Hokimiyat matbuot xizmati
Туман юридик ва жисмоний шахсларга тегишли автомототранспорт воситалари
ва уларнинг тиркамаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳамасининг 2003 йил 31-январдаги “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 54-сонли қарори билан тасдиқланган “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 йил 1-2-сон, 17-модда) ҳамда 2017 йил 22-декабрдаги 1010-сонли (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.12.2017 й., 09/17/1010/0461-сон;
16.02.2019 й., 09/19/136/2623-сон) қарорнинг тегишли бандларига мувофиқ транспорт воситаларини 2021 йилги мажбурий техник кўригини ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига, (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси 1993 йил 9-сонли 320-моддага) ҳамда туман адлия бўлимининг 25.02.2020 йилдаги 1-16-5/85-сонли хулосасига асосан,
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
- Учқудуқ тумани ҳудудида жойлашган барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари мажбурий мавсумий техник кўрикдан ўтказилсин.
- Транспорт воситаларининг мажбурий техник кўриги (кейинги ўринларда матнда” техник кўрик” деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари (кейинги ўринларда матнда “ДЙҲХХ” деб юритилади) томонидан Низомга мувофиқ ўтказилади.
Транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналарининг мувофиқлигини баҳолаш учун ДЙҲХХ органлари томонидан
ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъий назар, вазирликлар
ва идораларнинг, бошқа ташкилотларнинг, шунингдек, хусусий техник хизмат кўрсатиш станциялари (кейинги ўринда “ТХС” деб аталади) шартнома асосида жалб этилиши мумкин.
Жисмоний шахсларга тегишли М1 тоифадаги транспорт воситаларининг техник регламентлар ёки стандартлар талабларига, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари, нормаларига мувофиқлиги тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар (кейинги ўринларда Субъектлар деб аталади) томонидан ҳам баҳоланиши мумкин.
Бунда жисмоний шахслар - М1 тоифадаги транспорт воситалари эгалари ўз транспорт воситасининг техник ҳолати ва ускуналари мувофиқлигини баҳолаш учун ўз танловига кўра, ДЙҲХХ органлари, ТХС ёки Субъектларга мурожаат қилишлари мумкин.
- Техник кўрикдан ўтказиш бўйича, Учқудуқ туман комиссиясининг таркиби 1-иловага мувофиқ, Навоий вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 1-сонли туманлараро рўхатга олиш ва имтиҳон олиш бўлимида Учқудуқ тумани бўйича рўйхатда турган транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларига эга автокорхона, ташкилот, хусусий корхоналар ҳамда муасасаларнинг 2021 йилдаги техник кўригини ўтказиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
- Тумандаги барча транспорт воситалари ва уларнинг тиркамалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда, ўз вақтида режали жадвал асосида техник кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.
- Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:
а) Тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўриндиқлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари) одамларни мунтазам ташиши учун жиҳозланган, юк автомобиллари йирик гобаритли ва оғир вазнли ҳамда хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар - бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг
“а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек, ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси-шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.
д) навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъий назар, уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида;
е) улар ишлаб чиқарилган йилдан қатъий назар, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган (қайта рўйхатдан ўтказилган) кундан бошлаб бир йил ўтгач (мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно).
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
31 январдаги “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 54-сонли қарорининг
3-бандида, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ички ва соқчилик қўшинлари, Миллий хавфсизлик хизматининг (Давлат хавфсизлик хизмати) ҳарбий бўлинмаларининг транспорт воситалари, кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши белгиланганлиги инобатга олинсин. - Мазкур қарорнинг 3-банди “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта жорий йилнинг 1 мартидан, 30 июнгача ўтказилади;
иккинчи марта жорий йилнинг 1 сентябрдан, 30 октябргача ўтказилади;
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан, 30 июнгача ўтказилади.
Жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари
ва уларнинг тиркамаларининг техник кўриги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомига мувофиқ 1 январдан 31 авустга қадар ўтказилиши белгиланганлиги инобатга олинсин.
- Транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларининг техник кўрикдан ўтказилганлиги учун жарималар ундирилишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 31 январдаги “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 54-сонли қарори билан тасдиқланган низомда белгиланган тартибларга қатъий риоя қилинсин.
- Транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини техник кўрикдан ўтказиш, туман комиссияси раҳбарига:
транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ҳамда қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш:
транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларининг техник ҳолати
ва ускуналари, шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари ҳамда нормаларига мувофиқлигини баҳолаш юклатилсин.
- Туман ҳудудидаги барча юридик шахсларга тегишли бўлган автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини мавсумий техник кўрикдан ўтиш ҳайдовчиларни малакасини оширганлиги тўғрисидаги сертификат ва транспорт воситаларини видеокузатув мосламалари (видеорегистратор) билан тўлиқ жиҳозланганидан сўнг амалга оширилсин.
- Учқудуқ тумани ИИБ ЙҲХГ ДЙҲХ ходимлари мазкур қарорнинг ижроси таъминланганлиги тўғрисида 2021 йилнинг 30 ноябрь кунига қадар Учқудуқ туман ҳокимлигига ёзма равишда ахборот тақдим этиш топширилсин.
- Туман ҳокимлиги Ахборот хизмат раҳбари - матбуот котиби (Р.Қодирова) ушбу қарорни оммавий ахборот воситаларига кенг ёритилишини ҳамда Учқудуқ туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилишини таъминласин.
- Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Учқудуқ туман хоқимининг ўринбосари О.Рамазонов, ижросини ташкил этиш Учқудуқ туман ИИБ бошлиғи А.Райхонов зиммасига юклатилсин.
С.Хамроев, туман ҳокими
2021 йил 26 февраль 41-сон Учқудуқ шаҳри.
Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил қилингани мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш, бизнес вакилларининг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, аҳолининг тадбиркорликка иштиёқини янада рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Буни биргина Учқудуқ тумани Бош вазир қабулхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жорий йилнинг январь – февраль ойларида мазкур қабулхонага тадбиркорлардан 41 та мурожаат тушган. Уларнинг 35 таси ёки 85,4 фоизи ижобий ҳал қилинди, 6 тасига ёки 14,6 фоизига тушунтириш берилган. Мурожаатлар Бош вазир қабулхонасининг “business.gov.uz” порталига киритилган ҳамда масъул корхона ва ташкилотларга юборилган.
Мурожаатлар асосан, ер ажратиш, кадастр ва қурилиш, сув таъминоти, кредит, солиқ масалаларига тааллуқли бўлиб, аксарият қисмининг ижобий ҳал этилиши натижасида тадбиркорларнинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалишига эришилди.
Мисол учун, якка тадбиркор Зулхумор Бозарова бозор ҳудудида янгидан қурилган савдо дўконига 7 йилдан буён кадастр ҳужжатлари ололмай сарсон бўлиб келган. Бобур Раззоқовнинг ҳам сартарошхонасини сувга уланиш бўйича қилган мурожаатини ширкат хўжалиги беэътибор қолдиргани учун Бош вазир қабулхонасига мурожаат қилган.
Қабулхона вакиллари ушбу мурожаатларни жиддий назоратга олиб, тадбиркорларнинг муаммолари қиқса муддатларда ҳал этилишига эришилди.
Ҳозирда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоялаш, яратилган имкониятлардан эмин-эркин фойдаланиши йўлидаги сансалорликларни бартараф этиш, уларга кўрсатилаётган давлат хизматлари сифати ва самарасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда-ки, бу хусусий секторнинг ўсишида муҳим омил бўлмоқда.
Иномжон ҲАЙДАРОВ,
Бош вазир қабулхонаси Учқудуқ туман бўлими мудири.
Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунинг асосий сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзодни доимо эзгуликка чорлаши билан беқиёс аҳамиятга эга.
Бир неча диний экстремистик оқим ва йўналишлар фаолияти тобора кескинлашиб бораётган бир даврда муқаддас ислом динимизга ва миллий маънавиятимиз ҳамда қадриятларимизга рахна солишга уринаётган ноисломий йўналишлардан бири бу миссионерлик йўналишидир.
Миссионерлик бу - бирор динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш тушунилади.
Ҳозирги кунда миссионерлар ўзларининг вақтинчалик яхши муомилалари ва ўзларининг ғаразли мақсадлари яширинган услублари билан айрим кишиларни йўлдан адаштирмоқдалар. Миссионерлик фаолиятини олиб бораётганлар одамларга бепул дори-дармон бериш, бепул хайрия ёрдамларини кўрсатиш, бепул миссионерлик адабиётини тарқатиш каби услубларидан фойдаланишади.
Миссионерлик 19 асрда фаоллашди, айниқса, насроний миссионерлари Африкада фаолиятларини кучайтирдилар ва ўз мамлакатларининг сиёсатини ўтказишга ёрдам бердилар. Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни 5-моддасига кўра, Ўзбекистонда миссионерлик фаолияти маън этилган.
Мамлакатимиз аҳолисининг 90% дан ортиқроғи Ислом динига эътиқод қилади. Ислом дини шариатига кўра ҳам ўз динидан бошқа динга ўтиб кетиш қораланади. Миссионерлик миллий ва диний қадриятимизга путур етказадиган, халқимиз бирлигини бузадиган ҳаракатлардан ҳисобланади.
Миссионерлик ва унинг оқибатлари ҳақида оиламизда фарзандларимизга, маҳалладошларимизга кўпроқ тушунтиришимиз лозим бўлади. Шундай қилсак, миссионерликнинг салбий оқибатларини бир қадар олдини олишга ҳаракат қилган бўламиз.
Абдижалол ТУРДИЕВ,
“Қизилқум” жомеъ-масжиди имом-хатиби.
«2021 йил учун давлат дастури лойиҳасида ва дастурни амалга ошириш бўйича президент фармони лойиҳасида пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида янгиликлар киритиш режалаштирилган.
Унга кўра, 2021 йил 1 июндан бошлаб, пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади.
Бундан ташқари, уч йилдан ортиқ давр учун тайинланган ёки қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ва улар бўйича ортиқча тўловини ундириш бекор қилинади.
Ишловчилар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.
Пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади.
Пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банкларида пластик карталарни очиш жараёнида ёки банк мобил иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади.
2021 ЙИЛ 1 ЯНВАРЬ ҲОЛАТИДА ПЕНСИЯ ВА НАФАҚА ОЛУВЧИЛАР СОНИ МАЪЛУМ ҚИЛИНДИ
Республика пенсия жамғармасининг маълум қилишича, 400 мингдан ортиқ нафақа олувчилар кесимида ёшга доир нафақа 37,2 минг шахсга, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандли оналарнинг 5,2 минг нафарига, иш стажи бўлмаган 1-2 гуруҳ имконияти чекланган 117 минг бола ҳамда 16 ёшдан катта 1-2 гуруҳ болаликдан ногиронлиги бўлган 167 минг шахсга нафақа тўланмоқда.
2020 йил давомида 333 минг 450 нафар фуқароларга янги пенсия ва нафақалар тайинланган.
УЧҚУДУҚ ТУМАНИДА ПЕНСИЯ ВА НАФАҚА ОЛУВЧИЛАР СОНИ
Жорий йил 1 январь ҳолатида туманда жами пенсия ва нафақа олувчилар сони 3701 нафарни, шундан ёшга доир пенсия 2855 нафарни, ногиронлик пенсияси 407 шахсни, боқувчисини йўқотганлик пенсияси 190 нафарни, 16 ёшгача болаликдан ногиронлар 110 нафарни, 16 ёшдан катта болаликдан ногиронлар сони 101 нафарни ва зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ижтимоий нафақа олувчилар сони 38 нафарни ташкил этмоқда.
2020 йил давомида 411 нафар фуқародан пенсия ва нафақа тайинлаш учун ариза қабул қилинган бўлиб, шундан ёшга доир пенсияга 295 нафар, ногиронлик пенсиясига 43 нафар, боқувчисини йўқотганлик пенсиясига 32 нафар, 16 ёшгача болаликдан ногиронлик нафақаси 12 нафар, 16 ёшдан катта болаликдан ногиронлик нафақаси 11 нафар ва зарур иш стажи бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ижтимоий нафақа олувчилар 12 нафарни ташкил этади.
Ҳисобот даврида 45 нафар фуқарога қўшимча тақдим этилган ҳужжатлар асосида қайта ҳисоблаш ишлари олиб борилган.
2020 йил давомида пенсия ва нафақа олувчи учқудуқлик фуқароларга 66 млрд. 921 млн. сўм маблағ тўлаб берилган.
Рақамлардан кўриниб турибдики, юртимизда кекса авлод вакиллари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари давлатимиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлмоқдалар.
Отабек ХОЛМУРОДОВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Учқудуқ туман бўлими бошлиғи.
Куни кеча Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводида ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Учрашувда 3-гидрометаллургия заводи директори Шуҳрат Нарбадалов сўзга чиқиб, ёшларимизга ҳурматли Президентимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик, уларнинг ўз қобилият ва салоҳиятини намоён қилишлари учун яратилган шароит ва имкониятлар хусусида тўхталиб ўтди.
“Раҳбар ва ёшлар” учрашувида завод ёшларининг муаммолари, таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Жумладан, флотация цехи ходими М.Амонов махсус йўналиш бўйича техникумни тамомлаган ишчиларга танлов асосида ОТМ ларга қўшимча тавсиянома бериш, олтинни сақлаш бўлими ишчиси Ф.Жасуров туман маркази чекка ҳудудларида дарахтларни суғориш учун техник сув қувурлари тармоғини тортиш юзасидан ўз таклифларини илгари сурди.
Учрашувда: “Қилинган меҳнат, чеккан машаққатнинг тагида албатта роҳати ҳам бўлади, ўқинг, изланинг, кўпроқ ўз устингизда ишланг, шунда раҳбарлик Сизни ўзи “излаб топади”, - дея таъкидлади 3-гидрометаллургия заводи директори Шуҳрат Нарбадалов.
Албатта, кўтаринки руҳда ўтказилган бу каби учрашувлар ёш кадрларга куч ва ғайрат, ўз ишига шижоат ва фидоийлик бағишласа ажаб эмас.
Дилрабо АБДУЛЛАЕВА,
З-ГМЗ маънавий-маърифий ишлар бўйича нозири.
Феруз Жасуров,
3-ГМЗ ёшлар етакчиси.
Ўзбекистонда топилган тош қолдиқларида авваллари фанга маълум бўлмаган динозавр тури аниқланди. Dzharatitanis kingi номини олган ушбу динозаврнинг узунлиги салкам 20 метрни ташкил этган ва у диплодок — сайёрада яшаган энг катта жонзотнинг қариндоши ҳисобланади, деб ёзади Daily Mail.
Ушбу динозаврлар Осиё қитъасининг энг ғарбий қисмида жойлашган қирғоқ текислигида бундан 100 миллион йил олдин, Ер қитъаларга ҳали ажралмаган пайтда яшаган. Унинг хивичсимон думи ва узун бўйни сабаб баланд дарахтлардан бемалол озуқа қидира олган.
Динозаврга тегишли бўлган дум суяги Қизилқум чўлидаги «динозаврлар қабристони» деб аталувчи макондан халқаро археологлар жамоаси томонидан қазиб олинган. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, бу ердан умуртқали ҳайвонларнинг «асосан парчаланган, аммо кўпинча ажойиб ҳолатда сақланиб қолган скелет қолдиқлари» топилган.
Dzharatitanis kingi кичикроқ бош ва ўткир тишларга эга бўлган. Бу унга дарахтларнинг шохларини кесиб олиш имконини берган. Унинг массив каркаси тўртта устунсимон таянчда жойлашган. У бундан 145,5 миллион йил олдин бошланиб, 65,5 миллион йил олдин тугаган Бўр даврида яшаган.
Топилма нафақат янги тур, балки реббахизавридлар оиласидаги янги туркум мавжудлигини билдиради. Реббахизавридлар — Ер юзида ҳозирга қадар яшаган энг йирик жонзотлар ҳисобланади. Реббахизавридларнинг барча қолдиқлари Жанубий Американинг жанубий қисмидан шимоли-шарқий қисмига қадар ва Африканинг шимоли-ғарбидан Европагача бўлган ингичка қисмидан топилган, бироқ Осиёда унга ҳеч қачон дуч келинмаган.
Халқимиз: “Обрў мисқоллаб йиғилади, ҳовучлаб совурилади” дейди. Абуҳамид Ашуров (исми-шарифи ўзгартирилган) Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси Учқудуқ туман бўлимида техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори лавозимига етгунига қадар анча меҳнат ва машаққат чекишига тўғри келган. Унга ишониб, масъулиятли лавозим топширишди. А.Ашуров эса бу ишончни поймол қилди.
Судланувчи Абуҳамид Ашуров Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси Учқудуқ туман бўлимида техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори вазифасида ишлаб, ўзининг хизмат мавқеидан фойдаланиб, М. Аҳадовга (исми - шарифи ўзгартирилган) ўқимасдан туриб тракторчи-машинист гувоҳномасини расмийлаштириб бериши мумкинлигига ишонтиради. Ҳужжатни бериш якка ўзининг ваколатига кирадиган шахс сифатида ёлғон тасаввур уйғотиб, фириб тўрини “тўқийди”.
Ҳа, бу тоифадаги кишилар одамларни ишонтиришнинг уддасидан чиқишади. Фириб тўрини шу қадар усталик билан тўқишадики, тушган одам жойида ўралашиб қолади.
М. Аҳадов эса фириб тўрига “илинган”лардан бири бўлиб қолишни истамайди. Инспекторнинг ушбу ҳаракатларини ноқонуний билиб, бу ҳақда Департаментнинг Учқудуқ туман бўлимига мурожаат қилади.
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси Учқудуқ туман бўлимида техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш шўъбаси катта инспектори Абуҳамид Ашуров ўз хизмат хонасида фуқаро М. Аҳадов номига расмийлаштирилган сохта ТМО № 100935 серия рақамли тракторчи-машинист гувоҳномасини 800 000 сўм эвазига “пуллаётган” вақтида ашёвий далиллар билан Департаментнинг Учқудуқ туман бўлими ҳамда туман ИИБ ходимлари томонидан ушланган.
Нафақа ёшига яқинлашиб қолган Абуҳамид Ашуров биргина ўйламай босган қадами боис, бир умр ишлаб мисқоллаб йиққан обрўсидан айрилди. Эл ичида юзи “шувут” бўлди.
Демак, бундан кўринадики, ҳаётда ўйламай босилган қадам ҳеч қачон изсиз кетмайди, аксинча, нохуш оқибатларни келтириб чиқаради.
Буни ҳамиша ёдда тутиш лозим.
Санжар ЯҲЁЕВ,
департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси катта инспектори, адлия кичик маслаҳатчиси,
Ориф АЛЛАНАЗАРОВ,
департаментнинг Учқудуқ туман бўлими инспектори, 3-даражали юрист.
Ўзбекистон қонунчилигида 2021 йил 1 мартдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради -- баландлиги икки қаватдан ортиқ бўлган уйларни экспертизасиз қуришни тақиқлаш, аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдори, алимент ундиришнинг янги тизими, Ўзбекистон фуқароларига ҳам солина бошлайдиган туристик йиғим ва бошқалар шулар жумласидандир. «Gazeta.uz» баҳорнинг биринчи кунидан кучга киражак асосий расмий ўзгаришларни бир саҳифага жамлади.
Икки қаватдан юқори бўлган уйларни экспертизасиз қуриш тақиқланади
2021 йил 1 мартдан бошлаб икки қаватдан юқори («сокол»ни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни, шу жумладан, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилишда объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган бўлиши керак. Шу билан бирга, бошқа қатор тақиқлар ҳам кучга киради.
Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари
2021 йил 1 мартдан Ўзбекистонда аҳолининг минимал истеъмол харажатлари эълон қилиниши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айтиб ўтган.
Декабрь охирларида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Камбағалликни қисқартириш сиёсатини юритиш департаменти директори Илҳом Маматқулов Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи расман камбағал ҳисобланиши ва камбағалликни белгилаш мезонлари нималардан иборатлиги тўғрисида маълумот берган эди.
Февраль бошида эса Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ўзбекистонда истеъмол савати миқдорини ҳисоблаб, эълон қилди. Ўрганишларга кўра, истеъмол саватининг миқдори тахминан бир киши учун 2,157 миллион сўмни ташкил этади. Бироқ бу ҳисоб-китобларнинг механизми ва асосли эканлиги соҳа мутахассислари томонидан танқид остига олинди.
Тадбиркорлар кўчаларга қоидабузарликларни аниқловчи камера ва радарларни ўрнатиши мумкин бўлади
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 мартдан бошлаб, тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий техник воситалар ўрнатиш ҳуқуқи берилмоқда.
Яна бир қатор давлатлар фуқароларига Ўзбекистонга визасиз киришга рухсат берилади
1 мартдан бошлаб Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Уммон ва Хитой (жумладан, унинг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари) фуқароларига Ўзбекистонга кириш учун 10 кунлик визасиз режим жорий этилади.
Мажбурий маркировка
1 мартдан бошлаб маркировка қилинмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланади.
Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли бўлган туристик йиғим
2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида улар яшаган ҳар бир кун учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади.
Қатор давлатлар билан авиақатновларга қўйилган чеклов муддати тугайди
Коронавирус пандемияси сабабли Ўзбекистон томонидан Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ҳамда Жанубий Африка Республикаси билан халқаро авиарейсларга (кириш, чиқиш ва транзит) жорий этилган чекловлар 1 март куни тугайди.
Чекловга тушган давлатлар рўйхатида Германия ҳам бор эди, аммо 11 февралда ушбу мамлакат билан авиақатновлар қайта тикланган.
Маҳалла фаоллари рағбатлантирилади
2021 йил 1 мартдан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларга (уйбоши ва кўчабошиларга) коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича БҲМнинг 50 фоизи (122,5 минг сўм) миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловлари тўланади.
Туризмни ривожлантириш
2021 йил 1 мартдан 2022 йил 1 июнга қадар ички туризмни оммалаштириш йўлида Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар харажатларининг бир қисмини қоплаш механизми жорий этилмоқда:
- авиаташувлар — ички туризм йўналиши бўйлаб авиақатновларнинг авиачипталари нархининг 25 фоизи миқдорида;
- туроператор ва турагентлар — Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун уюштириладиган экскурсиялар учун авиация ва темир йўл чипталари нархининг 15 фоизи миқдорида, шунингдек, турар жой (меҳмонхона хизматлари) хизматлари нархининг 10 фоизи миқдорида. Шу билан бирга, ушбу харажатларнинг бир қисмини қоплаш, саёҳат амалга оширилган ҳудудларда жойлашган турар-жой биноларида камида бир кеча қолиш шарти билан таъминланади.
Алиментларни ундиришнинг янги тизими
2021 йил 1 мартдан бошлаб ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш қарздорлар томонидан Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи билан интеграция қилинади. Бунда Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи (алимент олувчи) номига тегишли банк картаси расмийлаштирилади ҳамда алимент пуллари, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент пуллари ушбу алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи орқали мазкур банк картасига ўтказилади.
Тошкентда чиқиндиларни саралаб йиғиш тажрибаси
Тошкентда 2021 йилдан чиқиндиларни саралаб йиғиш бошланади. Янги тизим 2021 йилдан Тошкентнинг ҳар бир туманидаги иккита маҳаллада — жами 24 та маҳаллада жорий этилади. Саралаган ҳолда чиқиндиларни йиғишни рағбатлантириш учун оилаларга қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўлов тарифи пасайтирилади.
Онлайн кассалар ва онлайн НКМларда ўзгариш
Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартдан онлайн кассалардан фойдаланиш тартибига ўзгартириш киритилади.
Вилоятлардаги ўқитувчиларга устамалар
Бошқа вилоятлардаги таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун жалб этилган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи ва педагогларнинг базавий тариф ставкасига махсус устама жорий этилмоқда.
Чақириб олинган инкассо топшириқларининг муддати тугайди
17 февраль эрталаб соат 10:00 дан олдин «бир кунлик» (ёки бошқача номи -- «обнал»чи) фирмалар билан шубҳали операцияларни амалга оширганлик хавфи нисбатан кам бўлган 2 960 тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларига жойлаштирилган инкассо топшириқлари 2021 йил 1 мартгача вақтинчалик бекор қилинган.
Яна нима?
Президент март охирига қадар 12 объектни, жумадан, Тошкент вилоятидаги «Белдерсой» ва «Чорвоқ» дам олиш масканлари, «Пойтахт» бизнес-маркази ва «Малика» техн-бозорини сотишни таъминлаш бўйича топшириқ берган.
Тошкентда мажбурий техник кўрик бошланади. Юридик шахсларга тегишли автомобиллар 1 мартдан 30 июнга қадар, жисмоний шахслар 1 январдан 31 мартга қадар ўтади. Йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи транспорт компаниялари кўрикдан икки марта (1 мартдан 30 июнгача ва 1 сентябрдан 31 октябргача) ўтади.
O‘zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2011 yil 8 iyuldagi “Qarovsiz qolgan hayvonlarni tutish va saqlash bilan bog‘liq xizmatlar faoliyatini takomilashtirish chora-tadbirlari to‘g‘risida”gi 202-sonli qaroriga asosan quturish kasalligiga qarshi kurashish choralarini yanada kuchaytirish, kasallik belgilari va uning oldini olish chora-tadbirlari bo‘yicha aholi xabardorligini oshirish va keng targ‘ibot ishlarini olib borish maqsadida, joriy yilning 1-fevralidan 31-martiga qadar tumanimizda ham “Quturish kasalligiga qarshi kurashish oyligi” e’lon qilingan.
Bugungi kunda dunyoning qator mamlakatlarida inson va hayvonlar uchun xavfli bo‘lgan quturish kasalligi bo‘yicha murakkab epizootik va epidemik vaziyat saqlanib qolmoqda.
Quturish kasalligi insoniyatga qadimdan ma’lum bo‘lgan, barcha issiqqonli hayvonlar va odamlarda uchraydigan asab-tizimining og‘ir shikastlanishi bilan kechadigan hamda o‘lim bilan yakun topadigan o‘ta xavfli yuqumli virusli kasallikdir.
“Quturish kasalligiga qarshi kurashish oyligi” doirasida Uchquduq tuman Sanitariya epidemiologik osоyishtalik va jamoat salomatligi bo‘limi, tumanda Quturish kasalligini oldini olish maqsadida xonadonlarda saqlanayotgan it, mushuk va boshqa chorva mollarini har yili veterinariya ko‘rigidan va ro‘yxatdan o‘tkazib, ularni yuqumli kasalliklarga tekshirtirish, yuqumli kasalliklarga qarshi emlatish zarurligi hamda uy hayvonlari va MSHM (mayda shohli mollar), YSHM (yirik shohli mollar mayda shohli mollar) kasal bo‘lsa, veterinariya vrachini chaqirtirishi va bu boradagi barcha ishlarni uning nazorati ostida o‘tkazilishi borasida targ’ibot tadbirlari va tushuntirish ishlarini olib bormoqda. Quyida keltirilgan ma’lumotlar, qutirish kasalligi haqida tushunchaga ega bo’lib ehtiyot choralari ko’rish uchun namuna bo’la oladi.
Qutirish kasalligi
Qutirish-kasalligi o‘tkir yuqumli tipik zoonos kasalligidir. Qutirish hayvonlardan yuqish yo‘li: qutirgan hayvon odamni tishlash natijasida yuqadi.
Bizning sharoitda uning tabiiy manbaalari qarovsiz qolgan uy hayvonlari, sichqonlar hisoblanadi. Kasallik hayvonning so‘lagi orqali yuqadi.
Qutirish kasali ko‘p holatda itlardan yuqadi. Odamlar o‘rtasida qayd etilayotgan qutirishning dastlabki ko‘rinishlari bilan bog‘liq xolatlarning o‘rtacha 20 foizi daydi itlarga, 80 foizi esa egali itlarga to‘g‘ri keladi. Bu it bilan muomalada ehtiyotkorlik zarurligini ko‘rsatadi.
Kasallikning inkubatsion yoki yashirin davri (14-15 kun), tugagach, kasallikka chalingan it jarohatdan qolgan chandiqni chaynaydi, chunki u erda og‘riq paydo bo‘ladi. It juda bezovtalanib, har tomonga yuguradi, egasi chaqirganda e’tibor bermaydi. Qorong‘u burchaklarga yashirinadi, sababsiz vovullaydi, ishtahasi pasayadi, yutinish va nafas olishda qiynaladi. It suv shildirashi va shamoldan qo‘rqadi, uzoq masofaga yuguradi. Yo‘lida uchragan odam va hayvonlarni tishlaydi. Og‘zidan so‘lak ajralishi kuchayadi, hurishi bo‘g‘iq bo‘ladi, pastki jag‘i osiladi. Keyin dumi va orqa oyoqlari falajlanib, kasallikning 7-8 kunida o‘limi kuzatiladi.
Kasallangan uy hayvonlari - it va mushuklar atrofdagi odamlar uchun katta xavf tug‘diradi. Qutirish virusi bilan zararlangan hayvon so‘lagida kasallik boshlanishidan 10 kun oldin qutirish viruslari ajrala boshlaydi. SHuning uchun ham har qanday tishlagan hayvon 10 kun davomida veterinar kuzatuvida bo‘lishi shart. SHu davr ichida agar hayvonda qutirishning biror belgisi paydo bo‘lmasa, it tishlagan kishi uchun hech qanday xavf yo‘q. Agar shu o‘n kun davomida unda qutirish kasalligi belgilari yuzaga kelsa, demak odam hayoti ham xavf ostida qoladi.
Qutirish kasalligining yashirin davri odamlardan 7 kundan 1 yilgacha, ko‘pincha 20-60 kun bo‘ladi. YAshirin davrning davomiyligi, jarohatning hajmi, qanday hayvon tishlaganligi, shuningdek, jarohat o‘rni qay darajada tozalab yuvilganligiga bog‘liq. Odamlarda qutirish kasalligining kechishi boshlang‘ich, spastik-qo‘zg‘alish, paralitik-falajlanish bosqichlarida bo‘ladi.
Kasallikning boshlanish holatida tishlangan jarohat chandig‘i sohasida uvishish, chumoli yurgandek qitiqlanish, tishlangan qo‘l yoki oyoqni sovuqdek sezish holatlari kuzatiladi. Bemor uyqusida bezovta bo‘ladi, kayfiyati tushadi, ishtahasi bo‘g‘ilib, og‘izi quriydi, ko‘ngli ayniydi, qusadi. Kasallikning 2-3 kunida ikkinchi bosqich boshlanadi. Havo etishmasligi, yutinishning qiyinlashishi, kuchli og‘riq sezish kuzatiladi. Tana harorati 39-40 darajaga ko‘tarilib, oyoqlar falajlanib, oxir-oqibat bemor vafot etadi. Kasallik 5-9 kun davom etadi.
Qutirish kasalligini davolab bo‘lmaydi, faqat emlash yo‘li bilan qutirgan it tishlagan kishining hayotini saqlab qolish mumkin. 1885 yilda fransuz olimi Lui Paster birinchi bo‘lib vaksina orqali emlash yo‘li bilan organizmda qutirishga qarshi immunitet paydo qilib, kasallikning oldini olishga yo‘l ochgan.
Hayvonlar tishlashidan jabrlanganlarni qutirish kasalligiga chalinishini oldini olishning birdan-bir yo‘li - maxsus vaksina bilan to‘liq va o‘z vaqtida emlash kursini qabul qilish hisoblanadi.
Birinchi tibbiy yordam ko‘rsatishda jarohat toza suv bilan sovun yordamida yuvilsa, viruslar neytrallanadi va yo‘qoladi. Bunday yuvish 3 kun davom ettiriladi. Jarohat atrofiga yod surkab, steril antiseptik bog‘lam qo‘yiladi. Uch kungacha tishlangan jarohat atrofini kesish va tikish mumkin emas.
Qutirishga qarshi emlash kursini olish paytida shifokorlarning barcha ko‘rsatma va maslahatlariga qat’iy rioya etilishi shart. Qutirish kasalligining oldini olish uchun birinchi navbatda daydi, egasiz it va mushuklarni yo‘qotishi, uy hayvonlarini qutirishga qarshi emlashni to‘liq amalga oshirish lozim.
Uy hayvonlarini, ayniqsa, it va mushuklarni boqishda ma’lum me’yorlarga qat’iy amal qilish, daydi, qarovsiz it va mushuklar bilan bolalarning o‘ynashiga yo‘l qo‘ymaslik zarur. Uyda saqlash uchun olingan it va mushuk bir hafta ichida hududiy veterinariya xizmati idoralarida hisobga qo‘yilib, ko‘rikdan o‘tkazilishi va qutirish kasalligiga qarshi emlatilishi shart. Itni ko‘chaga aslo chiqarib yubormang. CHunki daydi itlardan turli parazitar kasalliklar, shu jumladan, qutirish kasalligi yuqishi mumkin.
Itlar ko‘chada faqat zanjirga bog‘langan holda, tumshuq tasmasi bilan sayrga olib chiqilishi tavsiya etiladi. It egalari jabrlangan fuqarolarga yetkazilgan jismoniy, moddiy va ma’naviy hamda davlatga etkazilgan moddiy zararlarni qonun asosida to‘lashlari shart.
Республикада давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш тартиби йўлга қўйилади. Бу ҳақда «Kun.uz» маълум қилди.
Хабар қилинишича, давлат ташкилотлари ходимлари ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқитилади ҳамда ҳар уч йилда автоматлаштирилган тизим орқали даражалари баҳолаб борилади.
Адлия вазирлиги томонидан 2020 йилдаги ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирлари мониторинги натижаларига кўра, ИИВ, ФВВ ва Давлат солиқ қўмитаси намунали, «Ўзавиация» агентлиги, Давлат персоналлаштириш маркази ҳамда Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигининг бу борадаги ишлари қониқарсиз деб топилди. Мактабгача таълим ва Энергетика вазирликлари эса амалга оширган тарғибот тадбирлари ҳақидаги маълумотлар мониторинг учун Адлия вазирлигига тақдим этмаган.
Шунингдек, хабарда Адлия органлари томонидан 2020 йилда ҳаётий муҳим масалалар юзасидан ҳуқуқий қўлланма қайта таҳрир қилиниб, 20 000 нусхада тарқатилди. 2000 нусхада кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами тайёрланиб, тарқатилган.
Бундан ташқари, қонун ҳужжатлари мазмунини содда, халқчил тилда етказувчи замонавий ахборот-таҳлилий медиа материалларни тайёрлаб тарқатувчи «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази таркибида медиа марказ ташкил этилади.