Hokimiyat matbuot xizmati
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги
“2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сонли Фармони ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг 2022 йил 10 февралдаги 30-5-0-Q/22-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳақида
Кейинги йилларда “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини амалга ошириш мақсадида,
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сонли фармони ҳамда Навоий вилояти ҳокимининг 2022 йил 10 февралдаги 30-5-0-Q/22-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони билан “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан қуйидаги еттита устувор йўналишдан иборат 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси (кейинги ўринларда - Тараққиёт стратегияси) ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда – давлат дастури) тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш;
миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш;
мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш.
3. Қуйидагилар:
Учқудуқ туманида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури” ижросини таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар Дастури (кейинги ўринларда - комплекс чора-тадбирлар дастури) 1-иловага;
Учқудуқ туманида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича туман ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – ишчи гуруҳи) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман ишчи гуруҳига:
Тараққиёт стратегиясига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва мониторинг қилиш, шунингдек, уни 2023-2026 йилларда амалга ошириш бўйича тегишли йиллик давлат дастурлари лойиҳаларининг тайёрланишини мувофиқлаштириш;
масъул корхона ва ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат дастури ҳамда комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, туманда ижро этилиши устидан тизимли назоратни таъминлаш топширилсин.
5. Туман ҳокими ўринбосарлари, масъул корхона ва ташкилотларга:
комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирлар, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини ошириш соҳасидаги тегишли тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш;
комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган устувор йўналишларнинг бажарилиши тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотларни ҳар ойнинг 25 санасига қадар ишчи гуруҳига тақдим этиш, давлат дастури ҳамда комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини ҳар ойда халқ депутатлари туман Кенгаши йиғилишларида муҳокама қилиб борилишини ташкил этиш;
барча бўғиндаги давлат бошқаруви органларига келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиниши, ўзлари томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг ижро этилиши, ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш натижаларидан келиб чиқиб, ўз тузилмаларининг фаолияти бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, ижро ҳолати юзасидан оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда мунтазам эълон қилиб борилишини таъминлаш топширилсин.
6. Туман ҳокимининг ўринбосарлари (Ф.Ғаффоров, Ф.Шокиров, Н.Муратов)ларга:
маҳаллаларда янги жорий қилинган тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари фаолияти самарали йўлга қўйилишини таъминлаш;
маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман ҳокими ёрдамчилари ҳамда ёшлар етакчилари томонидан доимий равишда маҳаллани ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасига кўра уларни ривожлантириш бўйича “йўл хариталари” ни ишлаб чиқилишини таъминлаш топширилсин.
7. Туман ҳокимининг ўринбосари Н.Муратовга халқ таълими бўлими (Ж.Халилов), аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (Ҳ.Мирманов) билан биргаликда Тараққиёт стратегиясида таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022 йилда янги ўқув ўринларини яратиш ва мактаб ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича тизимли чоралар кўриб бориш топширилсин.
8. Туман ҳокимининг барча ўринбосарларига:
2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳудудларни комплекс ижтимоий- иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар асосида ҳар йили туманнинг муаммо ва имкониятларини чуқур ўрганган ҳолда тараққиёт дастурларини ишлаб чиқиш;
ҳар чорак якуни бўйича ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларидаги вазифаларнинг бажарилиши юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига ҳисобот бериб бориш;
ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш ва устувор тармоқларни ривожлантиришга йўналтирилган муҳим лойиҳалар туманнинг талаблари ва маҳаллий ташаббускорларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда маҳаллий жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама қилинганидан кейин қабул қилинишини таъминлаш;
ҳар бир тармоқ ва йўналиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан масъулларнинг ҳисобот бериб боришини таъминлаш топширилсин.
9. Туман ҳокимининг ўринбосарлари давлат дастури ҳамда комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш борасида ўтказиладиган йиғилишларда бандма-банд таҳлил қилиб, амалга оширилаётган ишларни танқидий кўриб чиқсин.
10. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби (Р.Қодирова)га Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони мазмун-моҳиятини ҳамда давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
11. Мазкур қарор ижросининг назоратини ўз зиммамда қолдираман.
Туман ҳокими С.Хамроев.
14.02.2022 йил. 25-5-76-Q/22
“Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–128-сон, 14.02.2022 й.) қабул қилинди
Қарор билан Молия вазирлиги ҳузурида Давлат молиявий назорати инспекцияси ташкил этилди.
2023 йил 1 январгача “Электрон назоратчи-тафтишчи” дастурий мажмуаси тўлиқ ишга туширилади.
Инспекцияда бюджет ҳисобидан амалга оширилган қурилишлар учун қилинган тўловлар ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмига мувофиқлиги устидан назорат ўрнатиш учун Қурилиш объектларида назорат ўлчовини амалга ошириш бошқармаси (40 та штат бирлигидан иборат) ташкил этилади.
2022 йил 1 апрелдан молиявий назоратга оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берган шахсларга мукофот тўланади.
2022 йил 1 ноябргача Инспекция ходимлари молиявий назорат ва ички аудит соҳасидаги халқаро тажрибалар асосида махсус ўқув курсларида ўқитилади.
2022 йил 1 ноябрдан Инспекция ва ички аудит хизматларининг ходимларига малака сертификати бериш тизими жорий этилади.
Учқудуқ туман адлия бўлими
Мамлакатимизда «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-бандига асосан, кредит олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши керак.
Хусусан, кредит олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшларнинг алоҳида тоифаларига мансуб Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши зарур.
Шунингдек, «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг янги турмуш қурганлари (никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган бўлиши лозим).
Қолаверса, даромад манбаларига, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга, шунингдек, кредит бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли бўлган қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа даромад манбаига эга бўлиши лозим.
Қарз юки кўрсаткичи қарз олувчининг барча кредитлари ва микроқарзлари бўйича ўртача ойлик тўловларининг ушбу қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг тасдиқланган ўртача ойлик даромадларининг 70 фоиздан юқори бўлмаслиги, якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш ишлари қийматининг камида 15 фоизи миқдорида бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши керак.
Кредит ажратишни кўриб чиқиш вақтида қарз олувчининг кредит ташкилотларидан аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги, илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан ва ипотека кредитлари бўйича субсидиялардан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда уй-жой билан таъминлаш бўйича бошқа ёрдам олмаган бўлиши керак.
Якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш учун ер участкасига умрбод эгалик қилиши ёки мулк ҳуқуқи ва белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига эга бўлиши талаб этилади.
Эътиборли жиҳати шундаки, юқоридаги низомнинг 17-бандига асосан, якка тартибдаги қўшимча уй-жойни қуриш ишлари учун Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан ёшларнинг алоҳида тоифаларига кредитлар банклар томонидан қуйидаги шартлар асосида ажратилади.
Бозор ставкасида мижоз хоҳишига кўра 6 ой имтиёзли давр билан 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга, бошланғич бадали якка тартибдаги хонадонда қўшимча қурилаётган уй-жой қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бир қарз олувчига кредитлар 33 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда берилади.
Шу ўринда айтиш жоиз, ариза узоғи 3 кун муддатда кўриб чиқилади.
Аризангизни кўриб чиқиш натижасида ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган ва унда камчиликлар ёки ёлғон маълумотлар аниқланмаган тақдирда, уй-жой таъмирлаш ёки қуриш учун банк 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратади.
Президент томонидан «Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун имзоланди.
Қонун билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:
Қонуннинг 15-моддаси янги таҳрирда баён этилди ва унга кўра, ногиронлик пенсиялари Чернобиль АЭСдаги авария туфайли майиб бўлиш ёки касаллик оқибатида III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар деб топилган шахсларга ҳам тайинланади;
19-модда учинчи қисмининг «а» банди ҳам янги таҳрирда баён этилди. Эндиликда, меҳнатга қобилиятсиз аъзоларга болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар ҳам киради, агар улар 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки 18 ёшдан катта бўлса ёхуд 18 ёшга тўлгунига қадар ногиронлиги бор бола бўлиб қолган бўлса. Илгари, бу 16 ёш деб белгиланган эди.
19-модданинг тўртинчи қисмига ўзгартириш киритилди. У шундан иборатки, ўқувчилар билан биргаликда, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини таълим ташкилотларининг талабалари ҳам ўқишнинг бутун даври давомида, бироқ 23 ёшга тўлгунига қадар олиш ҳуқуқига эга бўлади;
37-модда «ж» бандининг янги таҳририга кўра, бола 3 ёшга тўлгунча болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 6 йилни ташкил қиладиган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланади. Олдинги таҳририда, бу муддат жами бўлиб 3 йилни ташкил қилган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур дунёга келган пайтларда темурийзодалар ҳукмронлик қиладиган Мовароуннаҳр ва Хуросон ўлкасида Хожа Убайдулло Аҳрор (Хожа Аҳрор Валий, 1404–1490)нинг нуфузи ниҳоятда баланд эди. Шу боис, темурий ҳукмдорлар ўртасидаги кўплаб низоли вазиятларни тинчлик йўли билан ҳал қилган. Хожа Аҳрорга Бобурнинг отаси Умаршайх мирзо шу қадар ихлос қилар эдики, Хожа уни доимо «ўғлим» деб ардоқлар эди.
1483 йилнинг 14 февралида Умаршайх мирзо хонадонида ўғил фарзанд дунёга келгач, мирзо Хожа Убайдуллога одам юбориб, шаҳзодага исм қўйиб беришни сўрайди. Хожа чақалоққа Заҳириддин Муҳаммад, яъни «Муҳаммад (с.а.в.) динининг таянчи» деб ном беради.
Бобурнинг холаваччаси, тарихчи ва давлат арбоби Мирзо Муҳаммад Ҳайдар бу ҳақда шундай ёзади: «...бу пайтда чиғатойлар кўчманчи ҳаёт кечиришар, ўтроқ эмас эди, улар Заҳириддин Муҳаммадни айтишга қийналишарди, шу сабабли уни Бобур деб ҳам атардилар. Хутба ва ёрлиқларда уни Заҳириддин Муҳаммад Бобур деб айтишди ва ёзишди. Аммо у кўпроқ Бобур Подшоҳ номи билан машҳурдир». Гулбаданбегимнинг айтишича, 1508 йил, Бобурнинг вориси Ҳумоюн мирзо туғилгач, Бобур ўзини «подшоҳ» деб аташлари ҳақида фармон берган.
Кейинчалик, Бобур ўзига исм қўйган пири комил (Убайдулло Аҳрор)нинг «Рисолаи Волидия» асарини туркий тилга назмий (шеърий) таржима қилди. Бу билан, Бобур хожа олдидаги улкан маънавий қарзни адо этган бўлса, ажаб эмас.
Бу ҳақда у ўзининг «Бобурнома» асарида шундай ёзади: “Жума куни, ойнинг йигирма учинчисида баданимда иситма зоҳир бўлди (1528 йили Ҳиндистоннинг Гвалияр вилоятида – А.З.). Шундай бўлдики, жума намозини масжидда қийналиб ўқидим. Эртасига пешин намозини эҳтиёт юзасидан китобхонада бироз муддатдан сўнг ўқидим. Индини, якшанба куни яна иситмам чиқди, озроқ титрадим. Сешанба кечаси, сафар ойининг йигирма эттинчисида ҳазрат Хожа Убайдуллоҳнинг «Волидия» рисоласини назм қилмоқ фикри кўнглимга келди.
Ҳазратнинг руҳига илтижо қилиб, кўнглимдан кечирдимки: агар бу манзума ҳазратга маъқул бўлса, ... бу хасталикдан фориғ бўлсам, назмим қабул қилинганига шу далил бўларди. Ушбу ният билан... рисолани назм этишга киришдим. Ўша кечанинг ўзида ўн уч байт ёздим. Худди атайин келишилгандек, ҳар куни ўн байтдан кам битилмас эди.
Дарвоқе, бир кунгина бу иш қилинмади. Ўтган йили ва балки ҳар гал бу хасталикка чалинганимда, ақалли бир ой, қирқ кун оғрирдим. Тангри инояти билан, ҳазратнинг ҳимматидан, пайшанба куни, ойнинг йигирма тўққизинчисида бирозгина иситмаладим, кейин мутлақо тузалиб кетдим. Шанба куни, раби ул-аввал ойининг саккизинчисида рисола сўзларини шеърга солиш ниҳоясига этди”.
Бобур шундай бир ният билан Хожа Аҳрорнинг «Волидия» рисоласини туркий назмга кирита бошлайди ва таржима охирига этмай туриб касалликдан шифо топади.
Асар эса бир ой-ю қирқ кунда туркий назмий шакл ҳосил қилади. Бобур «Волидия» рисоласининг бошланғич қисмида Хожа Аҳрорни шундай таърифлайди:
Ҳазрати Хожа Убайдуллоҳдин,
Эшит ул сирри худоогоҳдин,
Хожалар хожаси ул Хожа Убайд,
Ходиму чокари Шиблию Жунайд.
Ҳолату мартабаси зоҳирдур,
Васфу таърифида тил қосирдур.
Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига қўйилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Профессионал таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан ислоҳотларни жадаллаштириш ва касбий кўникмаларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳасида келтирилган.
Қарор лойиҳасида таъкидланганидек, профессионал таълим муассасаларида дуал таълим шаклини жорий қилиш имконияти кенгайтирилади ва таълим жараёнлари босқичма-босқич рақамлаштирилади.
Дуал таълим шаклини жорий қилган энг яхши 100 та профессионал таълим муассасасига ҳар йили 50 млн. сўмдан маблағ ажратилади.
Профессионал таълим муассасаси ўқув-амалиёти жараёнида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни (товар, иш, хизматларни) сотиши мумкин.
Профессионал таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг янги табақалаштирилган тартиби жорий этилади.
Маҳаллалар жамиятнинг кичик бўғини сифатида барча инсоний фазилатларни шакллантириш, оилаларда тинчлик-тотувликни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Учқудуқ туманида амалга оширилаётган эзгу ташаббуслардан бири, ўз биносига эга бўлмаган маҳалла фуқаролар йиғинларига янги биноларни қуриб, фойдаланишга топширилишидир.
Бугун маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларига янада қулайликлар яратиш мақсадида Учқудуқ тумани “Мустақиллик” ва “Абай” МФЙ биноси янгидан қурилиб, фойдаланишга берилди. Маҳалла биносининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Соли Хамроев, Навоий вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси мутасаддилари Дилшод Очилов, Насулла Турсуновлар ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этдилар.
Мазкур маҳалла фуқаролар йиғинлари биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркорлар Ҳусниддин Нормуродов ва Фарид Муродовлар томонидан барпо этилган бўлиб, бу ерда ходимларнинг самарали фаолият юритишлари учун барча қулайликлар яратилган.
-Оила - халқимизнинг асрий урф-одатлари ва қадриятларини ўзида мужассам этган маскан бўлиб, барча эзгуликлар ундан бошланади, ундан маҳалла ва жамиятга кўчади, - дейди Инобат опа Баҳронова. –“Абай” маҳалласи оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси аъзосиман. Маҳалламиздаги ёш оилалар билан ўтказилаётган учрашувларда оилани мустаҳкамлашга хонадоннинг ҳар бир аъзоси масъул эканлигини тушунтирамиз.
-“Мустақиллик” маҳалласи 1993 йилда ташкил этилган. Шу йиллар мобайнида маҳалланинг ўз биноси йўқ эди. Шу пайтгача ижара асосида фаолият кўрсатиб келган маҳалламиз учун барча қулайликларга эга замонавий бино қурилиб фойдаланишга топширилди. Бу бино нафақат маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари учун балки маҳаллада истиқомат қилаётган 5 000 нафардан ортиқ фуқароларимизга бўлган эътиборнинг бир кўриниши десак, тўғри бўлади. Бизга яратиб берилган шарт-шароитлардан руҳланиб, бутун куч-ғайратимизни ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, маҳалламиз тинчлиги ҳамда осойишталигини таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилган эзгу ишларни амалга оширамиз, -дейди биз билан суҳбатда “Мустақиллик” МФЙ раиси Комил ака Турдиев.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.
Янги таҳрирдаги Қонун билан нормаларни қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилиб, янги тушунчалар киритилмоқда. Масалан, «реклама объекти», «номақбул реклама», «ахлоқсиз реклама», «яширин реклама», «ҳомийлик» каби янги тушунчалар билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда. Жумладан, телеканалларда давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, дори воситаларини реклама қилишда қуйидагилар тақиқланмоқда:
- таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши;
- олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, худди шунингдек алоҳида шахсларнинг миннатдорчилигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш.
Шунингдек, айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, телевидение, радио, босма ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ва интернетда тарқатиладиган рекламага қўйиладиган талаблар батафсил кўриб чиқилди.
Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–752-сон, 09.02.2022 й.) Президент томонидан имзоланди.
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, ногиронлик пенсиялари Чернобил АЭСдаги авария оқибатида III гуруҳ ногирони бўлган шахсларга ҳам тўланади.
Илгари фақат I ва II гуруҳ ногиронларига тўланиши белгиланган.
Оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари (болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар) ёши 18 ёшгача этиб белгиланди. Илгари 16 ёшгача эди.
Ўқувчилар ва талабалар ўқиши давомида, 23 ёшгача боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиши мумкинлиги белгиланди. Илгари 18 ёшгача эди.
Болани парваришлаш таътилининг иш стажига қўшиладиган даври 6 йил этиб белгиланди. Илгари жами 3 йилдан кўп бўлмаган давр киритилган.
Қонунга кўра, автомобиллар электрон аукцион орқали ижарага берилганда шартномани нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.
Шунингдек, қуйидагиларнинг қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш муддати 2022 йил 30 апрелгача узайтирилди:
➖ Ўзбекистонга ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
➖ ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма.
Учқудуқ туман адлия бўлими
Алишер Навоий –ўзбек халқининг улуғ шоири ва буюк мутафаккири бўлиб, унинг номини дунёнинг энг машҳур шоирлари қаторида тилга оладилар. Навоий бутун ижодий фаолиятини инсониятнинг бахти учун курашга, халқнинг осойишталиги, ободончилик ишлари, санъат ҳамда адабиёт тараққиётига бағишлади.
9-февраль буюк шоир ва мутаффакир Мир Алишер Навоий таваллуд топган кун. Шу сана муносабати билан Навоий вилояти Учқудуқ туман 5-сонли ДМТТ нинг «Камалак» гуруҳи тарбияланувчилари томонидан улуғ шоир таваллудининг 581йиллиги муносабатига бағишлаб маънавият нури йўғрилган тадбир бўлиб ўтди.
Маънавият кечасида тарбиячи ва тарбияланувчилар томонидан болажонлар учун ибрат бўладиган, Навоий ва Бойқаро дўстлиги ҳақида тарбиявий аҳамиятга эга саҳна кўринишлари ижро этилди. Айниқса, жажжи болажонлар забонидан айтилган Навоий қаламига мансуб ғазал, рубоийлар келажакда ёш авлоднинг етук инсон болиб етишишида замин яратиши ҳеч шубҳасиздир. Шоҳ асар бўлмиш «Хамса» достонининг адабий-бадиий қиммати ҳақида азиз тарбияланувчиларга етказиб берилди.
Мухтасар қилиб нима демоқчиман:
Алишер Навоий ғазалларининг маъно ва мазмунини теран англаб етинг, у билан фахр-ифтихор этинг. Бошингизни баланд кўтаринг, зеро, сиз шундай зотнинг авлодларисиз. Ул зотнинг туғилган кунлари сизнинг туғилган кунингиз! Ўзбек адабиётининг, гўзаллик ва нафосатнинг туғилган кунидир!