САВОЛ;
Мени турмуш ўртоғимни мендан ташқари яна битта хотини бор. Мен тегишли жойларга ариза бериб турмуш ўртоғимни қўшхотинлик билан жавобгарликка торттирсам бўладими ?
️ЖАВОБ;
Аввало қўшхотинлик (Кўпхотинлик) нима деган саволга жавоб топиб олсак !
Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш деб, умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашга айтилади.
Демак сиз хозирги ҳолатда турмуш ўртоғингизни қўшхотинликда гумон қилиб жавобгарликка торттира олмайсиз. Юқоридаги асосга кўра, агар турмуш ўртоғингиз Сиз айтган ўша иккинчи хотинини Сиз билан яшаётган уйига олиб келиб, бир вақтда у билан хам Сиз билан хам эр-хотин бўлиб яшаса, шундагина унинг бу қилмиши қўшхотинлик бўлади ва Сиз уни қўшхотинлик қилаётганлиги сабабли устидан шикоят қилишингиз мумкин. Ўша ҳолатда тегишли органлар унга жиноят иши қўзғатиб, уни жавобгарликка тортиши учун асослар етарли бўлади.
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Савол;
Мен бир давлат органига бундан уч кун олдин ариза билан мурожаат қилган эдим. Энди аризамни ўша орган томонидан кўриб чиқилишини хохламайман. Мен у аризани жахл устида ёзиб юборган эдим. Энди уни қайтариб олишим мумкинми ?
Жавоб;
“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида” ги қонунининг 32-моддасида, шахс ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиши мумкинлиги белгиланган.
Юқоридаги норма бўйича Сиз мурожаатингизни қайта ариза бериш йўли билан қайтариб олишингиз мумкин лекин, яна бир эътиборли ҳолат бор. Юқорида келтирилган қонуннинг 30-моддасида мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди дейилган. Яъни, Сиз кимнидир фирибгарликда ёки бошқа бир ҳуқуқбузарликда айблаб тегишли жойга ариза бериб, кейин фикрингиз ўзгариб аризангизни қайтариб олсангиз хам уни фирибгарлиги ёки бошқа ҳуқуқбузарлиги аризангизни кўрган орган томонидан текширилиши мумкин. Агар ҳақиқатдан хам Сиз аризангизда кўрсатган одамингиз ҳуқуқбузар бўлиб чиқса унга чора кўрилади. Бундай ҳолатда энди аризангизни қайтариб олишингиз бефойда бўлади
Савол;
Ишсизлик нафақаси тўлаш тартиби ва миқдори қандай?
Жавоб;
Меҳнат кодекси 64-моддасида ишдан маҳрум бўлган, биринчи марта иш қидираётган, шунингдек узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашни истаган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқи белгиланган.
Шунингдек,ушбу кодекс 65-моддасига кўра ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсга у иш қидираётган шахс сифатида маҳаллий меҳнат органида рўйхатдан ўтган кундан эътиборан тайинланади.Ишсиз шахснинг нафақа олиш ҳуқуқи у иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб кечи билан ўн биринчи кундан эътиборан кучга киради.
Қоиданинг мазмунига кўра ишсизлик нафақаси фуқаро ишсиз деб рўйхатдан ўтган вақтдан бошлаб тўланиши шарт.
Бунда ушбу нафақани тўлашни бошлаш узоғи 11 кундан ошмаслиги керак.
Шуни ҳам айтиш керакки, 65-модданинг иккинчи қисмига биноан ишсизлик нафақаси ўн икки ойлик давр ичида кўпи билан йигирма олти календарь ҳафта давомида тўланади.
Аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун 52-моддасига мувофиқ ишсизлик нафақаси ишсиз шахснинг аввалги иш жойидаги охирги бир йилдаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоизда белгиланади. Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан фоизда белгиланади.
Демак, агар шахс аввал қайсидир ташкилотда ишлаб кейин ишсиз деб топилган бўлса,унга нафақа аввалги иш жойида сўнгги йилда олган ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида(52-модда иккинчи қисми) тўланади.
Агар шахс аввал ишламаган бўлса, унда ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида етмиш беш фоизи миқдорида тўланади.
Ҳозирда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори 920.000 сўм.
Агар шахс аввал қаердадир ишлаган ишдан бўшаганига узоқ муддат бўлган бўлса (1 йилдан кўп), ишсизлик нафақаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг бир баравари миқдорида (920.000 сўм) тўланади.
Учқудуқ туман адлия бўлими.