LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

18 Jan 2022

      Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли махсус жиҳозланган автобуснинг навбатдаги манзили Учқудуқ туманидаги чекка ҳудудлардан бири – “Кокпатас” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди.

      Ҳудуддаги Кокпатас оилавий шифокорлик пунктида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг педиатр, эндокринолог, офтальмолог, гинеколог сингари 10 дан ортиқ малакали мутахассислари маҳалла фуқароларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

     Ўз соғлигига бефарқ бўлмаган кокпатаслик фуқаролар УЗИ, ЭКГ ва лаборатория таҳлилларини топшириб, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам модем хизматларидан баҳраманд бўлишди. 

     Вилоятнинг етакчи мутахассислари қолаверса, Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари иштирокидаги тиббий кўрикда жами 256 нафар аҳоли қатлами қамраб олинди. Уларнинг 86 нафарига тегишли кўрсатмалар берилди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 4 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга бепул дори-дармонлар берилган. 5 нафар ётоқдаги беморлар ҳолидан хабар олинган, яна 4 нафар беморга даволаниш учун тегишли тиббиёт муассасаларига йўлланмалар берилган.

     -Аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилганлигидан мамнун, - дейди соғлом авлод учун халқаро хайрия фонди Навоий вилояти минтақавий филиали директори Шаҳодат Қиличева. – Уларга бепул дори-дармонлар берилди. Ётоқдаги беморлар уйларига борилиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

     -Анчадан бери кўриш қобилиятим пасайиб бораётганди, вилоят марказига боришга эса имкониятим бўлмаганди, - деди Жумақул Аҳмедов. – Бугун тўлиқ текширувлардан ўтиб, очки олдим. Атрофни яна аниқ-равшан кўра бошладим, бундан хурсандман.

    Ҳа, “Кокпатас” маҳалласида ўтказилган ушбу тиббий кўрик тадбирлари ҳам инсон қадрини улуғлаш, юртимизда ҳар бир соҳада рўй бераётган ўзгаришлар, аввало, инсон учун яратилаётган қулайликларнинг ёрқин ифодасидир.

Тўхтамурод Насуллаев,

Учқудуқ туман 2-сектор масъул котиби.

 

18 Jan 2022

    Ўзбекистонда 100 ёш ва ундан ошган фуқароларнинг пенсиясига пенсияни ҳисоблашнинг базавий 100 фоизи миқдорида қўшимча пул тўланади. Бу ҳақда Норма хабар қилди.

   Қайд этилишича, қўшимча тўлов Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўланаётган пенсияга қўшиб белгиланади. Қўшимча тўлов:

   2015 йилнинг 1 майига қадар 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқароларнинг пенсиясига 2015 йилнинг май ойидан бошлаб;

    2015 йилнинг 1 майидан кейин 100 ёшга тўладиган фуқароларнинг пенсиясига шахс 100 ёшга тўлган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҳар ойда ариза тақдим этмасдан қўшиб тўланади.

  Белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ўзгарганда қўшимча тўлов пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорига мутаносиб равишда ўзгартирилади. Қўшимча тўловни тўлаш пенсияга устама ҳақларнинг сони ва миқдорларидан қатъи назар, амалга оширилади. Тўлов фуқарога тўланаётган пенсияни тўлаш тўхтатилганда ёки тўхтатиб турилганда белгиланган тартибда тўхтатилади ёки тўхтатиб турилади.

    Қўшимча тўлов тўланадиган 6 ойлик давр доимий яшаш учун Ўзбекистон ташқарисига кетишдан аввалги 6 ой учун қўшимча тўловни тўлаш аризада кўрсатилган санадан бошлаб ҳисоблаб чиқилади. Фуқарога маблағ унинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тўланади.

  Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга тўлов яшаш гувоҳномаси ёки идентификация ID-картаси амал қиладиган муддат давомида тўланади.

    Фуқаронинг вафоти муносабати билан олинмай қолган қўшимча тўловни тўлаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунининг 63-моддасида (пенсионернинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсияни тўлаш ва дафн этиш учун нафақа тўлаш) назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

    Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилди. Фармонга кўра, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 289 000 сўм этиб белгиланган.

    Ўзбекистонда 2020 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, пенсия ва нафақа олаётган 100 ёшга тўлган ва 100 ёшдан ошганлар сони 794 нафарни ташкил қилади.

18 Jan 2022

    Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллиги, меҳнатга бўлган қизиқишини ошириш, таълим, илм-фан, техника, санъат ва спортга жалб этиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    “Мактабгача таълим муассасалари ва мактаб-интернатлардаги болалар таъминотига ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом”га кўра, жисмоний ёки ақлий ривожланишида нуқсони бор болалар таъминоти учун ота-оналардан тўлов ундирилмайди.

    Низомга кўра, нутқидаги оғир нуқсонлар (ринолалия, дудуқланиш, болалар афазияси, руҳий-нутқий ривожланишда орқада қолиш);

– эшитишдаги оғир нуқсонлар (II — IV даражадаги карлик);

– кўришдаги оғир нуқсонлар (кўзи ожизлар, бир кўзи соққаси йўқлиги (анофтальм), амблиопия ва ғилай бўлган заиф кўрадиганлар);

– таянч-ҳаракатланишидаги нуқсонлар (бош мия, бўйин, кўкрак қафаси, умуртқа, бўғимлар ва оёқлар операцияларининг барча турларидан кейинги ҳолати; бўйин, кўкрак қафаси, умуртқанинг идиапатик деформациялари; кифоз; лордоз; кифосколиоз; оёқ панжалари фалажи; таянч-ҳаракатланиш аъзоси ривожланиши аномалиялари; артрозоартритлар; остехондропатия; хондродистрофия; болалар церебрал фалажи; менингоэнцефалитга чалингандан кейин ҳамда туғруқ асоратларидан кейинги таянч-ҳаракатланиш аъзоларининг барча патологиялари (гемипарез, парапарез, монопарез ва шу турдаги плегиялар); полирадикулоневритлар ва уларнинг асоратлари);

– психик ривожланишда орқада қолиш (ақлий орқада қолиш, ақлий фаолиятининг орқада қолиши ва ақлий заифликнинг енгил даражаси); 

– мураккаб нуқсонлар (ривожланишда икки ва ундан ортиқ нуқсонлар мавжудлиги) ва сил касаллигининг илк кўриниши (сил касаллиги билан касалланган бемор билан бир оиладан (хўжаликдан) бўлиб алоқада бўлганлар, тубвираж);

– сил касаллигидан кейинги тиклаш давридаги касалликка чалинган болалар учун боғча пули талаб этилмайди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, боғчаларда болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинади. Бунда биринчи навбатда ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногиронлиги бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.

Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати маҳалла томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномага ва тегишли боғча ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.

Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати ҳар ўқув йилининг 25 сентябрь кунига қадар тасдиқланади.

    Рўйхатига кирмай қолган, шунингдек йил давомида аниқланган кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобидан захира шакллантирилади.

 

17 Jan 2022

    Ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 ҳафта давомида тўланади.

    Ўзбекистонда ишсизлик нафақаси «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Президент қонуни билан мустаҳкамланган. Ишсизлик нафақаси 12 ойлик давр ичида кўпи билан 26 ҳафта давомида тўланади.

    Нафақа миқдори қуйидагича:

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) сўнгги 12 ойлик давр ичида маҳрум бўлган шахсларга — аввалги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲЭКМ — 822 минг сўм)дан оз бўлмаган миқдорда;

ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ҳамда узоқ (1 йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга — МҲЭКМнинг 1 баравари миқдорида;

илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган шахсларга — МҲЭКМнинг камида 75 фоизи миқдорида.

    Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга, январь-июнь ойларига нисбатан 0,4 фоизга камайди


 

15 Jan 2022

#Президент_қарори

     “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

     Қарорга мувофиқ, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида: 

    мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ресурслари банкларга йиллик 10 фоизда жойлаштирилади;

    имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада: 

➖ аҳоли ҳамда тадбиркорларга – 3 ойдан 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;

➖ чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;

➖ боғдорчилик, узумчилик ва лимончилик, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача;

➖ “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига – 3 йилгача ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун 18 ойгача ажратилади.

    Ҳужжатнинг расмий тўлиқ матни:

https://lex.uz/docs/5785317

 

15 Jan 2022

     Ҳукуматнинг 210-сон қарори билан, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилган.

     Қарор билан тасдиқланган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси тўғрисида” ги низомга кўра, мазкур жамғарманинг асосий вазифаларидан бири, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадалини тўлаб беришдан иборат.

14 Jan 2022

    Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев Telegram каналида маълумот берди.

    Қайд этилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган. Янги таклиф этилаётган лойиҳага кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилиш тартибини бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан (810 минг сўм) беш бараваригача (1 миллион 350 минг сўм) миқдорда жаримага тортилади.

   Агар шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача (2 миллион 700 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.

   Бундай ҳуқуқбузарликлар бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиб, судга юборади. «Жамоатчиликнинг кўплаб муҳокамаларига сабаб бўлиб келаётган қонуннинг парламентда кўриб чиқилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Энди давлат идоралари масъуллари очиқлик масаласига янада масъулият билан ёндашади», — дейди депутат.

    Аввалроқ Ўзбекистонда хотин-қизларга гап отганлик, уларнинг интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланиши ҳақида хабар берилганди.

 

14 Jan 2022

     Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ватанпарварлик ойлиги доирасида турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

    Ана шундай тадбирлардан бири “Халқ ва армия бир тану бир жондир!” шиори остида ўтказилди. Мазкур ёшларни ҳарбий хизматга бўлган иштиёқини ошириш, қалбида юртга меҳр, садоқат туйғуларини янада жонлантиришга қаратилган ватанпарварлик тадбирида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди.
Учрашувда 99818-сонли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан аскарларнинг жанговар чиқишлари, сафда юриш ва турли спорт мусобақалари ташкил этилди. Ёшлар ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишларини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.
    “Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйи бадиий жамоалари томонидан Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.

 Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

14 Jan 2022


     Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган табриги
    Ассалому алайкум ҳурматли ҳарбийлар!
    Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
    Муҳтарам тумандошлар!
   Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун Учқудуқ аҳолисини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Айтиш жоизки, ушбу қутлуғ айём том маънодаги умумхалқ байрамига, азалдан халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
    Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси аввало ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.
Биз сизлар билан – ана шундай масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртга садоқатли ҳимоячиларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Қолаверса, ҳимоячиларимизни Алпомишдек ботир, чинаккам ватанапарвар инсонлар этиб тарбиялаётган барча ота-оналарга каттадан-катта раҳматимизни билдирамиз!
    Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради” деб айтган гапларида ҳам Қуролли Кучларимизнинг халқ билан ҳар қачонгидан ҳам яқинлигини англашимиз мумкин.
    Ҳурматли мард ва жасур Ватан ҳимоячилари!
    Сизларни ва сизлар орқали ота-оналарингизни, оилаларингизни бугун мамлакатимизда кенг нишонланаётган бугунги шону-шараф айёми – Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор табриклар эканман, сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, масъулиятли фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!!
     Эътиборингиз учун рахмат!

13 Jan 2022

       ЎзР ФА Биоорганик кимё институти олимлари томонидан яратилган «Рутан таблеткалари, 100 мг» препарат COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш протоколига киритилди.   Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълум қилди.

     Тақдим этилган маълумотга кўра, эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Рутан препаратини коронавирусга чалинган беморларда, ўткир респиратор инфекция билан боғлиқ бўлган ҳолсизликнинг биринчи белгилари пайдо бўлганида, шифокор тавсиясига кўра қўллаш белгиланди. Рутан препарати Rhus coriaria (Тотум) ўсимлигидан ажратиб олинган дори препарати бўлиб, клиник синовлар натижасига кўра, грипп вирусининг турли штаммларига, шунингдек, SARS-Cov-2 вирусига қарши самарали таъсир кўрсатиши аниқланди.

    Мазкур тадқиқотлар Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилган грант маблағлари ёрдамида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-тадқиқот институти томонидан амалга оширилди.

    Клиник синовлар натижасида Рутан дори препаратининг 100 миллиграммлик оптимал дозаси 6 ёшдан катта беморларда хавфсиз қўлланиши мумкинлиги ва уни кунига 2 маротаба ичиш вируснинг кўпайишига тўсқинлик қилиши, шамоллаш ва яллиғланиш жараёнларининг олдини олиши, хусусан, ўткир ва атипик пневмония юзага келишига тўсқинлик қилишини кўрсатди. Вируснинг патологик таъсирга эга бўлган барча функционал ва структуравий оқсилларининг ҳосил бўлишида иштирок этувчи иккита асосий консерватив ферментини - 3СL протеазасини ва РНКга боғлиқ РНК полимеразасини ингибирлаш (тўхтатиш) хусусияти ва у ўсимликлардан олинган дори воситаси экани эътиборга моликдир. Натижада, организмда структуравий ва функционал оқсиллар пайдо бўлмайди ва инфекциялаш қобилиятига эга бўлмаган етилмаган вируслар ҳосил бўлади.

    Рутан препаратининг афзаллиги унинг вирусларга қарши қўлланилаётган бошқа препаратларга нисбатан токциклик даражаси ниҳоятда паст экани, даволаш самараси юқорилиги ва ножўя таъсирлари йўқлигидадир.

    «Рутан таблеткалари, 100 мг» препаратини қўллаш COVID-19 касаллигидаги яллиғланиш жараёнларининг асосий медиатори бўлган С-рекатив оқсилининг сезиларди камайишига олиб келди ва синов натижаларига кўра, даволаш гуруҳидаги беморларининг ҳеч бирида оксигинация ўтказиш талаб этиладиган критик ҳолат ривожланиши қайд этилмади.

    Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Биохимия ва биофизика институти билан ҳамкорликда олиб борилган изланишлар натижасида Рутан препарати кучли антигипоксик, мембранани барқарорлаштирувчи, антирадикал, антиоксидант хусусиятларга эга эканлиги ва унинг терапевтик самарадорлиги вирусга қарши фаоллиги билан уйғунлашганлиги муносабати билан COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда препаратнинг самарадорлиги юқори бўлади. Тадқиқотлар Рутан 100 мг. дори препаратини коронавирус инфекцияси ўрта оғирликда кечаётган беморларга кенг қўллашни тавсия қилиш мумкинлигини кўрсатди.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: