LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

02 Apr 2021

      Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Давлат раҳбари коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

 

      «Жорий йил бошида кунига ўртача 30—40 нафар бемор аниқланган бўлса, март ойи ўрталаридан бу кўрсаткич 160—180 нафарни ташкил этмоқда. Касалликнинг ўта оғир кечиши, ҳаттоки ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Бунинг сабаби — кўпчилик фуқаролар хотиржамликка берилиб, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин талабларига бефарқ бўлиб қолди», — деди Шавкат Мирзиёев.

       Бош вазирга коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш, тун-у кун ишлайдиган Call-марказлар ва мобил бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди. Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захирасини шакллантириш, ҳудудларда 60 та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

 
 

      «Афсуски, бу балонинг охири кўринмаяпти. Европа давлатлари яна локдаунга киряпти. Қўшниларимизда ҳам аҳвол яхши эмас. Хавф ёнимизда юрибди. Шунинг учун огоҳ бўлишимиз керак. Олдин қандай ишлаган бўлсак, шу тартибни тиклаймиз.

       Худо кўрсатмасин, шунча қилган ҳаракатимиз бекорга кетиши мумкин. Иқтисодиёт нуқтайи назаридан жуда катта марралар қўйганмиз. Агар ёпилиб қолсак, бу натижаларга эришолмаймиз. Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз. Касалланганларни ҳам тез-тез даволаш чораларини кўриш керак», — деди Президент.

01 Apr 2021

         Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрдаги Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2833-сонли ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 октябрдаги 230-сонли “Меҳрибонлик уйи тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари юзасидан, жорий йилнинг 27 март куни Учқудуқ туман ҳокимлиги Вояга етмаганлар ишлари бўйича Идоралараро комиссия масъул котиби Г.Исломова, туман халқ таълими бўлими маънавий-ахлоқий тарбия ва болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш методисти З.Рахимова ҳамда 3-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори О.Ҳасанов, ушбу мактабнинг директор ўринбосари Ҳ.Умирова, мактабнинг ёшлар етакчиси С.Қодировалар билан биргаликда, Учқудуқ туманидаги вояга етмаганлардан, “Томди туман болалар шаҳарчаси”да тарбияланаётган тарбияланувчилар ҳолидан хабар олинди. Ушбу тарбияланувчиларга кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бир қанча совғалар улашилди. Тарбияланувчиларнинг ҳар бирлари билан алоҳида суҳбатлашилди, уларнинг яшаш шароитлари, тарбияси, дарсларга мунтазам қатнашиб боришлари, ўқишлари, қизиқишлари, келгусидаги режалари ҳамда муаммолари билан ўртоқлашилди.

         Шунингдек ушбу тарбияланувчилар билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш, улар ўртасида ватанпарварликни тарғиб қилиш, назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни гиёхвандлик, ахлоқсизлик ва бошқа зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, улар билан боғлиқ, яъни, диний экстремизм, гиёҳвандлик жиноятларига қарши курашиш, йўл транспорт, ёнғин ҳодисалари ҳамда спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари истеъмоли билан боғлиқ салбий иллатлар, яшаш жойидан узоқ муддатга чиқиб кетишнинг салбий ҳолатлари, миссионерлик, прозелитизм, ақидапарастлик ва бошқа турли ҳалокатли таҳдидлар билан боғлиқ жиноятлар тўғрисида таъкидлаб ўтилди..

           Шунингдек, азал-азалдан халқимиз учун муқаддас бўлмиш оилани ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини деб қабул қилишимиз замирида, ҳеч шубҳасиз жуда катта маъно моҳият мужассамлиги, чунки оила соғлом экан жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарор, биз маънавий ҳаётимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни кенг қарор топтиришда, тобора кучайиб бораётган, бизнинг миллий урф-одатларимизга мутлақо зид бўлган ҳар қандай зарарли таъсирлар, бузғунчи ғояларга қарши туришда азалий қадриятларимизни асраб-авайлашда оилани мустаҳкам таянч деб билишимиз, бу борада жисмоний ҳам маънавий жиҳатдан етук, ўз мустақил фикрига эга, оқ-қорани ажратишга, тараққий топган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялаш уларни соғлиғини асраш ҳаётга йўналишида оиланинг ўрнини ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмаслиги тарбияланувчиларга тушунтириб ўтилди.

           Қонун устувор бўлган юртимизда, конституциямизга ва қонунларга ҳурмат уларга амал қилишга, мажбурият ва бурчларни бажаришга, атрофдаги воқеа ҳодисаларга бефарқ бўлмасликка, уйимизни, маҳалламизни, таълим муассасамиз осойишталигини авайлаб сақлаш ҳамда шундай фаровон турмушимизга шукроналик келтиришимиз зарур эканлиги айтиб ўтилди. Суҳбат давомида ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб ва тавсиялар берилди. Барча тарбияланувчилар ушбу ташрифдан хурсанд бўлиб ўз миннатдорчиликларини билдириб қолишди.

31 Mar 2021

  Президентимиз томонидан илгари сурилган “5 ташаббус” доирасида Учқудуқ туманида ҳам кенг кўламли ишлар олиб олиб борилаётир. Ёшларни жисмонан етук ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, спорт ва маданиятга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш, эртамиз эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш энг устувор вазифалардан бирига айланди.

  “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан Учқудуқ туманида жорий йилда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини тадбиқ этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

  Дастурда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятларини рўёбга чиқариш ва уларни кашф этиш ҳам муҳим йўналиш сифатида белгиланди.

  Шундан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг санъат ва спортга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида Учқудуқ туман ҳокимлиги томонидан тумандаги умумтаълим мактабларига мусиқа чолғу асбоблари ва спорт жиҳозлари берилмоқда. 

  Бугун ҳам Учқудуқ тумани ўқувчи-ёшлари учун 6 миллион  88 минг сўмлик мусиқа асбоблари ҳамда 18 миллион 121 минг сўмлик спорт жиҳозлари тантанали равишда топширилди.

  Тадбирда туман ҳокими С.Хамроев иштирок этди ва сўзга чиқди. 

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

31 Mar 2021

     "Маҳалла - жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси" ғояси асосида "Маҳаллаларда миллий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳафталиги" бўлиб ўтди. Бугун ҳафталик давомида ўзининг намунали чиқишлари яратган ажойиб либослар-у оёқ кийимлари, тўқиган гиламлари билан иштирок этган ҳунарманд Фотима опа ҳақида сўз юритамиз. Учқудуқ гарчанд қадимий шаҳар бўлмасада миллий қадриятлар ҳунармандчилик соҳасида ўз аксини топмоқда!
      Мана қарийиб йигирма йилдирки, Учқудуқ туманида ўзининг ҳалол меҳнати билан рўзғор тебратиб, кўплаб шогирдларни бугунги кунгача тайёрлаб келаётган Фотима Хамриева дастлаб косибликдан ўз ишини бошлаган оилавий тадбиркорлардан.
Унинг туманда туячилик билан шуғулланаётган чорвадорлардан ҳамкорлик асосида туя жуни ва терисидан олиб тикаётган миллий пойафзаллари инсонлардаги оёқ оғриғи, бел оғриғи, диск чурраси, мушаклар тортишиши каби касалликларни табиий йўл билан даволашда муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

09
       Ўзбек миллий матолари атлас, адрасдан тикаётган бежирим оёқ кийимлар жуда нафис ишланганлиги билан кишини ўзига тортади.
Айниқса ота-боболаримиз ишлатиб келган миллий гиламлар, гиламдўзликни бошлаб янгидан янги нақшли бежирим гиламларни тайёрлаб халққа улашаётганлиги қувонарлидир.
Фотима опани бир сўз билан миллийликни ўзида акс эттирган бир нечта соҳаларда фаолият олиб бораётган кенг имкониятли тадбиркор дея оламиз.
       Суҳбат давомида Фотима Хамриева келгусида шогирдлари билан биргаликда тикиш дастгоҳларини кўпайтиришини ва ҳунармандчилик асосида ташкил этилган тадбиркорлигини кенгайтириб юзлаб хотин-қизларни иш билан таминлашдек олий мақсади борлигини билдириб ўтди.

31 Mar 2021

      Хитойнинг Ухан шаҳрида 2021 йилнинг январь–февраль ойларида тадқиқот ўтказган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари коронавируснинг келиб чиқиши борасида аниқ хулосага кела олмади. Бу ҳақда Женевада 30 март куни эълон қилинган якуний ҳисоботга асосланиб, «ТАСС»  хабар берди.

      Маълум қилинишича, коронавируснинг одамга табиий манбадан ёки потенциал оралиқ ташувчидан юққани борасида аниқ маълумот берилмаган. Шу билан бирга, хасталикни юқтириб олишнинг бир қатор потенциал йўлларига ишора қилувчи далиллар мавжудлиги қайд этилган.

      Ўз навбатида, коронавируснинг оралиқ ташувчиси сифатида қоракўзан, қуён, уй мушуги ҳамда бошқа ҳайвонлар келтирилган. Ухандаги «Хуананm» бозорининг SARS-CоV-2 тарқалишига асосий сабабчи бўлган ёки бўлмаганига ҳам аниқлик киритилмаган. Чунки касалликнинг дастлабки ҳолатлари бошқа бозорларда, баъзилари эса ҳатто улардан ташқарида ҳам қайд этилган. Мутахассислар, шунингдек, одамлар айнан қачондан SARS-CоV-2 билан касаллана бошлаганини аниқлай олмаган.

      «Инфекциянинг авж олиши 2019 йил декабрь ойининг ўрталаридан олдин бошланган бўлиши мумкин», — деган тахминни илгари сурган тадқиқот муаллифлари. Қайд этилишича, олимлар коронавируснинг янги турини юқтириб олиш ҳолати баъзи мамлакатларда Уханга қараганда анча олдин аниқланганига ҳам эътибор қаратган.

      «SARS-CоV-2’нинг келиб чиқиши қаердан бошланганини аниқлаш — ҳамон долзарб масала. Вирус биринчи бўлиб Ухан шаҳрида ўткир пневмония тарқалишининг сабаби сифатида аниқланган бўлса-да, илк ҳолатларнинг қаерда қайд этилгани ҳали ҳам ноаниқ», дейилган ҳисоботда.

31 Mar 2021
 
 

    Венгрия Бош вазири Виктор Орбан мамлакатимизга расмий ташрифини якунлаб, бугун Будапешт шаҳрига учиб кетди.

     Олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кузатиб қўйди.

30 Mar 2021

  Учқудуқда “Ёшлар дафтари” да бўлган ёшларнинг бандлиги қандай таъминланмоқда?

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги "Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 132-сонли қарори ижросини таъминлаш, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар темир дафтари” шакллантирилган.  

  Ушбу дафтарга 612 нафар 30 ёшгача бўлган учқудуқлик ёшлар  киритилган бўлиб, уларнинг 514 нафари ишсиз, 98 нафари ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ёшлардан иборат.

  Айни кунларда, Навоий вилояти Марказий банк бош бошқармаси бошлиғи И.Саидов ва "Микрокредитбанк" Навоий вилоят филиали бошқарувчиси Ҳ.Амонов, Учқудуқ туман ҳокими биринчи ўринбосари Ф.Бафоев тумандаги "Аёллар" ва "Ёшлар дафтари"да бӯлган 19 та оилага 105 бош чорва моллари, 9 нафар тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган аёлларга тикув машинкасини етказиб беришди.

  Амалга оширилган ишлар натижасида шу куннинг ўзида "Алтинтау" ОФЙ,  "Мингбулоқ" ОФЙ ҳамда “Кокпатас” МФЙ даги 21 нафар "Ёшлар дафтари" ҳамда 14 нафар "Аёллар дафтари"га тушган фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

  -Тикувчиликка қизиқаман. Қўл машинкада оила аъзоларим, фарзандларим, қўни-қўшниларим учун либослар тикиб бераман, - деди “Кокпатас” МФЙ фуқароси Айткул Кушекбаева. – Менга янги замонавий тикув машинкаси берилди, бундан хурсандман. Эндиликда тикиш-бичиш ишларимни турли хил чокда тикадиган машинкада янада чиройли ва бежирим қилиб тикаман.

  Учқудуқ туманида хотин-қизлар ва ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш,  барча жабҳаларда ўзларининг иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намойиш этишига кенг имкониятлар берилмоқда.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

30 Mar 2021

       Кўксарой қароргоҳида Венгрия бош вазири Виктор Орбан ташрифи муносабати билан қабул маросимлари бўлиб ўтмоқда. Давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашувидан сўнг тадбир кенгайтирилган форматда давом этяпти. 

       Kun.uz мухбири хабарига кўра, унда илк сўзни олган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда икки томонлама муносабатларда юзага келган ҳолатни юқори баҳолади.

“Венгрия ҳам, Ўзбекистон ҳам ўтган асрнинг 80-йилларига қадар социалистик тузумда яшаган. Венгриянинг тарихан қисқа муддат ичида демократия ва бозор тамойилларига асосан ривожлангани таҳсинга лойиқ. 

Сўнгги йилларда ўзаро савдо айрибошлаш ҳажми уч баробар ошди. Мақсадимиз - мамлакатларимиз ўртасида савдо мувозанатини тиклаш, ўзаро савдо ҳажмини ҳозирги кўрсаткичлардан икки-уч баробарга ошириш. Венгрияга тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш, ўз навбатида, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишга тайёрмиз. Будапешт шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилиши бу борада дадил қадам бўлади. 

Қишлоқ хўжалиги ҳамкорлигимизнинг истиқболли йўналиши ҳисобланади. Бу йўлда Юқори Чирчиқ туманида картошка уруғчилиги етиштириш лойиҳаси билан бевосита танишамиз. Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича тегишли келишувларни имзолаймиз. Жиззах ва Самарқанд ҳудудида Венгрия тажрибасини қўллаш учун малакали экспертларни олиб келганингизни олқишлаймиз. 

Шунингдек, гуманитар ва таълим соҳасида ҳамкорликни кучайтирамиз. Жорий йилда Венгрия ОТМларида ўзбекистонлик талабалар учун юздан ортиқ ўринлар грант асосида ажратилгани учун ташаккур айтаман. Бугун Ўзбекистонда Дебрецен университети очилишига оид ҳужжатларни имзолаймиз.

Шу билан бирга, футболни ривожлантиришда Венгрия билан кенг ҳамкорлик қиламиз”, – деди президент.

          Шундан сўнг, Венгрия бош вазири Виктор Орбан сўз олди:

“Меҳмондўстликдан миннатдорман. Биз бу ерга катта умидлар билан келдик. Албатта пул, иқтисодиёт муҳим. Лекин биз учун Ўзбекистондаги маданият янада аҳамиятли.

Биз Европада жуда қизиқ ҳолатдамиз. Ўзига хос орол мақомидамиз, дўстлар ҳам, бегоналар ҳам йўқ. Чунки биз ўзига хос тарихга эгамиз. Масофаларга, биз христианлар, сизлар мусулмон бўлганингизга қарамай, биз сизларни дўст ҳисоблаймиз.

Бизнинг ортимизда оғир 30 йил ўтди. Охирги 32 йилда мен 16 йил давлат раҳбари сифатида, 16 йил давлат раҳбарига мухолиф сифатида яшадим. Бизда ўтиш даврининг тажрибаси бор. Биз ҳам хусусийлаштириш, бозор муносабатларига ўтиш мураккабликларини бошдан кечирганмиз. 

Венгрия бугун ривожланган давлат сифатида ўз тажрибалари, билими билан ўртоқлашишга тайёр. Барча муҳим мавзулар ҳақида сиз сўзлаб ўтдингиз. Биз бугун стратегик ҳамкорлик ҳақида ҳужжатлар имзолаймиз. 

Сизлар банк ислоҳотларингизга Венгриянинг барча йирик банкларини жалб қилмоқчисиз. Шунингдек, атом соҳасида Венгрия тажрибаси билан ўртоқлашишимиз мумкин.

Университетларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, ҳар йили юздан ортиқ талабаларга таълим бериш бизни мамнун қилади”, деди Венгрия бош вазири.

           Шавкат Мирзиёев Виктор Орбаннинг бу сўзларига жавобан шундай деди:

“Сиз Европадаги ўзига хос оролмиз, дўстларимиз ҳам, бегоналар ҳам йўқ, дедингиз. Айтиш мумкинки, энди Ўзбекистон Венгриянинг яқин дўсти”, – президентнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

30 Mar 2021

  Учқудуқ туманида 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг боғчага қамровини ошириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларининг турли шакллари фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, оилавий уй-боғча очиш қулайлиги, хонадон аъзосининг иш билан таъминланиши ва бошқа имтиёзлари билан ҳам ҳар жиҳатдан фойдали. 

  Эътиборли жиҳати, ҳозирда  туманда  26 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 11 таси уй боғчалари ҳисобланади.

  Бугун яна бир ана шундай уй-боғча “Абай” маҳалласида фойдаланишга берилди. “Олтин калитча” деб номланган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 16 нафар кичкинтойни ўз бағрига олди.

  Муассасанинг очилиш маросимида Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев,  Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раис ўринбосари Н.Исоқовлар иштирок этиб, ҳурматли  Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, айниқса, чекка қишлоқ, овул ва туманларига бераётган эътибори, соҳани ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.

  Янги муассасада болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. Муассасада инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолият олиб боради.

  -Оилавий боғчаларнинг қулайлиги кўп, - дейди биз билан суҳбатда “Олтин қалитча” ОНММТ услубчиси Шаҳло Отаева. - Биринчидан, хонадонингизнинг бўш турган жойидан унумли фойдаланасиз, маҳалладошларингизнинг фарзандларига таълим-тарбия берасиз, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритасиз. Шунингдек, ота-оналар билан келишган ҳолда турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиб, қўшимча даромад ҳам олишингиз мумкин. Фақатгина бу соҳада етарли билим ва кўникмага эга бўлиб, баркамол авлод тарбиялашдаги масъулиятни ҳис қилсангиз, кифоя.

  Маълумот ўрнида Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3756 нафарни ташкил қилади. Уларнинг  3535 нафари ёки бўлмаса  94 фоизи  давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 12 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 10 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 98 фоизга етказилади.

Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.

30 Mar 2021

   Ҳам касбий таълимда ўқиб, ҳам ўз йўналишига мос ишда ишлаш – дуал таълим демакдир. Ҳукумат қарорига кўра, дуал таълимда ўқувчилар бир ҳафтада камида икки кун таълим олади, қолган кунлар ишлайди; ишлаган кунлари учун ҳақ олади.

   Вазирлар Маҳкамасининг «Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан профессионал таълим тизимида дуал таълим ташкил этилади.

   Дуал таълимни ташкил этиш учун ҳокимликлар ва манфаатдор вазирликлар томонидан ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёж аниқланади ва таклиф тайёрланади.

   Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳар йили 1 июлгача дуал таълим бўйича кадрлар тайёрланадиган таълим муассасаларини белгилайди.

   Танланган таълим муассасалари белгиланган квоталар бўйича ўқувчиларни қабул қилади.

   Таълим муассасалари кадрларга эҳтиёжи бўлган ташкилотлар билан шартнома тузади. Шартнома ташкилот ва ўқувчи ўртасида ҳам тузилади. Бунда ўқувчи учун ташкилотда муайян иш ўрни ажратилади.

   Ўқувчилар бир ҳафтада камида икки кун таълим олади, қолган кунлар ишлайди. Ўқувчига ишлаган кунлари учун ҳақ тўланади.

    Маълумот учун, дуал таълим таълимни ўз йўналишига мос ташкилотда меҳнат қилиш билан бирга олиб борувчи тизим ҳисобланади.

    Ўзбекистонда ўрта махсус босқичда дуал таълим шакли жорий этилиши президентнинг 2020 йил ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилганди.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: