Hokimiyat matbuot xizmati
Учқудуқ туманининг олис ва чекка ҳудудларида ерга тушган қор қалингина бўлиб, совуғи ҳам юзни ҳам қўлни чимчилайди. Бундай кутилмаган об-ҳаво шароитида овуллар аҳолиси ҳолидан хабар олишни мақсад қилган Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев бугун Қулқудуқ ва Мингбулоқ овулларида бўлди.
Ҳар иккала овуллардаги эҳтиёжманд “Аёллар дафтари”га киритилган хонадон соҳиблари билан учрашиб, муаммо ва масалаларини жойида ўрганди.
Жумладан, Қулқудуқ овули турғини Салтанат Каримбаева 10 йилдан буён шаръий никоҳда яшайди. Шу сабабдан муаммолар занжирсимон бир-бирига уланиб кетган. Икки нафар боласи бор бу аёлнинг турмуш ўртоғи Нурлан Айтуғанов шу пайтгача биометрик паспорт олмаган, фарзандларига оталик белгиланган ва ҳоказо муаммолар...
Яна бир Минглоқ овули фуқароси Айназа Бекмуратов оиладаги 7 жонни бир ўзи ишлаб боқади. Тўнғич қизи Мулдирнинг шартнома пулини маҳалла – кўй, қариндош-уруғлар кўмагида тўлаб, Навоий Давлат педагогика институтида ўқитмоқда. Оила устуни ота кейинги ўқув йилини шартнома пулидан хавотирда. Ҳозирданоқ, қандай қилиб тўлайман, деган ўй ота-онага тинчлик бермайди. Бу масалада туман раҳбарига муаммосини билдирган А.Бекмуратов унга берилган жавобдан хурсанд бўлиб кетди. Ахир шартнома пулини тўлаб беришни туман ҳокими ўз зиммасига олди-да. Бундан руҳланган Айназар Бекмуратов туман Ободонлаштириш бошқармасидаги ярим ставка ишини тўлиқ қилиб беришларини сўради. Бу масала ҳам яқин орада ўз ижобий ечимини топишига асослар етарли.
Ҳа, Наврўз айёми кунларида инсонни қадрлаш, кексаларга ҳурмат, эҳтиёжмандларга мурувват ва эътибор кўрсатиш каби азалий ва боқий қадриятларимизни янгитдан кашф этамиз. Туман ҳокими С.Хамроев ташриф буюрган хонадонлар аҳолисини Наврўз билан муборакбод этиб, озиқ-овқат маҳсулотлари солинган пакетлар тақдим этди.
Дарвоқе, юқорида қайд этилган ҳамда Марат Қуанишбаев, Сандуғаш Қалабаева сингари фуқаролар муаммоларини ижобий ҳал этишга бағишланган тезкор йиғилиш куннинг иккинчи ярмида ўтказилди. Унда иштирок этган туман ФХДЁ бўлими, Давлат хизматлари маркази туман бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси, туман Ободонлаштириш бошқармаси, туман ИИБ паспорт бўлинмаси мутасаддиларига аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди. 15 кун муддатда барча масала ва муаммоларни ижобий ҳал этиш юзасидан келишиб олинди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Хуршид Турсунов, фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Беҳзод Шерматов, жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди раиси Акмал Қурбоновлар иштирокида “КЕLАJК" ёшлар марказида “Суд ва ёшлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда иштирок этган ёшларга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ўртасида “Ёшлар масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида” имзоланрган меморандумнинг мазмун-моҳияти ҳамда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳатлар жараёнида ёшларни иштирокини янада жонлантириш, уларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида фикрлар ўртага ташланди.
Шунингдек, жорий йилда бўлиб ўтадиган Президентлик сайлови ва бу жараёнга ёшларимиз ҳам фаол иштирок этиши муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Талабалар участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти ва овоз бериш тартиби ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.
Давра суҳбати давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига суд раислари томонидан жавоблар олишди.
Мейрбек БЕРДИБЕКОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Учқудуқ туман суди девонхона мудири.
