Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида 17–22 май кунлари ўзбек-тожик чегараларини демаркация қилиш масалалари маҳокама қилинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг Ўзбекистон–Тожикистон демаркация қўшма комиссияси доирасидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган.
Музокаралар давомида томонлар ўзбек-тожик давлат чегараларида демаркация ишларини муҳокама қилган. Демаркация қилиш линияси лойиҳасини ҳамда икки давлат чегарасида чегара белгиларини ўрнатиш бўйича фикр алмашилган. Шунингдек, томонлар давлатлар чегарасида демаркация ишларини давом эттиришга келишиб олган. Тадбир якуни бўйича протокол имзоланган.
Аввалроқ Сирдарё ва Жиззах вилоятларида давлат чегараси белгиланиши хабар қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон барча баҳсли чегара ҳудудлар бўйича келишиб олгани маълум қилинган.