LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

10 Feb 2022

     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 710-сонли қарорига мувофиқ, 2023 йилда мамлакатимизда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда рўйхатга олиш, инструкторлик, ҳисоб ва стационар участкалар ишини ташкил қилиш учун шартнома асосида қуйидаги ходимлар жалб қилинади:

    2023 йил 25 октябрдан 1 декабргача — аҳолидан сўров ўтказиш орқали рўйхатга олишни амалга оширувчи рўйхатга олувчи ходимлар, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома (пудрат шартномаси) асосида;

    2023 йил 10 октябрдан 12 декабргача — рўйхатга олувчилар ишини мувофиқлаштирувчи инструктор (супервайзер) ходим, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома (пудрат шартномаси) асосида;

    2023 йил 10 октябрдан 2024 йил 1 январгача — инструкторлар (супервайзерлар) ишини назорат қилувчи ходимлар (рўйхатга олиш участкаси бошлиғи ва унинг ўринбосари), фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома (пудрат шартномаси) асосида;

    2022 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январгача — туман, шаҳар миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ишларини назорат қилувчи ходимлар (туман, шаҳар аҳолини рўйхатга олиш бўлими бошлиғи ва унинг ўринбосари), муддатли меҳнат шартномасиси асосида;

    2023 йил 1 январдан 2024 йил 1 январгача — туман, шаҳар миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ишларини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ходим (рўйхатга олиш бўлими бош мутахассиси), муддатли меҳнат шартномасиси асосида;

   2023 йил 1 декабрдан 2025 йил 1 декабргача — вилоят миқёсида аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотлари электрон базага киритилишини назорат қилиш бўйича жалб этилган ходимлар (бирламчи маълумотларни электрон базага киритиш маркази бошлиғи), муддатли меҳнат шартномасиси асосида;

    2023 йил 1 декабрдан 2025 йил 1 декабргача — вилоят миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ҳужжатларини сақлашни амалга оширувчи ходимлар (ҳужжатларни сақлаш диспетчери), муддатли меҳнат шартномасиси асосида;

    2024 йил 1 январдан 31 декабргача — вилоят миқёсида аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотларини электрон базага киритиш бўйича операторлар ишини назорат қилувчи ходим (операторлар гуруҳи бошлиғи), муддатли меҳнат шартномасиси асосида;

    2024 йил 1 январдан 31 декабргача — аҳолини рўйхатга олиш варағи шаклларидаги бирламчи маълумотларни электрон базага киритувчи ва унинг мантиқий назоратини амалга оширувчи ходимлар (операторлар), муддатли меҳнат шартномасиси асосида.

   Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига жалб қилинадиган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, давлат тилини билиши, умумий ўрта, ўрта махсус (касб-ҳунар таълими) ёки олий маълумотга эга бўлиши, муомала лаёқатига эга бўлиши, аҳоли билан мулоқотга кириша оладиган, аниқ ва тушунарли ёза оладиган ҳамда тегишли ҳудудда доимий яшаб турган бўлиши талаб этилади.

Статистика бўлими


 

10 Feb 2022

Бугун туман ҳокими, 3-сектор раҳбари ҳамда Бош вазир қабулхонаси мудири, туман адлия бўлими ҳамкорликда тумандаги “Мустақиллик" МФЙда яшовчи ёшлар ҳамда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқаролар билан сайёр учрашув ўтказилди.

   Учрашувда тумандаги 3-сектор ҳудудида яшовчи фуқароларнинг мавжуд муаммолари, ўзини-ўзи банд қилиш аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, субсидия, болалар нафақаси ажратиш, ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш каби мурожаатлар тингланди.

   Фуқаролар томонидан кўтарилган ҳар бир масала эътибордан четда қолмаслиги, мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал этилиши, Республика ёки вилоят миқёсида ечилиши лозим бўлган муаммолар бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгиланиб, бу борада юқори турувчи ташкилот ва муассаларга таклифлар киритилиши юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

 

10 Feb 2022

   Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Самарқанд шаҳрига келди.

     Давлатимиз раҳбари Самарқанд халқаро аэропортида яратилаётган шароитларни кўздан кечирди. 

    Маълумки, бу «ҳаво дарвозаси» қарийб 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига янгидан қурилмоқда. Ўтган йили учиш-қўниш йўлаги қайта қурилган эди. Бугунги кунда янги терминал тўлиқ тикланиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Йўл, автотураргоҳ ва ёритиш устунлари барпо этилмоқда. 

    Мирзо Улуғбекнинг буюк мероси Самарқанднинг тимсолига айланган. Шу боис янги аэропорт биноси аллома бобомизнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» китоби шаклида барпо этилган. Терминалнинг эни 175, баландлиги 25 метр. Бир соатда 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.  

   Аэропортда “очиқ осмон” режими қўлланилади, карго хизмати ҳам йўлга қўйилади. Янги терминал келгуси ойда фойдаланишга топширилади.

 

10 Feb 2022

 

    Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралова маҳаллий кенгаш раислигини тарк этган биринчи ҳоким бўлиб тарихга кирди.

    Маҳаллий кенгашларга ҳокимлар раислик қилиши амалиёти бир неча йиллардан бери танқидлар нишонида бўлиб келмоқда. 

    Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Боёвут тумани кенгашининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралова энди кенгашга раҳбарлик қилмаслигини билдириб, Боёвут туманида маҳаллий кенгаш раиси депутатлар орасидан сайланишини маълум қилди.

 

09 Feb 2022

    Йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидия миқдори икки бараварга оширилади.

    ҚҚС, утилизация йиғими ва субсидия: чорвачилик хўжаликларига бир қатор енгилликлар берилади

    Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни «Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Ўза хабар берди.

    Чорвачиликни янада ривожлантириш ва чорва озуқа базасини мустаҳкамлашга оид Президент қарорига кўра, йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми ва сутнинг ҳар бир литри учун субсидия миқдори икки бараварга оширилади. 

    Бошқа чора-тадбирлар қаторида ҳужжат йирик ва майда шохли қорамоллар учун ҚҚС тўловчиларига субсидиялар 2 марта оширишни белгилайди.  

    2022 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 31 декабргача ҚҚС тўловчиси бўлган чорвачилик хўжаликларига — ўз хўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шохли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун субсидиянинг миқдори 2000 сўмдан 4000 сўмга ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 200 сўмдан 400 сўмга оширилади.   

    Бунда, субсидия қўшилган қиймат солиғидан вақтинчалик озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланади.  

Бундан ташқари, чорвачилик хўжаликлари томонидан кредит ва лизинг шартлари асосида харид қилинган қишлоқ хўжалиги техникалари кредит ва лизинг фоизи харажатларининг 10 фоиз пунктидан ортиқ қисми Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.    

    Озуқа экин ер майдонларида ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этган чорвачилик хўжаликларига унинг ҳар бир гектари учун 8 млн сўм миқдорида республика бюджети ҳисобидан белгиланган тартибда субсидия ажратилади.   

     Гидропоника усулида чорва молларига озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи республика бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда, мазкур ускуна қийматининг — 100 миллион сўмдан ошмаган қисми қопланади.  

    Тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган озуқа экинларини экиш, йиғиш ва озуқа тайёрлаш қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2025 йил 1 мартга қадар божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ҳамда утилизация йиғимидан озод қилинади.Тадбиркорлик субъектларига «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига жойлаштирилган санадан бошлаб ҚҚСни 180 кунгача бўлган муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилади.

    Бундан ташқари, кооперация усулида гўшт ва сут маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни йўлга қўйган хўжалик юритувчи субъектларга тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 млрд сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий Банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ва кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик тақдим этилади.   

Маблағлар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан чорва комплексларини қуриш, йирик ва майда шохли наслдор чорва молларини харид қилиш, чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун берилади.

    Чорвачилик йўналишида жалб қилинадиган халқаро молия институтларининг кредит маблағлари 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади.

 

 

 

09 Feb 2022

      Ноёб ёки йўқ бўлиб кетиш хавфида турган ҳайвонларни йўқ қилиб юбориш, ўлжа қилиш ёхуд шундай ҳайвонларнинг қирилиб кетишига, соғи камайиб кетишига ёки яшаш муҳити бузилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатлар содир этиш 94-моддада кўрсатиб ўтилган

     Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвон турларига мансуб ноёб ёки йўқ бўлиб кетиш хавфида турган ҳайвонларни йўқ қилиб юбориш, ўлжа қилиш ёхуд уларнинг тухум, увилдир қўядиган инларини, бошпаналарини йўқ қилиш, инларини, уяларини ва бошқа яшаш жойларини бузиш ёхуд шундай ҳайвонларнинг қирилиб кетишига, сони камайиб кетишига ёки яшаш муҳити бузилишига сабаб бўладиган бошқа ҳаракатлар содир этиш ёхуд бундай ҳайвонларни овлаш рухсатномасида кўрсатилган шартларни бузган ҳолда ўлжа қилиш шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашёларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

   Қонунчиликда жазо муқаррлиги белгилнагнлигини билган ҳолда ҳам жиноят содир этадиганлар учраб туради. 

    Учқудуқ туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Нурбек Насриддинов туманда содир этилган шундай жиноятлардан бири ҳақида айтиб ўтди.

   Учқудуқ тумани Шалхар ОФЙда яшовчи фуқаро Р.М. қўлбола усулида қопқон ясаб Жайрон овлагани аниқланди. Фуқаро бу ноқонуний фаолияти билан табиатга 13 500 000 сўм зарар етказган. 

   Эслатиб ўтамиз Жайрон Ўзбекистонда Қизил китобга киритилган.

 

 

 

 

09 Feb 2022

    Адлия вазирлиги матбуот хизмати бу ҳақда ҳайдовчиларга мурожаат билан чиқди.

    “Азиз ҳайдовчилар!   

   Сўнги пайтларда халқ ўртасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришда қайта имтиҳон топшириш керак бўлади, деган нотўғри маълумот тарқала бошлади.  

    Давлат хизматлари агентлиги вазиятга аниқлик киритади.  

    Аҳолига қулай бўлиши учун, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш 2022 йил 31 декабрга қадар давом этади. Бунда Давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган барча хизматлар каби, ортиқча бюрократиясиз, соддалаштирилган тартиб амал қилади.

    Яъни қайта имтиҳон варақаси талаб этилмайди.

    Эслатиб ўтамиз, хизматдан фойдаланиш учун паспорт, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини тақдим этиш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи (бугунда 189 000 сўм) миқдоридаги тўловни амалга ошириш лозим.” — дейилади вазирлик баёнотида.

 

08 Feb 2022

     ЮНИСЕФ ва Киберхавфсизлик маркази Хавфсиз интернет миллий марказини ташкил этишни режалаштирмоқда. Ушбу онлайн-платформада интернетдаги зўравонликдан ҳимояланиш ҳақида маълумотлар эълон қилинади, болалар ва ота-оналарга маслаҳат ёки кўмак бера оладиган оператор фаолият юритади.

     Бутун дунёда Хавфсиз интернет куни нишонланувчи 8 февраль кунида ЮНИCЕФ ва Ички ишлар Вазирлигининг Киберхавфсизлик маркази болаларни онлайн зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида ҳамкорликни бошлади, деб хабар берди «Газета.uz»га ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати.

    Интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва ахборот олишдаги тенгсизликни қисқартитиш барча болалар ва ёшлар муваффақиятга эришишлари учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни егаллашлари учун жуда муҳимдир. Aфсуски, барча афзалликларига қарамай, Интернет онлайн суиистеъмол, эксплуатация ва нотўғри маълумотларни тарқатиш билан ҳам боғлиқ. Шу боис ҳам онлайн, ҳам реал ҳаётда зўравонликка қарши курашнинг энг яхши йўли бу масалаларни ҳал қилишда тизимли ёндашувдир», — деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.    

    «Болаларга нисбатан зўравонлик масаласини ҳал этиш учун ота-оналарнинг билим ва кўникмаларини яхшилас, болаларнинг хабардорлигини оширишни, ижтимоий хизматлар ва болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш ҳамда кучли қонунчиликни ҳамда институционал базани, жумладан маълумотларни тўплаш ва бошқариш тизимини талаб қилади», — дея таъкидлади ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.    

    «Ҳозирги глобаллашув асрида ёшларнинг дунёқараши кун сайин ўзгариб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг замонавий ахборот коммуникацияларидан фаол фойдаланиши, дунёда рўй бераётган янгиликлар, воқеа-ҳодисалардан тез хабардор бўлиши билан ҳам изоҳланади. Шу нуқтаи назардан, аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этувчи мамлакатимизда уларга нисбатан кибертаҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш муҳим аҳамият касб этади», — деди Ички ишлар вазирлиги Киберхафсизлик маркази бошлиғи Бехзод Мамаджанов.

      Интернетда ва реал ҳаётда болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича келгусидаги қадамлар сифатида иштирокчилар идоралараро ҳамкорликни яхшилаш, фуқаролик жамияти ташкилотларининг фаол иштирокинини, ота-оналар ва мутахассисларнинг болаларни қўллаб-қувватлаш ва онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича хабардорлигини оширишни тавсия қилдилар.

     ЮНИСЕФ ва Киберхавфсизлик маркази Хавфсиз интернет миллий марказини ташкил этишни режалаштирмоқда, дея хабар берди жамғарма офиси «Газета.uz»га. Ушбу онлайн-платформада интернетдаги зўравонликдан ҳимояланиш ҳақида маълумотлар эълон қилинади. Платформа қошида 24 соат давомида болалар ва ота-оналарга маслаҳат ёки кўмак бера оладиган оператор фаолият юритади. Бундан ташқари, интернетда учрайдиган болаларга хатарлар тўғрисида Telegram-бот орқали хабар жўнатиш имконияти пайдо бўлади.

     ЮНИСЕФнинг таъкидлашича, жаҳон миқёсидаги маълумотларга кўра, интернет фойдаланувчиларининг учдан бир қисмини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади ва ҳар ярим сонияда бир бола биринчи маротаба интернет тизимига киради. Бироқ бу имкониятлар болалар учун турли шакллардаги жиддий хавф ва таҳдид билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Кибер қўрқитиш, кибер таъқиб қилиш, кибергруминг, яъни ёмон ниятда болалар билан дўстона муносабатларни ўрнатиш шулар жумласига киради.

08 Feb 2022

      Ассалому алайкум, ҳурматли учқудуқликлар!

     Бугун юртимизни, жонажон ватанимизни, яшаб турган масканимизни тоза, озода, кўркам ҳудудга айлантиришда ҳар биримиз масъул эканлигимизни англаган ҳолда Сиз ҳурматли Учқудуқ тумани аҳолисига мурожаат билан чиқмоқдаман.

    Хабарингиз бор куни-кеча ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, ободонлаштириш, кўкаламзорлашти-риш ва она табиатни асраш учун кўчат экиб, боғ яратиш, ҳавомиз мусаффолигини сақлаш борасида дарахт экиш умуммиллий акцияси эълон қилинди. 

    Умуман, 1 мартдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланади. Жумладан, бу каби умуммиллий тадбирни Учқудуқ туманида ҳам уюшқоқлик билан амалга ошириш борасида бошқарма ва ташкилотлар кесимида дастур ишлаб чиқилган.

    Унга кўра, 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида 1521 минг дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш режалаштирилган. Шундан 2021 йил ноябрь декабрь ойларида туманимизда 570 минг дона дарахт кўчатлари ва қаламчалари экилган бўлса, 2022 йил 1 мартдан бошлаб, баҳор мавсумида 951 минг дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш режалаштирилган.

    Шу билан бир қаторда тумандаги “Навоий” МФЙ ҳудудидан 1 гектар, “Айтим” МФЙ ҳудудидан 1 гектар бўш турган ер майдонларидан “Яшил майдон” ҳамда “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги “Ёшлар” истироҳат боғидан 3,8 гектар, ва “Хотира боғи” ҳудудидан 2,4 гектар жами 6,2 гектар ер майдонларидан “Жамоат парк”лари ташкил этилади.

  Дастурлар, чора-тадбирлар албатта қоғозда жуда ҳам чиройли, салмоқли. Лекин уни амалга оширишда масъуллар ва ҳар бир туманимиз фуқароси фидойилик, ватанпарварлик, шижоат, ўз туманига, яшаётган маҳалласига меҳр-муҳаббат туйғуси билан амалга ошириш даркор. 

    Шу билан бирга аҳолининг экологик маданиятини ошириш, табиатни тоза-озода тутиш, ер ва сув ресурсларини асраш, дарахт экиб, боғ яратиш она табиатга меҳр-муҳаббат, уни асрашга дахлдорлик ҳисси ҳар биримизда бўлиши жуда муҳим. 

Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Шу юрт, шу тупроқ биз учун муқаддас экан, уни тоза-озода сақлашга ҳар биримиз жонбозлик кўрсатайлик!

Азиз ва мўътабар оқсоқоллар!

Сиз ҳар бир ишда ёшлар учун ибрат намунаси бўлиб келгансизлар. Бугун ҳам мамлакат бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида ўзингизнинг доно маслаҳатингиз билан аҳолини айниқса, ёшларни яратувчанлик ғояларига ундашда жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман!

Бундан ташқари, аёвсиз табиат, сувнинг тақчиллиги мавжуд дарахт ва буталарнинг йилдан-йилга қуриб, камайиб боришига олиб келмоқда. Шундай экан, экилган ҳар бир ниҳолни асраб-авайлаб, униб-ўсишида ўзингизнинг саъй-ҳаракатингиз билан ёшларга шахсий намуна бўласизлар!

    Албатта, бугун экилган бир дона ниҳол эрта катта дарахтга айлангач, унинг соясидан набираларингиз баҳраманд бўлади, уларнинг олаётган нафаси мусаффолиги таъминланади.

    Шу боис ҳам яхши ниятлар билан бошланган бу эзгу ишда Сиз азиз нуронийлар ҳам фаол иштирок этинг, чунки ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч бўлади.

    Қадрли ёшлар!

    Бугун сизнинг замонавий билимларни эгаллаб, етук ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишингиз учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилган.

    Ўз навбатида Сиз ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган эзгу ишларда фаол иштирок этишга чақираман!

    Шуни унутмайликки, осуда ва фаровон турмуш тарзини четдан келиб бизга ҳеч ким яратиб бермайди. Уни ўзимиз, ўз меҳнатимиз натижасида бунёд этсак, унинг самараси янада тотли бўлади. 

    Бугун Учқудуқ тумани аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилади. Тасаввур қилинг, ҳар бир учқудуқлик ёшр камида 5 тадан кўчат экса, бу ташаббус 2–3 йилдан сўнг туманимиз яшиллигига, экологиясига қанчалик ижобий таъсир кўрсатади.

    Бугун Учқудуқдаги дарахтларнинг аксариятини Сизларнинг ота – боболарингиз парваришлаган. Сиз ҳам яшил челленжга қўшилинг ва хайрли ишга ўз ҳиссангизни қўшинг! “Ҳар бир ёшга – 5 дарахт!” акциясида фаол иштирок этинг.

    Ҳурматли уй бекалари, азиз опа-сингиллар!

   Мазкур акция ҳар биримиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки халқимизнинг яхши ниятлари билан бошлаган бу савобли ишлари эртанги куни ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлашда, табиатни асраш ва экологик ҳолатни яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

   Афсуски, кўп қаватли уйларда яшовчи опа-сингилларимиз ободончиликка, тозаликка, кўкаламзорлаштириш ишларига эътиборсизлик билан қараб, “Ватан остонадан бошланади”, “Менинг маҳаллам – менинг уйим”, “Маҳалла – Ватаннинг бир бўлаги!” каби минг йиллик тушунчаларни унутиб қўймоқдалар. 

   Ҳафта ёки бир ойда бир маротаба бўлса ҳам – ота-боболаримиздан қолган удум, анъана – кўчат қадаш, ҳашарлар уюштириш каби эзгу ишлар бир оз оқсаётгандек.

   Ўз навбатида Сизни ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус - “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларда фаол иштирок этишга чақираман!

    Сиз ҳам яшил челленжга қўшилинг ва хайрли ишга ўз ҳиссангизни қўшинг! “Ҳар бир фуқарога – 5 дарахт!” акциясида фаол иштирок этинг.

    Бугунги ҳаракатимиз хайрли ва савобли ишларимизнинг бардавомлигига, ёшларимизнинг маънавияти ва тарбияси янада юксак бўлишига, миллий қадриятларимиз ривожига, халқимиз орасида ҳамжиҳатлик туйғулари мустаҳкамланишига пойдевор бўлиб хизмат қилсин!

    Азиз учқудуқликлар! 

    Сиз доим илғорлар қаторида бўлгансиз. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати Учқудуқ учун энг муҳим ва зарур бўлган тадбир, десак янаям тўғри бўлади. Негаки, Учқудуқ тумани Қизилқум чўлида жойлашганлиги сабабли минтақа иқлими кескин континентал, ёзи узоқ давом этади. Бундай об-ҳаво шароитида - яшил майдонларни кенгайтириш экологик муаммоларни бартараф этишнинг ягона йўли сифатида қарашимиз лозим бўлади.

   Ўйлайманки, Она табиатимизни асраш, авайлаш ва уни авлодларга соф ҳолда етказиш учун масъул эканлигимизни теран англаган ҳолда ҳар бирингиз кўчат экиш акциясида, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида ўз ниҳолингизни қадаб, фаол иштирок этасиз! 

   Шу билан бир қаторда экилган кўчат ва ниҳолларни униб ўсишида ўз ҳиссангизни қўшасиз!.

    Бунга ишонаман азиз учқудуқликлар!

 

 

07 Feb 2022

    Ҳукуматнинг 28.04.2021 йил 250-сон қарорига кўра, хар бир сектор кесимида маҳаллабай «Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:

    Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар; 

     Боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар; 

    Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар; 

     Уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар; 

     Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар; 

      Қарамоғида ногиронлиги бўлган боласи мавжуд ёлғиз аёллар;

     Тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар; 

    Ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар; 

  Психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: