Hokimiyat matbuot xizmati
Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун (ЎРҚ–749-сон, 02.02.2022 й.) Президент томонидан имзоланди
Қонун билан “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, Саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгиланди.
Шунга асосан,тегишли патентланган саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулотни ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш каби ҳаракатларни содир этган юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача жарима солиниши мумкин.
Жарималар миқдорлари ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади.
Жарима суммаси миқдорининг 70 фоизи ҳуқуқбузар томонидан бир ой ичида ихтиёрий равишда тўланган тақдирда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод этилади.
Қонун билан “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, барча юридик ёки жисмоний шахс ўз номига товар белгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин (илгари тадбиркорлик фаолиятини амалга оширган шахслар).
Товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби белгиланди.
Шунга кўра, товар белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир турдаги товарлар учун белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш юридик шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, “Фирма номлари тўғрисида”ги Қонунда Фирма номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби мустаҳкамланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Адлия вазирлигига аҳоли турли мавзуларда мурожаатлар йўллайди. Уларга оммавий жавоб бериш орқали ҳам аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги оширилмоқда. Навбатдаги саволларга Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева жавоб берди:
- Хориждаги олий ўқув юртларидан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Лекин бу асоссиз хабар бўлиб чиқди. Ижтимоий тармоқларда ёлғон хабар тарқатганларга жазо борми?
- Албатта, нафақат ижтимоий тармоқлар, балки бошқа воситалар орқали ёлғон хабар тарқатганлик учун жазо бор. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш БҲМнинг 50 баравари (13 млн 500 минг сўм)дан 100 баравари (27 млн. Сўм) гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ёлғон хабар тарқатганлик учун фуқаровий жавобгарлик ҳам мавжуд. Хусусан, Фуқаролик кодексига кўра шахснинг ор-номуси, шаъни ва қадр-қиммати ҳамда ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли маънавий зарар етказилган бўлса, етказувчининг айбидан қатъий назар, қопланиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексига мувофиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам ушбу хатти-ҳаракатлар такрор содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (54 млн сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
- Ҳозирги кунда контрафакт маҳсулотлар сони ошиб бормоқда. Умуман қонунчиликда шундай маҳсулотлар сотганлик ёки тарқатганлик учун жавобгарлик борми?
- Ҳақиқатдан ҳам сўнги вақтларда контрафакт маҳсулотлар сони ошмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан “Контрафактсиз маҳсулотлар ойлиги” ўтказиб келинмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга (хизматларга) нисбатан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
- Фарзандим учун собиқ турмуш ўртоғимдан алимент оламан. У Россия давлатида ишлайди. Тўлаётган пули жуда кам. Шуни кўпайтириш мумкинми?
- Оила кодекси 99-моддасига асосан агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ундириб берилади.
Бунда ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг: бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.
Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Сиз алимент миқдорини кўпайтириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилишингиз мумкин.
ЖОРИЙ ЙИЛ БОШИДАН “ИФТИХОР” МАҲАЛЛАСИ ЯНГИДАН ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Шаҳарлар, пасёлкалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бириктириш, бўлиш ва тугатиш шунингдек, уларнинг чегарларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 48-сонли қарорига асосан Учқудуқ туманидаги "Йўлчилар" овул фуқаролар йиғини ҳамда "Дўстлик", Мустақиллик" ва "Абай" маҳалла фуқаролар йиғинларининг айрим аҳоли пунктларини ўз қамровига олган 116,1 га тенг ер майдонига янги "Ифтихор" маҳалла фуқаролар йиғини ташкил қилинди ва Халқ депутатлари ҳудудий Кенгашининг 2021 йил 2 июлдаги №o VI-31-13-5-76-к/21-сонли қарори билан тасдиқланган.
Янги ташкил этилган "Ифтихор" МФЙ га, "Йўлчилар" ОФИ ҳудудидан “Истиқлол” кўчаси (бунда 317 хонадон, 348 та оила ва 1187 та ахоли), "Мустақиллик" МФИ ҳудудидан “Кончилар” кўчаси (Бохантау аҳоли пунктидаги 105 та хонадон, 112 та оила ва 610 та аҳоли). "Абай" МФЙ ҳудудидан (“Қурувчилар” 4 кўчасидаги 98 та хонадон, 132 та оила в 420 та аҳоли) ҳамда "Дўстлик" МФЙга қарашли А.Темур кўчасидаги 2 та хонадон 5 та оила, 17 та аҳоли қамраб олинди ва "Ифтихор" МФЙнинг бугунги кундаги аҳолиси сони 2234 тани, хонадонлар сони 522 тани ҳамда оилалар сони 597 тани ташкил қилади.
“Ифтихор” маҳалласига раисликка Анвар Махмудов, ҳоким ёрдамчилиги вазифасига Акмал Каримов, хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис вазифасига Лариса Бозорова ҳамда маҳалла ёшлар етакчиси вазифасига Марҳабо Нурманова тайинланди.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: «Маҳалла» атамаси арабча бўлиб, «ўрин-жой» деган маънони англатган. У турли минтақаларда маҳаллот (жой), гузар, жамоа, элат, элод номларда аталиб келинган. Адабиётларда маҳаллаларнинг кўп минг йиллик тарихга эга эканлиги ҳақида маълумотлар учрайди.
Наршахий ўзининг «Бухоро тарихи» асарида Бухорода бундан 1100 йил илгари бир қанча маҳаллалар бўлганини қайд этиб ўтган. Алишер Навоий ўзининг «Ҳайрат ул аброр» асарида маҳаллани «маҳалла шаҳар ичидаги шаҳарча» дир дея таърифлайди. Ҳирот шаҳри юз шаҳарча аҳамиятига эга бўлган маҳаллалардан ташкил топганлигини айтиб ўтади.
Маҳаллалар, айниқса, Амир Темур даврида равнақ топган. Маҳаллалар фуқароларнинг касб кори асосида шаклланган ва шунга қараб номланган. Мис, заргарлик, мисгарлик, пичоқчилик, қошиқчилик, темирчи, эгарчи, тақачи ва ҳ. к.
Маҳалла қадимда маҳаллий ҳокимиятнинг ўзига хос бир шакли, кўриниши тарзида фаолият кўрсатган. Маҳаллани бошқариш жамоатчилик асосида олиб борилиб, ўзининг ёзилмаган ички тартиб қоидаларига эга бўлиб, у ҳамма учун бирдек қонуний ҳисобланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Даврон Позилов иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда уй-жой-коммунал хизматлари харажатларини қисман қоплаш учун 5 турдаги имтиёзли тоифадаги шахсларга, яъни салкам 70 минг кишига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини табақалаштирган ҳолда 72 минг сўмдан 144 минг сўмгача бўлган миқдорларда компенсация пуллари тўланиб келинмоқда.
Белгиланган тартибга мувофиқ, компенсация пул тўлови 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уруш ногирони ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар (жумладан, байналмилалчи, тинчлик ўрнатувчи харбий хизматчилар), ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар, концлагер маҳбуслари, Чернобиль атом электро станцияси ҳалокатини бартараф этишда қатнашиб жабрланганлар, ядро ва радиация объектларида ҳарбий хизматни ўтаганлар ва 1941-1945 йиллардаги урушнинг меҳнат фронти қатнашчилари учун тўлаб берилади.
Ушбу компенсация пул тўлови фақат меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ёки пенсия ва нафақа олувчи фуқароларга тўланиши белгиланиб, компенсация пул тўловлари бериладиган шахсларнинг имтиёзли тоифага кирувчи меҳнат фаолияти билан шуғулланмайдиган ҳамда пенсия ва нафақа олмайдиган шахсларга компенсация пули тўланмас эди. Яъни, Чернорбиль атом электро станцияси ҳалокатини бартараф этишда қатнашган, Афғонистон Республикасида байналмилал бурчини бажариб ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган, меҳнат фаолияти билан шуғулланмаётган ҳамда пенсия ва нафақа олмаётган шахсларга, шунингдек ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз нафақа олувчи шахсларга жами бўлиб 30 мингга яқин шахсларга компенсация пули тўланмаган.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги фармонига асосан жорий йил 1 мартдан бошлаб, барча имтиёзли тоифага кирувчи (қўшимча равишда 30 минг нафар) шахсларга, уларнинг пенсия (нафақа) олиши ёки меҳнат фаолиятини олиб боришидан қатъий назар пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида яъни 130 минг сўм миқдорда компенсация пулини олиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз нафақа олувчи шахсларга 130 минг сўм компенсация тўлови жорий этилади. Ёши 100 га тўлган ва ундан ошган нафақа олувчи шахсларга ҳар ойда пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорида яъни 289 минг сўм миқдорда қўшимча тўлов тўлаб борилади.
Белгиланган тадбирларни амалга оширилиши натижасида барча имтиёзли тоифадаги шахслар қўшимча 30 мингдан зиёд киши компенсация ва қўшимча тўловлар билан қамраб олиниб уларнинг сони жами 100 мингдан ошади. Ушбу компенсация пул тўловларини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган фуқаролар доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.
Шунингдек, ёши 100 га тўлган ва ундан ошган пенсия ёки нафақа олувчи шахсларга тўланадиган кўшимча тўлов Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 100 ёшга тўлган ва ундан катта ёшдаги фуқароларнинг ҳеч қандай мурожаатларисиз автоматик тарзда ахборот тизими орқали тайинланади.
Мазкур тўловларни молиялаштириш учун жорий йилда республика бюджетидан қўшимча 36,4 миллиард сўм миқдорда маблағ ажратилади.
Uchquduq tuman “Yo‘lchilar” ovuli hamda “Mustaqillik”, “Abay”, “Do‘stlik” mahalla fuqarolar yig‘inlari hududi tarkibidan yangi mahalla fuqarolar yig‘inini tuzish to‘g‘risida
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди томонидан 2021 йил давомида транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарган 131 та шахсга нисбатан 139 та маъмурий иш мазмунан кўриб чиқилди.
Шулардан 134 та шахсга нисбатан 126 иш бўйича ҳар бир ҳуқуқбузарга 1 йил 6 ойдан 2 йилгача муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, базавий хисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида, яъни 6 750 000сўм жарима тайинланган.
2021 йил давомида туманда транспорт воситаларини маст ҳолда бошқарган шахсларга жами 904 500 000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Шундан маъмурий ҳуқуқбузарлар томонидан ихтиёрий тўланган жарима суммаси 850 000 000 сўмни ташкил этса 54 000 000 сўм жарималар мажбурий ижро бюроси бўлимлари томонидан ундирилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 131-моддасида, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши—транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш йўллардаги энг оғриқли нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Маст ҳолда бошқариш оқибатида нафақат ҳайдовчи, кўплаб бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳам ўлими келиб чиқмоқда. Шу боисдан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ва маст ҳолатда автомобилни бошқарганлик учун жавобгарликни кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ҳисобланади.
Акмал Қурбонов,
жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси.
“Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–107-сон, 29.01.2022 й.) қабул қилинди
Қарорга мувофиқ, давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш мақсадида қуйидаги тартиблар жорий этилади:
маъмурий судларга далилларни йиғиш мажбурияти юкланади, ҳуқуқи бузилганларга эса далилларни йиғишда фақат ўз имкониятидан фойдаланиш шароити яратилади;
давлат органлари қарорлари натижасида етказилган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи берилади;
маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари томонидан ижро қилинмаганда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланади.
Эндиликда аризаларни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли рад этиш ёки иш юритишни тугатишни тақиқланади.
Аризалар судга тааллуқли бўлмаганда уларни кўриб чиқиш ваколатли судга ўтказилади
‼️ Бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судга тааллуқли бўлганда уларни бирлаштириш тақиқланади. Учқудуқ туман адлия бўлими
Одам ўтирган жойини саранжом-саришта, тоза-озода сақлайди, бу бизга болаликдан сингдирилган қадрият. Эрта саҳардан эшик олдини супуриб, сув сепиб, ҳамма ёқни чиннидек қилиб қўйиш ҳам кўпроқ бизда учраса керак. Одатимиз шунақа, чунки тоза жойда инсон баҳри-дили очилади, покиза маконда барака бўлади.
Ҳар куни ҳар бир хонадон ҳудудида маълум миқдорда маиший чиқинди уюми ҳосил бўлади. Уларни вақтида тўплаш, шаҳар ва аҳоли яшаш масканларидан олиб чиқиб кетиш ҳам ўта муҳим вазифалардан бири.
МУРОЖААТЛАР СОНИ НЕГА ОРТМОҚДА?!
Сўнгги вақтларда Учқудуқ тумани марказидаги кўп қаватли уйлар ён-веридаги чиқиндихоналар ҳолатидан норози бўлган аҳолининг ижтимоий тармоқлар орқали бот-бот чиқишлари кузатилмоқда. Фуқароларимиз ахлатхоналардан чиқиндиларни ўз вақтида ташиб, олиб кетилмаслиги шу атрофда яшовчи аҳолига ноқулайликлар туғдираётгани қолаверса, ушбу хунук манзара шаҳримиз ҳуснига доғ бўлиб тушаётганини таъкидлашган.
Туманда маиший чиқиндиларни ташиш, олиб кетиш ва утилизация қилишга “Бережливостъ” ХИЧ корхонаси масъул ҳисобланади. Корхона билан тузилган давлат хусусий шерикчилик битимининг 4.6 бандига кўра, 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, “Бережливостъ” ХИЧ корхонасига бириктирилган ҳудудда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиши белгиланган.
