Ибрат учун ҳаётимда бўлиб ўтган бир воқеани сиз газетхонларга сўзлаб беришни лозим топдим.
2001 йил Шимолий кон бошқармасига ишга кириш истагида Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан Учқудуқ туманига келдим. У пайтларда ишчи ходимларнинг катта қисми рус миллатига мансуб кишилар бўлиб, корхоналарда иш юритиш тўлиқ рус тилида олиб борилар эди.
Мен идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш отрядига ишга қабул қилиндим. Отряд бошлиғи Петров Виктор Егорович мен билан рус тилида суҳбат ўтказди, хужжатларимни кўриб, ўринбосарига хизмат билан таништиришни буюрди. Ўринбосар ўзбек киши суҳбат давомида намоз ўқишим тўғрисида сўради. Мен унга намоз ўқишимни ва у хизматвазифаларимни бажаришимга халал бермаслигини тушунтирдим. “Бизнинг ишхонамиз ҳарбийлаштирилган ташкилот, намоз ўқишга рухсат йўқ, ушлаб олишса, чора кўришади” -дея огоҳлантирди, ўринбосар.
Хизматдаги вазифамиз кон бошқармасига қарашли корхона ва ташкилотларда товар моддий бойликларини талон-тарож қилинишини олдини олиш эди. Ишимиз сменали бўлиб, давомийлиги ўн икки соатдан иборат. Аллоҳга таваккал қилиб елим халтага жойнамоз, таҳорат учун сувли идиш олиб хизматни бошлаб юбордим.
Кунлардан бир куни қўриқланаётган корхона ишчилари тушликка кетишган вақт эди. Эшикларни беркитиб, пешин намозини ўқишни ният қилиб кўчага чиқдим. Чунки ичкарида ўқисам ҳар сонияда хизмат фаолиятимни текшириш учун назоратчилар келиб қолишлари мумкин эди. Декабрь ойининг охирги ўн кунлиги қор қалин ёққан, ҳолироқ жойга бориб, қорнинг устига жойнамозимни тўшадим. Намозни тугатиб, ўнг томонга салом бераётиб, орқамда қандайдир шарпани сездим, чап томонга салом бергач орқада кимдир тургани аён бўлди. Назоратчи эканлигини кўнглимдан ўтказдим, отряд бошлиғи ўринбосарининг, ушлаб олишса чора кўришади деган сўзлари ёдимга тушиб, ич-ичимдан эзилдим. Ўзим қийналиб аранг ишга кирганман, бўшатиб юборишса нима қиламан деган ўй кўнглимни бир четини тилиб ўтди.
Ўзимни қўлга олиб дуога қўл очдим: "Эй, Парвардигор ўзинг асра, ғайридин қаршисида мени масхара қилиб қўймагин, уни кўнглига раҳм солгин" - деб дуо қилдим. Дуодан фориғ бўлиб ўрнимдан турдим. Қорни устида ўтирганим учун тиззаларимдан сув ўтган эди. Назоратчи қоровул бошлиғим Сергей Иванов тик турган ҳолда менинг ҳаракатларимникузатиб турган экан. Турганимни кўриб тўғри мен хизмат вазифамни ўтайдиган хонага назоратўтказиш жойига кирди. У қоровул хизматини текшириш журналини олиб ёза бошлади. Хаёлимдан ҳозир журналга: "Соқчини намоз ўқиб ўтирган ҳолда ушлаб олдим, бунга нисбатан интизомий чора кўриш керак"- деган сўзларни ёзади, деган фикрлар ўта бошлади.
Дарҳол ўзимни қўлга олдим ва рус тилида: "Ўртоқ қоровул бошлиғи, ҳа мен намоз ўқийман, лекин бу мени бор йўғи 5-6 минут вақтимни олади, ишимга халал бермайди”- дея илтимос оҳангида гапирдим. Шунда у бошини кўтариб, "Сен нималар деяпсан, мен ҳам Худога ишонаман, сени бу ҳолатингни қадрлайман! Айт, сени намоз ўқишингга қулай бўлиши учун қаерга постга қўяй"- деди. Бу гапларни эшитиб, кўзларим ёшланди, нафасим бўғзимга тиқилди, ё Аллоҳ, ўзингга шукр, дейман овозим чиқмайди. "Раҳмат, раҳмат дейман ўзимни аранг босиб, менга шу ер ҳам бўлади. Қаерга қўйсангиз ҳам розиман лекин мени намоз ўқишимга рухсат берсангиз, бўлди"- дейман ўзимни йиғидан аранг тутиб.
Дуо қилдим: “Ё Аллоҳ, диндош биродарим мени ибодатингни қилишдан қайтарган эди бир ғайридин эса менга ибодатингни қилишим учун имкон яратиб берди. Ўзингга шукур Аллоҳим!”.
Шундан сўнг қоровул бошлиғим намозимни бемалол адо этишимга қулай бўлган постга хизматга қўйди. Агар у хизматимни текшириш учун келганда намоз ўқиб турган бўлсам, то намозимни адо қилиб бўлгунимча кутиб турар, кейин тугатдингми?- деб сўраб, текшириш журналига соқчини хизматини текширдим, ҳеч қандай камчилик йўк, - деб ёзиб кетарди. Эндиликда лавозимимиз бир хил бўлса ҳам у ғайридин дўстимни ҳурмат қиламан.
Деҳкон ҲАМРОЕВ,
"Қизилқум" жомеъ масжиди ходими.