LOTIN-КИРИЛЛ

Муборак рамазон ҳайити – эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат байрами

   Ассалому алайкум аҳли жамоа!

   Қадрли учқудуқликлар!

   Сиз азизларни мўмин-мусулмонларини ва бутун учқудуқликларни ер юзидаги ислом уммати томонидан кенг нишонланаётган улуғ ва муборак айём – Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

   Барчамиз учун инсонпарварлик, сабр-қаноат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган ушбу қутлуғ байрам кунларида энг яхши эзгу-тилакларимни билдираман.

   Ўзининг миллий урф-одат ва анъаналарига содиқ, меҳнаткаш ва саховатли туманимиз фуқаролари ана шундай юксак фазилатларни яққол намоён этиб, муқаддас Рамазон ойини тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида ўтказгани ҳамда ушбу эъзозли айёмни бугун шоду хуррамлик билан кутиб олаётгани Ийд ул - Фитр байрамига алоҳида файзу шукуҳ бағишламоқда.

   Муборак Рамазон ҳайити моҳиятида мужассам бўлган хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 30 апрелда ҳурматли Президентимизнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

   Унга кўра, жорий йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2 май – душанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатимизда 2022 йил 2 май куни Рамазон ҳайити байрами сифатида кенг нишонланади. 3 - 4 май кунлари қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгиланди. 

   Муборак Рамазон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларини ташкил этиш мақсадида 2 майдан 4 майгача амалга ошириладиган маҳаллий авиақатновларнинг барча тарифларига 50 фоиз чегирма жорий қилинган.

   Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан эса Рамазон ҳайити байрами арафасида йўловчиларга янада кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида 3-, 4-, 5 май кунлари юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездининг қўшимча қатнови йўлга қўйилади.

   «Вақф» хайрия жамоат фонди тасарруфидаги пуллик кириш чипталари жорий қилинган маданий мерос объектлари зиёратгоҳ ва қадамжоларда 30 апрель—1-, 2-, 3-, 4 май саналарида Ўзбекистон фуқаролари учун кириш чипталар нархига катталар учун 20 фоиз ҳамда ёшлар учун 50 фоиз чегирмалар жорий қилинди.

   Шу билан бирга, республика бўйлаб жойлашган музейлар, меҳмонхоналар, овқатланиш шохобчалари томонидан ихтиёрий чегирмалар тақдим этилмоқда.

   Бугунги кунда кенг кўламли ислоҳот ва туб ўзгаришлар натижасида янгиланиб бораётган юртимизда халқ билан мулоқот, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини, жумладан, виждон эркинлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада улкан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

   «Рамазон ойи – сахийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ойидир. Бу қутлуғ айёмда меҳр-шафқатли, кечиримли бўлиш ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарз» — деди давлатимиз раҳбари.

   Шу муносабат билан, Рамазон ҳайити арафасида Президент адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолади.

   Мутасаддиларга ушбу фуқаролар байрамни ўз уйида, яқинлари бағрида кутиб олишлари учун барча шароитларни яратиш бўйича топшириқлар берилди.

   Шу билан бирга, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари олдига байрам юқори савияда ўтишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

   «Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, одамларнинг дардига дармон бўлиш – инсонийликнинг олий намунаси эканини унутмаслигимиз, бундай эзгу иш услуби бизнинг нафақат хизмат вазифамиз, шу билан бирга, виждоний бурчимизга айланиши керак», — деди ҳурматли давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев.

   Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчиллигини таъминлаш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил 29 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига 1 майдан бошлаб ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари миқдори 12 фоизга оширилмоқда.

   Шунингдек, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 324 000 сўм, ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 633 000 сўм, ногиронлик пенсиялари, жумладан, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 698 000 сўм, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 698 000 сўм қилиб белгиланди.

   Бундан ташқари, 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 3 080 000 сўм қилиб белгилаб қўйилди. 

   Фармон билан зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга 500 000 сўм пенсия тайинлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 500 000 сўм этиб белгилансин ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 185 000 сўмдан қўшиб ҳисобланадиган бўлди.

   Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўшимча қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғирлашишининг олдини олиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали 2022 йил 1 апрелга қадар нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш учун маълумотларнинг хато тақдим этилиши, киритилиши ва техник сабаблар туфайли фуқароларга ортиқча тўланган суммалар ҳисобдан чиқарилмоқда. 

    Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтириб, фашизмга қарши жангларда, меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган фахрийларимизга алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатиш, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг яна бир фармони эълон қилинди.

   Унга кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 15 000 000 сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилмоқда.

    Юртимизда бой ва қадимий диний-маънавий меросимизни тиклаш ва фаол тарғиб этиш, табаррук қадамжоларни обод қилиш бўйича олиб борилаётган салмоқли ишларни таъкидлаш ўринли.

   Қашқадарё вилоятида – калом илмининг атоқли намояндаси Абу Муин Насафий, Наманган вилоятида – тасаввуф таълимотининг йирик вакили Султон Увайс Қараний, Тошкент шаҳрида Сузук ота, Самарқандда буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ёдгорлик мажмуалари бунёд этилгани сўзимизнинг яққол далилидир.

   Шу жумладан, Учқудуқ туманида ҳам Қанарбой ота, Бедер ота, Қошқар ота, Ерлер ота сингари муқаддас қадамжоларда таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

   Дарҳақиқат, Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намози ўқилиши бўлиб, учқудуқлик намозхонлар учун “Қизилқум” жомеъ-масжидида таровеҳ намозларини ўқишлари учун барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилди.

    Азиз тумандошлар!

   Ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстлик, аҳиллик ва бирдамлик, билим ва маърифат динидир.

   Жамиятимизда ҳукм сураётган турли миллатлар ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги бағрикенгликни, фуқаролар орасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, бугунги осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш барчамизнинг асосий бурчимиздир. 

   Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур”, деган сўзлари бугун ҳам долзарб аҳамиятга эга.

   Шунинг баробарида фарзандларимизни ҳаётга эндигина кириб келаётган ёш авлодни Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, элу-юрт фаровонлигига муносиб улуш қўшадиган етук ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашимиз муҳим аҳамиятга эга.

   Муборак ҳадисларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим! 

   Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна бир ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, «Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди», дея марҳамат қилганлар.

   Ҳурматли имом-хатибларимиз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, муҳтарам нуронийларимиз яқин ҳамкорликда бу борада янада фаол ва самарали иш олиб борадилар, деб ўйлайман.

    Қадрли учқудуқликлар! 

  Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғиладиган ушбу барокатли ва нурафшон кунда сизларни яна бир бор азизу мукаррам байрам -Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан табриклайман.  

   Моҳи Рамазонда қилган барча эзгу ният ва дуоларимиз ижобатини берсин, Аллоҳим!

   Жонажон Ватанимизни, барча-барчамизни Яратганнинг Ўзи паноҳида асрасин!

   Осмонимиз мусаффо, тинчлигимиз ва мустақиллигимиз абадий бўлсин!

    Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

 

O'qilgan: 753 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 13 Oct 2022

Leave a comment

Make sure you enter all the required information, indicated by an asterisk (*). HTML code is not allowed.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: