LOTIN-КИРИЛЛ

САНОАТ ҲАРБИЙЛАРИ!

     Қалб ёритгичи – китобларсиз кўнгиллар қоронғу, руҳиятлар бўм-бўш, осмон ёритгичи – қуёшсиз   олам  зулмат,  энергия манбаисиз  –  ҳаёт тарзи  оқсоқ.

      Ҳа, инсон ҳаётининг фаровонлиги, саноат ривожи, техник такомиллашув, илм-фан тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий юксалиш, барча-барчаси энергия манбаининг барқарорлигига  боғлиқ  равишда  яшайди. Қишлоғу шаҳарлар, боғчалару мактаблар, ишлаб чиқариш ташкилотлари, давлат муассасалари, йўллар, кашфиёт ва ихтиролар  электр энергиясидек табиатнинг бебаҳо неъмати билан биргаликдаги узвий алоқада ривожланади.

    Қизилқум чўлларида ястанган Учқудуқда асосий меҳнат фаолияти кон-металлургиядек сеҳрли соҳа билан боғлиқ. XX асрда саҳро бағрига яширинган нодир металлар саноати ривожлангунга қадар, бу бағрикенг, сахий чўлларда чўпонларнинг минг-минглаб чорвалари туёқ изларини қолдирган. Яйдоқларда норғул туяларнинг ҳайбати кўринган. Ўтган асрнинг 50 йилларида олиб борилган геологик-қидирув ишлари эса Қизилқум тупроқлари қазилма бойликларига кон экани аниқланган. Ана шундай илмий изланишлар самараси ўлароқ,  ташкил этилган гигант корхона  –  Навоий   кон-металлургия комбинатида  бир неча йирик бўлинмалар мавжуд.

    Вилоят марказидан 300 км узоқликда жойлашган, чўл бағридаги Учқудуқ  олтин ва уран каби қимматбаҳо металлар  ўчоғи ҳисобланади.  Бу ерда кўпсонли ишчи-ходимларни ўзида жамлаган, ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларга эга Шимолий кон бошқармасидаги ҳар бир соҳа бир-бирига занжир каби уланган. Кончилик, механика, геология, транспорт, ахборот-коммуникация  ва бошқа тармоқлар энергетика соҳаси ёрдамида  фаолият юритади. Табиатнинг тенгсиз неъмати  –  электр энергиясининг бўлинмаларга  мунтазам ва барқарор узатилишида,  кон маъданларини ер бағридан олиш,  ташиш,  ажратиш, қайта ишлаш ва бойитиш ортида энергетик мутахассисларининг, ишчи-ходимларининг масъулиятли, машаққатли  меҳнати бор. 

Баъзи соҳаларда аниқликдан ташқари тахмин, фараз  каби фикрлар орқали муаммога ечим топилса, кўзга кўринмас, ҳид ва таъмсиз, рангсиз бўлган электр энергиясидаги муаммолар билан ишлашда ақл-заковатга таянган ҳолдаги  аниқлик жуда муҳим. Энергетика ҳам  тиббиёт ва таълим каби  хатони ёки кичик узилишни  ўзгартириб, асл ҳолига  қайтариб бўлмайдиган соҳа.  Жимитдек “томирнинг  узилиши”  ҳам катта-катта муаммоларни келтириб  чиқаради,  бу кичик паузанинг жавобгарлиги  нақадар оғир  эканини   энергетиканинг нонини еяётган темиртиш мутахассислар жуда яхши билишади. 

Навоийдан Учқудуқ томон юраркансиз, йўлнинг икки четидаги қувурлар, неча йиллар давомида йўловчиларни кузатиб турган ҳаво электр узатиш таянчларига осилган симлар  сизу биз  учун гўёки аҳамиятсиздек. Бир неча йиллардан бери қатнаётганингиз – ушбу йўлларда қувурларнинг узала тушиб  ётиши оддий ҳолдек туюлади. Навоий гидроэлектростанциясидан ишлаб чиқариш ва туман аҳолиси истеъмоли учун узатилаётган 220 киловольтли электр энергиясини Шимолий кон бошқармаси бўлинмаларига, халқ истеъмолига меъёрида ва барқарор узатилишини бош энергетик бўлими назорат қилади. 

Аҳад  Ортиқов бошқарма бош энергетиги сифатида бўлинмада меҳнат қилаётган барча энергетик мутахассисларга раҳбар. У  мураккаб муаммоларга тезкорлик билан  ечим топади. Устоз-шогирд анъанаси асосида ёшлар билан ишлаш,  ходимларининг турли масалалардаги мурожаатлари бўйича ўз вақтида, аниқ ва холис қарорлар қабул қиладиган одил, қаттиққўл ва айни пайтда халқчил  раҳбар сифатида барчага маълум. Шермамат Донияров, Учқун Сафаров, Гулшат Умбетбаева, Елена Проворова, Джамал Мустафаев, Азиз Исломов каби мутахассислар Аҳад Ортиқовнинг икки қанотидек!

Мен энергетикларни ҳарбийларга ўхшатаман, қандай вазият, қай шароит бўлмасин,  улар ҳамиша ҳушёр. Сабаби, улкан  корхонанинг энергия манбаини назорат қилиш, барқарорлигини сақлаб, меъёрида узатиш учун йилнинг қайси фасли бўлмасин, табиат ҳодисалари билан “курашиб” меҳнат қиладилар.

Бизлар ёмғирпўш билан ёмғир оҳангига мос хотиржам одимлаётганимизда ёки автоулов ойнасидан завқ билан шаррос томчиларни кузатаётганимизда, оппоқ қор пейзажи  кўзимизни қувонтирганида,  совуқдан чўчиб уйимиз томон  шошилган чоғларимизда, иссиқ ўрнимизда туш кўраётганимизда энергетиклар шиддат ила мураккаб вазият билан  “жанг” қилаётган бўлиши мумкин. Бундай пайтда улар кун ё туннинг, иссиқ ё совуқнинг ҳисобини  қилмайдилар. Улар ватан равнақи йўлидаги саноатнинг, халқ фаровонлиги учун зарур бўлган энергия манбаининг барқарорлашуви сабаб бедор бўладилар.

Ёзнинг қайноқ тафтидан қочиб,  кондиционернинг муздек ҳавосидан роҳатланиб ўтирганингизда, фарзандингиз билан ёруғ хоналарда дарс тайёрлаётганингизда, музлатгичингиздаги маҳсулотларингиз истеъмолга яроқли,  сифатли сақланаётганда ва яна электр энергияси эҳтиёжи зарур  бўлган  майда-чуйда бўлиб кўринадиган аслида катта икир-чикирларимизнинг ортида энергетикларнинг масъулиятли, машаққатли ва хавфли меҳнати мужассам.

Мавзудан узоқлашмаган ҳолда,  тармоқлар ва нимстанциялар цехи  ҳақида бироз тўхталиб ўтсам. “Феруза” подстанциясидан узатиладиган энергия манбаининг  узатилиши, таъмирланиши, хавфсиз ишлашини тармоқлар ва нимстанциялар цехи назорат қилади. Бўлинма подстанцияларда юқори вольтли электр жиҳозларини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш,  саноат майдончалари юқори вольтли электр жиҳозларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқаришга тайёрлаш участкаси, линияли-кабелли участкалари  каби 7 та  участка  шунингдек, марказий электролаборатория релеъли ҳимоя ва автоматика гуруҳи,  тезкор-диспетчерлик гуруҳлардан иборат. Тармоқлар ва подстанциялар цехини ёш, шижоатли мутахассис Владимир Редкозубов бошқариб келмоқда.

Бош энергетик бўлими нафақат электр энергияси, балки техник ва ичимлик суви газ, иссиқлик, иссиқ сув  таъминоти, бўйича ҳам масъул. Иссиқлик-сув-газ таъминоти ва оқова сув цехи ушбу масалалар билан шуғулланади.  Юқорида келтирганим, марказ ва туман оралиғида йўлнинг икки четини эгаллаган қувурларнинг бири орқали  аҳоли учун  ичимлик суви  келтирилса, яна бирида  ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ва туман ҳудудидаги  боғларни суғоришда ишлатиладиган техник сув келтирилади. Қишнинг аёзли кунларида қувурлар музлашининг олдини олиш ёки фавқулодда вазиятларда  огоҳлик соҳа ходимларига хос, биргина эътиборсизлик бутун бошли туман аҳолисининг сувсиз қолишига ёки қиш кунларида аҳоли хонадонларидаги иситиш тизимининг йўлдан чиқишига  сабабчи бўлиши мумкин.

Кундалик ҳаётимиз, иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини электр энергиясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо кейинги йилларда бутун дунёда унга бўлган эҳтиёж шу қадар  ошиб бормоқдаки, пировардида, истеъмол ҳажми ишлаб чиқариш суръатидан ҳам ортиб кетаяпти. Энергия таъминоти корхона бўлинмаларидаги ишлаб чиқариш суръатига яраша улкан. Айни шу жиҳат соҳага инновацион технологияларни кенгроқ жорий этиш орқали уни янада ривожлантириш билан бирга, табиий газ, нефть, кўмир каби ресурсларни тежашни ҳам тақозо қилмоқда.

Шимолий кон бошқармасида ҳам ушбу йўналишда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада, корхонада энергия сиғимини қисқартириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш  чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Корхонада йил давомида 35 035 000 кВт электр энергия тежалиши  ҳамда қайта тикланадиган энергия манбааларидан фойдаланиш мақсадида 756 дона ва ходимларнинг хонадонларига 65 дона қуёш сув иситгичлари ўрнатилди.

Шунингдек, 1600 кВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда 3- ГМЗда 1000 кВт, “Даугизтау” конида 200 кВт, ИСГТваОСЦда 150 кВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш ва фойдаланишга топшириш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ШКБ  бўлинмаларида 2023 йилмида 154 дона умумий ҳисобда жами 774 дона қуёш панелли кўча ёритиш чироқлари ўрнатилган. 

“Шарқий” ва “Даугизтау” конларидаги   24 дона ЭКГ экскватордан 23 донаси транзисторли бошқарув тизимига модернизация қилинган. Бунинг натижасида 28 122 436 кВт электр энергияси сарфланмоқда. Яъни йилига 5 562 064 кВт электр энергияси ўртача   5 млрд. сўм пул  иқтисод қилинмоқда. Технологик жараёнлар учун  33,7 млн.м3 табиий газ ўрнига 20 млн.м3, 22 млн.м3 техник ва ичимлик сув ўрнига  16.9 млн.м3 сув сарфланди. Пировардида, табиий газдан ўртача 24,6 млрд. сўм, сувдан 30,6 млрд. сўмдан ортиқ маблағ тежаб қолинди.

Қайси тармоқни кузатмайлик, энергетика масалаларига дуч келамиз. Биз эътибор бермайдиган жуда кичик деталлар борки, уларни кичик дейишнинг ўзи нотўғридек.Киприк қоқишимизнинг, юриш-туришимизнинг, ҳар бир ҳаракатимизнинг ўзи – энергия манбаи!

 “Энергетиклар куни” муносабати билан ушбу мақолани қоғозга туширарканман, менга бутунлай ёт деб билганим ушбу соҳанинг аслида менга ҳам  бегона эмаслигини англадим – чиройли табассум, яхши сўз ортида ҳам қанча-қанча энергия мавжуд!

Хулоса қилганим шу: хонадонларимиз ва  кўнгилларимизни ёритиб турадиган  чароғбонларимиз  – энергетикларимиз  омон бўлишсин!

Нилуфар Муйдинова,

ШКБ мутахассиси.

O'qilgan: 294 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: