Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан “Туманда ёшларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имтиёзлар ва амалга оширилган ишлар таҳлили, натижалар” мавзусидаги МАТБУОТ АНЖУМАНИ ҳамда ПРЕСС-ТУР ўтказилди.
Медиатурда иштирок этган журналист ва блогерлар даставвал “КЕLАLАК” ёшлар марказидаги стол тенниси, оғир атлетика спорт секциялари фаолияти билан танишдилар. Мазкур тўгаракларда иштирок этаётган ёшлар эришаётган ютуқ ва марралар ҳақида гапириб беришди. Пресс турнинг кейинги манзили “BIG WAY” ўқув маркази бўлди. Бу ерда фаолият олиб бораётган тил ўргатиш курсларида таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар билан яқиндан танишган медиатур иштирокчиларига ўтган 2021-2022 ўқув йилида ўқув марказида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаган ёшлар томонидан қўлга киритилган ютуқлар ҳақида ҳикоя қилинди.
Жумладан, 32 нафар битирувчи – ёшлардан 28 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган бўлса, 30 нафари чет тилини билиш тўғрисидаги IELTS, CEFR миллий сертификатини қўлга киритишган. Улар орасида 7,5 балл олган билимли ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.
Шунингдек, туман ахборот-кутубхона марказида ёшларни китобхонликка кенг жалб этишга доир олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, улар билан ўтказилаётган адабий-бадиий кеча ва тадбирлар билан ҳам танишдилар.
Шу куни пресс-турдан сўнг, журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил қилинди. Унда туман ҳокими С.Хамроев, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Н.Муратовлар иштирок этди.
Учқудуқ ёшларига берилаётган эътибор ва имтиёзлар ҳамда улар билан амалга оширилаётган ишлар таҳлили юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Н.Хариповнинг ахборот тингланди.
Матбуот анжуманида иштирок этган журналист ва блогерлар ҳамда маънавият тарғботчилари томонидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олинди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