Hokimiyat matbuot xizmati
“Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–102-сон, 26.01.2022 й.) қабул қилинди.
Қарор билан аҳолига кўрсатилаётган эндокринология хизматини ташкил этишнинг энг муҳим йўналишлари белгиланди.
2022 йил 1 апрелдан эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва мақсадли кузатишни таъминлаш учун тиббий кузатув ва патронажнинг янги модели жорий этилади. Унга кўра, жумладан:
Оилавий шифокорлар эндокрин касалликларни ташхислаш ҳамда даволаш бўйича қайта тайёрланади;
Эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамшираси бириктирилади.
Қарор билан 2022–2024 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Қарорга кўра, ҳар йили камида бир марта 40 ёшдан ошган аҳоли қандли диабет ва диабет олди ҳолатлари учун мақсадли скринингдан ўтказилади ҳамда эндокрин касалликлар аниқланган беморлар билан мунтазам алоқа ўрнатилади.
2022 йил 1 февралдан анъанавий ва масофавий (аралаш) усулда тиббиёт ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириштизими йўлга қўйилади.
2022 йил 1 апрелгача бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокор олди кўриги хоналари ташкил этилади.
Қарорга кўра, беморлар қуйидагилар билан бепул таъминланади:
25 ёшгача бўлган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган беморлар аналогли инсулин ҳамда ўзини ўзи назорат қилиш воситалари (глюкометр ва махсус тест япроқчалари) билан;
Қандсиз диабет билан касалланган беморлар, соматотроп етишмовчилик билан касалланган болалар ҳаётий зарур махсус дори воситалари (десмопрессин ва ўсиш гормони) билан;
25 ёшдан ошган қандли диабетнинг биринчи тури билан касалланган инсулинга муҳтож, шунингдек, қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган беморлар одам инсулини билан;
қандли диабетнинг иккинчи тури билан касалланган ҳамда эҳтиёжманд сифатида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган беморлар метформин дори воситаси билан.
Қарорга кўра шунингдек, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда ҳудудий тиббиёт муассасаларидан шаффоф танлов асосида танлаб олинган 50 нафаргача эндокринолог мутахассислар ҳар йили нуфузли хорижий эндокринология марказларида малака оширишга юборилади.
Учқудуқ туман адлия бўлими
Шимолий кон бошқармаси тизимида янги технологияларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш ва кенгайтириш асосида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида тизимли ишлар жадал суръатларда олиб борилди. Бунинг натижаси ўлароқ, 2021 йилда НКМК Шимолий кон бошқармаси 3- сонли гидрометаллургия заводининг куйдириш цехида чиққиндидан олтинни ажратиб олиш 3,5% га ошган.
Завод мутахассислари томонидан сорбция чиқиндиси таркибидаги олтинни тўлиқ ва сифатли олиш мақсадида куйдирилган маҳсулот билан лаборатория шароитида тадқиқот ишлари олиб борилди. Лаборатория таҳлил натижалари таркибидаги оксидлар ва темир гидрооксидлар билан боғланган олтинни кислота билан ишлов бериш ёрдамида ажратиб олиш имконини берди. Куйдирилган маҳсулотни кислота билан қайта ишлашнинг янги технологик схемаси ишлаб чиқилди.
Ишлаб чиқаришга тадбиқ этилган янги технология олтинни ажратиб олишни 3,5 фоизга оширди.
Маълумот учун айтиш керакки, З - сонли гидрометаллургия заводида “Кокпатас” ва “Дауғизтау” конларининг сульфидли маъданлардан олтинни ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш инвестицион лойиҳаси асосида сорбциялаш жараёни чиқиндиларини қайта ишлаш юқори самарали ноёб инновацион технологияси 2019 йилда ишга туширилган эди.
Бу завод фаолиятининг тўртинчи босқичи бошланишига асос бўлди. Янги мажмуанинг ишга туширилиши билан чиқиндига чиқиб кетадиган олтин миқдорини икки баравар камайтиришга эришилди.
ШКБ ахборот хизмати.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Қарор лойиҳасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари «Аёллар дафтари»га киритилган, шунингдек, уй-жойини таъмирлашга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизларнинг уй-жойини тизимли равишда таъмирлаш ишларини олиб боради.
Бунда, ҳар бир уй-жойни таъмирлаш ишларига маҳаллий бюджет прогнозининг ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 50 бараваригача (13,5 миллион сўмгача) миқдорда маблағ ажратилиши назарда тутилади.
«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларини саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида «дафтар»га киритилган хотин-қизлар ва (ёки) уларнинг фарзандларига даволаш, дори-дармон олиб бериш ёки мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун маблағ зарур бўлган ҳолатларда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси хулосаси ва сектор раҳбари тавсияси билан тиббий муолажа харажатлари «Аёллар дафтари» жамғармаси ва Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш тартиби жорий этилади.
Ҳужжатга мувофиқ «Аёллар дафтари» юритилиши бўйича секторлар раҳбарлари ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ҳисобланади.
«Аёллар дафтари»нинг юритилиши, уларга киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, тизимли кўмаклашиш ва кўрилаётган чоралар натижадорлигини баҳолаш юзасидан қуйидагиларни назарда тутувчи янги тизим жорий этилади.
Маълумки, 2023 йил 1-25 ноябр кунлари Республикамизда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг ташкилий режаси Навоий вилояти ҳудудий комиссияси томонидан туманлар (шаҳарлар) бўйича алоҳида тузилади.
Рўйхатга олиш участкаларининг чегаралари ҳар бир рўйхатга олиш участкасига тўғри келадиган юкламани (қишлоқ жойларда ўртача 8 750 киши ва шаҳарларда ўртача 11 250 киши) ҳисобга олган ҳолда маъмурий-ҳудудий бўлиниш яхлитлигини (туман ёки шаҳар даражасида) сақлаш шарти билан белгиланади.
Рўйхатга олиш участкалари ҳар бир инструкторга тўғри келадиган юкламани (қишлоқ жойларда ўртача 1 750 киши ва шаҳарларда ўртача 2 250 киши) ва аҳоли пунктидаги аҳоли зичлигини ҳисобга олган ҳолда инструкторлик участкаларига бўлинади.
Инструкторлик участкалари ҳар бир рўйхатга олувчига тўғри келадиган юкламадан (қишлоқ жойларда ўртача 350 киши ва шаҳарларда ўртача 450 киши) келиб чиқиб ҳисоб участкаларига бўлинади.
Ҳудудий комиссиялар ва республика комиссияси қарорига асосан бориш қийин бўлган ва олис ҳудудларда ҳисоб участкасидаги аҳолининг сони ўртача 250 нафардан иборат бўлиши мезон сифатида олинади.
Айрим ҳолларда участкаларни тузишда рўйхатга олувчига тўғри келадиган ўртача юклама белгиланган нормалардан кам ёки кўп бўлиши мумкин.
Ҳисоб участкаси, инструкторлик ва рўйхатга олиш участкалари сонидан келиб чиқиб рўйхатга олиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар сони аниқланади.
Шунингдек, рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш жараёнида вилоят ҳудуди шартли равишда уй-жой рўйхатини тузиш участкаларига бўлинади, бунда участка чегаралари ўртача 750 та уй-жойни қамраб олади.
Ҳар бир уй-жой рўйхатини тузиш участкаларига уй-жой рўйхатини тузувчилар бириктирилади. Уй-жой рўйхатини тузувчилар фаолиятини туман рўйхатга олиш бўлими бошлиғи назорат қилади.
Уй-жойлар рўйхатини тузувчилар 2022 йил 1 августдан 1 сентябргача бўлган даврда махсус ўқитилади ҳамда бино ва уй-жойлар рўйхатини тузиш учун жалб этилади.
Ташкилий режани тузишда кўзда тутилмаган ҳолатларни (бетоблик, бахтсиз ҳодисалар, юклатилган вазифаларни тўлиқ бажармаслик ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда ҳисоб участкаси, инструкторлик ва рўйхатга олиш участкаларига вақтинча жалб этиладиган ходимлар умумий сонининг 10 (ўн) фоизи миқдорида иш ҳақи тўланмаган ҳолда кадрлар захираси шакллантирилади.
Кўзда тутилмаган ҳолатлар юзага келганда рўйхатга олиш жараёнларига захирадан жалб этилган ходимларга белгиланган тартибда иш ҳақи тўланади.
Туман статистика бўлими
Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди. Жойларда ўтаётган сайёр қабуллар халқнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда шак-шубҳасиз, кутилган натижаларни бермоқда.
Зеро, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.
Шу маънода, Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев “Нуронийлар маскани” да фуқаролар билан навбатдаги сайёр қабулини ўтказди. Тадбирда корхона - ташкилот ва муассаса раҳбарлари иштирок этди.
Бугунги кунда халқ билан учрашиб, жойларга чиқиб уларнинг дардига қулоқ тутиш, шу орқали аҳолининг розилигига эришиш ҳар бир раҳбарнинг бош вазифасига айланди. Бу галги сайёр қабулда 12 нафар фуқаро томонидан 14 та масала ўртага ташланди. Ушбу мурожаатлардан 6 таси жойида ҳал этилди. 5 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. 3 та масалани ҳал этиш учун ўрганиш жараёнида.
Жумладан, Ихтиёр Тошев, Мария Фанова, Сардов Мамараимовлар иш масаласида мурожаат қилишган. Улар мутахассисликлари бўйича мавжуд бўш иш ўринларига таклиф қилинган бўлса, мутахассисликка эга эмас фуқаролар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази туман бўлими томонидан қайта касбга ўқитиладиган бўлди.
ШКБ сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи ишчиси Жаҳонгир Идиев ётоқхона сўраб мурожаат қилган. Унинг муаммоси корхона раҳбариятига етказилиб, яқин кунларда Ж.Идиевга ётоқхона бериладиган бўлди.
Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган Ўктам Аҳмедов ўз бизнес лойиҳаси билан иштирок этди. Бундан ташқари, яна 4 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш истагини билдирди. Уларга тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, мурожаатлари ижобий ечимини топди.
Дарҳақиқат, халқ билан мулоқот, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий мақсад бўлиб, унинг рўёби фуқароларнинг осуда ва фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади.
Малика ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ёшлар ишлари агентлигининг “Дўстлик” маҳалласидаги етакчиси.
Қизилқум кенгликларидан азалдан карвонлар ўтган ва улар ўзларига маълум ва маъқул жойларда карвонларни тўхтатиб дам олишган. Айтим ҳам ана шундай жойлардан бири бўлган. Бунга сабаб тоғ томондан келаётган сувлар ва булоқлардан чиқаётган сувлар оқиб келиб қумлардаги олтин зарраларини ювиш натижасида ер қуёш ва ой шуълаларида ялтираган. Бу ялтираш карвонлар учун мўлжал ва макон вазифасини бажарган. Шу сабабли бу ерни карвондагилар ва шу ерда қўй боқувчи чўпонлар “Ой шуъласи тушган ер” - “Ойтим” деб аташган. Кейинчалик рус геологлари ва бошқа миллат вакиллари бу ернинг номини ўзларига мослаб “Айтим” шаклида талаффуз қилишган ва ҳудуд аҳолиси тилида ҳам бу сўз шу тарзда “Айтим” номи билан юритила бошланган. 1993 йил ҳудудда ташкил этилган МФЙ номи ҳам ушбу тарихий ном билан “Айтим” деб номланган.
Ушбу ҳудуд номланиши билан боғлиқ туманда узоқ йиллардан буён яшаб келаётган баъзи нуроний оқсақоллар берган яна бир маълумотга кўра, “Айтим” номи бу қозоқ миллатининг энг улуғ, энг обрўли ота-боболари номи (оталиқ) бўлиб, ўтмишда, тахминан 250-300 йил аввал ушбу маконда Айтим исмли шахс яшаган, у киши биринчилардан бўлиб ҳудудда боғдорчилик ва деҳқончиликни ривожлантирган улуғ инсон бўлган. Ушбу заминда яшаётган маҳаллий аҳоли шу кишининг машаққатли меҳнатлари билан тўқ ва фаровон ҳаёт кечирган. Ҳаттоки ушбу саҳронинг ўртасида Аллоҳнинг мўъжизаси билан яралган, боғдорчилик ва деҳқончиликни ривожланишига асос бўлган булоқни ҳам ҳудуд аҳолиси шу улуғ кишининг номи билан “Айтимбулоқ” деб номлашган. Кейинчалик маҳаллий аҳоли ушбу ҳудудни Айтим отага ҳурмат юзасидан “Айтимбулоқ жойлашган овул” эмас қисқа қилиб “Айтим овули” деб юритишган. Оқсақолларнинг айтишича, кейинчалик овулдаги булоқдан бошқа ҳудудларга қувурлар орқали сув тортиб кетилган, овул аҳолиси ҳам бошқа жойга кўчирилган. Айтим отага ҳурмати баланд бўлган ҳудуд аҳолиси эса, Айтим отани номини абадийлаштириш мақсадида булоқдан биринчи бўлиб сув тортиб келинган жойни у кишининг номи билан “Айтим” деб номлашган экан. Шу тариқа 1993 йил ҳудудда ташкил этилган МФЙга ҳам тарихий номидан келиб чиқиб “Айтим” номи берилган дейилади нуронийларимиз берган баъзи маълумотларда.
Навоий вилояти Томди, Учқудуқ тумани ва Зарафшон шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими давлат инспекторлари томонидан ўтказилган тунги назорат рейд тадбири давомида Бухоро вилояти Пешкў тумани фуқаролари Н.О ва О.Ф томонидан Учқудуқ тумани чўл ҳудудидан саксовул буталарини синдириб, олиб кетаётганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ҳамда 2 700 000 минг сўм миқдорда жарима ҳамда 3 704 400 сўм миқдорида табиатга етказилган зарар белгиланди.
Биласизми саксовуллар саҳро тупроғини шамоллардан пана қилиб, эрозия тарқалишини олдини олади. Бу эса ҳудудлар чўллашувини олдини олади ҳамда саҳро экотизимини сақлаб қолишини таъминлайди.
Ҳурматли фуқаролар! Саҳро экотизимини сақлаб қолишимиз учун саксовул буталарини синдирмайлик.
Учқудуқ тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими.
Жорий йилнинг 22 январь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган “Навоий вилоят Учқудуқ шаҳридаги ахлатхоналар чиқиндидан тўлиб кетган”лиги тўғрисидаги ахборотга Навоий вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан расмий муносабат билдирилганди.
Ушбу муносабатда Учқудуқ тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими давлат инспекторлари томонидан “Бережливостъ” ХИЧК маъсул ходимларига белгиланган тартибда санитар тозалаш ишларини вақтида амалга ошириш бўйича бир неча бор “Огоҳлантириш хат”лари тақдим этилган аммо бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан шаҳардаги кўп қаватли уйлар атрофида ёқимсиз ҳолат юзага келган.
Ушбу ҳолат юзасидан Учқудуқ тумани “Бережливостъ” ХИЧК бўлим раҳбарига Р.О га нисбатан Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 91-моддаси 1-қисми билан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар туман судига юборилди.
Нурбек НАСРИДДИНОВ,
Учқудуқ тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи.
Бугун Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев туман марказидаги “Мустақиллик”, “Имом Бухорий”, “Мактаб” кўчаларида кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашди.
Аҳоли хонадонларида бўлган туман раҳбари иссиқлик ва иссиқ сув таъминотининг ҳолати билан танишди. Аҳолининг фикр-мулоҳазаларини тинглади.
Мазкур кўчалардаги аҳоли томонидан иссиқлик узатиш таъминоти бир маромда ишлаётгалиги қишнинг совуқ ва қировли кунларида яшаш хонадонларидаги иссиқлик талаб даражасида эканлигини билдирди.
Ҳа, аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектлари учун қулай шарт-шароит яратишда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти бўйича узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш энг муҳим вазифалардан бири. Шу боис туман ҳокими С.Хамроев, бу борада соҳа мутасаддиларга қишнинг изғиринли кунларида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда уй-жойларни иситиш билан боғлиқ бўлган муаммоларни қисқа фурсатларда сифатли бартараф этиш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқларини берди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
“Республика ҳудудларида тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–54-сон, 21.01.2022 й.) қабул қилинди.
Фармон билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармалари ташкил этилди.
Жамғармаларни шакллантиришнинг асосий манбаси ерни хусусийлаштиришдан ва ерни ижарага беришдан тушадиган маблағлар ҳисобланади.
Жамғармалар маблағлари қуйидагилар учун сарфланади:
“Янги Ўзбекистон”, давлат уй-жой дастурларидаги массивларни ташқи муҳандислик-коммуникация билан таъминлаш; 200 миллиард сўмдан ошадиган, инвесторнинг ўз маблағлари 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш;
аҳоли пунктлари бош режалари, ҳудудларнинг маъмурий-режалаштирув топшириқлари ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш.
Фармон билан шунингдек, Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси тугатилди.
Мадад нодавлат нотижорат ташкилоти Учқудуқ туман ҳудудий бюроси бош мутахассиси Исмоилова Умида Ҳамро қизи