ТошДУ ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатганимизга ҳам 30 йилдан ўтган бўлсада, 34 нафар курсдошнинг борди-келдимиз узилган йўқ. Кунора қўнғироқлашиб, бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраб турамиз. Ҳатто тўйларимиз, маврид-маракаларимиз ҳам бир-биримизсиз ўтмайди. Айниқса, собиқ курсдош қизлар бир ерга йиғилсак борми, тунларни тонгларга уласак-да, суҳбатимиз ҳеч тугамайди.
Дилфуза. Жиззахнинг боҳаво, хушманзара Зоминидан. У ана шу юртнинг энг кўзга кўринган, забардаст ижодкорларидан бири ҳисобланади. У бир суҳбатимизда даҳшатли воқеани сўзлаб берганди. Ҳа, бу мудҳиш воқеани содир этилганига анча йиллар ўтган бўлсада, ҳануз ерлик аҳоли шўрлик қизни изтироб билан эслашади.
Мен бугун минг истиҳолага борган ҳолда ана шу воқеани сизларга илингим келди.
... "Ҳа, бу воқеани эшитган билган инсон борки, кўзларида ёш, қалбида эса бир оғриқ билан ёдга олади. Мен ҳам ҳар доим иш юзасидан шу бекатдан ўтганимда ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган норасида қиз Орзигул кўз ўнгимда гавдаланаверади. Қонли, айтиш жоиз бўлса, ҚИЁМАТ қопган кечага фақат-фақат Зоминнинг пурвиқор тоғларигина гувоҳ бўлди-я.
Ҳа, "Хом сут эмган бандамиз", деб шунга айтсалар керакда. Йўқса, эндигина 15 ёшга қадам қўйган яккаю ягона қизини: "Қишки таътилни холангникида ўтказиб кел!", деб онаизор олис овулга ёлғиз жўнатармиди?!
Шу куни қор бўралаб ёғди. Бахтга қарши автобус ҳам қорли қировли йўлда роппа-роса икки соатча бузилиб қолди. Қиш фасли эмасми, ҳаял ўтмай қоронғулик бутун борлиқни қуршаб олди. Орзигул эса бундан бошқа яна битта уловга чиқиб овулга бориши керак эди. Қизалоқ жовдираганча автобусдаги нотаниш кимсаларга нажоткорона боқди. “Ким Қиргули овулига боради”, - деб сўрамоқчи бўлдию уялди. Қизлик ғурури бунга йўл қўймади. "Ҳеч бўлмаса йўловчиларнинг лоақал бирортаси мен билан бирга овулгача борса эди", дея кўнгли ғашланди. Лекин...
Баланд-баланд тоғлар этагидаги бекатга яқинлашганда ҳайдовчи Орзигулга юзланди: “Онанг тайинлаган бекатга келдик. Ҳув, ана бекатда тўрт-бешта одам борга ўхшайди. Сен ҳам ўша бекатга борда ишчиларнинг автобусини кут!", дедида ёшгина қизни ўттиз-қирқ метр наридаги бекатга боришини тайинлади. Боқибеғам йўловчиларнинг бирортаси: "Автобус кечикиб келди. Балки ишчиларнинг автобуси ўтиб кетгандир", демади.
Орзигул қўлида тугуни билан бекат томон бораркан, уни қандайдир ваҳима босди. Чунки у ерда Орзигулни йўловчилар эмас, оч бўрилар кутиб турарди. У бекатда ўтирганлар йўловчилар эмас катта-кичик қашқирлар эканини сезиб орқага тисарилди. Бу пайтда автобус анча олислаб кетиб қолганини ҳис этдию товушининг борича дод солди. Унинг бу чинқириғини серрайиб турган тоғлару поёнсиз адирлар эшитди холос. У жон ҳолатда қўлидаги сумкасию холаси учун олинган майда-чуйда егуликларни оч бўрилар томон ирғитди...
Барибир... "ОНАЖОН, ЁРДАМ БЕРИНГ!" уни охирги айтган сўзи шу бўлди.
Қонга беланиб тонг отди. Бекатда эса фақат китоб дафтарлару қонга беланган кийимлар ҳар қаерда сочилиб ётарди. Бу ерга келган йўловчилар ҳайратдан ёқа тутдилар. Наҳотки!...дея уввос солдилар. Улар Орзигулни дафтарларидаги манзилгоҳдан аниқладилар.
Ҳа, Орзигул бефарқлик қурбони бўлди. Агарда ўша автобусдаги йўловчиларнинг бирортаси уни ўз уйига олиб кетиб, тонгда холасиникига жўнатиб юборса бўларди. Лекин ҳамма ўз юмуши билан оввора бўлиб қизга эътибор беришмади. Ҳатто ҳайдовчи ҳам кеч бўлиши билан бу ерларда бўрилар, шоқоллар изғишини билса-да, Орзигулни холасиникига элтиб қўйишни ўзига эп кўрмади. Вақтини, ёқилғини қизғанди.
Эссиз! Ёшгина қиз бефарқлик, лоқайдлик қурбони бўлди.
Нурия Пўлатова