Президент мактабларига 2021-2022-ўқув йили учун жами 1 632 нафар ўқувчи қабул қилиш режалаштирилган.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати жорий йилги қабул квотаси сони, имтиҳон олинадиган тиллар, хорижий олимпиада ғолибларига имтиёзлар ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги 526-сон қарори билан тасдиқланган низом тегишли бандларига асосан, президент мактабларига республика умумтаълим муассасаларининг тўртинчи синф битирувчилари орасидан баҳолар табели асосида тегишли СТEАМ фанларини:
- математика;
- биология (табиатшунослик);
- информатика ва ахборот технологиялари;
- физика;
- алгебра;
- геометрия;
- кимёдан аъло баҳога тугатган болалар танлов асосида қабул қилинади.
Маълумки, 2020-2021 ўқув йили учун Тошкент, Наманган, Нукус ва Хива шаҳарларида жойлашган президент мактабларига ўқувчилар қабули қолдирилган эди. Шу сабабли, 2021-2022 ўқув йилида Тошкент шаҳри, Наманган ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги президент мактабларига 5- (24 нафар), 6-синфларга (24 нафар) ўқувчилар қабул қилинади.
Шунингдек, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари илк марта ўқувчи қабул қилаётгани учун 5-синфдан 10-синфгача 24 нафардан ўқувчилар қабул қилинади.
Президент мактабларига кириш имтиҳонлари 3 тилда ўтказилади. Президент мактабларига кириш имтиҳонларида инглиз тилини ҳам танлаш имкони мавжуд. Талабгорлар хоҳишига кўра ўзбек, инглиз ёки қорақалпоқ тилида бўлиб ўтади.
Шунингдек, қабул жараёнида халқаро олимпиадалар ва танловларда ғолиб бўлган ўқувчилар учун имтиёзлар кўзда тутилмаган.
Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Учқудуқ туманидаги кўп қаватли уйларга ўрнатилган 285 та лифтни ягона электрон бошқарув тизимига ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Навоий вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасига асосланиб, Kun.uz мухбири хабар берди.
Бошқарма бошлиғи Нуриддин Жуманиёзов 16 март кунги матбуот анжуманида маълум қилишича, вилоят ҳудудида ўрнатилганига 25 йилдан кўп муддат бўлган 134 та лифт бор.
2024 йилга қадар ҳар йили 35 донадан лифт алмаштириб борилади. Жорий йилда 35 та лифтни алмаштириш учун 6 миллиард сўм ажратилган.
Ҳозирда бу бўйича лойиҳа ташкилоти аниқланиб, давлат экспертиза хулосасини олиш учун ҳужжатлар тақдим этилган.
Жуманиёзовга кўра, янги ўрнатилаётган лифтларга электр энергиясида узилиш бўлган вақтда тўхтаб қолмаслиги учун акумулятор қўйиш ҳам кўзда тутилмоқда. Электрон бошқарувга ўтгач, лифтларни соат 23:00 дан кейин ҳам ишлатиш чоралари кўрилади. Айни вақтда кўп қаватли уйлардаги лифтлар хавфсизлик нуқтайи назаридан соат 23:00 дан кейин тўхтатилмоқда.
Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг коронавирус пандемиясини инобатга олган ҳолда мамлакатда Наврўз умумхалқ байрами тадбирларини ташкиллаштириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда сўнгги кунларда аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари бироз ортганлиги таъкидлаб ўтилди. Шу боис мутасадди вазирлик ва идораларга:
- байрам тадбирларини об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда очиқ жойларда, яъни боғлар, хиёбонлар ва ўйингоҳларда ўтказиш;
- байрам тадбирларида аҳолини кўп тўпламаслик ва ташриф буюрувчилар ниқобда бўлишлари ҳамда ижтимоий масофани сақлашлари устидан назоратни ўрнатиш;
- аҳоли гавжумлигининг олдини олиш мақсадида тадбирларни кичик ҳажмда маҳаллаларда ташкил этиш чораларни кўриш каби кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, байрам тадбирларида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлик чоралари кўриш мақсадида ҳуқуқ тартибот органларига тегишли топшириқлар берилди.
Жойларда ўтадиган байрам тадбирларини юқори бадиий савияда ўтказиш, бунинг учун эстрада хонандалари ва театр актёрларини жалб этиш каби вазифалар белгиланди.
Шунингдек, Санитария-эпидемиология хизмати томонидан аҳоли ўртасида коронавирус билан касалланиш ҳолатларини барвақт аниқлаш бўйича ПЦР лабораторияларнинг тўлиқ қувватларда фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши хавфости гуруҳига мансуб аҳоли қатламини ихтиёрий эмлаш тадбирларини ташкил этиш борасида тегишли топшириқлар берилди.
Айрим хорижий ва қўшни мамлакатларда бугунги кунда кузатилиб турган коронавирус инфекцияси билан боғлиқ кескин эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда шу каби ҳолатларнинг қайтарилмаслиги учун кенг тарғибот ишларини олиб бориш тавсия этилди.
17 мартга ўтар кечаси Тошкентга Covid-19’га қарши AstraZeneca (CoviShield ) вакцинасидан биринчи партия - 660 минг доза вакцина олиб келинди.
Ушбу вакциналарни етказиб бериш Эпидемияларга тайёргарликни таъминлаш мақсадида инновациялар учун коалиция (CEPI), Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс (GAVI), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)дан иборат бўлган COVAX глобал ҳамкорлиги доирасида амалга оширилмоқда.
«Ўзбекистон GAVI ташкилотининг COVAX дастурига аъзо давлатлар қаторига киради. Шу боис, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йил январ ойида коронавирусга қарши эмлаш учун вакцина етказиб бериш юзасидан GAVI ташкилотига буюртма берилган эди», — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов.
Ушбу ҳамкорлик доирасида йил охирига қадар мамлакатга умумий миқдорда 20 фоиз аҳолини эмлаш учун етарли даражада вакцина, шприц ва хавфсиз утилизация қутилари етказиб берилиши кўзда тутилган. COVAX фонди ҳисобидан Ўзбекистонга 2 миллион дозадан ортиқ AstraZeneca вакцинасини етказиш, шундан 2021 йил I чоракда 35-40 фоизини, қолган қисмини II чоракда дунё бўйлаб вакциналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши режалаштирилган.
«Бугун олиб келинган 660 минг доза вакциналар COVAX Ўзбекистон учун ажратган 2 миллион доза вакциналарнинг биринчи қисмидир. Вакциналарнинг қолган қисми яқин ойларда етказиб берилади.
Ушбу вакциналар билан республикамизда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишлари бошланади ва босқичма-босқич давом эттирилади.
Йил бошида мамлакатимизда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлашни амалга ошириш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ЮНИСЕФ ва ЖССТ билан ҳамкорликда республикада коронавирус инфекциясига қарши эмлашни амалга ошириш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилди.
Унга кўра, аҳолининг юқори хавфга эга қатламлари белгиланиб, уларни эмлаш учун 3 минг 138 та эмлаш пунктлари, ҳамда 862та мобил бригадалари шай ҳолга келтирилди.
Албатта, ушбу тадбирлар коронавирус инфекциясига қарши кураш самарасини ошириш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилмоқда», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
Учқудуқ туманида ҳам “Аёллар дафтари” шакллантирилган бўлиб, унга 188 нафар ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган хотин-қизлар киритилган. Ҳозирда улар билан олиб борилаётган тизимли, манзилли ишларни таҳлил этадиган бўлсак, 138 нафар иш излаётган аёлларнинг 37 нафари доимий иш билан таъминланган, 2 нафар касб-ҳунар эгаллаш истагида бўлган хотин-қизлар пазандалик, тикувчилик йўналишида ўқитилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги қарорига асосан, 19 нафар боқувчисини йўқотган, 7 нафар иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган аёлларга жами 25 млн. 480 минг сўм миқдорида моддий кўмак берилган.
“Аёллар темир дафари”да рўйхатда бўлган 13 нафар тиббий кўмакка муҳтож аёлларнинг 10 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Яна 4 нафар психологик кўмакка муҳтож аёллар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.
Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилмаган хотин-қизлар ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Ана шундай опа-сингилларимизнинг 23 нафари ўз ишини йўлга қўйиш истагини билдиришган. Уларнинг 10 нафарига имтиёзли кредитлар тақдим этилиб, якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бандлиги таъминланди.
Эътиборлиси, “Соғдиёна” ННТ, “Ҳунармандлар” уюшмаси туман бўлими ҳамда вилоят “Тадбиркор аёл” маркази томонидан 400 нафар учқудуқлик аёл касб-ҳунарга ўқитилган. Улар асосан аёллар сартарошлиги, тикувчилик, пазандачилик йўналишларида ўз билим ва кўникмаларини оширган.
Ҳа, эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, ишсиз хотин-қизларни турли касбларга ўқитиш ва шу орқали уларни “Темир дафтар”дан чиқариш олдимизга қўйилган энг муҳим вазифалардандир.
Улуғбек ТЎРАЕВ,
Учқудуқ туман ҳокими ўринбосари,
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.Исламов ва Олий суди раиси К.Камилов раҳбарлигида республика ишчи гуруҳи томонидан Навоий вилоятида 3 кун давомида сайёр қабул ўтказилишини маълум қиламиз.
Унга кўра, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди тумани фуқаролари суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволлар билан сайёр қабулда иштирок этишлари мумкин.
Сайёр қабул жорий йилнинг 18 мартида соат 14-30 да Зарафшон шаҳридаги Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида бўлиб ўтади.
Ушбу сайёр қабулда иштирок этувчи фуқаролар 2 кун олдин шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан Учқудуқ туманидаги фуқаролик, жиноят ҳамда иқтисодий судлар ёки ҳудудлардаги Халқ қабулхонасида рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Фуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суди.
Бухоро вилоятига ташрифи давомида «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказининг болалар онкогематологияси бўлимида бўлиб, у ерда беморлар билан суҳбатлашди. Фонд болаларнинг гематологик ва онкологик хизматларини бирлаштириш ташаббусини қўллаб-қувватлаши таъкидланди.
Шунингдек, «Темир дафтар» таркибига киритилган юрак-қон томир касалликлари ташхиси бор 18 ёшгача бўлган болалар учун жарроҳлик амалиётларини амалга ошириш хайрия лойиҳаси бошланганлиги ҳақида эълон қилинди. Бугунги кунга келиб, «Темир дафтар» рўйхатида ушбу ташхис қўйилган болаларнинг умумий сони 300 кишини ташкил этади.
Зироат Мирзиёева биринчи жарроҳлик амалиётидан ўтадиган болалар ва уларнинг ота-оналари билан учрашди.
— Болажонлар соғайиб кетсин деб, сиз – дуодасиз, шифокорлар – ҳаракатда. Биз ҳам шу хайрли ишга ҳиссамизни қўшиш, сизни қўллаб-қувватлаш учун келдик. Бизнинг ҳаракатларимиз ўз самарасини беради деб умид қиламиз, — деди «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси.
Солиқни тўлаш муддати бузилганда тўлов муддати белгиланган кундан кейинги санадан эътиборан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун пеня ҳисобланади. Шунингдек, даромадлар тўғрисида декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ўтган солиқ даври учун жисмоний шахсларнинг даромадлари тўғрисида декларация тақдим этишнинг охирги муддати – 1 апрелга саноқли кунлар қолди. Шуни инобатга олиб Давлат cолиқ қўмитаси инспектори Санжар Хайриддинов мазкур декларацияни тақдим этиш тартиби ҳақида маълумот берди.
Декларацияни кимлар топширади?
Солиқ кодексининг 393-моддасига асосан, 2020 йил давомида:
- фоиз ва дивиденд кўринишида, мол-мулкини ижарага бериб (агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса);
- илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида;
- моддий наф тарзида;
- Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан;
- солиқ агентлари бўлмаган манбалардан;
- солиқ агенти томонидан солиқ ушлаб қолинмаган солиқ солинадиган бошқа манбалардан даромад олган Ўзбекистон резидентлари 2020 йилнинг 1 апрелига қадар жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация топширишлари лозим.
Белгиланган тартибга кўра, Ўзбекистон резиденти бўлган чет эллик жисмоний шахс ҳам ўтган солиқ даври учун даромадлар тўғрисида 2021 йилнинг 1 апрелигача декларация тақдим этади.
Агар жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация топшириш муддати (1 апрел дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келса, декларация ундан кейинги биринчи иш кунидан кечиктирмай тақдим этилиши шарт (Солиқ кодексининг 5-моддаси).
Декларацияга қандай ҳужжатлар илова қилинади?
Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларация шакли Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорнинг 4-иловасида келтирилган.
Жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияга белгиланган шаклдаги тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари ҳақидаги маълумотнома илова қилинади.
Илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи олаётган солиқ тўловчи даромадлар олиш билан боғлиқ даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши шарт. Улар ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган, ҳақиқатда сарфланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларни даромаддан чегириш ҳуқуқига эга.
Бунда чегирма олинган жами даромад суммасининг 30 фоизидан кўп бўлмаслиги керак. Харажатлар ҳужжатлар (назорат-касса машинаси ёки терминал чеклари, квитанциялар, шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва ҳоказо) билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Грант олган солиқ тўловчи жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшираётганда грант бўйича олинган даромад суммасини, солиқ миқдорини кўрсатади. Шунингдек ваколатли органнинг тегишли хулосасини илова қилади.
Мол-мулкни (автотранспорт, бино ва иншоотлар, турар ва нотурар жойлар) ижарага берувчи жисмоний шахслар ижара шартномалари нусхаларини декларацияга илова қилишлари шарт.
Ўзбекистондан ташқарида тўланган, Ўзбекистон резиденти бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари республикада солиқ тўлашда Солиқ кодекснинг 342-моддасида назарда тутилган тартибда ҳисобга олинади.
Солиқни ҳисобга олиш солиқ даври якуни бўйича жисмоний шахс томонидан тақдим этилган жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида амалга оширилади.
Кодекснинг 342-моддаси, 1-қисмига мувофиқ, чет давлатнинг қонун ҳужжатларига ёки Ўзбекистоннинг халқаро шартномасига мувофиқ ҳақиқатда тўланган (ушлаб қолинган) фойда солиғининг суммаси ёки ушбу чет давлатда олинган даромадлардан олинадиган айнан ўхшаш турдаги солиқ республикада фойда солиғини тўлаш ҳисобидан солиқ тўловчида ушбу моддада белгиланган тартибда ва миқдорларда ҳисобга олиниши лозим.
Қандай усулларда тақдим этиш мумкин?
Декларация бевосита жисмоний шахснинг доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига, почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек, электрон шаклдаги ахборот тарзида ва интернет тармоғи орқали тақдим этилиши мумкин. Декларация солиқ органига шахсан тақдим этилганда давлат солиқ органининг тегишли бўлимига топширилади.
Электрон ҳужжат тарзида тайёрланган декларацияни солиқ тўловчи бевосита ёки ахборот воситачиси (электрон ҳужжатлар айланмаси билан боғлиқ хизматларни кўрсатувчи юридик шахс) орқали жўнатиши мумкин. У электрон рақамли имзо билан тасдиқланади, бунда белгиланган шакл тўлиқ тўлдирилган бўлиши керак.
Шунингдек, декларацияни Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz электрон солиқ хизматлари порталидаги солиқ декларацияларини юбориш интерактив хизмати орқали ҳам жўнатиш мумкин.
Қуйидагилар солиқ тўланган сана деб ҳисобланади:
- солиқ солиқ агентлари ёки жисмоний шахслар томонидан банкдаги ҳисобварағидан тўланган тақдирда банкдаги ҳисобварағидан маблағлар ҳисобдан чиқарилган кун;
- жисмоний шахслар томонидан нақд пул маблағлари киритилган тақдирда банк кассасига маблағлар тўланган сана.
Жисмоний шахслар ҳисоблаб чиқарилган солиқни чет давлатда жойлашган банк ҳисобварағидан чет эл валютасида тўлаши мумкин. Бунда миллий валютада ифодаланган солиқ Марказий банк томонидан белгиланган солиқ тўланган санадаги курс бўйича чет эл валютасида қайта ҳисоблаб чиқарилади.
Солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқариладиган солиқни тўлаш тўлов хабарномасида кўрсатилган муддатларда амалга оширилиши керак.
«Солиқни тўлаш муддатлари бузилганда тўлов муддати белгиланган кундан кейинги санадан эътиборан ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун (тўлов куни ҳам шунга киради) пеня ҳисобланади. Бунда пенянинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг шу даврда амалда бўлган қайта молиялаш ставкасининг уч юздан бирига тенг этиб қабул қилинади. (110-модда)
Шунингдек, даромадлар тўғрисида декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси учинчи қисми).
Шуларни эътиборга олган ҳолда, даромадларингиз тўғрисидаги декларацияни охирги муддат – 1 апрелни кутмасдан яшаш жойингиздаги давлат солиқ инспекциясига ўз вақтида тақдим этишингизни маслаҳат берамиз», дейди Давлат солиқ қўмитаси инспектори Санжар Хайриддинов.
Маълумот учун, президент фармони билан 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабргача жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича даромад солиғи тўлашдан озод этилган эди.