1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутундунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, бола ҳар бир ота-онанинг бутун дунёси, ҳаётининг мазмуни, кўзининг нури, қалбининг қўри. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар.
Учқудуқ туманида ана шундай - кўзимиз қувончи бўлган болажонлар учун турли кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақалари ташкил этилди.
“Ануш” кафесида ўтказилган байрам тадбири сана муносабати билан ташкиллаштирилди. Унда тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари иштирок этди.
“Барча шодлик сенга бўлсин, болажон!” мавзусидаги байрам тадбирида “Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоалари томонидан концерт дастури намойиш қилинди. Айниқса, “Парвоз” қўғирчоқ театри томонидан саҳналаштирилган “Бўрига қўйилган тузоқ” спектаклини болажонлар катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
Туман ҳокими биринчи ўринбосари Фарруҳ БАФОЕВ байрамга ташриф буюрган болажонларга совғалар улашди.
МУХБИРИМИЗ.