Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан 2003 йилдан бошлаб ҳар йили 28 - апрел куни “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” деб эълон қилинган. Халқаро меҳнат муҳофазаси мутахассисларининг касб байрами сифатида бу байрам НКМК АЖ Шимолий кон бошқармасида ҳам нишонланиб келинмоқда
- Бугун меҳнат муҳофазаси инсон ҳаёти ва фаолияти билан бевосита боғлиқ. Инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат - саломатлиги ва иш қобилиятининг сақланишига қаратилган тадбирлар меҳнат муҳофазасининг асосий вазифаларидандир. Корхона раҳбарияти томонидан меҳнат жараёнида қўлланиладиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техник, санитар - гигиена, даволаш-профилактика чора - тадбилари амалга оширилиб келинмоқда, - дейди, ШКБ бош муҳандисининг меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича ўринбосари Ҳамза Камолов.
Бугунги кунда 8 мингдан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилаётган
Шимолий кон бошқармасида 2021 йилда меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва йўриқномалар бўйича, санитария-гигиена меъёрларига жавоб бермайдиган иш ўрнида банд бўлганлар 6501 кишини ташкил этган. Шундан, зарарли модда, кимёвий омиллар таъсирида ишловчилар 1572 нафарни, шундан аёллар 365 нафар, биологик омиллар таъсирида ишловчилар 85 нафарни, шундан аёллар 26 нафар, жисмоний омиллар таъсирида ишловчилар 4844 нафарни аёллар 984 нафар, юқори даражали шовқин таъсирида ишловчилар 1812 нафарни аёллар 312 нафар, юқори даражали титраш таъсирида ишловчилар 823 нафарни шундан аёллар 82 нафар, ноқулай ҳарорат таъсирида ишловчилар 2112 нафарни шундан аёллар 572 нафар, нурланиш, ёруғлик ва бошқа факторлар таъсирида ишловчилар 97 нафар шундан аёллар 18 нафар, оғир жисмоний меҳнатда банд бўлганлар 1524 нафар шундан аёллар 425 нафарни ташкил этган.
Аслида дунё касблари ичида кончилик энг оғир меҳнат шароитли касб саналади. Аммо қандай шароитда бўлмасин ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазасини таъминлаш раҳбарият олдидаги асосий вазифалардандир.
Ушбу вазифаларни бажариш мақсадида бугунги кунда касб байрамини нишонлаётган корхона меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси мутахассислари ҳамда корхона касаба уюшма қўмитаси ходимлари келишилган Низомлар асосида барча ишлаб чиқариш цехларида меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрларига қатъий риоя этилиши, ишлаш шароитлари, ишчи ва ходимларни белгиланган тартибда махсус кийим-бош, пойабзал ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши назоратга олинган.
Шимолий кон бошқармаси бўлинмаларида ишлаётган ишчи-ходимлардан ноқулай меҳнат шароитида банд бўлган 8025 нафарига якка тартибдаги ҳимоя воситалари берилган. 7045 нафар ходимга қўшимча таътил, 5185 нафар ходимга бепул парҳез овқатлар, 234 нафар ходимга бепул сут ёки унга тенг озиқ-овқат маҳсулотлари, оширилган тариф ставкалар бўйича 4913 нафар ходимга тўловлар тақдим этилган.
Кон бошқармаси ишчиларининг меҳнат шароитларини яхшилаш учун “Шарқий” кони, Автомобил транспорт бошқармаси ҳамда Темир йўл цехининг маъмурий маиший биноси капитал таъмирланиб, тўлиқ жиҳозланди. Қолаверса ишчиларнинг меҳнат муҳофазаси соҳасига бўлган қизиқишини ҳамда билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 3-сонли гидрометаллургия заводи, “Шарқий” кони, Автомобил транспорт бошқармаси, 1-сонли Автокорхона ҳамда Темир йўл цехида меҳнат муҳофазаси бўйича ўқув хоналари ташкил қилинган. Замонавий техника ва жиҳозлар билан таъминланганлиги натижасида, санаб ўтилган ташкилотларда янги келган ходимларга видеороликлар орқали маълумотлар берилмоқда. Билимлари электрон тест шаклида синовдан ўтказилмоқда.
Бугун сир эмаски нафақат учқудуқликлар балки бошқа ҳудудларда яшаётган кўпчилик аҳоли Учқудуқ туманидаги Шимолий кон бошқармасида ишлаш истагини билдиришади. Буни кўпчилик маошнинг юқорилиги билан баҳолаши мумкин. Аммо меҳнат қилган одам ўзининг бу ерда қадрланишини ва ҳимояланишини биринчи ўринда кўради. Шароит бор жойни эса одамлар ҳар доим орзу қилади.
ШКБ ахборот хизмати.