10-11 октябр кунлари Қозоғистон Республикасининг Астана шаҳрида “Отандастар” жамғармаси томонидан халқаро форум ташкил этилди. Қирққа яқин мамлакатдан ташриф буюрган 200 дан ортиқ қозоқ миллатдошларни бирлаштирган форумда ўзбекистонлик делегатлар гуруҳи сафида мен ҳам иштирок этдим.
Ушбу тадбир чет элда яшайдиган қозоқлар билан маданий-гуманитар алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш орқали қозоқларнинг миллий ўзига хослигини сақлаш бўйича тизимли ва самарали иш олиб борадиган “Отандастар” жамғармасининг иккинчи форумидир. Катта тайёргарлик билан ташкил этилган форум бу йил илгари қатнашмаган мамлакатлардан келган қозоқларни ўзаро мулоқот ва музокаралар атрофида бирлаштирди.
-Мен “Отандастар” жамғармасига ўз миннатдорчилигимни билдираман, - дейди монголиялик шифокор Нурбек Бабанов. – Узоқ-яқиндан келган илгари танимаган-билмаган миллатдош ака-ука ва опа-сингиллар билан учрашиш ва фикр алмашиш шунингдек, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлдик. Мен стеноскопия операциясини ўтказяпман, бу бачадон бўйни ва бел умуртқасининг орқа мия тизими касалликларини даволашда янги ёндашувга айланди, бу ҳозирда соғлиқни сақлаш соҳасида жиддий муаммо ҳисобланади. Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, мен ушбу турдаги операцияни амалга оширган дунёдаги иккинчи шифокорман. Сўнгги ўн йил ичида 5000 га яқин операция муваффақиятли амалга оширилди.
Форумнинг биринчи кунида меҳмонлар “Арғимак” от спорти ва соғломлаштириш мажмуасига ташриф буюришди. Бу ерда меҳмонлар миллий ҳунармандчилик кўргазмасини томоша қилиб, санъаткорларнинг мусиқий чиқишларидан баҳраманд бўлдилар. Баурсақ, қимиз, қурт, иримшик, шубат, айрон сингари қозоқ миллий таомларидан татиб кўрдилар.
“Кокпар” федерацияси президенти Бауржан Исабаев от спорти ва соғломлаштириш мажмуасида сўзга чиқиб, мамлакатда от спортида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтди. Қизлар камондан ўқ отиб, “Улов”, “Тарту”, “Тоғизқумалақ” каби миллий спорт ўйинлари намойиш этилди.
Шу куни меҳмонлар 2022 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган дунёдаги энг катта ўнта масжиднинг бири бўлган бош масжидни томоша қилишди. Эътиборлиси, бу ерда бир вақтнинг ўзида 235 минг кишига хизматлар кўрсатиш имконияти яратилган.
ФОРУМНИНГ АСОСИЙ ИККИНЧИ КУНИ
Янги форматдаги форумда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган табригини Президент маслаҳатчиси Малик Отарбаев ўқиб эшиттирди.
-Узоқ-яқиндан форумга ташриф буюрган барча қондошларимга рахмат!, - дейди “Отандастар” жамғармаси Президенти Абзал Сапарбекович. –Янгича форматдаги форумда Франция, АҚШ, Испания, Италия, Япония, Англия, Венгрия, Корея, Хитой, Монголия, Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон каби 40 та давлатдаги қозоқ миллий маданий марказлари фаоллари ҳамда ўз соҳаларида салмоқли ютуқларни қўлга киритаётган қозоқлар таклиф қилинган. Улар қайси мамлакатда қайси йўналишда фаолият юритмасин барибир бизнинг миллатдошимиз бўлиб қолаверади. Биз улар билан ҳар жойда фахрланамиз!
"Мамлакат тараққиётида миллатдошларнинг роли", “Миллий урф-одат ва анъаналарни сақлаш ва янада ривожлантириш драйвери”, “Медиа ва замонавий тенденциялар”, “ХХI асрда – қозоқ тили” мавзуларида ўтказилган сессияларда “Altyn Qyran Foundation” жамғармаси раиси Исламбек Салжанов, америкалик қозоқ профессори Нуршат Нураже, Германиянинг Европа қозоқлари жамияти раиси Садия Сурер, Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Татяна Полтавская, сиёсий фанлар доктори, профессор Раушан Канапиянова, АҚШ даги “Silkroad Innovation Hub” бошлиғи, “Digital Nomads” уюшмаси таъсисчиси Асет Абдуалиев сўзга чиқдилар. Чет эллардаги қондош тадбиркорлар иштирокида бизнес форумлар ташкил этиш, илм-фан, маданият, санъат соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокамалар майдонида бўлди.
Шунингдек, “Қозоғистон газеталари” ҳамкорлиги бош директори Дихан Қамзабекули, “Жибек жоли” телевиденияси директори Еркежан Кунтуған, Туркияда чоп этиладиган “Қозоқ ели” журнали бош редактори Ертолқын Гайретуллах, таниқли мобилограф Қыран Талапбек, You Tube платформасидаги “Сурауы бар” канали авторы Ербол Сейилхан миллий қадриятларимизни ёшлар онгига сингдириш, ўзаро муомала маданиятида она тили – қозоқ тилидан кенг фойдаланиш, хорижий оммавий-ахборот воситаларида тажриба алмашишни йўлга қўйиш борасидаги фикр-мулоҳаза ва таклифлари билан ўртоқлашдилар.
Форумнинг якуний сессиясида Ўзбекистон қозоқ миллий маданият маркази раиси Серикбай Усенов сўзга чиқиб, дунё қозоқларини шунингдек, ўзбекистонлик делегатларни бирлаштирган ушбу кенг кўламли тадбирни ташкиллаштиргани учун “Отандастар” жамғармасига миннатдорчилик билдирди.
Иштирокчилар билан танишиш жараёнида турли мамлакатлардан форумга ташриф буюрган қондошлар бугун ўзлари фаолият юритаётган соҳаларда илғор ва етакчилиги билан эътирофга лойиқлиги миллатдошларни хурсанд қилади, албатта!.
Умуман, форум доирасида ўтказилган барча тадбирлар юқори савияда ташкил этилди, дейишга тўла асосларимиз бор.
Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.
Учқудуқ-Астана-Учқудуқ.