Афсуски, ушбу корхона ўз мажбуриятларини тўлиқ ва ўз вақтида бажармаётганлиги сабабли туман аҳолисининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мазкур масала бўйича Учқудуқ туман ҳокимлиги томонидан вилоят ва Республика табиатни муҳофаза қилиш бошқарма ва қўмитасига ҳамда вилоят ҳокимлигига бир неча бор ёзма ҳамда оғзаки мурожаат қилинди.
Масала яқин кунларда ўз ижобий ечини топар, унгача:
Ҳурматли Учқудуқликлар!
Тозаликни, саранжомликни таъминлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканлигини унутмайлик!!
Ахлатни чиқиндихона ташқарисига эмас, балки тартиб билан ичкарисига ташлашни ўрганайлик! Шундагина Учқудуқда тозалик, озодалик, покизалик ҳукм суради.
Сизу, биз яшаётган Учқудуқ - бизники, унинг тозалигига барчамиз бирдек масъулмиз!!
БИР КУНДА УЧҚУДУҚДА 32 880 КГ. ЧИҚИНДИ
Энди статистик маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, эколог олимлар томонидан бир кунда бир киши 0,822 кг. чиқинди ташлаши аниқланган. Ушбу рақамни Учқудуқ аҳолиси сонига кўпайтирсангиз, бир кунда чиқариб ташланадиган чиқинди миқдори аниқ бўлади. Дейлик, бугунги кунда Учқудуқ аҳолиси қарийб 40 минг кишини ташкил этади. 40 000 х 0,822 кг. кўпайтирсак, бир кунда Учқудуқ тумани аҳолиси 32 880 кг. чиқиндини чиқариб ташлашади.
Афсуски бугунги кунда чиқинди муаммоси нафақат Учқудуқни, нафақат Ўзбекистонни балки бутун дунё аҳлини ташвишга солмоқда. Урбанизация жараёни жадаллашиб, шаҳарлар кенгаяётган, аҳоли сони ўсаётган ва унинг эҳтиёжини қондириш учун миллионлаб турдаги товарлар ишлаб чиқарилаётган бир пайтда чиқиндиларни қайта ишлаш ва уларнинг утилизацияси энг катта экологик муаммолардан биридир.
ОНА САЙЁРАМИЗ – ИФЛОСЛАНМОҚДА!
Дунё бўйича чиқиндининг 30 фоизигина қайта ишланади, қолгани эса аста-секинлик билан Она сайёрамизни қопламоқда. Чиқиндилар турли хил қимматбаҳо металлар, шиша идишлар, макулатура, пластик, ерга ўғит бўла оладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг қолдиқларидан иборат.
Чиқиндиларни қайта ишлаш бир неча баробарга электр энергияси ва сувдан фойдаланишни камайтиради. Масалан, макулатурадан қоғоз олиш эса нафақат дарахтлари кесилишидан асрайди, балки электр қувватининг сарфини тўртдан уч қисмга камайтиради. Яъни 1 тонна қоғозни қайта ишлаб чиқаришга уни ёғочдан тайёрлаш учун кетадиган сувнинг ярми сарф бўларкан.
ЧИҚИНДИ ТУРИ ВА ПАРЧАЛАНИШ МУДДАТИ
Озиқ-овқат қолдиқлари 10 кундан 1 ойгача, газета қоғози 1 ойдан 1 йилгача, картон қутилар 1 йилгача, қоғоз 2 йил, ёғоч 10 йилгача, темир арматура 10 йилгача, темир банкалар 10 йилгача, оёқ кийим 10 йилгача, бетон, ғишт 100 йилгача, авто аккумуляторлар 100 йилгача, фольга 100 йилгача, консерва қутилари 90 йилгача, батарейкалар 100 йилгача, резина автобалонлар 100 йилгача, пластик 100 йилдан ортиқ, полиэтилен пакетлар 200 йил, алюмин идишлар 500 йил, шиша 1000 йил.
МУАММО ЕЧИМИ НИМАДА?
Мазкур саволни тумандошларимизга берганимизда қуйидагича жавоблар олдик.
Шоҳруҳ Салимов, Учқудуқда чиқинди муаммосини ечиш айнан тадбиркорларимиз эътиборини мазкур муаммога қаратишда деб ўйлайман. Чиқиндини қайта ишлайдиган корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш билан биргаликда чиқиндини саралашни аҳолига ўргатиш ва юртдошларимизни бу борадаги маданиятини ошириш зарур.
Гуллола Асқарова, муаммо тобора юртимизда долзарблашиб бормоқда. Уни бартараф этишнинг бир қанча йўллари мавжуд. Шулардан бири чиқиндини қайта ишловчи корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш муҳим саналади. Чунки уларни саралагани билан яна битта ахлатхонага олиб бориб ташлаш бирор бир самара бермайди. Бундан ташқари, айнан кўчага ахлат ташлаганлик учун катта миқдордаги жарималарни жорий этиш ва уларни амалга оширилишини назорат этиб бориш ҳам фойдадан ҳоли эмас.
ХОРИЖДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН ЖАРИМАЛАР МИҚДОРИ!
Хориж тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак Испанияда машина деразасидан ахлат улоқтирганлик учун 200 евро, сигарет қолдиғини йўлакка ташлаш 90 евро миқдорда жаримага асос бўлади. Германияда ахлоқсиз фуқароларни “чиқинди изқуварлари” ушлашади. Кўчаларда ўрнатилган видеокамераларда қайд этилган хатти-ҳаракат махсус қутига ташланмаган ахлат учун 100 еврогача жарима тўлашга асос бўлади. Сигарет қолдиғи, музқаймоқ ёки конфет қоғози, салқин ичимлик шишасини ерга ташлаш 20 евро, сақични, қолдиқ овқатларни улоқтириш 35 еврони ташкил этса, эски мебель, электрон техникани ташлаганлик учун 150 дан 600 еврогача жарима тўлашга тўғри келади. Швецияда ерга ташланган қоғоз унинг эгасига 90 евро, Сингапурда эса 300 дан 1000 долларга тушади.
БИЗДА-ЧИ, ЖАРИМАЛАР МИҚДОРИ БИЛАН ТАНИШИНГ!!
Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача (810 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (2 млн 700 минг сўмдан 5 млн 400 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 350 минг сўмдан 2 млн 700 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача (5 млн 400 минг сўмдан 8 млн 100 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Поездларнинг вагонлари, автотранспортлар ва шаҳар йўловчилар транспортидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш – БҲМнинг иккидан бир қисми (135 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
ХУЛОСА ЎРНИДА: Чиқиндилар билан курашиш ҳар биримизнинг вазифамиз. Фарзандларимиз учун ифлос дунёни эмас, балки тоза, ям - яшил келажакни барпо этиш ўз қўлимизда.
(Мақолада манбалардан фойдаланилди)
Райҳон ҚОДИРОВА,
махсус мухбиримиз.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатлари учун хизмат қилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бу ислоҳотлар паспорт тизимини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Натижада паспорт ва пропискани расмийлаштиришнинг осонлаштирилган тизими йўлга қўйилди. Фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш юзасидан бир қатор янги ҳужжатлар қабул қилинди.
Биргина, Учқудуқ туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан 2021 йилда 24 нафар шахс фуқароликка қабул қилинган. 1196 нафар киши ички паспорти ўрнини эгаллайдиган идентификацион карта (ID-карта) олишга улгурди.
Шунингдек, 2891 нафар учқудуқлик фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилиб берилди.
Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида myGov.uz интернет тармоғи орқали фуқароларимиз ҳудудий миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига бормасдан туриб, доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтиш, хорижга чиқиш биометрик паспортларини олиш, ID-карталарни расмийлаштириш имкониятларидан фойдаланса булади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 январдан бошлаб барча янги туғилган чақалоқларга, Ўзбекистон фуқароларига, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига биометрик паспорт ўрнига 10 йил муддатга ҳужжат эгасининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида идентификация ID-картаси берилмоқда.
ID-карталар фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади. ID-карталарни бериш тизимли равишда 2021 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача мамлакат аҳолиси учун қўшимча юкламасиз амалга оширилади.
Вохиджон РАСУЛОВ,
Учқудуқ тумани ИИБ М ва ФРГ
катта инспектори, катта лейтенант.
Учқудуқ туман ҳокимлиги мажлислар залида халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг олтинчи чақириқ қирқ иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар, сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, масалага тегишли корхона-ташклотлар раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари бошлиқлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сессия ишини туман ҳокими, кенгаш раиси С.Хамроев бошқариб борди.
Депутатлар мажлис кун тартибида ҳудудда қонунчиликни таъминлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, айниқса ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида 2021 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2022 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида туман прокурорининг ҳисоботини, тумандаги фуқаролик ишлари, иқтисодий ва жииноят ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар хусусидаги ахбороти тингландилар.
Шунингдек, секторлар раҳбарлари ва корхона-ташкилот раҳбарларининг аҳоли муаммолари ҳамда мурожаатлари билан ишлаш фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Учқудуқ туман халқ қабулхонасининг ҳисоботи, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги масалаларни ҳам кўриб муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг 2022 йил биринчи ярим йилликка мўлжалланган иш режалари тасдиқланди.
Мажлис кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.