LOTIN-КИРИЛЛ

ШАРАФ СИЗГА, ОЛҚИШ СИЗГА, УСТОЗЛАР!

       1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Учқудуқ туман ҳокими С.Ф.Хамроевнинг байрам табриги
Ассалому – алайкум азиз устоз ва мураббийлар!
       Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этаман.
Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз йўлчи юлдузидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.
Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган ҳикматли сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади.
Шунинг учун ҳам Сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини Сизнинг олдингизда умрбод қарздор деб биладиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг: “...Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир”, – деган сўзлари фикримизнинг яққол далилидир.
Биз шу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, Сизларнинг ёш авлодга билим беришдек мураккаб, аммо шарафли меҳнатингиз учун барчамиз самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз деб биламиз.
Қадрли устоз-мураббийлар!

        Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан илм-фан ва таълим-тарбия соҳаси давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама  қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилган.
Албатта, бу каби эзгу ишлар Учқудуқ туманида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, беш йил олдин туманимизда 14 та боғча фаолият кўрсатган бўлса бугун мактабгача таълим муассасалари сони 35 тага, қамров 98 фоизга, 6 ёшдаги болалар ўртасида эса қамров 100 фоизга етказилган.
Бугунги кунда 19 та умумтаълим мактаби, Учқудуқ туман касб-ҳунар мактаби, Саноат техникуми, Болалар мусиқа ва санъат мактаби, Баркамол авлод болалар мактаби ҳамда Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари мавжуд. Уларда кўплаб фидоий педагог ва мураббийлар фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бизнинг асосий мақсадимиз дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шу вазифани сидқидилдан уддалайдиган билимли ва истеъдодли, ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон авлодни тарбиялаш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада Сиз фидойи ўқитувчи ва мураббийларнинг заҳматли меҳнатингиз ҳар қанча мақтовга лойиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонларига мувофиқ, 20-умумий ўрта таълим мактаб директори Насиба Рўзиева «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони, 3-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич таълим фани ўқитувчилари Ольга Лагутина - “Меҳнат шуҳрати”, Валентина Корниенко - 2-даражали “Соғлом авлод учун” ордени, 18-сонли мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Мақсуда Шамсиева “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлар.

       Шу ўринда 2-сон давлат МТТ тарбиячиси Дилдора Эрматова, 1-сон давлат МТТ тарбиячиси Ирисгул Алдабергенова, 12 - сон давлат МТТ тарбиячиси Гулноза Ахмедова, 1- умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Ақилбек Омаров, 10 – умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Сарвиноз Санаева, 11-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Гулжанат Баймуратова, 12-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Алмагул Ахметова, 13-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Ўлмас Бойматов, саноат техникуми махсус фан ўқитувчиси Шуҳрат Рўзиев, касб-ҳунар мактаби ишлаб-чиқариш таълими устаси Азиз Ваҳобов ва бошқа таълим муассасаларида узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган билимли-тажрибали, фидойи – фаол устоз-мураббийларни алоҳида ҳурмат-эътибор билан тилга оламиз.
Фарзандларимизга билим-илм беришда алоҳида ибрат кўрсатган бутун онгли ҳаётини ёшлар таълим-тарбияга бағишлаган нуроний - ўқитувчилар бугунги байрам тадбирида иштирок этишяпти. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Гуласар Пардаева, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони совриндори Божей Ералиев, Қалдибай Аманғараев, Фазилат Ҳазратова, Несибели Жумаева, Мақсуда Атабоева, Кадира Ҳамидова, Дуйсен Удербаевларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этишни истардим.

      Ҳурматли устоз-мураббийлар!
Бундан кейин ҳам фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар асосларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-ахлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишонамиз.
Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз — фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Учқудуқ фарзандлари чеҳрасидаги нур — бу келажакнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин. Сизлар тарбияланувчи ва ўқувчиларингиз ҳузурига —ҳамиша чеҳрангизда ишонч ва табассум билан кириб боринг!
Сизларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!
      Эътиборингиз учун рахмат!

O'qilgan: 847 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 13 Oct 2022

Leave a comment

Make sure you enter all the required information, indicated by an asterisk (*). HTML code is not allowed.

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: