Президентимизнинг шу йил 18 март куни тиббиёт соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги узоқ овулларда ихчам ва қулай тиббиёт масканлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш мақсадида туманнинг 4-секторига қарашли “Шалхар” овул фуқаролар йиғинидаги “Контай” овулида маҳалла тиббиёт пункти фаолият бошлади. Очилиш маросимида туман ҳокими С.Хамроев, туман ДСИ бошлиғи, 4-сектор раҳбари Ў.Шодиев, тиббиёт ходимлари кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда овул нуронийлари иштирок этди.
– Президентимизнинг жорий йилнинг 18 март куни тиббиёт соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда туманнинг узоқ ҳудудларида ана шундай маҳалла тиббиёт пункти очилмоқда, –дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Хуршид Шукуровэ – Ушбу тиббиёт шохобчалари (контейнер)нинг фойдаланишга топширилиши аҳолининг узоғини яқин қилмоқда. Учқудуқ туманининг олис “Бузаубай” овулида, “Геологлар” қўрғонида ҳамда “Контай” овулида жами 3 та маҳалла тиббиёт пунктлари фаолияти йўлга қўйилди. Муҳими, ушбу пунктлар аҳоли қатновига қулай бўлган жойда барпо этилмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, “Бузабай” овулида жами 205 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолига хизмат кўрсатиш радиуси 120 километрни, “Контай” овулида эса 48 нафар аҳоли яшайди, хизмат кўрсатиш радиуси эса 35 километрни ташкил этади. “Геологлар” қўрғонидан энг яқин тиббиёт муассасасигача бўлган масофа 20 километрни ташкил этади.
-Биргина жароҳатга дори қуйиб боғлаш ёки бўлмаса врач тавсиясига асосан укол олиш учун ҳам сарсон бўлиб бир неча юз чақирим наридаги тиббиёт масканига қатнардик. Эндиликда бунга ҳожат қолмади. Дўхтирхона бир қадам жойда. Керакли вақтда зарур муолажа олиш мумкин. Шундай шароит яратилганининг ўзи одамга руҳий кўтаринкилик бераркан, - дейди контайлик Нинагул опа Назарова.
Ихчам ва қулай тиббиёт (контейнер) пунктини фойдаланишга топшириш маросимида контайликларнинг қувончи чексиз. Айниқса аёллар, оналар хурсанд. Нуронийларнинг қўли дуога очилди. Чекка ҳудуд демасдан, шу манзилга ҳам эътибор қаратилаётгани, инсон қадри тамойили аҳоли турмушида ўз ифодасини топиб, ислоҳотлар олис овуллар ҳаётига ҳам кириб келаётганига шукроналар айтишди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