LOTIN-КИРИЛЛ

1- ғолиб лойиҳа, тумандаги "Дўстлик" МФЙ ҳудудидаги ИИБга бориш йўлини таъмирлаш (https://openbudget.uz/boards/initiatives/initiative/31/77a8e2dc-e618-4b4d-835e-a7711ad96c07) (асфальт ётқизиш) учун 1 млрд 300 млн сўм.

2 - ғолиб лойиҳа, умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари доирасида 20-сонли мактабнинг моддий техник базасини ривожлантириш учун (https://openbudget.uz/boards/initiatives/initiative/31/4bb7ae10-e37a-4051-916e-c8e5c1274277)1 млрд 320 млн сўм пул маблағлари ажратиш бўйича лойиҳалар етарлича овоз тўплаб ғолиб бўлди.

Ташаббусли бюджет ғолибларини табриклаймиз, зеро барчаси туманимиз ободлиги йўлида қилинаётган ҳаракатлар самарасидир.

     Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”.
     Мамлакатимиз ёшларига эътибор ҳақида гап борар экан, уларнинг билимли ва замон талабларига тўла мос инсонлар бўлиб етишишида таълим тизимининг аҳамияти нақадар муҳим эканини алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, ёшларга бўлган эътибор ҳар қачонгидан зиёда. Биз ёшларнинг ҳозирги кундаги имкониятларимиз чексиз. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиш эса ўз қўлимизда.
     Ҳозирда мен талабалик бахтига мушарраф бўлдим. Ҳаяжоним ичимга сиғмайди. Нафақат менинг, балки мен билан кеча-ю кундуз билимларини улашган устозларим қалбида ҳам шу ҳис-туйғу. Бу лаҳзалар такрорланмас. Ота-онанг, устозларинг кўзидаги шодлик, тенгдошларинг кўзидаги ҳавас... Эҳ, нақадар гўзал!!!
Ҳа бу гўзаллик ортида тинимсиз меҳнат, қанчадан қанча бедор тунлар, ечими топилмаган саволлар олдида сарфланган вақтлар бисёр. Минг шукрки бугун барчасининг мукофоти тенгсиз бўлди, мен ўзимга билдирилган ишончни оқладим, устозларимнинг мен учун сарфлаган меҳнатига муносиб бўлдим. Шу ўринда ушбу нақл эсимга келди.


Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,
Агар устоз рози – Тангри розидур.


   Ҳеч ким она қорнидан авлиё бўлиб туғилмайди! Чунки билим мисқоллаб, тажриба вақтни харжлаб йиғилади. Биз буни яхши биламиз! Туманимиздаги 10-мактабда илк таълимим бошланган бўлса менга берилган билимларнинг асл эгалари, ўргатувчилари, қўллаб-қувватловчилари ҳам шу мактаб устозлари бўлган. Илк таълимни устозим Н???.Хўжаевадан олган бўлсам, юқори синфда устозим Э.Ҳамидова кўмаги билан барча фанларни тенг ўзлаштирдим. Лекин улар ичида тарих фанига бўлган қизиқишимни сезган, мени бу фан орқали ютуқларим бардавом бўлишини пайқай олган устозим Лазиз Темировнинг мен учун қилган меҳнатлари беқиёс.
Дастлаб фан олимпиадаларида, кейинчалик ўз йўналишимдаги танловларда, турли тест синовларида менга ишонч билдириб, қўллаб мен билан тенгма-тенг меҳнат қилган устозимга ҳурматим чексиз.
     Бугун меҳнатим, йўқ меҳнатларимиз самараси сифатида мамлакатимиздаги энг нуфузли олий таълим даргоҳларидан бири бўлган Тошкент давлат юридик университети талабаси бўлдим, тенгдошларим орасида юқори балл тўплаб Президент грантига даъвогарлик қилмоқдаман.
Халқда: «Устоз кўрибсан – сенга пир йўлиқибди», деган нақл бор. Ҳақ гап. Мен айни ёшга қадар жуда кўп улуғ инсонлар қўлида таълим олдим. Уларга ихлос қилдим ва улар сабаб кўп нарсага эришдим. Шу маънода менга чинданам ўз фанининг билмдонлари йўлиққани рост!
    Азиз устозим! Биламан, гапириш осон. Аммо шу нарса аниқки, мен ва менинг тимсолимдаги барча шогирдларингиз сизни яхши кўрамиз!
Чиндан ҳам яхши кўрамиз!

Далер Неъматов,
10-мактаб битирувчиси,
ТДЮУ талабаси.

      Қайнона билан келиннинг гапи - гапига тўғри келмади. Қайнона“ади” деса, келин “бади” деди. Бўш келмади. “Каттаман” деб қайнона кўприк бўлмади. “Ёшман”, деб келин тилини  тиймади. Икки ўртада қолган
йигит қайси бармоғини тишламасин оғриди. Ноилож аламини хотинидан олди. Бир мушт тушурганди, кўзи кўкарди.

     Бундай муносабатга кўникмаган келин аразлаб кетди...

      Қайнона ҳовуридан тушди. Келинини кечирган бўлди. Ўғлини уни олиб келишга жўнатди. Куёвни бутун бошли оила талади:

 -Ҳовлимга қайтиб оёғингни босма, -деди ота. Сенга берадиган қизим йўқ.

-Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга ҳам сиғади, - деди она.

-Синглимни урган қўлларингни синдираман, - деди ака.

-Сизга текканидан бери дарддан чиқмайди, - деди қайнопа.
Хуллас, бутун оила куёвга  қарши турди. Ҳеч ким ундан: “Нега қўл кўтардинг?”, деб сўрамади. Қарс икки қўлдан чиқишини ўйламади. Куёвнинг авзойи бузилди. Бурилиб кетди. Келин кўрдики, вазият қалтис. Эрига таъна қилишяпти. Эрига бу гаплар оғирлик қилишини билди. Бу гапларни кўтараолмаслигини билди...

     Шунинг учун ортидан югурди. -Тўхтанг, мен сиз билан кетаман!  Келин ортига ўгирилди.

      Ғалати аҳволда қолган яқинларига  гуноҳкорона боқди. -Узр, айб мендан ҳам ўтганди...

Лола ЎРОҚОВА.

    Кулгуни ўрганувчи фан - гелотология тасдиқлайди: 5 дақиқа давом этган кулги 40 дақиқали ҳордиқ ўрнини босади. Ахир кулгу - табиатнинг инсонга ато этган шифобахш воситасидир. Кулгу инсон физиологиясига ижобий таъсир этиб, соғлиқни асрайди ва умрни узайтиради.

    Ҳазил-мутойибага мойил кулгу шинавандалари камроқ касалланиши бу - илмий исботланган факт. Хўш бунинг сири нимада?

    Америкалик руҳшунослар шундай тажриба ўтказдилар. Унда ўн киши иштирок этиб, режага кўра улар бир нечта кулгили видеотасвирларни томоша қилишлари керак эди. Тажрибадан икки кун аввал, томоша бошланишидан ўн беш дақиқа  олдин ва томоша тугаши заҳоти мутахассислар бир нечта кўрсатмалар бўйича тажриба иштирокчиларининг руҳий ҳолатини ўргандилар.

   Маълум бўлишича, ўйин-кулги кутилаётган вазиятнинг ўзи организмимиз ҳолатини яхшилашга хизмат қилар экан. Тажриба бошланишидан  2 кун олдин иштирокчиларда депрессия кўрсаткичи 51  фоизга, хижиллик 36 фоизга, чарчоқ 15 фоизга камайган. Томоша якунланаётганида эса депрессия 98 фоизга, хижиллик 75 фоизга, чарчоқ  87 фоизга тарк этган.

Табассум қилиш дўст орттиришга, қийинчиликларни енгишга ёрдам беради. Ундан ташқари, оптимистлар ҳазилга тоби йўқ, тунд кишилардан фарқли ўларок, юқумли касалликларга мойил бўлишмайди. Кўпгина кузатувлар қаҳ-қаҳа отиш воситасида ҳатто сурункали артрит касаллигини муолажа қилиш мумкинлигини тасдиқлади. Инсон кулганда қон таркибида оғриқни қолдирувчи хусусиятга эга эндорфиннинг ҳиссаси ортади.

   Кулгу мушакларни бўшаштириб, уларга дам бериш имкониятини яратади. Инсоннинг кулгуга таъсирчан бўлган иммун системаси тўғридан-тўғри стрессга бўлган реакцияга қарама-қарши туради. Яна бошқа илмий изланишлар оналари ҳазилкаш бўлган гўдаклар ўткир респиратор вирус инфекцияси  билан деярли оғримаслигини кўрсатади.

   Қаҳ қаҳа, агар шундай дейиш тўғри бўлса, инсонга худди эрталабки бадан тарбия, югуриш машқи сингари таъсир курсатади: қон босими аввал тез кўтарилиб, кейин аста-секинлик билан пасайиб боради. Кулгу стрессни келтириб чиқарувчи учта асосий гормонни йўқотиши илмий исботланган. Яқинда эса япониялик олимлар кулгунинг қондаги қанд миқдорига жиддий таъсир килишини аниқладилар.

    Асли кулги бу нафас олиш гимнастикаси. Унинг ҳатто санскритча номи бор: хасьяйога. «Хо-хо» - қориндан (диафрагмадан), «ха-ха» юракдан, «хи-хи» кўкрак қафасидан чиқади. Бугунги кунда ичак узди кулги қаҳқаҳаси терапевтик аҳамиятга эга.

    Кулгитерапия ғарб шифохоналарида аллақачон амалда. Кулгини ўрганувчи халқаро жамият конгрессларининг бирида таъкидланишича, онкологик касаллик билан оғриган беморларнинг кулгитерапия муолажасини ўташ давомида соғлиги ва тиббий кўрсаткичи сезиларли яхшиланган.

    Табиатан ҳазилкаш инсонлар ғамгин юрадиганларга қараганда юрак хасталиги билан 40 фоизга камроқ касалланар эканлар. Кулги астма ва бронхит касаллигига учраган одамлар учун энг яхши дaвo мaшқлapидaн биридир. Одам кулаëтганда ўпка фаолияти жонланади ва туриб қолган балғамнинг тозаланиши  учун қонга кислород олиб киради.

   Шифокорлар кулгини нафас йўлларидаги балғамни кўчиришда кўкрак қафасини физиотерапиясига қиёслашади. Гап шундаки, биз кулаëтганимизда организмимиздаги ҳамма аъзоларга нисбатан жисмоний босим ошади. Кулгидан тўхтаганимизда танамиз бўшашиб, хотиржам бўлади, аниқроғи, кулги пайтида босим бартараф этилади. Олимларнинг таъкидлашича, 1 дақиқа давом этган самимий кулги  45 дақиқали кучли релаксацияга тенг.

    Кулги иммунитетни оширади. 1 дақиқали самимий кулгидан кейин нафас йўлларига организмни турли бактерия ва вируслардан ҳимоя қилувчи катта миқдорда антитела киради. 10 дақиқали кулги қон босими кўтарилганда уни тушириши ҳамда холестерин тошмаларнинг пайдо бўлиш эҳтимолини камайтириши мумкин. Кулги пайтида соатига 100 километр тезликда ўпкадан ҳаво чиқади, бу эса ўпка фаолиятини ўта фаоллаштиради. 17 дақиқа давом этган кулги умримизни 1 йилга узайтирар экан.

Раъно АҲМЕДОВА,

туман тиббиёт бирлашмаси терапевт врачи.

    Prezident Farmoni (PF–158-son, 11.09.2023-y.) bilan “Oʻzbekiston – 2030” strategiyasi tasdiqlandi hamda uni 2023-yilda oʻzi vaqtida va sifatli amalga oshirish boʻyicha Prezident qarori (PQ–300-son, 11.09.2023-y.) qabul qilindi.

     Farmonga koʻra, “Oʻzbekiston – 2030” strategiyasi quyidagi 5 ta ustuvor yoʻnalish hamda 100 ta maqsaddan iborat:

   har bir insonga oʻz salohiyatini roʻyobga chiqarish uchun munosib sharoitlar yaratish;

   barqaror iqtisodiy oʻsish orqali aholi farovonligini taʼminlash;

   suv resurslarini tejash va atrof-muhitni muhofaza qilish;

   qonun ustuvorligini taʼminlash, xalq xizmatidagi davlat boshqaruvini tashkil etish;

    “xavfsiz va tinchliksevar davlat” tamoyiliga asoslangan siyosatni izchil davom ettirish.

  Qarorga koʻra, 2024-yil 1-yanvardan:

davlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari tarbiyalanuvchilariga oqsil, vitamin va minerallar bilan boyitilgan sut, yod bilan toʻyintirilgan non mahsulotlari berilishi yoʻlga qoʻyiladi;

Xorazm viloyatining Qoʻshkoʻpir va Xonqa tumanlarida eksperiment tariqasida, barcha boshlangʻich sinf oʻquvchilari taʼlim planshetlari bilan taʼminlanib, kelgusida mazkur tajriba respublikaning barcha hududlarida bosqichma-bosqich joriy etiladi;

banklarning nodavlat umumiy oʻrta taʼlim tashkilotlari faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun qiymati 20 milliard soʻmgacha kreditlar boʻyicha, foiz stavkasi asosiy stavkadan oshadigan, lekin uning 1,5 baravaridan koʻp boʻlmagan qismini qoplash uchun kompensatsiya taqdim etish amaliyoti yoʻlga qoʻyiladi.

   2023/2024 oʻquv yilidan:

umumiy oʻrta taʼlim muassasalari 10-sinf oʻquvchilarini kasb-hunarlarga oʻrgatish kurslari joriy etiladi;

Prezident maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablar umumiy oʻrta taʼlim muassasalari uchun “tayanch maktab” etib belgilanadi.

      Ўқитувчи деганда инсон дилини ёритгувчи, ёруғликка элтувчи, зиё тарқатувчи, ўқувчилари қалбини забт этиб, уларни тўғри йўлга йўллагувчи касб эгаларини кўз олдимга келтираман. Ўқитувчи инсон қалбининг кашфиётчиси, десак муболаға бўлмайди.
Албатта, ўқувчиларнинг “устоз” деганини эшитиш ҳар бир муаллимга ўзгача завқ бағишлайди. Шунданми биз устозлар, азалдан аждодларимиз юксак қадрлаган бу бебаҳо касбга муносиб бўлишга интиламиз, ўқиб-изланишдан толмаймиз. Мактабни битирган ёшларга қараб бўлажак мутахассис ва кадрларни ўқитиш биз каби устозларга ҳам насиб этганидан қувонамиз. Улар орасида менинг ҳам шогирдларим бор, дея фахрланамиз.
     Аслида шогирдлар ҳам фарзанд каби ҳаётнинг бебаҳо неъматидир! 20 йиллик фаолиятим давомида кўплаб шогирдларим камолини кўришдек бахтни насиб этган Аллоҳимга шукроналар айтаман.
     Бир вақтлар устозларимдан олган билимларимни, бугун шогирдларим билан бўлишар эканман, меҳнатларим ортидан халқим фарзандаларини тарбиялаётганим, улар ўз йўлини топишида оз бўлсада ҳиссам борлигидан қалбим ғурурга тўлади.
Санжар Абдурахмонов, Олимжон Исматов, Бехрузжон Эшпўлатов, сингари собиқ ўқувчиларим олий таълим даргоҳларини тамомлаб, бугун нуфузли халқаро ташкилотларда ва таълим муассасаларида фаолиятини давом эттираётир. Нодиржон Сайдалиев, Азиза Авезова, Муқаддас Омонова, Мухлиса Мамаражабова, Назокат Мўминова, Шамшод Нутфуллаев, Далер Неъматов каби энг юқори балл билан мамлакатимиздаги қатор нуфузли олий таълим даргоҳларига жумладан, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган шогирдларим билан фахрланаман.
Бобом “Олим бўлсанг, олам сеники” деб кўп айтарди. Ҳар куни: “Китобингни ўқи”, дейишни канда қилмасди. Шунданми бугун мен ҳам фарзандларимга, шогирдларимга шу нақлни такрорлашдан чарчамайман. Сабаби китоб мутолааси ортидан бугунги даражага эришдим. Олган ва берган билимларим эвазига:“Ҳурматли устоз!”атандим.
Фаолиятим нафақат шогирдларим камоли билан, балки таълимга қаратилаётган эътибор билан ҳам бир неча бор эътироф этилди. “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландим, олий тоифали тарих фани ўқитувчиси сифатида саноқли устозлар қаторида вазир устамасини қўлга киритдим. Ҳозирда туманда тарих фанидан миллий сертификатга эга бўлган ягона ўқитувчиман.
     Ёзганларимни нокамтарлик деманг, айтмоқчи бўлганим шарафли касбим ортида қилган меҳнатларим бесамар кетмади. Мен тарбиялаган шогирдларим сабаб: “Устозингга раҳмат!” дейишса шундан фахрга тўламан.

Лазиз ТЕМИРОВ,
10-умумий ўрта таълим мактаби тарих фани ўқитувчиси.

 

            Insonning umri davomida jamiyat va xalq uchun ko‘rsatgan fidoyiligi hamisha qadrlanib kelingan. Oramizda shunday insonlar borki, ular o‘z zimmasidagi vazifani ado etishga nafaqat bilimi, salohiyati, balki qalb qo‘ri, mehrini baxshida etadi. Kasbiga bo‘lgan sadoqati, fidoyiligi tufayli el-yurt orasida hurmat-e’tibor topadi.

    Baxtiyor Utashev 1977 yilda Navoiy viloyatining so‘lim Xatirchi tumanida tavallud topgan. Tomchilardan daryo hosil bo‘lganidek, oilada qut-baraka, yaxshilik ham, oiladagi chiroyli muomala va hamisha bir-birlarini tushunib shukr qilib yashashdan tug‘iladi. Baxtiyor aka 7 nafar farzand kamolga yetayotgan  oddiy ishchi oilasida tug‘ilgan bo‘lsada, oiladagi izzat-hurmatni yaxshilikni yaxshi-yomon kunda yelkadosh bo‘lishdek tuyg‘ularni qalbiga singdirib voyaga yetdi.

   Akalari bilan bir kiyimni navbat bilan kiyib katta bo‘lgan qahramonimiz paxta va sholi dalalarida harakatlanayotgan, katta ariqlarni qaziyotgan texnikalarning kuchiga, haydovchilarning mahoratiga hayron qolib ulg‘aydi.  Shu-shu, yoshligidan texnikaga bo‘lgan qiziqishi ortib bordi. Bu qiziqish uni Toshkent texnologiyalar universitetiga hujjat topshirishga undagan bo‘lsada, talabalik baxti nasib etmadi. Harbiy xizmatdan qaytgan Baxtiyor aka bu bilan maqsadidan qaytmadi, Toshkent geologiya qidiruv texnikumiga o‘qishga kirib shu yo‘nalishda ishlashni maqsad qildi.

    2001 yilda Shimoliy kon boshqarmasiga qarashli GTK da mashinist yordamchisi bo‘lib faoliyatini boshlagan Baxtiyor aka, 2004 yilda burg‘ulash uskunasi mashinisti, 2010 yildan bugungi kunga qadar brigadir bo‘lib faoliyatini davom ettirmoqda. U ustozi Shaxobiddin Gadoyevdan o‘rgangan bilimlari, uzoq yillik tajribasini 30 ga yaqin shogirdlari bilan bo‘lishib,  hurmatdagi ustoz darajasiga ko‘tarilgan fidoiylardan.

    Baxtiyor aka  burg‘ulash sohasida 22 yildan ziyod tajribaga ega mehnatkash xodim sifatida nafaqat shogirdlarining balki hamkasblarining  ham hurmatini qozongan.

-O‘zingga ishonib topshirilgan texnikani ko‘z qorachig‘idek asrab-avaylash ish unumdorligining asosidir. Oddiy ehtiyotsizlik oqibatida vaqtdan yutqazish ish samaradorligiga katta zarar keltiradi. Shuning uchun ham ishda talabchanlik va qattiqko‘llik muhim, – deydi  Baxtiyor Utashev.

    U 2022 yil dekabrida  “Konchilik shuhrati” ko‘krak nishoni bilan mukofotlangan bo‘lsa, yaqinda Prezidentimiz Farmoniga binoan, “Shuhrat” medali bilan taqdirlandi.

-Men bu xushxabarni ish joyimda kutib oldim. Hamkasblarim, rahbariyat mening bu kabi kamtarona mehnatlarim juda yuqori baholanganini aytib, suyunchilarkan mamlakatimizda, yurtim deb qilinayotgan har qanday mehnat qadr topayotganiga amin bo‘ldim, – deydi Baxtiyor aka.

     Darvoqe, har bir insonda avvalo, oilasi tinch bo‘lsa kayfiyati ko‘tarinki, qilayotgan ishi unumli natijasi esa ko‘ngildagidek bo‘ladi. Har bir inson haqiqiy halovatni birinchi navbatda o‘z oilasidan oladi. Oiladagi kattalar orasidagi munosabatlar unda voyaga yetayotgan farzandlarga juda katta ta’sir ko‘rsatadi.

Baxtiyor Utashev ayoli Ozoda Raxmonova bilan 2 nafar farzandni tarbiyalab kelmoqda. Katta o‘g‘li Muhammadali bugungi kunda Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti talabasi, kichik o‘g‘li Maqsudjonning ota kasbiga qiziqishi baland. Kyelajakda shu yo‘nalishda ta’lim olishni maqsad qilgan. Baxtiyor aka farzandlariga kasb tanlab bermadi, ularni o‘z qiziqishlari bo‘yicha o‘qitishni maqsad qildi. “Qaysi soha mutaxassisi bo‘lsangiz, uni mukammal egallang. Shundagina haqiqiy soha vakiliga aylanasiz”,  deydi qahramonimiz.

     Ha, inson o‘ziga berilgan e’tirofdan faqatgina quvonadi, bu uning mehnatiga rahmat, kelgusi faoliyatida qanot bo‘ladi. Umid qilamizki bu e’tibordan keyin  Baxtiyor aka Utashev yanada g‘ayrat bilan ishlab, yangi marralar sari dadil odimlashi shubhasiz. Bunga esa uning bilimi, tajribasi va kuch-g‘ayrati yetarli. 

Feruza YANDASHOVA,

maxsus muxbirimiz.

 

  Шифокорлик - масъулиятли касб. Чунки унинг фаолияти инсон саломатлиги ва ҳаёти билан боғлиқ. Айниқса, шошилинч вазиятда беморга тўғри ташхис қўйиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсата олишда шифокорнинг масъулияти яққол кўринади. Бу эса касб соҳибидан чуқур билим, тажриба ва маҳорат талаб этади.
Соғлиқни сақлаш ходимлари ҳамда аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш ишида ўзини кўрсатган, тажрибали ва малакали, ўз фаолиятида юқори натижаларга эришган шахсларга 2006 йилдан буён бериб келинаётган “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан кўплаб учқудуқлик шифокорлар ҳам тақдирланган.
       Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан бу йил ҳам, туманимизда меҳнати муносиб эътироф этилган шифокорларимиз сони 1 тага кўпайди.
Шифокорлик — машаққатли касб, ўзгалар дарди билан, уларнинг тақдири ҳақида қайғуриб яшаш, албатта, осон эмас. Беморларнинг тезроқ тузалиб, оиласи бағрига соғ-омон қайтиши эса нафақат тиббий муолажалар, балки ширин сўз ва меҳрга ҳам боғлиқ. Бутун фаолияти давомида қасамёдига содиқ қолиб, шифокор номига доғ туширмаган, минглаб беморлар дуосини олган бундай фидойи инсонлар ҳамиша эъзозу эҳтиромга лойиқ. Бугун 35 йиллик тажрибага эга бўлган, Учқудуқ туман тиббиётида билими ва тажрибаси, сабр-матонати билан ҳурмат қозонган, қолаверса, жасорат ва фидойилик соҳибаси Раъно Ахмедованинг меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
      Шифокор ҳар бир беморга ўз ака-укаси, опа-синглиси, яқинларидек муносабатда бўлсагина, халқ орасида ҳурмат, ном ва меҳр қозонади. Узоқ йиллардан бери ҳамшаҳарларимизнинг севимли шифокори, кўплаб шогирдларнинг устози Раъно Ахмедовага ютуқлар муборак бўлсин!

     2022 йилда Глобал очлик индексида энг яхши деб топилган мамлакатлар орасида Ўзбекистон 21-ўринни эгаллади. Беларус, Босния ва Ҳерцеговина, Чили давлатлари рейтингда энг юқори поғонада бўлса, энг кичик кўрсаткичлар Мадагаскар, Марказий Африка Республикаси ва Яман мамлакатларида кузатилмоқда.

     Жорий йилда Глобал очлик индексда 121 та мамлакат иштирок этди. Мазкур индексда Ўзбекистон энг яхши деб топилган мамлакатлар орасида 5,6 балл билан 21-ўринни эгаллади. Ушбу маълумот Глобал очлик индекси расмий сайтида тақдим этилган.

    Ушбу кўрсаткич мамлакат озиқ-овқат етишмовчилигига дучор бўлмаслигини англатади. Мазкур индекс кўрсаткичи 2020 йилда — 24,2; 2007 йилда — 15,4; 2014 йилда — 8,3 бўлган.

    Глобал очлик индексининг етакчи поғоналарида Беларус, Босния ва Ҳерцеговина, Чили давлатлари жойлашган. Энг кичик кўрсаткичлар Мадагаскар, Марказий Африка Республикаси ва Яман мамлакатларида кузатилмоқда.

МДҲнинг қолган давлатлари қуйидаги ўринларни эгаллади:

Қозоғистон — 24;
Россия — 28;
Арманистон — 32;
Озарбойжон — 36;
Украина — 36;
Қирғизистон — 40;
Тожикистон — 67.

    Бу индекс ҳар бир мамлакат учун тўртта кўрсаткични жамлаш орқали аниқланади: тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши; беш ёшгача бўлган вазни меъёрдан паст болалар улуши; беш ёшгача бўлган бўйи меъёрдан паст болалар улуши; беш ёшгача бўлган болаларнинг ўлим даражаси.

    Глобал очлик индекс кўрсаткичлари мавжуд бўлмаган мамлакатлар ва баъзи бир юқори даромадли мамлакатлар, аҳолиси кам мамлакатлар ва мустақил бўлмаган ҳудудлар учун ҳисобланмаган.

 

     Qonunchilikda “Yoshlar daftari”ga kiritilganlar uchun 25 ga yaqin imtiyozlar nazarda tutilgan. Ularning ayrimlaridan foydalanish haqida ma’lumotlar taqdim etildi.

1. Bir martalik moddiy yordam

“Yoshlar daftari”ga kiritilgan moddiy ahvoli ogʻir yoshlarga BHMning 4 baravarigacha (1 mln 320 ming soʻmgacha) moddiy yordam beriladi.

Moddiy yordam olish uchun mahalladagi yoshlar yetakchisiga ariza beriladi.

Yoshlar yetakchisi 3 ish kunida ariza bergan shaxsning ijtimoiy holatini oʻrganadi hamda moddiy yordam berish yoki rad etish toʻgʻrisida Vasiylik kengashiga (tuman (shahar) yoshlar ishlari boʻlimi) xabar beradi. Moddiy yordam “Xalq banki” orqali naqd yoki plastikka kartaga beriladi.

Bir martalik moddiy yordam olish yoshlarni “Yoshlar daftari”dan chiqarishga asos boʻlmaydi. Moddiy yordam bir yilda bir marotaba beriladi.

2. Yoshlarning tadbirkorlik va kasb-hunarga oʻqish xarajatlari qoplab beriladi

    Yoshlarning tadbirkorlik va kasb-hunarga oʻqish xarajatlarining 75 foizigacha qismi hokim yordamchisining ijobiy tavsiyasi asosida toʻlab beriladi.

Buning uchun tadbirkorlikka yoki kasb-hunarga oʻqishni istagan yoshlar tuman (shahar) Yoshlar ishlari boʻlimiga ariza hamda oʻquv kursi shartnomasi nusxasini beradi.

Shartnomada taʼlim tashkiloti nomi, STIR, oʻquv kursi yoki kasb-hunar nomi, bir oylik toʻlov miqdori va umumiy muddat koʻrsatilgan boʻlishi lozim.

Hujjatlar 3 ish kunida ariza bergan yoshlar yashaydigan mahalladagi hokim yordamchisiga koʻrib chiqish uchun yuboriladi va hokim yordamchisi 5 ish kunida oʻqish xarajatlarini qoplash haqidagi tavsiyanoma berish yoki rad etish haqida yoshlar ishlari boʻlimini xabardor qiladi. Tavsiyanoma berish rad etilsa, u asoslantirilgan boʻlishi shart.

Hokim yordamchisi arizani 5 ish kunida koʻrib chiqmasa yoki tavsiyanoma berishni asossiz rad etsa, Vasiylik kengashi (yoshlar ishlari boʻlimi) oʻz tashabbusi bilan kontrakt pulini oʻtkazib berishi mumkin. Oʻqish xarajatlarning 75 foizigacha qismi, biroq quyidagi miqdorlardan koʻp boʻlmagan holda toʻlab beriladi:

– bir oygacha boʻlgan kurslar uchun – BHMning 4 baravarigacha;

– bir oydan 2 oygacha boʻlgan kurslar uchun – BHMning 8 baravarigacha;

– ikki oydan koʻp muddatli kurslari uchun – BHMning 12 baravarigacha.

Hokim yordamchisi yoshlarning haqiqatda oʻqiyotganligini har oyda kamida bir marta monitoring qiladi. Agar yoshlar oʻqishga bormayotgan boʻlsa, kurs xarajatlarini qoplash toʻxtatiladi.

3. Yoshlarning avtomaktabda oʻqish xarajatlari qoplab beriladi

     Yoshlarning avtomaktabda oʻqish xarajatlari BHMning 4 baravarigacha (hozirda 1 mln 320 ming soʻmgacha) qismi qoplab beriladi.

Buning uchun avtomaktabda oʻqishni istagan yoshlar tuman (shahar) yoshlar ishlari boʻlimiga ariza hamda oʻquv kursi shartnomasi nusxasini beradi.

Shartnomada taʼlim tashkiloti nomi, STIR, oʻquv kursi yoki kasb-hunar nomi, bir oylik toʻlov miqdori va umumiy muddat koʻrsatilgan boʻlishi lozim.

Hujjatlar qabul qilingandan keyin 3 ish kunida tegishli yoshlar yetakchisiga yuboriladi va yoshlar yetakchisi 5 ish kunida oʻqish xarajatlarini qoplash haqidagi tavsiyanoma berish yoki rad etish haqida yoshlar ishlari boʻlimini xabardor qiladi. Tavsiyanoma berish rad etilsa, u asoslantirilgan boʻlishi shart.

Hokim yordamchisi arizani 5 ish kunida koʻrib chiqmasa yoki tavsiyanoma berishni asossiz rad etsa, Vasiylik kengashi (yoshlar ishlari boʻlimi) oʻz tashabbusi bilan kontrakt pulini oʻtkazib berishi mumkin.

Oʻqish xarajatini qoplab berish qanoatlantirilganda, pul oʻquv markazining hisob raqamiga oʻtkazib beriladi.

Yoshlar yetakchisi yoshlarning haqiqatda avtomaktabga borayotganligini har oyda kamida 1 marotaba monitoring qiladi. Agar yoshlarning oʻqishga bormayotganligi aniqlansa, pul toʻlab berish bekor qilinadi.

4. Dehqonchilik va tomorqa yuritish bilan shugʻullanayotgan yoshlarga urugʻlik va koʻchatlar xarid qilish uchun subsidiya beriladi.

   Tomorqasi boʻlgan yoki dehqonchilik qilayotgan yoshlarga urugʻlik va koʻchatlar xarid qilish uchun BHMning 8 baravarigacha miqdorda hokim yordamchisining ijobiy tavsiyasi asosida subsidiya beriladi.

Subsidiya olish uchun ariza beruvchi Yoshlar ishlari boʻlimiga yeri borligini tasdiqlovchi hujjat hamda urugʻlik va koʻchatlarni xarid qilish shartnoma nusxasini taqdim etadi.

Hujjatlar 3 ish kunida ariza bergan yoshlar yashaydigan mahalladagi hokim yordamchisiga koʻrib chiqish uchun yuboriladi.

Hokim yordamchisi 5 ish kunida ariza beruvchining dehqonchilik qiladigan yeriga borib urugʻlik va koʻchat ekishga sharoit borligini oʻrganadi.

Oʻrganish natijasiga koʻra, pul ajratish haqidagi tavsiyanoma berish yoki rad etish haqida Yoshlar ishlari boʻlimini xabardor qiladi. Tavsiyanoma berish rad etilsa, u asoslantirilgan boʻlishi shart.

Pul yoshlarning qoʻliga berilmaydi, ajratilgan pul urugʻlik va koʻchat yetkazib beruvchi tashkilotga oʻtkazib beriladi.

5. Tadbirkorlik uchun ijara xarajatlari qoplab beriladi

   Yosh tadbirkor yoki oʻzini oʻzi band qilgan yoshlar oʻz faoliyatini olib borayotgan joyning yillik ijara toʻlovining 30 foizi, biroq BHMning 25 baravarigacha boʻlgan qismi hokim yordamchisining ijobiy tavsiyasi asosida qoplab beriladi.

Buning uchun quyidagi hujjatlar Yoshlar ishlari boʻlimiga taqdim qilinishi kerak:

tadbirkorlik guvohnomasi nusxasi yoki oʻzini oʻzi band qilgan sifatida roʻyxatdan oʻtganlikni tasdiqlovchi QR-kodli maʼlumotnoma;
ijara shartnomasining soliqda hisobga qoʻyilganligi haqidagi bildirishnoma;
ijara shartnomasi nusxasi.
Hujjatlar 3 ish kunida ariza bergan yoshlar yashaydigan mahalladagi hokim yordamchisiga koʻrib chiqish uchun yuboriladi.

Hokim yordamchisi 5 ish kunida ijara shartnomasi xarajatlarini qoplash yoki rad etish haqida yoshlar ishlari boʻlimiga xabar beradi. Ariza rad etilsa, u asoslantirilgan boʻlishi lozim.

Ariza qanoatlantirilgan taqdirda, oylik ijara puli ijaraga bergan shaxs hisob raqamiga oʻtkazib beriladi.

Yuqoridagi imtiyozlardan foydalanish davomida qaysidir mansabdor shaxs, hokim yordamchisi, yoshlar yetakchisi faoliyatidan norozi boʻlsangiz, hech ikkilanmay sudga, prokuratura yoki adliya organlariga murojaat qilishingiz mumkin.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: