LOTIN-КИРИЛЛ

ЗАЛВОРЛИ МЕҲНАТ, ОЛДИНГА ИНТИЛИШ АСЛО ТЎХТАМАЙДИ!

IMG 7521

Менинг болалик оқшомларим эртакларга тўлиқ бўлган. Ҳарф таниб, сўзларни қўшиб ўқишни бошлаганим ҳамоно, эртак китоблар билан ўртоқ бўлиб олганман. Ўша эртакларда ўқигандим, “Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган” манзилларни.

Бир пайтлар Учқудуқ ҳам шунақа манзил-маконлардан бири бўлган. Бийдай чўлда саҳро  шамоллари  ясаган  қум барханлари аро ҳорғин туялар карвони ўтган бу манзилларда ёлғиз юришга фақат чўпонларнинггина юраги бетлаган.  Аёзи ва жавзосининг аччиғидан қуш учишга қўрққан, дейишади.

50-йилларда Учқудуқдаги кон қазилмаларининг уйғониши натижасида саҳрога сув келтирилди, илм ва технологиянинг ривожи эртакдаги - қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган манзил ҳаёт тарзининг батамом ўзгаришига сабабчи бўлди.

Учқудуқдек вилоят марказидан олисда, атрофини кўзни тиндирар даражада кенг саҳро ўраган  ҳудуд  саноат ривожи натижасида чинакамига чўл гулига айланди. Бир пайтлар қўша-қўша лапанглаган карвонлар, қозоқ чўпонлари сурув-сурув қўй-қўзисини ҳайдаб, ўлан-ла, гулхан ёққан ерларда қолган излар ўрнини кўркам шаҳар эгаллаган. Шаҳарнинг ривожи Шимолий кон бошқармаси негизида юксалди. Улкан комбинатнинг бир бўлинмаси сифатида фаолиятини бошлаган Шимолий кон бошқармасида аввалига саноқли корхоналар мавжуд эди. Ташкилотнинг  йил сайин, давр билан ҳамнафас  такомиллашуви яна бир нечта соҳа ва мутахассисликларга эҳтиёж пайдо қилди. Кон бошқармада бирин-кетин бўлинмалар сони кўпайиб борди.

1965 йил 27 январда Шимолий кон бошқармаси бўлинмалари сафида яна бир  бўлинма иш бошлади. Корхоналардаги товар-моддий бойликларнинг сақланишини қўриқлаш, ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш ва муҳофаза қилиш мақсадида, Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди ташкил этилди. Дастлабки йилларда отряд биноси кўримсиз баракларда жойлашган, 60 нафар ходим билан фаолият бошлаган. Қўриқланадиган корхоналар сони 4-5 та, хизмат олиб бориладиган назорат ўтказув пунктлари эса 15-20 тани ташкил қилган. Кейинчалик, ишлаб чиқаришнинг ўсиши, тизимдаги корхона ва ташкилотлар сонининг ортиши ходимлар сафини  кенгайтиришни талаб этди.

IMG 7488

Отряд номи ҳам ундаги жараён ва меҳнат фаолияти қатъий ҳарбий қоидаларга асосланганини кўрсатади. Шимолий кон бошқармасида саноат тармоқларининг, технологик жараёнларнинг ривожланиш босқичи юксалиши қолаверса, республикамиздаги ижтимоий-сиёсий  ислоҳотлар  отрядга ҳам янги-янги вазифаларни юклади. Бугунги отряд беш ёки ўн йил олдинги Идоравий-ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди эмас, бугун отряднинг тартиб-қоидалари, кадрлар сиёсати ва моддий-техник базаси батамом янгиланган. Отряд фаолияти рухсатномали тартибни амалга ошириш, корхоналарда ҳамда “Даугизтау” ва “Кокпатас” саноат майдонларида товар-моддий бойликлар талон-тарож қилинишининг олдини олиш, махсус юкларни кузатиб боришни таьминлаш, мавжуд техник-муҳандислик ҳамда  алоқа воситаларидан тўғри ва унумли фойдаланиш, табиий офатлар ва фавқулодда ҳолатлар рўй берганда, шунингдек, террорчилик хуружларини бартараф этишда қатнашишдан иборат.

Юқорида Идоравий-ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отрядининг моддий-техник базаси ва кадрлар сиёсати тўғрисида тўхталдик. Сўнгги йилларда отряд маъмурий биноси ҳамда, хизмат олиб бориладиган назорат ўтказув пунктлари аҳволини яхшилаш мақсадида, таҳсинга лойиқ ишлар амалга оширилди. Ўқув хонаси, шахсий таркиб тарқатув ҳудуди ҳамда қоровулхона замон талаблари даражасида таъмирланди. Назорат ўтказув пунктларида ҳам навбатчиликда бўлган ходимлар учун овқатланиш хонаси ташкил этилиб, бу ерда музлатгич, микротўлқинли печ, кондиционер каби маиший жиҳозлар билан таъминлаш масалалари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Зиммага юкланган вазифалар отряд кадрлар салоҳиятини спорт, маънавият ва давр билан ҳамнафас бўлган ёш, илмли, ҳарбий ҳаёт мактабини ўтаган ходимлар билан тўлдиришни талаб этгани боис, ходимларнинг 70 фоизини билаги кучга тўлиқ, спортсевар ёшлар ташкил этмоқда. Шахсий таркибнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш муҳим вазифалардан бири. Шу боис ҳам отряд жойлашган ҳудуд атрофида қурилган спорт майдончаларида ходимлар ўртасида доимий равишда жисмоний тайёргарлик ва спорт мусобақалари ўтказилади.

Касб, ҳунар – ризқ манбаидир. Яратган ризқимизни Шимолий кон бошқармасидек улкан ташкилотга боғлаб қўйган экан, бу неъматнинг шукрини қилмоғимиз, қадрини англамоғимиз зарур. Зеро, шукур  барака келтирувчи омилдир. Халқимизда “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма!”, қабилидаги нақллар, ҳикматли сўзлар элимизнинг асрлар давомида ўз ҳаёт тажрибасида синаб, уйи ва мол-мулкини ёхуд ўз ҳудудини асраш, қўриқлаш, бегона кўзлардан ҳимоя қилишни кўзда тутиб айтилган. Инсон  руҳиятида яшовчи ҳавойи нафс ҳар қадамда уни ўз йўриғига юргизиш пайида бўлади, охири вой бўлган иллатни гўзал кўринишда намоён этади.
Идоравий-ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди ходимлари нафсининг сўзига қуллуқ қилиб, ўзи меҳнат қилаётган ташкилотдаги товар-моддий бойликларини талон-тарож қилишга уринган айрим ходимларнинг ҳаракатига чек қўйиб, 2022 йил давомида ташкилотга миллионлар миқдорида фойда келтиришган. Чунончи, товар-моддий бойликларини талон-тарож қилиш бўйича – 197 та, ёқилғи-мойлаш материалларини талон-тарож қилиш билан боғлиқ – 48 та, маст ҳолатда бўлиш ва спиртли ичимликлар билан боғлиқ – 13 та, шунингдек, қоидабузарликлар бўйича: электрон воситалар (видео, фото, мобиль телефонлар, диск ва бошқа турдаги ахборот ташувчи воситалар) билан боғлиқ - 163 та, рухсатномали тартиб бузилишининг бошқа турдаги ҳолатлари – 103 та, соқчига қарши ҳаракатлар бўйича (бўйсунмаслик, ҳақорат ва ҳ.з.) – 8 та қоидабузарлик ҳолатлари юзасидан баённомалар расмийлаштирилган.

IMG 7467

Куни-кеча отряднинг бир гуруҳ ходимлари раҳбариятнинг эътирофига сазовор бўлдилар. Улар орасида эркаклар билан бир сафда, кўп йиллардан бери ҳарбийларча қоидалар билан ҳамнафас меҳнат қилаётган Гулҳаё Эргашевани кўриш мени жуда қувонтирди. У саҳнага кўтариларкан, беихтиёр: “Демак, Тўмарислар, Зеболар ҳали яшамоқда, улар орамизда меҳнат қилмоқда!”, деган ифтихор кўксимни  қамраб олди!

Болалигимизда қизлар қўғирчоққа алла айтишиб, ўзларига маълум бўлмаган бахт – оналик неъматини орзулашарди, ўғил болалар ҳарбийлардек “честь” беришарди. Бугуннинг боласи ҳам шундай: у ўзига мукаммал деб билган – дунёни меҳри билан тебратиб  турган она тимсолида ва халқнинг осуда ҳаёти учун доимо уйғоқ ва сергак ҳарбийлик тимсолида кўради ўзини.

Бугун Идоравий-ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отряди ходимларининг фарзандлари ҳам ота ё онасининг шкафда илинган ҳарбий формасига қараб, хавас-ла катта орзуларига йўл қураётгани аниқ! Бу йўллар уни, уларни  ва барча орзуманд болаларни Ватан фаровонлиги йўлидаги муқаддас бурчларга садоқат-ла “лаббай!”, дейишга ундайди.

Нилуфар Муйдинова,

ШКБ Кадрлар бўлими мутахассиси.

O'qilgan: 368 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: