Дўкондан чиққан Шаҳзода сумкасидан телефонини олиб, қабул тугмачасини босди:
- Лаббай? Ая!
- Шаҳзода, ҳали магазинда бўлсанг, икки қадок туз билан кўк чой олгин. Амманг келди.
- Тезроқ кела қол, қизим.
- Хўп...
Шаҳзоданинг кўнгли ғашланди. Аммаси келгани қувончли, аммо... узил-кесил ҳал қилгани келган бўлса-я?! Ориф акаси яхши йигит, лекин Шаҳзода уни шунчаки эмас, чин кўнгилдан “ака”, дейди. Унга рафиқа бўлишни тасаввур ҳам қилолмайди. Аяси ҳам хоҳламайди, аммасининг феъли маълум атрофидагиларни тегирмон тошида юргизадиган аёл. Шу феълидан чўчигани учун ҳам рад қилолмайди. Дадаси эса: “Ёшлар нима дейишса шу бўлади”, деб қўя қолган.
- Орифжон нима дерди, менга қўйиб беради-да! – чимирилади аммаси. - Йигит хўп деб турса, қизнинг нози қаёққа етарди?! Ҳой, ака, ота-онангиздан қолган ёлғизгина ёдгорингизман-а, наҳот кўнглимни оғритсангиз?!
Шу хаёллар билан автобус уйи яқинидаги бекатда тўхтаганини сезмай қолибди. Апил-тапил тушиб қолди. Қўлидагиларни ошхонага қўйиб, меҳмонхонага ўтди.
Амма жиянини кўриб жилмайди: - Шунга ишонасизми? - Айланай келинимдан! – дея бағрига босиб, пешанасидан ўпди-ю, елкаларини силаб қўйди. Шаҳзодауялиб кетди. Дарҳол ўз хонасига кириб олди. Бирдан хўрлиги келди: «Келин эмиш! Ҳеч ким билан фикрлашмай... Бошқа келиши мумкин бўлган совчиларни ҳам шу аммам айнитиб бўлган”.
Эртаси куни Ориф телефон қилди: “Шаҳзода, бугун бўш вақтинг бўлса, бир учрашайлик... Гаплашиб олмасак бўлмайди”. Қиз тайинланган жойга оёғи тортмай борди. Орифнинг кайфияти ҳам уникидан ортиқ эмасди.
Иккиси кафенинг бурчагидаги стол атрофиди ўтириб, жим қолишди.
- Шаҳзода... розимисан тўйга?
Нима десин? Ҳа деса-ю, Ориф норози бўлса ... Йўқ деса-ю, Орифнинг розилиги бўлса, ҳафсаласи пир бўлиб уйига борса, аммасига айтса.. Уф.
- Ўзингизчи? - деди қиз. Ориф жим қолди. Афтидан, иккиланаётган эди. Ниҳоят, журъатланди: Сен... жуда яхши қизсан. Ақлли, чиройли... Лекин сенга фақат: “сингил”, сифатида қараб келганман!
Мен ҳам сизни фақат “акам”, дердим. Энди бошқача бўладими?. Шаҳзода индамагач, Ориф давом этди: Демакки, сен рози эмас экансан, мен ҳам қаршиман. Сен рози бўлганингда ҳам қаршилигимча қолардим. Чунки, кўнглим банд. Вой, ростданми? Ким у? Исми нима? - Шаҳзода ҳайратда, алланечук қувониб, саволларни қалаштира бошлади.
Унинг исми Ойчеҳра, бирга ишлаймиз. Мана, расми... – Ориф кўкрак чўнтагидан сурат олиб узатди. Ориф ва Ойчеҳра елкама-елка туриб, табассум ҳадя этишарди, гўё...
Жуда чиройли қиз экан! деди Шаҳзода. - Аммам кўрмадиларми?
- Кўрдилар-у, эримадилар. Эҳ, ўжар аммам-ей! Қиз кулимсиради. Сўнг ўйланиб қолди-ю,- юзи ёришди: - Мениям шунақа битта расмимни кўрсалар, нима бўларкан?
Қанақка расм? Шунақа... фақат сиз билан эмас, бошқа биров билан тушсам...
Ориф айëрона боқди: - Борми, шу «биров»?
Э, йўқ! Қўйсангиз-чи! - Шаҳзода қизариб кетди. Лекин Ориф шу фикрга ёпишиб олганди: Ростдан! Сенинг «бевафолигинг»ни тасдиқловчи расмни кўрсалар, дарров айнийдилар. Кейин мени тезда бошқасига уйлантириш пайига тушадилар. Ойчеҳрадан бошқасига уйланмайман, деб дод-вой қилганимда аям: “Тоғангга қудалашамиз, деб оғиз солиб қўйганман, лафзимдан қайтсам номус, айтиб қўймаганимда шу қизга борардим”, дегандилар.
Ўзимизни ўйлаб, катталарни юзкўрмас қилиб қўймаймизми?, деди Шаҳзода ғашланиб. Аямнинг феъли маълум, ловуллаб ёниб, дарров ўчадилар-ку. Бир-икки кун аразлаб юрарлар, ортиғига чидолмайдилар. Бу аниқ! Бунча иккиланасан?
Э-э... сенинг аҳволинг нима кечишини ўйламабмиз-ку! Бу вариант бўлмайди! Бўлади, - деди Шаҳзода бироз ўйланиб тургач, қатъий қилиб. Бўлади! Расмни аммам кўради, аям кўрар... Аммам мард аëл, бировга реклама қилиб юрмайди. Лекин... ким билан расм тушаман...нотанишроқ бўлиши керакдир?.. Ҳозир бир дўстимни чақираман, - Ориф телефонини қўлига олди. - Уни фитнамизга қўшамизда! Қўрқма, унинг севгани йўқ, сени юмма талайдиган...
Орадан икки кун ўтиб, аммаси Шаҳзодаларникига яна келди. Мақсади, Янги йилгача тўйни ўтказиб олиш экан. «Орифжоним нима десам кўнади, десам ишонмагандингизлар! Индамай рози бўлди-ку!» дея мақтанганида Шаҳзода кулимсираб қўйди. Чой қуйиб аввал аммаси, кейин аясига узатгач, ошхонага чиқиб, яширинча аясининг телефонидан қўнғироқ қилди: Ориф ака, ўзингизми? Беш дақиқадан кейин номеримга телефон қилинг. Янги номер олдингизми? Яхши! Кўтаришса, овозингизни ўзгартириб гапириш эсингиздан чиқмасин. Кўтаришмаса, СМС ёзинг. - Телефонни ўчириб, аясини чақирди: - Ая, бир қараб юборинг! Қўй гўшти билан мол гўштини аралаш қўйибсиз музлатгичга, ажратолмаяпман...
Аяси келиб гўштларни ажратаяпти-ю, Шаҳзоданинг қулоғи меҳмонхонада.
Ҳузур қилиб чой ҳўплаётган амма дастурхон бурчида Шаҳзода «унутиб» қолдирган телефонга гудок келганида дарров қўлига олди: Шаҳзода, телефонинг! Шаҳзода «эшитмади». Қайта чақиришга ҳожат йўқ эди. Телефон экранини қоплаган бўлажак келини ва бир нотаниш йигитнинг сурати ҳамда ёниб-ўчаётган «Севгилим» деган ёзув амманинг тилини боғлаб қўйди. Гарангсиб, беихтиёр қизил тугмачани босди. Зум ўтмай “СМС” келди: «Жоним, нега кўтармадингиз, овозингизни эшитмоқчи эдим...”
Бу ёғи... Аммаси зарда билан жўнаб кетгач, аяси Шаҳзодани сиқувга олди: - Бу нима килиқ? Аяжон, тинчланинг, эшитингда! - Шаҳзода аясини бир амаллаб совутгач, сирни ошкор этди. Аяси ўйланиб қолди. - Наҳот, шундан бошқа чора тополмаган бўлсангизлар? Орифнинг севгани борлигини билганимда, шуни баҳона килиб сени бермасдим! Энди амманг бирдан айниб, бошқасини келин қилса, одамлар нима дейди?!
Шаҳзода сўзсиз ўтирганича қолди. У буни ўйламаган, ўйлашга фурсати ҳам бўлмаган эди. Орифнинг айтгани бўлди. У Ойчеҳрага унаштирилди, тўй тадориги қизиб кетди. Шаҳзоданинг тахмини ҳам тўғри чиқиб, аммасининг арази бир ҳафтадан ошмади. Ўзи келиб: «Тақдирдан қутулиб бўлмайди, ёшларни зўрлаб бир-бирига суйдиролмаймиз. Ёлғизгина акам тўйимда бош бўлмаса, бир умр армонда ўтаман», деб ҳаммани тўйга айтиб кетди. Аясининг бир оёғи аммасиникида бўлиб қолди. Дарвоқе... аясининг куйингани ҳам ростга чиқди - Шаҳзоданинг атрофида миш-мишлар қуюни кўтарилди: «Аммаси нега айниб кетибди? Бир балоси бор... Юрадигани бор экан... Йўқ, айбли эмиш!..» Қиз эзилиб кетди. Лекин пушаймони мамнунлиги олдида ожиз эди. Ахир, Ориф акаси суйганига у сабабли етишаяпти!
Тўй куни Шаҳзода салонга бориб келди. Гул-гул очилиб тўйхонага кириб борганида, ҳамманинг кўзи куйиб кетди-ёв! Бир муддат келиннинг ёнида дугона бўлиб ўтирди ҳам. Шунда... куёвжўралар даврасидаги бир йигитга кўзи тушди. У билан суратга тушган йигит! Исми нимайди, ҳа, Туронмирзо! Ўшанда Ориф воқеани тушунтирган бўлса ҳам, барибир, бегона йигит билан калла уриштириб, «ошиқ-маъшуқ» расмга тушадиган қиз ҳақида ким зиғирча бўлсаям нохуш хаёлга бормас экан?.. Шаҳзода келиннинг ёнидан туриб, меҳмонлар даврасига аралашиб кетди. Барибир, хаёлларидан қутула олмади. Туронмирзо тушмағур кўриб қолиб ёнига келса, аяси, қариндошлар нима дейди?
...Бугун байрам. Яна бир Янги йил остонада турибди. Шаҳзода аясининг топшириғига биноан баъзи қариндошларини телефон орқали, баъзиларини уйларига бориб табриклаб чиқди. Аммасиникига ҳам борди. Янги келин-куёв Ориф билан Ойчеҳрани кўриб ҳаваси келди.
Аммасиникидан чиққанида лайлакқор гупиллатиб урарди. Шаҳзода қор сеҳрига мафтун бўлиб, бекатда анча турди. Автобусга чиққан маҳали телефони куй таратиб юборди.
Лаббай, эшитаман?.
Шаҳзода, сизмисиз? - Мен, узр, ўзингиз кимсиз? Кўришсак, билиб оласиз. Кўришмасак бўлмайди. Иш юзасидан... Ҳозир бирор жойни тайин қила оласизми? Илтимос! Келишиб олишгач, қиз ўйланди: «Ким экан? Эркак кишининг овози... Иш юзасидан деди-ку!» Шаҳзода тажрибали юрист. Таниш-нотаниш кишиларнинг ишдан ташқари мурожаатига ҳам кўникиб қолган. «Шулардан биттасидир-да» уйлари ёнидаги болалар майдончасига келиб, қор босган тут панасидаги ўриндиққа ўтирди. -Узр, кутиб қолмадингизми? қаршисида Туронмирзо турарди. Менда нима ишингиз бор эди? - деди Шаҳзода таажжуб билан боқиб. Ёрдамингиз керак бўлиб қолди.
- Қўлимдан келса... Орифнинг тўйи зўр ўтди-я? кутилмаганда йигит бошқа мавзуга бурилди. - Ҳамманинг ҳаваси келди. Аямнинг ҳам. Сениям тўйингни тезроқ қилайлик деб ниқтаб турибдилар.
-... Мен нима қилишим керак? – Шаҳзода тушунмади, энсаси қотди.
- Айтдим-ку, ёрдам беришингиз керак. Кўнглингда бўлса айт, бўлмаса, ўзим топаман деяптилар. Кўнглимдаги қиз бор-а, лекин..
- Ўша қизнинг кўнглини билиб беришим керакми? Keчирасиз, бу менинг хизмат вазифамга кирмайди! - «ичиб олганми» деган ўйга бориб, аччиқланган қиз ўрнидан турди.
Шу заҳоти билаги йигит қўлига банди бўлди...
Шаҳзода... кўнглимдаги қиз сиз. Ёрдамингиз, бунга муносабатингизни билдирсангиз? – Қизнинг эсанкираб қолганини кўриб, рад этишидан чўчиган йигит шошиб гапира бошлади: - Сизни ўшандаёқ ёқтириб колгандим, расмга тушганимизда. Тўғридан-тўғри совчи юборишга ўйландим. Салкам бир ой ўйладим, Шаҳзода, охири олдингизга келдим.
Қиз киприкларини кўтарди-ю, йигитнинг илтижоли нигоҳига кўзи тушиб, баттар қизариб кетди. Секин билагини суғуриб олиб, уйи сари чопди. Подъезд эшигидан кираркан, ортидан эргашиб, нарида тўхтаб қолган Туронмирзога қайрилиб, дилбар табассум ҳадя қилди...
Фарида НУРМУРОДОВА