Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 январь куни пойтахт туманлари ҳокимлари, Юнусобод туманидаги маҳаллалар раислари ва ёшлар билан учрашгани ҳақида ёзган эдик. Учрашувда давлат раҳбари анъанага кўра маҳаллалар раислари ва ёшларнинг таклифларига қулоқ тутди.«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, тадбирда Тошкент давлат юридик университети «Бизнес ҳуқуқи» кафедрасининг 31 ёшли мудири, Япониянинг Нагоя университети магистранти ҳамда Кобе университети докторанти Ҳусейн Ражабов иккита таклиф билан чиқди.
Ёш мутахассис ўзининг биринчи таклифи билан суд-ҳуқуқ тизими учун юрист кадрларни танлаш ва тайёрлашни такомиллаштиришни хоҳлаётганини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев унинг биографияси, таълими ва таҳсили ҳақида қизиқди. Давлат раҳбари Ҳусейн Ражабовнинг ТДЮУнинг энг ёш кафедра мудири эканини билгач, унга Олий судда ишлашни таклиф қилди. У бўлса президентга миннатдорчилик билдириб, ҳозирги лавозимда қолишни хоҳлашини маълум қилди. Ҳусейн Ражабов Японияда бизнес ҳуқуқи ва рақобат ҳуқуқи йўналишида ўқигани, Ўзбекистонда ушбу соҳаларни ривожлантириш ва кадрлар тайёрлашга кўмаклашмоқчи эканини айтди.
Кафедра мудири президент ўзининг парламентга мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимидаги муаммоларга тўхталганини эслаб ўтди. Жумладан, суд қарорларининг бекор қилиниши, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги коррупция ҳолатлари, шунингдек, инсон ҳуқуқларининг бузилиши.
Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун у Ўзбекистонда юристлар учун ягона малака имтиҳонини жорий этишни таклиф қилди.
«Бу муаммолар нимадан дарак беради? Малакали ва билимли кадрлар етишмаслигидан ёки тизимга ўз касбига номуносиб одамларнинг келиб қолганидан. Менинг таклифим шундан иборатки, Ўзбекистонда Япония ва Жанубий Кореянинг илғор тажрибалари асосида юристлар учун ягона [малака] имтиҳонини жорий этиш. Бу нима беради? Бу суд-ҳуқуқ тизимига [кадрларни] танлаб олиш ва тайёрлашнинг шаффоф ва очиқ тизимини яратиш, шунингдек, прокурор ёки судья лавозимига энг билимли ва малакали кадрларни саралашга имкон беради», — деди кафедра мудири.
Президент жавоб тариқасида имтиҳон жорий этилган тақдирда 90 фоиз номзодларнинг ўтолмаслигини таъкидлади. Аудитория унинг бу гапларини кулгу ва олқишлар билан қарши олди.
Ҳусейн Ражабов Ўзбекистонда 10 фоиз номзодлар ўтса, бу кўрсаткич Японияда бор-йўғи 3 фоизни ташкил этишини маълум қилди.
«У ҳолда вакант жойларни қандай ёпаман?» — деб сўради президент аудиторияда кулгулар тиниб улгурмаган бир вақтда. У шундай деб давом этди: «Биласизми, улар менга судя лавозимига номзодларни киритишади. Мен авваллари туман судьяларини тайинлашга ҳам имзо чекардим. Ҳозир бу комиссия ваколатига топширилди, ислоҳотлар ўтказилди. Аммо улар барибир олиб келишади. Уч номзод олиб келинади. Президент имзолаши керак. Суд инсон тақдирини ҳал қилади. Судя ҳокимга қараганда кўпроқ ваколатларга эга… Мени қийнайдиган нарса — имзо чекишим керак, аммо мен уларнинг қобилиятини билмайман. Агар биз имтиҳон қиладиган бўлсак, улар ўтолмайди. Бу кулгили эмас», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги ҳақиқий ҳаётнинг оғирлигини ҳамма ҳам тўғри баҳолай олмайди.
«Чет элда ўқигандан кейин чет эл тажрибасини билан „ҳаммасини кесиб ташлаш осон“. Мен ҳам кўп нарса ўқийман, мен ҳам буни хоҳлайман, лекин замон буни кўтармайди», — дея тушунтирди президент.
Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Олий суд раиси Козимжон Комилов (орқада).
Шавкат Мирзиёев Олий суд раиси Козимжон Комиловга Ҳусейн Ражабов билан учрашишни буюрди.
«Аммо барибир, биз бунга босқичма-босқич яқинлашишимиз керак. Очиғини айтганда, ўтган тўрт йил ичида мен суд-ҳуқуқ тизимига катта эътибор қаратдим. Чунки судга келган фуқаро президентнинг гаплари билан эмас, судьяларнинг қарорлари билан адолатга ишонади», — дея таъкидлади у.
Давлат раҳбари Ўзбекистонда афв қилиш тўғрисидаги қарорлар «ноқонуний қамалганлар кўплиги» сабабли қабул қилинишини тушунтирди.
«Чунки тергов „ақлсиз“ равишда ўтказилган. Тергов жараёнини тартибга солиш жуда қийин. Агар тергов юқори сифатли бўлса ва сиз каби терговчилар томонидан олиб борилса, бу ҳам юриспруденциядаги хатолар сонини камайтиришга ёрдам беради. Терговнинг хатолари судда аксини топади. Агар тергов қонуний, сифатли, билимли, пировардида адолатли бўлганда эди, афв талаб қилинмас эди. Аммо, афсуски, бизда бу бор. Аммо буни дарҳол „кесиб ташлаш“, ҳаммани ҳайдаб юбориш мумкин эмас. Мен ҳам изланаяпман, сизнинг таклифингиз тўғри, аммо биз буни биргаликда кўриб чиқамиз», — деди президент.
Ҳусейн Ражабовнинг иккинчи таклифи тадбиркорлик соҳаси билан боғлиқ эди. Унга кўра, 2017 йилдан бери тадбиркорлар сони 200 мингтага кўпайган ва шу сабабли юридик маслаҳатга эҳтиёж ортиб бормоқда. Аммо муаммо шундаки, бундай хизматларни фақат олий маълумотли юристлар кўрсатиши мумкин.
«Агар биз фақат олий маълумотли юристларга таянсак, тадбиркорларнинг юридик маслаҳатларга бўлган эҳтиёжларини қондира олмаймиз. Бизда ўрта махсус таълим — юридик техникумлар (республика бўйича 14 та) бор. Менимча, ушбу техникумларнинг битирувчиларига юридик маслаҳат кўрсатувчи консалтинг компанияларини очиш ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқ бўлади», — деди у.
Кафедра мудирининг фикрича, ушбу қарор битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича иш билан таъминлашга кўмаклашади, ҳудудлардаги тадбиркорларнинг юридик маслаҳат олиш имкониятлари кенгайтиради ва тадбиркорлик соҳасидаги қонунбузарликлар сонини камайтиради.
Шавкат Мирзиёев илгари бундай техникумлар сони 2−3 тани ташкил этганини, 98 фоиз ҳолатларда қабул жараёни коррупциявий ва фақат 2 фоизида адолатли ўтганини айтди.
«Мен қарорни имзоладим, биз [бундай ҳолатларни йўқ қилиш] чораларини кўраяпмиз. Ҳужжатга имзо чекканимда мени ушбу техникумларда ким ўқитади деган савол қийнади. Қайси ўқитувчи? Қаерни тугатган? Адолат қаерда?» — деб сўради ва кейин Ҳусейн Ражабовга юзланиб, исмини сўради ва ёзиб олди.
«Сен менга ҳали керак бўласан. Чунки менга қоғоз олиб келадиганлар билан кўп курашаман», — деди давлат раҳбари.
Адҳам Икромов.
Президент Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромовга ушбу йигит билан учрашишни ва унинг таклифини ўрганишни буюрди. Савдо-саноат палатаси раҳбари Адлия вазирлиги ва Олий суд билан биргаликда Президент Администрацисига ёзма равишда хулосаларни киритишни маълум қилди.