LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

21 Jan 2022

     Учқудуқ туман МТБга қарашли 10-сонли ДМТТда 2022-йил 21-январь куни «Математика фаолиятини ўйинлар орқали ташкил этиш» мавзусида семинар бўлиб ўтди. Семинар давомида «Буюкларни ёд этиб» номли маънавий-маърифий тадбир намойиши бўлиб ўтди. Тадбирда тарбияланувчилар томонидан Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб ғазал ва рубоийлар айтилди. «Навоийнинг ёшлиги» саҳна кўриниши намойиш этилди, «Дутор», «Кавказча» рақслари ижро этилди. Педагог ходимлар иштирокида ғазалхонлик бўлиб ўтди.

    Тадбир семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

 

21 Jan 2022

 

     Ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун шахслар ариза билан исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.

    Анкета-ариза электрон тарзда тўлдирилади ва унга қуйидагилар электрон тарзда илова қилинади ёки маълумотлар тақдим этилади:

● жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;

● оила аъзоларининг (жисмоний шахснинг) шахсий идентификация рақами маълумотлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва (ёки) фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар бор бўлган тақдирда) нусхалари;

● белгиланган тартибда никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);

● доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);

● доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг нусхаси (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);

● ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).

    Юқоридагилардан ташқари маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

     Шунингдек, субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ орқали олиш мумкин бўлган ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиш ман этилади.

      Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари номидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш тўғрисидаги аризани унинг оила аъзолари бериши мумкин.

     Хизматлар ариза берувчиларга бепул амалга оширилади.

20 Jan 2022

 

     Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев жорий йил январдан иш бошлаган янги “Ифтихор” МФЙ га қарашли “Кончилар” кўчасида сайёр қабул ўтказди. 

     Сайёр қабулда туман ҳокими билан биргаликда, корхона-ташкилот раҳбарлари ҳам ушбу қабулда иштирок этишди. Раҳбарлар “Кончилар” овулидаги хонадонларга бирма-бир кириб, одамларнинг фикр-мулоҳазаларини тингланди.

    Шунингдек, “Бохантау” геология қидирув экспедицияси мажлислар залида фуқароларни қабул қилди. Унда турли муаммо ва таклифлар билан келган 12 нафар фуқаролар моддий ёрдам ажратиш, иш билан таъминлаш, сув таъминоти, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик, кадастр ва шу каби муаммолар билан қатнашдилар. 

     Туман ҳокими томонидан қабул жараёнида ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор берилиб, ушбу мурожаатларда кўтарилган муаммоларни ижобий ҳал этиш юзасидан масъулларга муддатлар белгиланган ҳолда тегишли кўрсатмалар берилди.

Учқудуқ туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

 

19 Jan 2022

     Ўзбекистонда ЎзР ФА Биоорганик кимё институтининг бир гуруҳ олимлари, етакчи илмий ходим Ш. А. Шомуротов раҳбарлигида «Биомайрин 600 мг» оригинал препарати яратилди.

     Ушбу препарат полигалактурон кислотаси (пектин) ва силга қарши препаратлар – изониазид, этамбутол ва рифампитсин асосида олинган. Мазкур илмий лойиҳа тижоратлаштиришгача тайёрлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 997,4 млн миқдоридаги маблағ билан молиялаштирилган

    Препарат макромолекуляр табиатга эга бўлиб, табиий полимер полигалактурон кислота макромолекуласига силга қарши изониазид, этамбутол ва рифампитсин кимёвий боғлар воситасида боғланган. Бунинг натижасида ушбу касалликка қарши бошқа препаратларга нисбатан  организмга ножўя таъсири бир неча марта камайган  ҳамда организмдаги самарали таъсир вақти бир неча марта ортган, яъни пролонгацияланган таъсирга эга. Препарат патоген ҳужайраларига йўналтирилган таъсир қилади ҳамда силнинг турли штаммларига нисбатан юқори фаолликка эга.

     Таъкидлаш лозимки, сил касаллиги бутун дунёда инсонлар соғлиғи учун хавф солувчи касаллик бўлиб, ўлим билан якунланувчи юқумли касалликлар орасида иккинчи ўринда туради. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 10 млн.га яқин инсон сил касалига чалинади, шундан 1,5 млн.дан ортиғи ўлим билан якунланади. Бу кўрсатгич COVID пандемияси оқибатида янада ортди. Ўзбекистонда эса ҳар йили 25 мингга яқин киши сил касалига чалинади.

    Қайд этиш жоизки, ҳозиргача сил касаллиги қарши янги самарали препаратлар мавжуд эмас эди. Ҳозирда қўлланилаётган препаратларнинг аксарияти ярим аср олдин яратилган ва қатор камчиликлари мавжуд. Жумладан, ушбу препаратларнинг организмга ножўя таъсири юқори бўлиб, даволаш жараёнида қўшимча ёндош касалликларни келиб чиқишига сабаб бўлади. Шунингдек, айни препаратларнинг организмдаги таъсир вақти қисқа (3-6 соат) бўлиб, организмда терапевтик концентрациясини сақлаш мақсадида кунига кўп марта қабул қилиш талаб этади. Бу ўз навбатида турли токсико-аллергик ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

    Юқоридаги маълумотлар ҳозирги кунда сил касаллиги терапиясида узоқ вақт таъсир кўрсатувчи организмга ножўя таъсири кам бўлган препаратлар зарурлигини англатади ва олимларимиз томонидан яратилган дори воситаси аҳоли соғлиғига, миллат саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

19 Jan 2022

     “Муқобил энергия орқали ишлайдиган иситиш тизимини жорий этган лимон етиштирувчиларни, шунингдек, янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатлар харид қилишни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (24-сон, 17.01.2022 й.) қабул қилинди.

    Қарорга мувофиқ, лимон етиштирадиган қишлоқ хўжалиги ташкилотлари харид қилган муқобил энергия (табиий газга нисбатан)орқали ишлайдиган иситиш қурилмалари қийматининг 30 фоизгача қисми Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

  Қарор билан бу бўйича низом тасдиқланди.

  Низомга кўра, талабгорлар (қишлоқ хўжалиги ташкилотлари) муқобил энергия қурилмаси ўрнатилган иссиқҳона ишга туширилгандан сўнг субсидия олиш учун туман комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.

    Туман комиссияси мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида талабгор томонидан ўрнатилган муқобил энергия қурилмаларини жойига чиққан ҳолда ўрганади.

   Талабгорлар Комиссиянинг ижобий хулосасини олгач 5 кун ичида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига тегишли ҳужжатларни тақдим қилади.

   Ҳужжатлар тақдим қилинган кундан бошлаб 3 иш куни ичида Агентлик уларни ўрганиб чиқиб, Кенгаш қарори қабул қилинган кундан бошлаб 1 ой ичида субсидия ажратади ёки рад этилса, бу ҳақда талабгорни хабардор қилади.

   Агентлик 5 йил мобайнида, ҳар йил камида бир маротаба шартномада кўрсатилган параметрлар ва мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг олиб боради.

   Шунингдек, қарорга кўра янги лимонзорлар барпо этиш ва кўчатлар харид қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳар бир сотих учун 300 минг сўмгача миқдорда субсидия сифатида қоплаб берилади.

    Субсидия лимонзорлар барпо этиш ишлари якунланиб, туман ишчи комиссиясининг уларни фойдаланишга қабул қилиш юзасидан тасдиқланган далолатномалари Агентликка тақдим этилгандан сўнг 1 ой муддатда ажратилади.

19 Jan 2022

    “Дори-Дармон” АК ижтимоий дорихона тармоқларида VivaDiagТМ Про SARS-CoV-2Аг Экспресс Тест сотувга қўйилганини маълум қилди.

    Компания Матбуот хизматининг таъкидлашича, мазкур Экспресс Тест инсонда SARS-CoV-2дан нуклеокапсид оқсил антигенини тез, сифатли аниқлаш учун мўлжалланган. Бу ўз-ўзини текшириб кўриш учун тест. У фақат дастлабки скрининг тест натижасини беради. Ушбу тест 16 ёшдан 69 ёшгача бўлган шахсларда бурунда тўпланган намуналарини тампон билан уйда текшириш учун мўлжалланган. 16 ёшдан кичик ва 69 ёшдан ошган одамлардан намуна олиш ва текшириш катталар раҳбарлигида ўтказилиши керак.

     Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти SARS-CoV-2 вируси келтириб чиқарадиган касалликни коронавирус 2019 ёки COVID-19 деб атади. SARS-CoV-2 вируси енгил ва оғир респиратор касалликларга олиб келиши мумкин ва бутун дунё бўйлаб тарқалди.

    COVID-19 нинг энг кенг тарқалган белгилари иситма, чарчоқ ва қуруқ йўталдир. Баъзи беморларда оғриқ ва оғриқлар, бурун тиқилиши, бош оғриғи, конъюнктивит, томоқ оғриғи, диарея, таъм ёки ҳидни йўқотиш, терида тошмалар ёки бармоқлар ёки оёқ бармоқларининг ранги ўзгариши мумкин.

    Тест қадоғида қўллаш йўриқномаси мавжуд.

 

19 Jan 2022

 

      O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining 2021-yil 29-noyabrdagi "O‘zbekiston Respublikasi jamoat xavfsizligi konsepsiyasini tasdiqlash va uni amalga oshirish chоra-tadbirlari to‘g‘risida"gi PF-27-sonli farmoni hamda O‘zbekiston Respublikasi bosh vazirining 2021-yil1-dekabrdagi 25/1-2978-sonli hamda Navoiy Viloyati Maktabgacha ta'lim boshqarmasining 2021-yil 6 - dekabrdagi 01-16 sonli nazorat rejasining ijrosi yuzasidan, Uchquduq tuman maktabgacha ta`lim bo‘limiga qarashli 5-sonli maktabgacha ta`lim tashkilotida yo‘l harakati xavfsizligini to‘liq ta`minlashda bolalarga yo‘l harakati xavfsizligi asoslarini o‘qitish tizimini joriy etish, yo‘llarda, chorrahalarda va piyodalar o‘tish joylarida harakatlanish asoslarini amaliy hamda ko‘rgazmali tarzda o‘rgatishni yo‘lga qo‘yishni ilgari surish maqsadida maktabgacha ta`lim tashkiloti tarbiyalanuvchilari ishtirokida “Yo‘l qoidasi-umr foydasi!” shiori ostida tadbir tashkil etildi. Yo‘l harakati xavfsizligi xodimlari bilan birgalikda tashkil etilgan amaliy jarayon tarbiyalanuvchilarga juda katta ta`surot qoldirdi. Shu kabi tadbirlarni ko‘proq tashkil etishni o‘z oldimizga maqsad qilib qo‘ydik. 

5-sonli DMTT tarbiyachisi Ro‘ziyeva Gulnoz To‘lqin qizi

19 Jan 2022

    Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органларининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган мансабдорларни 810 минг сўмдан 1,3 млн сўмгача маъмурий жаримага тортишни таклиф қилди. Депутатлар таклифни маъқуллади.

    18 январ куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

     Лойиҳани Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ишлаб чиққан. Мажлисда агентлик директори Акмал Бурҳонов сўзга чиқди.

    Бурҳоновнинг матбуот хизмати берган маълумотга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 2157-модда ва 24510-моддаларни қўшиш таклиф этиляпти.

    215(7)-моддада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, жумладан очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаслик ёки тўлиқ эълон қилмаслик, эълон қилиш муддати ва тартибини бузиш ёки маълумотларни нотўғри кўрсатганлик учун жавобгарлик белгиланади.

    245(10)-моддага асосан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахсларига мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ва судга тақдим этиш ваколати берилади.

    Ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (810 минг сўмдан 1,3 млн сўмгача), худди шундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1,3 млн. сўмдан 2,7 млн. сўмгача) миқдорда жарима қўллаш таклиф этиляпти.

    Эслатиб ўтамиз, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун белгиланган тартибда жавобгар бўлиши ёзилган. Лекин амалда бунақа тартиб йўқ.

    Қонунчиликдаги бўшлиқ мазкур қонун лойиҳаси билан тўлдирилмоқда.

    Қонунчилик палатаси депутатлари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.

 

19 Jan 2022

    Дафтарга киритишнинг ахборот тизими 2022 йил 1 февралгача амалиётга жорий этилади.

    Ўзбекистонда «Меҳр дафтари» тизимини жорий этиш тартиби белгиланди

    Ўзбекистонда етим болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Меҳр дафтари» тизимини жорий этиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.

     Маълум қилинишича, ҳукумат қарори билан Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган «Меҳр дафтари» тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

    Низомга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида «Меҳр дафтари»га киритилади ва ундан чиқарилади.

    «Меҳр дафтари» тизимига киритишнинг ахборот тизимидан фойдаланиш ва маълумотларни киритиш тартиби Миллий гвардия томонидан белгиланади. Шунингдек, 2022 йил 1 февралгача мазкур ахборот тизими амалиётга жорий этилади.

    Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари «Меҳр дафтари»ни шакллантиришга масъул ҳисобланади.

    Қуйидагилар «Меҳр дафтари»га маълумотларнинг бевосита киритилишини таъминлайди:

    Халқ таълими вазирлиги томонидан унинг тизимидаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, Республика болалар ўқув-тарбия муассасалари ва Оилавий болалар уйлари;

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан унинг тизимидаги Болалар уйлари;

    «SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмаси томонидан унинг тизимидаги болаларни муқобил парвариш қилиш хизматлари, ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматлари ва ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматлари тарбияланувчилари ва битирувчилари тўғрисидаги;

туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан васийликка (ҳомийликка, патронатга) олинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги.

Таъкидланишича, дафтарга киритилган болаларнинг муаммо (эҳтиёж, қизиқиш)лари тегишли тартибда ўрганилади. Шунингдек, «Меҳр дафтари»га киритилган болаларни қўллаб-қувватлаш ишлари қуйидагилар томонидан мувофиқлаштирилади:

туман (шаҳар) ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси томонидан манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда;

    Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари томонидан манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда;

    Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси ва Миллий гвардия томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда.

    Қайд этилишича, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда тегишли қарор асосида «Меҳр дафтари»дан чиқарилади.

    Бунда дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. Бандлиги таъминланмаган ҳолатларда, «Меҳр дафтари» ҳисобида туриш муддати бандлиги таъминлангунгача, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.

    Аввалроқ Тошкент вилоятида «дафтар»ларда турувчи ёшларга 5531 гектар ер ажратилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президентнинг етим қизларни уй-жой билан таъминлашга оид фармонига ўзгартиш киритилгани хабар қилинди.

 

 

18 Jan 2022

    Туманнинг 2022 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида

     Ўзбекистон Республикасининг "Бюджет кодекси" 27, 99-моддалари, "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунининг 6, 24-моддаларига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши

   ҚAРОР ҚИЛAДИ:

1. Ўзбекистон Республикасининг "2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонуни ижро ва раҳбарлик учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикасининг "2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, Учқудуқ туманининг маҳаллий бюджети 2022 йил учун даромадлари 50 643,2 млн.сўм, харажатлари 86 782,4 млн.сўмга тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Учқудуқ тумани маҳаллий бюджети даромадларининг 2022 йилги асосий

прогноз кўрсаткичлари 1-иловага, 2022 йил учун туман бюджетидан биринчи

даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 2-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

4. Туман бюджетига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, ажратма меъёрлари бўйича туман маҳаллий бюджетининг тақсимотини ўрнатилган тартибда туман ғазначилик бўлинмаси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

5. 2022 йил учун туман бюджет даромадлари ва харажатлари прогнозлари 4-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

6. Туман маҳаллий бюджетига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнози ижросидан қатъи назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги Қонунда белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

7. 2022 йил учун туманнинг туман бюджети захира жамғармаси ҳажмлари 818,7 млн. сўм миқдорида белгилансин. Туман маҳаллий бюджетини ижро этишда юқори турувчи бюджетдан уларга ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг прогнозидан ошган қисми учун тегишли бюджетларининг захира жамғармалар миқдорларига аниқлаштириш киритилмайди.

Туман бюджетининг захира жамғармалари маблағларини бюджет тизими бюджетлари шакллантирилаётганда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.

8. 2022 йил учун туман маҳаллий бюджети шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 532,1 млн. сўмни ҳамда туман бюджети шахсий ғазна ҳисоб-варақларида турган бюджет маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдори 6-иловага мувофиқ белгилансин.

9. Ўзбекистон Республикасининг мазкур қонуни билан 2022 йилда халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилганлиги инобатга олинсин.

Шунингдек, 2022 йилда қуйидаги солиқ турлари: 

а) туман маҳаллий бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилади:

жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;

жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;

жисмоний шахсларга тегишли мол-мулкни ижарага беришдан оладиган йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари

томонидан тўланадиган солиқ мустасно; 

қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ:

мобил алоқа хизматлари учун аксиз солиғи, тамаки ва алкогол маҳсулотлари,

шу жумладан, пиво учун аксиз солиғидан тушумлар 2022 йил 1 июл ҳолатига кўра туман аҳолисининг улушига мувофиқ.

б) вилоят бюджети ҳамда туман маҳаллий бюджетлари ўртасида тақсимланади: 

Қонунга мувофиқ вилоят маҳаллий бюджетига ажратма қилинган 63 фоиз миқдорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушумлар (жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғидан ташқари) туман маҳаллий бюджетига 10 фоиз ажратма қилиниши ҳамда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиғидан 50 фоиз тушумлари туман маҳаллий бюджетига ажратма қилиниши белгилансин.

10. Туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги фармойишлари тегишли равишда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан туман ҳокимлигининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтириш мақсадида қабул қилинади. Туман ҳокими фавқулодда вазиятларда ва шунга ўхшаш кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши талаб этиладиган ҳолларда ишлатилган маблағлар тўғрисида халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериш шарти билан қўшимча манбаларни йўналтириш бўйича қарор ва фармойишларни қабул қилади.

11. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар тегишлилиги бўйича ушбу маҳаллий бюджетларнинг ижроси давомида шаклланган қўшимча манба ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.

12. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, молия бўлими, давлат солиқ инспексияси масъул корхона ва ташкилотлар билан биргаликда: 

тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;

маҳаллий бюджети прогноз кўрсаткичларни ўз вақтида ва самарали бажариш;

бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш;

бюджет интизомига риоя этилиши устидан назорат ва масъулиятни янада кучайтириш;

тегишли маҳаллий бюджетларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ тушумини таъминлаш;

бюджет даромадлар базасини ошириш ва қўшимча резервларни аниқлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратсин.

13. Туман давлат солиқ инспекцияси тегишли масъуллар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси "Солиқ кодекси"да белгиланган ваколатларидан келиб чиқиб:

солиқларнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобланишини ҳамда ушбу солиқларни ўз

вақтида бюджетга ундирилиши устидан солиқ назоратини кучайтириш;

ер солиғи, сув - ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва мол-мулк солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказган ҳолда, солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминлаш ҳамда ушбу солиқ тўловлари бўйича солиқ қарздорлигига йўл қўймаслик чораларини кўриш;

айланмадан солиқ тури бўйича солиқ тўловчилар томонидан нақд пул айланмаларининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий солиқ назоратини ўрнатиш ҳамда зарур ҳолларда хронометраж ва камерал солиқ назорати тадбирларини ўтказиш:

бунда, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида фуқароларга харид чекини талаб қилиб олишни тарғиб этувчи ижтимоий роликлар ҳамда видеоматериаллар тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратиш:

хатлов ишларини самарали ташкил этиш орқали ер ва мол-мулк солиғининг солиқ базасини ошириш вазифаси юклатилсин.

14. Туман давлат солиқ инспекцияси, кадастр бўлими 2022 йилдан бошлаб юридик шахслар мол-мулк солиғини ҳисоблашда кўчмас мулкларга 1 кв.метр учун минимал миқдорлар жорий этилганлигидан келиб чиқиб, туманда мавжуд солиқ тўловчиларнинг мол-мулклари майдонларини чуқур таҳлил этган ҳолда ушбу мол-мулкларга нисбатан солиқларни тўлиқ ҳисобланишини таъминласин.

15. Туман давлат солиқ инспекцияси, тегишли масъул ташкилотлар билан биргаликда: 

норуда қурилиш материалларини қазиб олиш соҳасида ноқонуний фаолият олиб бораётган каръерларни аниқлаш бўйича хатловлар ўтказиш; 

хатлов натижалари бўйича аниқланган ноқонуний фаолият олиб бораётган каръерлар фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда уларни солиқ базасига қамраб олиш;

норуда қурилиш материалларини қазиб олиш соҳасида фаолият олиб бораётган каръерлар томонидан қазиб олинаётган норуда қурилиш материаллар ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши устидан доимий назорат ўрнатсин. Бунда, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган каръерларнинг қазиб олиш ҳажмларини доимий таҳлил қилиб бориш ҳамда зарур ҳолларда қазиб олиш ҳажмларини аниқлашда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан "маркшейдрлик" хизматларидан фойдаланиш лозимлиги алоҳида белгилаб қўйилсин.

16. Мажбурий ижро бюроси Учқудуқ туман бўлими, туман давлат солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича мавжуд солиқ қарздорликларини бюджетга ундириш юзасидан тегишли чоралар кўриб борсин ҳамда чораклар якуни билан солиқ қарздорликларининг чорак бошига нисбатан камайиб бориши бўйича барча комплекс чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилсин.

17. Маҳалла ва оилани қўллаб - қуватлаш бўлими, тегишли масъуллар билан биргаликда жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиқлари бўйича жорий ҳисобланган солиқларни ҳамда ушбу солиқлардан мавжуд солиқ қарздорликларини ундириш юзасидан солиқ органларига амалий ёрдам кўрсатсин.

18.Туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилоят ҳудудий бошқармаси билан биргаликда:

бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш бўйича хатлов ишларини самарали ташкил этиш;

хатлов натижаларига кўра туманда мавжуд бўш турган давлат мулки

объектлари рўйхатини шакллантириш;

шакллантирилган рўйхатга асосан бўш турган давлат мулки объектларини ижарага бериш ёки сотиш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш;

бўш турган давлат мулки объектларини ижарага бериш ёки сотиш бўйича ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида роликлар ва видеоматериаллар тайёрлаш; 

хусусийлаштирилиши мўлжалланган бўш турган давлат мулки объектларини « E-IJRO AUKSION» майдончаси орқали сотиш ишларини ташкиллаштириш вазифаси юклатилсин.

19. Туман давлат солиқ инспекцияси, туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари билан биргаликда туманда фермер хўжаликлари ва бошқа корхоналарга сарфланаётган сув ҳажмлари бўйича аниқ ҳисоб-китоблар юритган ҳолда мазкур истеъмол ҳажмлари бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлиқ ҳисобланишини ҳамда молия йили якунига қалар маҳаллий бюджетларга тўлиқ ундириб олиш вазифаси юклатилсин.

Бунда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан истеъмол қилинаётган сув ресуслари ҳажмлари ва ушбу ҳажмлар бўйича ҳисобланаётган сув солиқлари бўйича доимий таҳлиллар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилсин.

20. Туман молия бўлими ва бошқа тегишли корхона ва ташкилотлар билан биргаликда:

бюджет интизомига қатъий риоя этилиши устидан доимий мониторинг ишларини кучайтирсин; 

бюджет интизомини бузиш ҳолатлари бўйича ҳар чорак якуни билан халқ депутатлари туман Кенгашга ахборот киритиб борсин; 

ўтказилган назорат тадбирлари якуни бўйича камомад ва ноқонуний ўзлаштиришга йўл қўйган соҳа раҳбарларининг ҳисоботи ҳар чоракда эшитиб борилсин.

21. Қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қуриш реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек, қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотларни тегишли равишда мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириб борсин;

туман маҳаллий бюджети жами харажатларининг 5 фоизи ҳамда шаклланган қўшимча маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштириш учун "Фуқаролар ташаббуси жамғармаси"га йўналтирсин. 

Бунда, туман халқ депутатлари, Ёшлар ишлар агентлиги, туман ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари ҳамда янги жорий этилган ҳоким ёрдамчилари бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида аҳолига кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга масъул этиб белгилансин;

маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек, қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунларига кўра, кейинги чорак биринчи ойининг 10 санасига қадар мажбурий тартибда тегишли ҳокимлик расмий веб-сайтларига жойлаштириб борилсин.

22. Туман ҳокимлиги мазкур Қонунга асосан тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини тегишлилилиги бўйича халқ депутатлари туман Кенгашига тақдим этиб борсин.

23. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, молия бўлими ва туман давлат солиқ инспекцияси бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора - тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назорат ўрнатиш учун тегишлилиги бўйича халқ депутатлари туман Кенгашига маълумот киритиб борилсин.

24. Туман давлат солиқ инспекцияси Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин. 

25. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари - матбуот котиби, "УЧҚУДУҚ" газетаси таҳририятига:

мазкур қарорни "УЧҚУДУҚ" газетасида расмий эълон қилиш ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириш тавсия этилсин. 

26. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

27. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси зиммасига юклатилсин.

Кенгаш раиси С.Хамроев.

2021 йил 30 декабрь VI-41-93-5-76-К/21

 

IMG 20220118 210745 778

 

IMG 20220118 210748 076

 

IMG 20220118 210751 178

 

IMG 20220118 210753 378

 

 

 

IMG 20220118 210756 001

 

 

 

IMG 20220118 210757 994

 

 

IMG 20220118 210757 994

 

 

 

 

 

 

IMG 20220118 210806 337

 

 

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: