Ҳурматли газетхонлар бугундан газетамиз саҳифасида “Онамга таъриф” рукнини ташкил этдик. Ўйлаймизки бу саҳифамиз сизга манзур бўлади.
Ҳаётнинг аччиқ синовлари кўп бу синовларга кимдир эрта кимдир кеч дуч келади бироқ ҳаётнинг адолати ҳам шундаки у қанчалар қайсар ва қанчалар бешафқат бўлмасин у билан кураша олган инсон ғолиблик шоҳсупасига кўтарилади. ҒОЛИБЛИК НИМА? Йўқотганингни топиш, топганинингни эъзозлаш, энг асосийси ўзинга ўзинг ишона олишинг!
Бугунги қаҳрамонимиз - Жамила Кенжаева
КУЛИБ ТУРИБ ҲАМ СОЧЛАРИНИ ОҚАРТИРГАН ОНАМ
УНИНГ ЁШЛИГИ ШУНДАЙ ЎТГАН..
...Ёшлигида оиланинг эркатойи, шаддод бўлган шўх қизни ҳамма журналист бўлишига ишонарди, чунки мактабда ва кейинчалик фаолият олиб борган корхонасида ўтадиган бирор тадбир усиз ўтмасди. Шеърлар айтиб томошабинларни йиғлатган, баҳсларда доим ғолиб бўлган... Нияти ҳам олий даргоҳда ўқиш Тошкентларда қолиб ҳамма танийдиган журналист бўлиш эди. Бироқ... ана шу бироқ...
1989 йиллар онам бетобланиб шифохонага тушганда отам билан танишишган. Орадаги муҳаббат оила қуришга сабаб бўлган. Дадам Учқудуқ шаҳрида ишлагани сабаб онам ҳам Бухородаги келинлик уйини эрта тарк этиб, янги орзулар билан янги шаҳарга келади. 1991 йилда акам орадан 2 йил ўтиб эса мен дунёга келганман.
Онамнинг айтишларича бир ёшлигимда маълум сабаблар билан дадам озодликдан маҳрум этилган. Оила қурганига эндигина 4 йил бўлган онамни эса 2 бола билан олдинда қийинчиликлар етишмовчиликлар кутарди. Тоғаларим қистови билан қишлоққа қайтган онам ўша ердаги кичик дўконда маълум вақт ишлаган. Ўшанда бувимни элас - элас эслайман, албатта кўнгли ўксимасин дея, бошқа невараларидан кўра бизга кўпроқ эътибор берган, силаб – сийпалаган.
Икки бола билан ота уйига қайтган онам табиийки, қўни-қўшниларнинг бунга бевосита ўзи сабабчи бўлмаса-да, қўл учи билан кўрсатишларидан қанчалик эзилмасин қарши туришга ўзида куч-бардош топа олди. Зеро, онамдаги қатъият бировларнинг фикрига қараб эмас, эртанги кунга бўлган гўзал ишонч билан, Аллоҳга таваккал билан яшашда давом этишга ундарди. Ишончим комил, бу орада онамнинг қанчалик юраги сел бўлиб оқсада ўзини кучли қилишга ирода топарди.
ҚАНЧА СИТАМЛАРИНГ БОР ЯНА УЧҚУДУҚ?!
Орадан олти йилдан ошиқроқ вақт ўтиб дадам уйга қайтганида ҳаммамиз юракда хотиржамлик келаси ҳаётга катта умид билан яна Учқудуққа келдик. Ҳа шундай бўлди бир йилдан ошиқроқ вақт бахтли оила бўла олдик....
2001 йилнинг март ойида яна айни сабаб билан отасиз ўсишга “маҳкум” этилдик. Аммо бу ғамни оиламизга ташриф буюраётган жажжи меҳмоннинг келишини кун санаганимиз боисми кўпам эсламасдик биз болакайлар...
Энди онам барча маъсулиятни ўз гарданига олган сабаб, биз қишлоққа қайтмадик. Ҳарчанд қийин бўлмасин, онам ота уйидан, дўсту ёрларнинг ёрдамидан биз сабаб мусуво қолганди.
Неки бўлса - бўлсин аммо фарзандларини ҳеч кимга оғирлиги тушмасдан, ҳалол луқма едириб катта қилишни хоҳлаган онам кўчада кичик стол устида савдо қилишни бошлади. Яна денг, ўша пайтларда шаҳар марказида мол боқишга ор қилмаган онажоним қўлларида иккита оғир челак билан молларга уч маҳал овқат таширдилар. Акам билан мен: “Бир эркак оғриниб кўтарадиган бу челакларни онам бир ўзи қандай кўтараркин”, деганимиз-ча, орқаларидан эргашардик.
2001 йил 15 май эрталаб яна доимгидай онам ўша иккита челакни қўлларида даст кўтарганида бирдан “дод” деган овози ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Акам иккаламиз йиғлаб турган онамга мўлтиллаганча нима қилишни билмаганмиз. Яна онам гарчи тўлғоқ азобидан қаттиқ қийналаётган бўлсалар-да, (мен буни ўзим она бўлиб билдим) бизга жилмайиб, уйимиз яқинидаги мактабда ишлайдиган Тамара опани чақиришимизни сўраган эди
ОТАЛАР ҚАЙ ПАЙТДА КЕРАКЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ?
Биринчи марта ўшанда ҳис қилганман дадам ёнимизда эмаслигини, дада ўз вазифасини қайси пайтда бажариши лозим эканлигини.
Мен сўрамаган бўлардим ўртоқларим ўйнайдиган қиммат қўғирчоқларни, мен сўрамасдим ота меҳри тўлиб тошган қучоқларни, менга керак эмасди ўша пайтда дада олиб берадиган чиройли кўйлаклар. Менга фақат бу каби оғир дамларда онамнинг қўлидан тутадиган дадамнинг бақувват қўллари, суянадиган елкалари, шунчаки барча қийинчиликларга гўё якун ясайдиган дадамнинг қайтиши кифоя эди.
Синглим туғилди. Онам туғруқхонадан келганларича аммам қўшнилар ҳолимиздан хабар олиб туришди.
Ҳозир ўтган йилларни эслаганим сайин шунчалик кўп нарса ҳаёлимга келяптики, уларни ёзишга қоғозга туширишга қўлларим қалтираяпти. Кўз ёшларим бирма-бир тўлган саҳифаларни ювиб тушаяпти.
Ҳаёт қанча синамасин онам синмадилар. Мағрур бўлиб, акам билан менинг пухта билим олишим учун барча имкониятни қилдилар. Акам 7 ёшда мактаб борганида мен 5 ёшда эдим. “Мактабга бораман” деб йиғлаганча мен ҳам эргашдим. Қаранг-ки, устозларнинг “имтиҳони” дан ўтганимдан сўнг, ўзимдан 2 ёш катта акам билан бир синфда ўқий бошладим.
Зеро, мени ҳимоячим ўлароқ, акамнинг ҳамиша ёнимда бўлиши, синфдош дугоналаримнинг гап сўзига эмас, эътиборимни ўқишга қаратишимга сабаб бўлган деб ўйлайман.
Баъзан ёшлик қилиб онамга қилган инжиқликларимни, нолиганларимни ўйласам ҳозир ўзимни ёмон кўриб кетаман. Акам билан тортишиб қолганимда ёки дарс қилишни хоҳламаган вақтларимда онамни сабр билан пешонамдан ўпганлари ёдимда.
“СИЗЛАРНИ ЎҚИТАМАН,СИЗЛАР БИЛАН БАХТЛИ БЎЛАМАН”
Онамдан қайта қайта сўрайдиган бир воқеа бор. Буни ёзмасам бўлмас.
...Бир куни бир болакай олмани бир тишлаб ташлаб юборганида акам югуриб бориб ўша олмани ердан олиб еганини айтиб берганимда онамни кўзларидан ёш тўхтамади. Қизиқсиниб, англаб – англамай: “Хўп, нега ўзиз олиб бермагансиз олма, нега акамни ўша олмани охиригача егани қўйиб бермагансиз?“ деганимни эсласам, бугун ёш мени кўзимдан оқади.
Биз онам учун шунчаки юпанчиқ ёки овунчоқ эмас эдик. Балки ҳам ота ҳам она меҳрини бирдек туйишга ҳаққи бор, аммо бундаги етишмовчиликни онанинг якка ўзи бартараф этишга ҳаракат қилаётган ва буни ўз вазифаси деб билиб, энг бебаҳо неъмат соғлиги гўзал ёшлигини қўлдан бой бераётган муштипар бир онаизорнинг фарзандлари эдик.
Кўп оналарни кўрганман, оилада арзимас хафагарчилик бўлса аламини дарров боласидан олади. Айтсам ишонмассиз, лекин бизни яқиндан билганлар тасдиқлашади, мен ҳам синглим ҳам ҳатто акам ҳам эсимизни танибмизки, ойимнинг бизга қўл кўтарганини ҳатто қаттиқ гапирганини уришганини эслолмаймиз. Бундай ҳолатни ўзи бўлмаган.
Онам топшириб кетган уй юмушларини қилмасак ёки уйга берилган вазифани ўз вақтида бажармасак жазо бир хил эди сув тўлдирилган баклашкаларни кўтариб турардик.
Ҳаёт онамни кўп бора синовлардан ўтказган бўлса-да, фақат биз болаларга меҳр тўла юрагини, меҳр тўла ҳаётни берди. Шундай қилишга ўзида куч топа олди. Бугун иродаси мустаҳкам, иймони бутун онамнинг бардоши олдида бош эгаман.
“Сизларни ўқитаман, сизлар орқали мен бахтли бўламан”, деган гапни ҳар куни такрорлардилар.
ОНАМ СОВУҚ УРГАН ОЁҚЛАРИ УЧУН ҲЕЧ ҚАЧОН ЙИҒЛАМАДИ...
Акам билан мен (синглим у вақтлар чақалоқ эди) қийинчилик нима эканлигини тушуна бошлаган, зоҳиран ёш бўлсакда, ботинимиз улғайиб қолган болакайлар эдик. Кечқурунлари савдода ўтириб, совуқдан зирқираб оғриётган оёқларини уқалаб, кечаси билан ҳўл этигини яна қуритиб эрталабга тайёрлаб қўядиган онамнинг биз учун қилган меҳнатларини мезони йўқ. Ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди.
Куни бўйи кўчани иссиқ - совуғида савдо қилган онам кечалари биз билан дарс қилишга оғринмаган, ўзлари ёзган шеърларини ўқиб, бизни китоб ўқишга, адабиётга қизиқтирган эди.
Лекин тунлари... Ёстиқлари ҳўл бўлганига кўп-кўп маротаба гувоҳ бўлганман. Кичкинаманми; “Нега йиғлаяпсиз, ойижон” дея берган саволимга: “Бошим оғриб қолди” дердилар. Шунга ишонардим. Бошларини кичкина қўлларим билан босиб қўйсам: “Ана, қизим қўлинг бирам енгилки, бошоғриғим қолди” дердилар кулиб. Мен эса хурсанд ухлагани ётардим. Билмайманки балки эрталабгача йиғлаб чиққандирлар.
Барибир энг кучли аёл ҳам агар бошини қўядиган ишончли елка, суянадиган тоғи бўлмаса барибир пана - паналарда кўз ёшини тўкаверади.
Савдодан тушган майда пулларни йиғиб ўқишим учун китоб ёки кроссворд газеталар сотиб олардим. Бирор нарса егимиз келиб хархаша қилсак, биз болаларга етадиган миқдорда олиб, ўзлари ҳеч ҳам емасдилар. “Ўзиз ҳам олинг, енг”, деб айтсак, доим бир хил сўз: “Қорниқ тўқ, егим келмаяпти деган жавобни эшитардик.
Балки ўшанда ҳозирги ақлим бўлганидами, ўша нарсаларга қиё ҳам боқмаган бўлардим. Ҳаётимни ҳар соҳасида берган дарслари бугун ўз мевасини беряпти. Лекин аввалига 6 йиллик кейин 11 йиллик ёлғизлик, шу йиллар ичида чекилган азоблар, оғриган юраклар, чок-чокидан сўкилган дардлар...
Булар ҳаммаси қалбда қоларкан, уларни ёзиш ҳозирча менинг қўлимдан келмаяпти. Кун келар, балки ёзарман, яна ким билади дейсиз?!
БАХТЛИ КУНЛАРИМИЗ МУБОРАК ДЕЙМАНУ... ЯНА ҚЎРҚАМАН
Акам ҳам мен ҳам мактабни аъло баҳолар билан тугатгандан сўнг акам, Учқудуқдаги кончилик касб ҳунар коллежига мен Зарафшон тиббиёт коллежига ўқишга кирдик. Иккаламиз ҳам коллежни имтиёзли диплом билан тамомлаганимиз учун онамнинг қувончлари чексиз эди. Ахир бор ҳаётини ёшлигини фарзандлари учун атаган аёлга бу катта бахт эмасми?!.
Акам ҳарна оилага ёрдам бўлсин деб, Шимолий кон бошқармаси Автомобиль транспорт бошқармасига ишга кириб ишлай бошлагани онам учун бироз енгиллик бўлди.
Ҳаётимиз изга тушган йиллар бошланди. Айниқса, 2012 йил ҳаммамиз учун яхши йил бўлди. Акам ҳам мен ҳам олий таълим муассасасига ўқишга ҳужжат топшириб имтиҳонлардан ўтганимиз, дадамни уйга қайтгани кўпдан кутилган янгилик бўлди.
Акам ва мен талабамиз. Шартнома пулини ҳар иккаламизга тўлашга қурби етмаган онам: “Бир қизни ўқитсанг, бутун бошли оилани ўқитган бўласан” , нақлига амал қилибми, ҳартугул мени ўқитишга қарор қилди.
ДАДАМ БИЛАН УЙИМИЗГА ҚУВОНЧ КЕЛДИ
Дадам билан уйимизга қувонч, бахт ва омад кириб келди. Онам ҳам дадам ҳам Шимолий кон бошқармасига ишга киришди. Онам ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлимига, дадам ЦРГО ташкилотига чилангар бўлиб жойлашдилар. Бугунги кунда дадажоним Дауғызтау конида ишлаяптилар.
Университетни тамомлаб қайтган йилим синглим ҳам талаба бўлди. Касб-ҳунар коллежини имтиёзли диплом билан тамомлагани учун молия йўналишини танлади. Ҳар биримиз олган таълим ва тарбиямиз ортида онамнинг узоқ ва беминнат хизматлари, чексиз меҳр - эътиборлари мужассам.
Бугун улғайдик! Акам ҳам мен ҳам оилали бўлдик. Онам учун қилишим керак бўлган жонфидоликларига жавоб қайтаришим лозим бўлган хизматларим ниҳоятда кўп.
Ёш, навқирон, айни бахтни туяман деган дамларида мен ҳис қилмаган яна қанча азобларни чеккан онам ёшлари ўтиб боргани сари кичкина сабаб билан бўлсин кечалари яна ёстиқлари ҳўл бўлишини хоҳламайман....
Шоирлар ҳақ гапни айтган онамнинг юзларидаги ажин, сочларидаги ҳар бир оқ толаси қуёшдан эмас ғамдан тушганлиги ҳақиқат. Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсин, бугун неваралар қуршовидаги онажонимга елкадош меҳрибон дадам борлар.
Яна шуниси ҳақиқатки, бу ерда ишлаш шу жамоада бўлиш кўпларнинг орзуси, кўпларнинг ҳаваси бўлган Шимолий кон бошқармаси оиламиз ҳаётида муҳим ўринга эга. Дадам ва акам АТБ да, онам ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлимида, янгам темирйўл цехида, турмуш ўртоғим Зарафшон қурилиш бошқармасида фаолият юритмоқдалар.
Тўғри, онамнинг корхонадаги самарали фаолияти бир неча бор эътироф этилган. Шундай бўлсада, онамни дунёдаги энг юксак мукофотларнинг юксагига муносиб деган бўлардим.
Бугун қўлимда бешик тебратарканман, ўғлим Имронжонни эркалаб суярканман бир онаизорнинг метин иродаси, фарзандлари келажаги учун баридан, боридан кечишга тайёрлиги, ўз ёри учун юрагига чексиз вафони сиғдира олган Аллоҳимдан онамдек она бўлишни, онамдек вафоли ёр бўлишни тилаб, дуолар қиламан.
Аллоҳимга айнан онамни мен учун она сифатида танлаганига чексиз ҳамдлар айтаман!!!.
Феруза ЯНДАШОВА