Инсон қадрини улуғлаш, аввало, аёлга ҳурмат ва эҳтиром, мўътабар оналаримизни эъзозлаш, мунис опа-сингилларимизни қадрлаш орқали рўёбга чиқади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ўз навбатида опа-сингилларимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ўзгаришлар ва ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этмоқдалар.
Кўчиликнинг наздида кончилик, металлургия соҳаси аёллар учун эмас, деган ўй-фикр шаклланган. Лекин, Навоий КМК акциядорлик жамияти ШКБ, "Навоийуран" давлат корхонаси “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони ҳамда "НКМК жамғармаси" Учқудуқ давлат муассасасида меҳнат қилаётган 3 000 нафардан ортиқ хотин-қизлар борлигини эътиборга оладиган бўлсак, улар бугун ҳар соҳада илғор, биринчилардан. Ана шундай ҳар жабҳада фаол бўлган хотин-қизларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга ўзларининг иқтидор ва истеъдодларини намойиш этишга имкон бериш мақсадида “Олтин аёл” кўрик-танлови ташкил этилган.
Куни-кеча “Учқудуқ” маданият уйида ўтказилган танловнинг саралаш босқичида 6 нафар иштирокчи «Ўзимни таништирай», «Ана шундай ишлаймиз», «Агарда мен бошлиқ бўлганимда» шартлари бўйича беллашдилар. Қизиқарли ва мурасасиз кечган баҳсларда фаррош, уста, шифокор, техник касбида фаолият юритаётган опа-сингилларимиз ўз иқтидорларини намойиш этишди.
Дарвоқе, “Учқудуқ” ҳудудий бошқармаси ижтимоий объектлар участкаси 11- ётоқхона фарроши Оқила Баҳронова, “Учқудуқ” ИЧМ Геотехнологик кони машинисти Моҳигул Ҳамдамова, ШКБ иссиқлик, сув - газ таъминоти ва оқава сувлар цехи устаси Маъмура Қиличева, “Учқудуқ” ҳудудий бошқармаси 2-ТСҚ врачи Мунаввар Зарипова, “Учқудуқ” ИЧМ сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи омбор мудири Дилдора Тоҳирова, ШКБ АКТМ техниги Маҳбуба Жолдашевалар кўрик-танловнинг саралаш босқичида иштирок этдилар.