч талаб этарди. Улкан шинани “кўтариб олган” техникани кўрдиму мен авваллари ишчиларнинг шиналар билан қандай тил топишишганини тасаввур ҳам қилмасдим.  

   “TIP-TOP” деб аталувчи цехда ана шу шиналар таъмирланади. Цехнинг аҳамиятли томони - цехнинг цехга ўхшамаслиги! TIP-TOP ҳозирги замон талабларига мос келадиган қуйма пол билан жиҳозланди. Ички ёнув двигателларини таъмирлаш цехи ҳам худди шундай замонавий кўриниш олди. Шинам ва ёрқин зални эслатувчи цехлар ишчиларга маданий ҳордиқ кайфиятини улашади, жонли табиат бурчагидаги қушлар ва аквариумдаги балиқлар олами эса Автомобил транспорти жамоаси мўъжиза ярата олишга қодир жамоа эканига ишорадир! 

   Жамоада меҳнат қилаётган Комил Эшонов, Авазмурот Юлдашев, Бахтишод Маматов, Санжар Тагаев, Нурали Жўраев, Меҳриддин Бўранов, Нодирбек Ниёзов, Мирзо Камолов, Дадахон Эшқувватов каби илғор ходимлар яратувчанлик фикри билан бўлинма ҳаётида муҳим ўринга эга мутахассислардир. 

   Бунёдкорлик бутун Автомобил транспорти бошқармасини қамраб олган. Жиҳозларни таъмирлаш бўйича навбатчи чилангарларнинг кийиниш ва ювиниш бинолари, аккумулятор цехи, лаборатория биноси тўлиқ капитал таъмирланди ва спектрометр қурилмаси олиб келиниб ишга туширилди. Фойдаланиш маъмурий биноси ва ишчи-ходимлар учун янги ошхона қуриб фойдаланишга топширилди. 

   2021-2022 йиллар Автомобил транспорти бошқармасида амалга оширилган диққатга сазовор ишлар ортида бутун жамоа, қолаверса, Ўткир Қодиров, Шерали Худойбердиев, 

   Фаррух Ризоев, Умиджон Арипов, Достон Қаххоров, Самандар Баротов каби салоҳиятли, ғайрат-шижоатли ходимлар ва ташаббускор ёшлар ҳам бор. 

   Шимолий кон бошқармасида инсон ҳаёти хавфсизлиги энг асосий масала. Зеро, ташкилот ҳар бир ходимнинг уйига - оиласи бағрига соғ-омон қайтишини кафолатлайди. 

   Ишчи-ходимларнинг ҳам меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда, виждонан меҳнат қилиши бу – касбига, ташкилотга, қолаверса, оиласига кўрсатган садоқати, десак муболаға бўлмас. 

   Ҳар тонг масъулиятли касбини талофотларсиз ўтказиш ўйи билан иш бошлайдиган Ўткир Зиёевнинг қалбида ҳам ишчи-ходимларнинг оилавий бутунлигини сақлашга эришиш, саломатлигини назорат қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш каби эзгу мақсадлар бор.  

   Ана шундай эзгу мақсадлардан яна бири ҳайдовчиларнинг касбий маҳоратини оширишдир, зеро моҳир ҳайдовчи билан кўзланган маррага омон етиб бориш мумкин! Автомобил транспорти бошқармасида қуриб фойдаланишга топширилган ўқув-машғулот биноси симулятор ўқув-амалиёт тренажери билан таъминланган бўлиб, тренажер баҳайбат тоғ-кон автомобилининг кабинасини эслатади, ускуна ишга тушиши билан кўз олдингизда каръер майдонлари пайдо бўлиб, гўёки 

кон-қазилма ҳудуди бўйлаб алпқомат техникада ҳаракатланаётгандек ҳис этасиз ўзингизни. Ҳайдовчилар бу ерда алоҳида йўналтирилган тажрибали устозлар Ҳомид Жумаев ва Петр Коптев ёрдамида амалиёт ўтайдилар. Амалиёт натижалари компьютер орқали - инсон омили иштирок этмайдиган холис баҳолаш методи бўйича аниқланади. Авваллари ўқув-амалиёт ўташ учун бир гуруҳ ҳайдовчиларга конда ташиш ишлари билан банд бўлган техникани кунлик жадвалидаги ишдан озод қилиш, ёқилғи-мой маҳсулоти сарфи, шиналар таъмири каби кўплаб оворагарчиликлар бўлган, яъни кон бошқарма ўқув-амалиёт учун миллионлаб зарарларга ишлар эди. Ҳозирда мўъжизанинг ўзи бўлган симулятор орқали ҳар соҳада катта иқтисодий тежамкорликка эришилган.  

   Шу ўринда бўлинмада Автомобил транспорти бошқармаси касаба уюшма қўмитаси раиси Зафар Санаев меҳнат фаолиятига қисқача чизги бериб ўтсам. Уни чин маънода ўз ишига ва виждонига содиқ меҳнат қиладиган касаба уюшма қўмитаси раиси, десак муболаға бўлмайди. Бўлинма ишчи-ходимларининг ижтимоий мазмундаги масалаларига одил ечим топишда, ишчиларнинг меҳнат таътилини муносиб ўтказиш, таътил кунларида ўз саломатлигига аҳамият бериш, маданий дам олишларини таъминлаш мақсадида йўлланмалар тақсимоти учун ниҳоятда адолатли. Халқ демократик партияси депутати сифатида ҳам бажарган ишлари таҳсинга лойиқ.  

Бу ҳақда албатта, кейинчалик батафсилроқ ёзишни дилимга тукканман. 

   ХУЛОСА ЎРНИДА

Бир неча йиллар аввал ушбу ташкилот ҳақида кўрсатув тайёрлаганимда, Қаҳрамон Бомирзаевнинг ёш мутахассис бўлишига қарамай, ўзининг қатъий қарорига эга эканига гувоҳ бўлгандим. Бугун раҳбарларнинг илмга чанқоқ ходимни қўллаб-қувватлови асосида унинг транспорт саноатига керакли, муаммоли саволларга тезкорлик билан ечим топувчи мутахассис бўлганини кўриб, ўша пайтлар хаёлимдан ўтган фикрда янглишмаганимни тушундим. 

Бугунги Автомобил транспорти бошқармаси аввалгисидан бутунлай фарқ қилади. Жамоадаги 

техник-технологик янгиланишлар, кон бошқарма бўлинмалари орасида ҳамиша олдинги сафда туришга интилиш, илғор ғояларни реал ҳаётга – саноатга тадбиқ қилиш бўлинма раҳбари 

Ахат Қурбановнинг кундалик режаси ва мақсадидир. Бугун, Автомобил транспорти бошқармасига бўлган бир кунлик кичик “сафарим” асносида ана шу режаларнинг аниқ мақсад асосида бажарилган ифодасини кўрдим. Албатта, босиб ўтилган муваффақият бир ёки бир неча чоғли гуруҳ билан амалга оширилмайди, балки бунинг ортида катта жамоанинг улкан ва машаққатли меҳнати бор. 

Автобусда қайтарканман, ўша – бизларни кутиб олган таниш қуёш қайтишимизда ҳам ойнадан нур таратиб ҳамроҳлик қилди. Энди автобус ичи эрталабки сокинлик ўрнига ходимларнинг ўзаро ҳазил-ҳузули билан жонланган, фаҳмимча, улар Ватан олдидаги вазифаларининг бир кунини ёруғ юз ила якунлаганлари ва магнитдек ўзига чорлаб турувчи 

маскан – оилаларига омон бораётганларидан хурсанд! 

Тонгдаги мақсадимни жамлаб, ўй-хаёллар оғушида қайтарканман, беихтиёр орқа ўриндиқда бир ходима аёлнинг (менимча яқиндагина ишга қабул қилинган бўлса керак!) шукрга тўлиқ, Шимолий кон бошқармасидан миннатдор, тақдиридан рози оҳангдаги сўзларидан қалбим қувончга тўлди. Ундаги шукур менга кўчгандек бўлди! Кун давомида кўрганим кўплаб хотин-қизлар учун номаълум техник дунё кўз олдимдан ўтдию мендек бир сўз тузувчи, оддий бир аёл учун техник янгиликлар оламини очган тақдиримдан ўргилай, дедиму автобусдан тушиб уйимга фарзандларим оғушига ошиқдим. 

 Нилуфар Муйдинова 

ШКБ кадрлар бўлими мутахассиси

 

26 Oct 2022

 

    Давлатимиз раҳбари ташаббусига кўра маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга мухтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш янги босқичга кўтарилган.

    Куни кеча Учқудуқ тумани ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 252-сонли қарорига асосан тумандаги ишсиз хотин-қизларга маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш маблағлари ҳисобидан субсидия асосида тикув машинкалари топширилди. Жами 90 млн. сўм маблағ эвазига тикув машинаси, дазмол ва дазмол доскасидан иборат жамламани 9 нафар опа-сингилларимиз қабул қилиб олди.

    – Тикувчиликка жуда қизиққаним боис маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисига субсидия асосида тикув машинаси олиш мақсадида ариза топширган эдим, – дейди “Абай” маҳалласидан Зебо Нормаматова. – Уч ой давомида ҳунар ўргандим. Бугун эса мутасаддилар томонидан менга субсидия асосида тикувчилик машинаси топширилди. Энди мен ҳам тикувчилик орқасидан оиламга моддий наф келтираман. Бундан жуда хурсандман.

   Йил якунига қадар Учқудуқ туманида ижтимоий дафтарларга киритилган ва ишсиз хотин-қизларга белгиланган тартибда субсидия асосида тикув машиналари бериш давом этади.

Нафиса НАЖМИДДИНОВА,

туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.

 

24 Oct 2022

 

    21 октябрь - ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан Навоий-кон металлургия комбинати АЖ Шимолий кон бошқармаси ёшлари ўртасида "Она тилим-фахрим, ғурурим!" шиори остида заковат интеллектуал ўйинининг финал босқичи ўтказилди.

   Интеллектуал ўйинда 12 та жамоа иштирок этди. Билимлар баҳсининг якуний натижаларга кўра, фахрли биринчи ўринни “Шарқий” кони жамоаси қўлга киритиб, ШКБ кубогига эгалик қилишди. 

   Иккинчи ўрин 3-гидрометаллургия жамоасига, учинчи ўрин марказий физика-кимёвий лабораторияси ҳамда атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш лабораториясининг биргаликдаги “Лаборатория” жамосига насиб этди.

   Танлов ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Феруз ҒАФУРОВ,

ШКБ ёшлар етакчиси.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: