LOTIN-КИРИЛЛ

ЎЗ ҚИЗИНИНГ СЕПИНИ ЎҒИРЛАГАН ОТА

    Бу ҳаëтни синов майдони дейишади. Сабр қилганга толе ёр. Тўғри, бу беш кунлик дунё, ҳаёт абадий эмас, ундаги қийинчилигу лаззатлар ҳам ўткинчи, аммо инсон бир бор туғилади. Шундай экан, азоб уқубатларда умр кечириши, фақат ғам-алам ютиш керакми?.. Шундай дейман-у, яна шукрона келтираман: тўрт мучам бут, фарзандларимнинг ҳаммаси ёнимда. Аммо бахтга келганда...

  Мени ўн саккиз ёшимда холамнинг ўғлига узатишганди. Аввалига ҳаммаси яхши кечаётганди: эрим баодоб, тартибли, бироқ кўп ўтмай, унинг ëмон одати борлигидан хабар топдим. Кўли эгри экан. Аҳён-аҳёнда ўғирлик қилиб тураркан. 

   Бу сирдан воқиф бўлгач, кечаси билан йиғлаб чиқдим, эртаси куни эса ота уйимга бориб, онамга бор гапни етказдим. Шунда онам: “Бу ярамас одатини ташлаган деб юргандим, опамнинг ўғли бўлгани учун ортиқча суриштирмагандим, қизим», деб менга узрхоҳлик қилди. 

   Онамдан куёвнинг ярамас одати борлигини била туриб, мени унга раво кўрганларидан ранжидим. Қариндошчилик риштаси бузилмасин, онам билан холам юзкўрмас бўлиб кетишмасин, деб сабр қилдим. Орадан вақт ўтди. Уч нафар фарзандларим туғилди: бир ўғил, икки қиз. Бу орада турмуш ўртоғимга пича инсоф кир ганди. У астойдил ишлаб, пул топиб келарди. Кейинчалик алоҳида уй олиб чиқиб кетдик. Янги иморатни тезроқ битказиб олиш учун акаларим кўмаклашиб туришди. Хўжайиним улардан миннатдор эди. Эр-хотин икков уч нафар фарзандимизни оёққа турғазиш учун тиним билмай ишладик. Мен ҳамширалик бўйича маълумот олган эдим. Маҳалламиз яқинидаги оилавий поликлиникида ишлай бошладим. Фарзандларимнинг бўйи чўзилиб, бири мактабга, бошқаси боғчага қатнай бошлади. 

   Ҳаёт бир маромда боpap, кунлар кўнгилдагидек ўтарди. Аммо ҳали ҳаммаси олдинда экан, турмуш ўртоғим кўрсатажак ҳунарлар етти ухлаб тушимга кирмаганди. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан. Тўнғич қизимиз унаштирилганди. Унинг фотиҳаси ҳам ўтган, тўйга эса саноқли кунлар қолган эди. Мен дам олиш кунларининг бирида куëв томондан келган тўёна «тўққиз»ни кўздан кечириш, қизимнинг яна нима камчилиги борлигини билиш мақсадида сандиқни очганим замон тахтадек қотдим. Сандиқ деярли бўм-бўш эди. Болаларимни чақириб, воқеани маълум қилдим. 

   Бу пайт эрим уйда йўқ эди. Фарзандларим ҳам «ЯНГИЛИК» дан воқиф бўлишгач, ҳайрон қолишди. Дунё кўзимга қоронғи кўриниб кетди. Бўлажак келинчак аламидан йиғлаб юборди. Мен эримдан шубҳалана бошладим. Уйда ундан бошқа ҳеч ким бу паст ишни қилмасди. Мен аввало, онамга телефон қилиб, бўлган вокеани айтдим. Орадан чамаси бир соат ўтгач, онам катта акам билан кириб келди. Уларни қизимнинг хонасига бошлаб, бўм-бўш турган сандиқни кўрсатдим. 

   Акам «Майли, бўлар иш бўпти, ваҳима килма, энди бу ёғини ўйлаш керак. Биз, акаларинг ҳали бирор бор сени йўлда қолдирмаганмиз, сиқилма», деб кўнглимни кўтарди. Кечқурун турмуш ўртоғим келгач, у кишига “ўғирлик” содир бўлганини айтдим. Шунда унинг кўзлари бежо ўйнаб, безовталана бошлади. Сездимки, ҳақиқатан ҳам сандиқдаги кийим-кечакларни у олган экан. Бу икки кун ўтиб исботланди. 

   Ён қўшнимиз эримнинг уйдан иккита катта “қаппайган сетка” кўтариб чиқиб кетганини ўз кўзи билан кўрган экан. Маълум бўли шича, ўз қизининг «тўққиз»ини ўғирлаган ота уни арзон гаровга пуллаган экан. Эрим ўз айбига иқрор бўлгач, уни акаларим роса дўппослашди. Ўз қизининг бахтига чанг солган, ҳаммамизни шармандалик ботқоғига итармоқчи бўлган бу инсон уйдан боши эгик ҳолда чиқиб кетди. Ўғли кўрсатган ҳунарни эшитиб, уни холам ҳам уйга киритмабди. У шундан кейин кўча-кўйда ётиб юрди. 

   Орадан йиллар ўтиб, катта ўғирлик билан қўлга тушиб қамалди, бироқ қамоқхонада кўп ўтирмади. У ердан мурдасини чиқаришди. Ўғлим мен қаршилигимга ҳам қарамай, отасининг жасадини олиб келиб, удумга риоя килиб, уч кун бел боғлаб, таъзия ўтказди. 

   Эрим уйдан қувилгач, аёл бошим билан қолган фарзандларимни ҳам уйли-жойли қилдим. Ҳозир уларнинг бари болали бўлишган. Мен бир муттаҳам, ўғри билан йигирма йилдан зиёд вақт яшаб, унинг барча паст ишларига кўз юмиб келдим, чидадим.

   Тузалишидан, тўғри йўлга қайтишидан умид қилдим. Афсус... У кетгач, бор машаққат - меҳнатни елкамга олдим. Ҳамма қийинчиликларга чидадим. Тақдирнинг синовлари шунақа экан, деб жимгина яшадим, яшаяпман. Ҳозир эса жажжи неваралар қуршовидаман. Бу аччиқ ҳаётга ширин табассум билан жавоб берганимдан, бардошлилигимдан бўлса, не ажаб?!

Дилдора опанинг изтиробини Умида ëзиб олди.

 

O'qilgan: 524 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: