Қор. Оппоқ қор. Гуё биров осмонга чиқиб олиб беҳисоб пар тўзитаётгандек. Дугоналарим билан қувлашмачоқ ўйнаб, осмондан ёғаётган қор парчаларини тутмоқчи бўламиз. Лекин қор учқунлари бизни алдайди. Улар қўлимизга тушиши билан дарҳол эриб кетади. Яна қулочларимизни кенг ёйиб самога боқамиз. Бир зумда қош-кўзимиз ва сочларимизни оппоқ қиров қоплайди.Қийқиришни давом этамиз.
Шунда муйилишдаги кўримсизгина уйнинг дарвозаси ёнидаги ёғоч ўриндиққа ўтирган нуроний онахон бизни огоҳлантиради: “Ҳой болалар, қани ҳаммаларинг уйларингга бориб дарсларингни қилинглар.Ахир бу қорда шамоллаб қоласизлар." Биз нотаниш кампирнинг танбеҳига эътибор бермаймиз. Гарчанд қўлларимиз совуқдан қизариб кетган бўлсада яна қор учқунларини тута бошлаймиз.
Шунда кампир жойидан зўрға туриб уйидан бир туника тақсимчага туршак, жигда олиб чиқиб бизга улашади: “Болаларим мана шу туршакларни бўлиб олингларда уйингиздаги печкани ёнида ўтириб маза қилиб танноввул қилинглар. Дарсларингни ўз вақтида ўзлаштириб борсаларинг мен яна сизларни ҳар хил туршаклар билан сийлайман”...
Биз бу кампирга ўрганиб қолдик.Қор ёғса ҳам, ёмғир ёғса ҳам ўша ерга бориб ўйнайдиган одат чиқардик. Гоҳида кампир бизни ўйинларимиздан завқланиб мийиғида кулиб ҳам қўярди. У жуда сахий ва оқ кўнгил эди.
Ҳа, ҳеч қачон у ердан биз уйимизга қуруқ қайтмасдик.Бир куни онамга ана шу момо ҳақида гапириб бердим. Онам эса кўзларига ёш олиб сахий момо ўтмишини изтироб билан сўзладилар. Мен эса бор вужудим қулоққа айланиб тингладим.
-Болажоним у кампирнинг ҳеч кими йўқ. У давлат қарамоғида. Ҳовлисида кичкинагина боғи бор. Ана шу боғдан онахон ҳар йили мўл-кўл ҳосил олади. Аммо уларни бозорга олиб чиқиб сотмайди. Йўлдан ўтган- кетганларга улашади. Агар вақт топсанглар, ана шу онахоннинг уй юмушларига ёрдам қилинглар. Савобга қоласизлар...
Йиллар ўтди. Биз улғайдик. Энди аввалгидек кўчада ўйнамаймиз. Вақт топдик дегунча дарс қиламиз, уй юмушларида онамизга ёрдам берамиз, мактабдаги тўгаракларга бориб ҳунар ўрганамиз.
Қор. Оппоқ қор.Яна осмондан гўппиллаб қор ёғаяпти. Энди эса муйилишдаги кампир йўқ.. Унинг дарвозасига катта қулф осиғлиқ. Эшитишимизча сахий момо осонгина омонатини топширибди.
Осмондан капалакдек ўйноқлаб ёғаётган қор парчаларига қараб қулочларимни эса кенг ёйиб: Эй оппоқ қор! Сен бу ерга эмас, ёшини яшаб яшамай, юрагида адоқсиз армон билан у дунёга рихлат қилган инсонлар қабрига ёғ! Катта-кичик қабрларни нурга-дурга тўлдир! дегим келади.
Хосиятхон ЎРИНБОЕВА