Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди.
Бу йўналишда манзилли, ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш мақсадида билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган хотин-қизлар бўйича «Аёллар дафтари» тизими ҳаётга татбиқ этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 145-сонли қарори тасдиқланди. Мазкур қарорга асосан “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида Низом ишлаб чиқилди. Ушбу Низом кам таъминланган ва эҳтиёжманд хотин-қизларнинг муаммоларини маҳаллабай ўрганиш ва ҳал этиш ҳамда уларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш тартибини белгилайди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга 6 тоифа бўйича алоҳида манзилли ва 3 тоифа бўйича умумий ёрдам кўрсатилади.
Туманимизда маҳалла фуқаролар йиғинларида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан хатлов ўтказилди. Унга кўра, 285 нафар муаммоли ва эҳтиёжманд хотин-қизлар борлиги аниқланди. Ушбу аёлларга 6 та тоифага ажратилган ҳолда манзилли ёрдам кўрсатилади.
Жумладан, Биринчи тоифа: ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар бўлиб, бу тоифага ишсиз ва даромад манбаига эга бўлмаган, бироқ ишлаш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар киради.
Бу тоифага 43 нафар хотин-қизлар киритилди. Жорий йил якунига қадар уларнинг 22 нафари доимий ишга жойлаштирилади. 11 нафари ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишларига жалб қилинади ва 10 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш орқали субсидия асосида бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Иккинчи тоифа: тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар бўлиб, бу тоифага ишсиз, бироқ тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар киради.
Бу тоифага туманимиз бўйича 27 нафар хотин-қизлар киритилди. Улар секторлар кесимида маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш режалаштирилган. Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган 8 нафар хотин-қизларнинг ҳар бирига 33 миллион сўмгача кредит ажратилади.
Кредитлар «Аёллар дафтари»га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга йўналтирилади. Бунда кредитлар 33 миллион сўмгача миқдорда ҳокимлар ёрдамчиларининг тавсиялари асосида ажратилади.
Учинчи тоифа: боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар бўлиб, бу тоифага:
1) боқувчиси вафот этганлар;
2) боқувчиси жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётганлар;
3) боқувчиси руҳий касалликка чалинганлар;
4) боқувчиси I-II гуруҳ ногирони бўлганлар;
5) боқувчиси бедарак йўқолганлар;
6) никоҳи бекор қилинган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
7) эҳтиёжманд ёлғиз оналар киради.
Бу тоифадаги 126 нафар хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг 98 нафарига “Аёллар дафтари жамғармаси”, 28 нафарига эса “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатиш белгиланди.
Тўртинчи тоифа: ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек тезкор тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар бўлиб, бу тоифага 53 нафар хотин-қизлар киритилди. Уларнинг саломатлигини тиклаш учун 32 нафарига “Аёллар дафтари жамғармаси” ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан маблағлар ажратилади. 16 нафарига дори-дармон ва даволанишлари учун моддий ёрдам берилиб, яна 5 нафари туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий ордер берилади.
Бешинчи тоифа: уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар бўлиб, бу тоифага:
– нотурар жойларда истиқомат қилаётган;
– доимий яшаш учун турар жойи бўлмаган;
– бир хонадонда (кичик ҳовлида) уч ва ундан ортиқ оила яшаётган, яъни уй-жой майдони белгиланган ижтимоий нормадан кам бўлган, бироқ ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган;
– хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд хотин-қизлар киради.
Туманда мазкур тоифага киритиш мумкин бўлган аёлларимиз бор, аммо жорий йилда бу муаммонинг ечими бўлган ижтимоий уй-жой фонди мавжуд бўлмаганлиги сабабли, бу тоифага ҳеч берини “Аёллар дафтари”га кирита олмадик.
Олтинчи тоифа: қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар бўлиб, ушбу тоифага вояга етмаган ногирон фарзандини боқаётган эҳтиёжманд хотин-қизлар киради.
Бу тоифага 36 нафар хотин-қизлар киритилди. Жорий йил якунига қадар “Аёллар дафтари жамғармаси” ҳисобидан 15 нафарига, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 21 нафарига ногирон фарзандларини парваришлаш ва даволатиш учун бир марталик моддий ёрдам бериш белгиланди.
Бундан ташқари, “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 4 нафар хотин-қизларнинг яшаш уйлари таъмирлаб берилади.
285 нафар “Аёллар дафтари” рўйхатидаги хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш учун уларнинг ҳар бири бўйича манзилли йўл харита ишлаб чиқилиб, индивидуал дастурга киритилади.
Ҳа, бугун хотин-қизларимиз фарзанд тарбиясида, турли соҳаларда меҳнат қилиб, ҳам оилада ҳам жамият ҳаётида фидойилик намуналарини кўрсатишмоқда. Уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш эса давлатимиз сиёсатининг устувор вазифалардандир.
Нафиса НАЖМИДДИНОВА,
туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.