LOTIN-КИРИЛЛ

  ЯНГИ ЙИЛ

    Мана, Янги йилни у умрида илк марта пойтахтда нишонлайдиган бўлди. Дарвоқе, у  туғилган шаҳарчадаги аллақайси банкда анча йил ишлаб, хизматни ҳам ўринлатгани боис, Аннага миннатдорлик тариқасида айнан пойтахтга кўчиб ўтишни таклиф этишувди. Шу боис у бу ерга келиб, чоғроққина бир уйга жойлашдики, ўша манзил кўҳна шаҳарнинг ҳар турли жозиб пучмоқлари-ю ҳилват гўшаларидан ҳам кўриниб турарди,

    - Кошки, бу гал Янги йил кечаси тамоман ўзгача бўлса, янада файзли, янада фусункор бўлса... - дея хитоб қилди у бир пайт тун оғушидаги улкан шаҳарга завқланиб боқаркан. - Ўша куни уйга ойимниям, акамларниям чақирардим.

  Шу йўсин Анна энтикиб қўйди-да, байрамга тайёргарлик ишларидан қониққан кўйи мамнун жилмайиб, қайд қоғозини тўлдирди. Эртасига эса ўзининг «қатьий ҳаракат режа»сига биноан ишга киришди-ю, яқинларига қўнгироқ қилиб, таклифини етказишу уларнинг розилигини олиш билан андармон бўлиб, тушлик вақтиниям ўтказиб юборди.

     Дарҳақиқат, йилнинг айни шу сўнгти кунларида йўловчиларнинг ўтиб-қайтиши-ю, машиналар қатновидаги тезлик, шиддат ҳам ақлбовар этмас даражада эди. У аввалига зиёфатга буюртма берди. Шу тариқа бу борада биринчи муҳим қадам қўйилди. Энди энг ёқимли, кўнгилли машғулот - диванга янги болишлар қўйиб, зангор тус дастурхон-у биллур қадаҳлар билан уйни байрамона безатишгина қолганди. Ахир йилнинг сўнги куни тамоман ўзгача, яна ҳам тароватли, яна ҳам фусункор бўлсин-да.

       Аммо шунда қачонлардир сўнган эсада, ҳали-ҳануз унут бўлмаган севгисининг хирагина табассуми қалбининг туб-тубида юз кўрсатди. Аслида, Анна ўзининг меҳр-муҳаббат ва яқинлик туйғусига ташна эканлигини билса ҳам, тушкунликка, ғам-ғуссага сира берилмас, шу боис бутун борлиғини қатъияту иштиёқла касб-корига бахш этиб, ўзи учун мустақил бир хаётни қуришга эришганди.

      Дугоналару сайр-саёҳатларга, шунингдек, кўркам стадиондаги спорт ўйинларига эса муҳтож эмас эди.

Анна ўттиз биринчи куни оқшом чоғи у-бу нарса харид қилиб, уйга қайтаркан, кираверишда дарвоза қоровули жаноб Карлога йўлиқди. Шунда ҳалиги киши «Хоним қиз, бу гуллар сизга», деди-ю, ифори кетган бир гулдастани унинг қўлига тутқазди. Айтганча, ўша гулдаста ичида оқ атиргул-у орхидеялардан ташқари бир мактуб ҳам бор экан. - Буни гул сотувчи бир йигит бериб кетди. Менга фақат уни олганингиз учун имзо қўйдириш қолди, холос. Анна юраги ҳаприкканча гулдастани оларкан, унда ўз исмини ўқиди - ҳа, ҳа,бу айнан унга аталган. Шунда у довдираб, бир муддат ҳаракатсиз қолди.

Хоним қиз, нима бўлди? Буларни оласизми ё ўзимда қолсинми?

- Йўқ, йўқ, уларни оламан, оламан... Лифт кетиб қолмасин.

     Шундан сўнг у уйга кирди-да, сув идиши қаршисида чўкканча ҳалиги гулларга боққан кўйи  ўйланиб қолди. Шу гуллар орасига қистирилган бояги мактубни ўқишга эса ботинолмай турди. Одатда, туғилган кунида банкдаги ҳамкасблари унга гул юборишарди. Лекин бошқалардан ҳам шундай совғани олганмиди-йўқми, ҳозир эслолмади. Анна бир қултум сув ичди-ю, ниҳоят хатжилдни очди. Буни қарангки, уни шаҳардаги манаман деган ресторанлардан бирига кечликка таклиф килишибди.

Айни шу оқшом соат ўнда. Хатга «Пьетро» деб имзо қўйилган - фақатгина Пьетро. Фамилия эса ёзилмаган. Шунда у ҳаяжон ичра қавму қариндошлари, дўстлари, таниш-билишларини кўз олдига келтирди. Шу йўсин, ҳатто банкнинг бош директоригача ўйлайвериб (ҳолбуки уни фақат бир марта кўрган), чалкашиб кетди. Чунки уларнинг ичида Пьетро дегани йўқ эди. Анна маъюс тортиб қолди. Хўш, энди ўзларининг базм кечаси нима бўлади? Бу ёққа келаётган яқинлари-чи? Янада гўзал, янада фусункор бўлиши лозим деб билгани шу айём учун шунча ташвишу югур-югур билан кўраётган тайёргарлиги-чи? Ахир уйи ҳам аллақачон байрамга шай бўлса, кўркаму шинам бўлса... Лекин шу пайт у китоб жавони токчасидаги суратга кўзи тушди. Бу қачонлардир қазо қилган отасининг сурати... Хўш, ҳозир отажони бўлганида нима дерди? У, албатта, «Анна, қизим, сира тўхтама, ҳамиша олға юр!» деган бўларди. Шу нарса хаёлидан бирров ўтди-ю, Анна ортиқ иккиланмай, телефон гўшагини кўтарди-да, қайнопасига қўнғироқ қилиб, нафаси бўғзига тиқилганча деди:

Луиза... - Ҳа, биз боряпмиз, боряпмиз, лекин йўл тирбанд, шунга... - Йўқ, йўқ, гап бунда эмас. Биласанми, мени кечки овқатта таклиф қилишибди. Сира кутмагандим. Шуни сенга билдириш учун телефон қилаётувдим. Ҳа, айни шу оқшомда... Ҳозир чиқиб кетяпман... Бу ерда ҳамма нарса тайёр. Калитларни дарбонхонадан топасизлар. Кечлик  учун у-бу нарса солинган халталар ҳам ўша ерда. Ҳаммани Янги йил билан табриклайман.

Анна шундай деди-ю, жавобни ҳам кутмай, гўшакни қўйди. Энди у тамоман ўзга хил тайёргарлик ишларига киришиб кетди. Либос танлаш, турли буюмлар... такси чақириш...

Соат ўндан ўтганда эса Анна ресторан бўсағасида эди. Сертакаллуф бир хизматчи уни қарши олди-да, ичкарига бошлаб боришни таклиф этди. Шу чоғ орқада бир киши кўринди – навозишу назокатли, сочига оқ оралаган, табассуми андак хижолат, андак айбдорлик ҳисси-ла йўғрилган... аммо суруру хушбахтлик туйғусига чулғанган киши, Анна, келганингдан хурсандман.

Рахмат. Шунда орага ўнғайсиз бир жимлик чўқди.

- Мен ахир Пьетроман, Пьетро Беттини, суғурта компаниясида бирга ишлардик-ку, банкка ишга ўтишингдан олдин... - деди яна ҳалиги киши. Шундагина ўша одамнинг юз-қиёфаси секин-аста Аннанинг кўз ўнгида кайта гавдаланди... ва ахийри уни таниди.

Анна, сенга айтадиган гапим кўп. Қани, ўтайлик-чи. Шундай қилиб, иккови у-бу нарса ичгани ўтирди. Пьетро кечмишидан сўзлай кетди... Суғурта компанияси, тўйи, ўғли, хотинининг вафоти ҳақида... Ниҳоят, гап шунга келиб тақалди:

 - Бирга ишлаган вақтимизда сенга қаттиқ боғланиб қолгандим, Анна, лекин сен менга эътибор бермасдинг. Мана, ҳозир мен ҳам шу шаҳарда яшаяпман. Банкда ўзингни кўрдим-у, сени таниганимга шубҳа қилмадим. Кейин эса турмушга чиқмаганингни билиб, суюндим. Шундан сўнг сен билан гаплашишга, сени чақиришга чоғландим, аммо рад жавоби олишдан қўрққаним учун худди шу бирмунча сирлироқ усулни маъқул кўрдим.

 - Борди-ю, келмасам нима бўларди? Ахир мен уйда оилам билан бўладиган ўтиришни ташлаб келдим-а, Пьетронинг кимлигини билай деб!

- Алдаяпсан-а?

- Йўқ, йўқ, фақат ҳайрон қолганим, Шунча йилдан кейин...

- Мени кечир. Биз энди аввалгидек ёш эмасмиз, лекин барибир қаршингда ўзимни шунчалар навқирон сезяпманки... сени топганимдан шунчалар бахтиёрманки... Сени яна йўқотишни истамайман...

    Шу он ҳис-туйғулар залвори остида бир муддат жим қолишди. Пьетро, сени уйга ўтиришимизга таклиф қилсам-чи, - дея Анна ўз ҳисларини илк бор изҳор этди.

- Оилангдагилар билан танишиш мен учун шараф бўларди... Сўнг сабр-тоқатли, оғир-босик Луизага қилинган оддий бир қўнғироқ, ресторан хизматчиси билан кисқагина мулоқот, омадлари келиб, йўл-йўлакай дарҳол бўш таксининг учрагани... ва ҳийла вақтгача йўлларнинг очиқ бўлгани, ҳамма жамулжам ҳолда янги йил шарафига қадаҳ кўтаришлари учун Аннаникига кечикмай етиб олишганини эса айтишга ҳожат ҳам йўқ.

    Хуллас, бу галги янги йил кечаси тамоман ўзгача, янада гўзал, фусункор бўлди, ҳайрату умидлар кечаси бўлди.

Итальян тилидан

Рустам ИБРОҲИМОВ

таржимаси.

O'qilgan: 314 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: