LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

21 Jan 2023

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-220-сонли Фармонига кўра:

  жисмоний шахсларга Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республикада ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти берилади;

   истеъмолчилар томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари тўғридан-тўғри маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар, етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматларини кўрсатувчи корхоналар, маҳаллий чакана савдо объектларидан, шу жумладан электрон тижорат воситалари орқали сотиб олинганда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.

   Қуёш ёки шамол электр станциясини ўрнатганлик учун компенсациялар миқдори

Т/р Ўрнатилган қувват Компенсация миқдори

(базавий ҳисоблаш миқдори)

1. 0,5 кВтдан 1 кВтгача 7 баробар

2. 1 кВтдан 1,5 кВтгача 10 баробар

3. 1,5 кВтдан 2 кВтгача 15 баробар

4. 2 кВт ва ундан юқори 20 баробар

5. 5 кВт ва ундан юқори*

50 баробар

* фақатгина янги ерлар ўзлаштирилганда ва тик қудуқларда ўрнатилган сув насосларининг электр энергияси истеъмоли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари орқали таъминланганда компенсация берилади.

Қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатганлик учун компенсациялар миқдори

Т/р Ўрнатилган қувват Компенсация миқдори

(БҲМ)

1. Сув иситиш ҳажми 100 литр

(ёки сув иситиш учун кунлик 4 кВт/соат энергия ишлаб чиқарувчи қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаси) 5 баробар

2. Сув иситиш ҳажми 200 литр

(ёки сув иситиш учун кунлик 8 кВт/соат энергия ишлаб чиқарувчи қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаси) 7 баробар

  жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун ўрнатиладиган қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўз эҳтиёжидан ортиқча қисмини “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва давлат томонидан электр энергиясини харид қилувчи функцияси (ваколати) берилган орган томонидан (кафолатланган тарзда II гуруҳ истеъмолчилари учун белгиланган тарифнинг 80 фоизи миқдорида) истеъмолчи хоҳишига кўра, камида 10 йил муддат давомида харид қилиш имконияти яратилади.

  Бунда, жисмоний ва юридик шахслар бўлган истеъмолчилар томонидан ўз эҳтиёжлари учун ўрнатиладиган, қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларининг ишлаб чиқариш қуввати ушбу истеъмолчиларнинг ҳудудий электр таъминоти корхоналаридан олган техник шартларда кўрсатилган максимал қувватдан оширилишига йўл қўйилмайди.

  асосий фаолияти қуёш ва шамол электр станциялари ҳамда кичик гидроэлектрстанциялар қурилмаларини ишлаб чиқариш бўлган юридик шахслар, шу жумладан 2025 йил 1 сентябрга қадар янги ташкил этиладиган шундай юридик шахслар тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб уч йил муддат давомида юридик шахсларнинг фойда солиғи ҳамда мол-мулк солиғини белгиланган ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида тўлайди.

19 Jan 2023

 

    Халқ тилида “Модел” деб аталувчи “Қурувчилар” кўчаси янгидан ташкил этилган “Ифтихор” маҳалласи ҳудудида. Бу ерда ҳозирда 64 та хонадонда 252 нафар аҳоли истиқомат қилади. 

    Учқудуқ шаҳри бунёд этилишида қурувчилар учун бошпана сифатида қурилган бу масканни аслида қўрғонча сифатида кўриш мумкин. Бир қаватли пастқамгина уйлар... оддийгина ҳаёт кечираётган одамлар... 

   Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроевнинг бу галги 2 соатлик “ташрифи” ана шу “Модел”да ўтди. 

-Кўпчилик, “Модел”да яшайсизлар-ми”, -дея ғалати савол беришади. Аммо, келишса бу ердаги шароитларни кўриб ҳайрон қолишади. Ҳамма нарсалар худди шаҳарникидан ортиқ бўлса ортиқку камчилиги йўқ, – дейди ҳоким ва масъуллар хонадони эшигини тақиллатган 2-уй, 9-хонадонда яшовчи Дилсўз Ғафурова. 

   Икки нафар фарзанднинг онаси ана шу жужуқлари учун шароит бор бўлгани учун ҳам шундай сўзларни айтаётганига ишонаман. Кўча минус даражада бўлишига қарамай эшикка томон югуриб чиққан болалар уйда юпингина кийиниб олганидан уй ичи иссиқлигини, телевизор ёқилгани электр токи ишлаб турганидан далолат. Туман ҳокими улар билан бугунги муаммолари билан қизиққанида уйда 3 кундан буён сув қувурлари музлагани сабаб ичимлик суви йўқлигини айтди. 

   Салбий ҳолатни тезкорлик билан ҳал этиш, хонадонларни ўз вақтида ичимлик суви таъминоти билан таъминлаш мақсадида тегишли масъулларга кўрсатмалар берилиб, вазият назоратга олинди. Ишлаётган гуруҳга яна қўшимча сифатида ишчилар жалб этилиб, муаммо шу куннинг ўзида ҳал этилишига эришилди. 

   Йўллар яхши уйларга олиб боради, дейишади. Икки уч йил олдинги чанг, лой кўчалар энди асвальтланган. Қурилиш материаллари яна йўллар чўзилишидан дарак бериб турибди. Машиналар серқатнов бўлмаган йўлларда “Қурувчилар” нинг болалари велопойгалар ўйнаяпти.  

...Оддийгина ҳаёт аммо қайсидир маънода виқорлардан, манманликлардан меҳрни устун қўяётган, бировни алдамай биров ҳам уларни алдашига ишонмай яшаётган аҳолини назаримда шу ерда топдик. 

   Бахитжан Утегенов билан туман ҳокимининг суҳбати давомида у оиласи ва ота-онаси билан яшаётган 1 уй 10 - хонадонинг кадастр ҳужжатлари йўқолганлиги сабабли ҳоким қарори чиққан бўлсада ҳали ҳам хусусийлаштирилмагани аниқланди. Бундай вазиятда кўпинча уйга эгалик қилмоқчи бўлганлар ёлғонларни бўрттириб йиғи - сиғи қилиб масъулларга ўз арз додини айтишарди. 

   Бироқ, вазият бундай бўлмади. Бахитжан ва унинг отасига ҳоким томонидан ўзлари яшаётган уйни тезроқ хусусийлаштириб, эгалик ҳуқуқини қўлга киритиш кераклиги тушунтирилди. Ва, ҳоким телефон орқали шу соҳа масъулларига ишни тезлаштиришни илтимос қилди. Худди эндигина уй сотиб олгандек қувончдан яйраб кетган ота қўярда - қўймай ташриф буюрувчиларни хонадонига, таклиф этди. 

Ва, шу куни Учқудуққа бир ёш мутахассис шифокор сифатида жўнатилган ва бугун шу халқнинг хизматида бўлган Нурали Жўраевнинг ҳам муаммоси ҳал бўлди. Бир хоналик уйига қўшимча бино сифатида қурилган яна бир хоналик уйи кадастр қилиниб, бериладиган бўлди. Яқиндагина фарзандлари 3 нафарга етадиган Нурали учун бу энг яхши хушхабар бўлди. 

       Учқудуқлик Зуҳра ва Хатирчилик Наврўзнинг тақдири. Улар Учқудуқда топишган. Туман ҳокимлиги томонидан бу икки ёшнинг никоҳ тўйлари ўтказиб берилганидан сўнг уларнинг яшаш манзиллари бўлмагани учун ёш келин –куёв “Қурувчилар” кўчасидаги бўш турган уйлардан бирига жойлаштирилди. Яшаш учун бошпана бўлган бир хонали уйда уларнинг ширин қизалоқлари дунёга келди. Аммо оила бошининг муқим жойда ишламай гоҳ арава суриб, гоҳ ғишт қуйиб юриб, пул топиши қишнинг изғиринли палласида панд берди. Бу масала ҳам ҳоким эътиборидан четда қолмади. Наврўз туман ободонлаштириш бошқармасига доимий ишчи сифатида ишга олинадиган бўлди. Оиланинг совуқ кунларда қийналмаслиги учун ҳомийлик асосида озиқ - овқат маҳсулотлари ажратилди. 

“Қурувчилар” кўчасида яшовчи Жанар Ахметова ота-онаси вафотидан сўнг ўзи ёлғиз яшайди. Муаммоларни ўрганган ҳоким туфайли у ҳам ўзига мос иш топа олди.

... Бу туман ҳокимининг “Қурувчилар” кўчасида яшовчи аҳоли билан ўтказган икки соатлик мулоқатидан кейинги ечимлар.Кейинги манзил бўлган “Бохантау” аҳоли яшаш пунктида ҳам аҳоли томонидан билдирилган ўнлаб, мурожаатларнинг аксарияти ўз жойида ҳал этилди. 

   Халқ билан ҳамнафаслик, одамлар орасига кириш, аҳоли билан яқиндан мулоқот ўрнатиш бугун ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутасадди зиммасидаги энг муҳим, энг долзарб, энг устувор вазифадир. Зотан, ўзини эл-юрт равнақи ва тақдирига дахлдор билган мутасадди учун халқ дарди, ташвиши билан яшашдан ортиқ мезон йўқ.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

19 Jan 2023

   Бугун, ёши чорак асрдан ошган камтарин иссиқлик, сув-газ таъминоти ва оқава сув цехи ишчи-ходимлари ишлаб чиқариш ва аҳоли учун иссиқлик, сув ва газ ҳамда, оқава сувлар назоратини қатъий, техник-технологик жараёнларга таянган ҳолда фидойилик билан бошқармоқдалар. 

   Цех фаолиятини фақат сув ёки иссиқлик    таъминоти билан боғласак, адашамиз, Шимолий кон бошқармасини бир дарахт деб тасаввур  қилсак, иссиқлик, сув-газ таъминоти ва оқава сувлар цехи мана шу дарахтнинг ҳар бир шох-шаббаси ва япроғига қадар ёйилган томирларга тириклик узатувчи, турли тармоқ-функциялардаги вазифаларни бажарувчи ташкилотдир. 

   Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1956 йилнинг баҳорида Учқудуқ шаҳрининг қурилиши бошланди. 1959 йилнинг сентябрида Учқудуққа шаҳар типидаги қўрғонча мақоми берилди. Ўша даврда кон қазилмаларини ўзлаштириш билан бир қаторда, яна бир аҳамиятга молик, муҳим масала - Учқудуқда ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва уларнинг барқарор ишлашини таъминлашдек долзарб вазифа ҳам амалга оширилди. 

   1960 йилда аҳоли яшаш ҳудуди ва саноат ҳудудини ичимлик суви билан таъминланишини яхшилаш учун “Мингбулоқ-Учқудуқ” ичимлик сув объектлари қурилиши бошланди ва 1962 йилда мажмуа фойдаланишга берилди.

   1961 йил баҳор ойида Учқудуқ саноат ҳудудини техник сув билан таъминлаш ва аҳоли яшаш жойини кўкаламзорлаштириш мақсадида, Бешбулоқ насос станцияси барпо этилиб, 3 дона ерости қудуғи ва 2 дона сувни 240 метр баландликка чиқариб берадиган қувватга эга насос билан техник сув таъминоти бошланди.

   Чўлга сув келтирилиши натижасида, бу ерда ҳаёт мавжланди. 

   Аслида ҳам, Учқудуқдаги барча жараён сувга боғлиқ ҳолда ўсаётганди, аввалги талабдан каттароқ эҳтиёж шаклланди. Шу боис, 1969 йилда Зарафшон-Учқудуқ ичимлик сув қувури қурилиб ишга туширилди. 1986 йилга келиб, Зарафшон ва Учқудуқ оралиғида узунлиги 90 км сув қувури монтаж қилиниб, туман аҳолиси ва саноат ҳудудининг ичимлик суви таъминоти янада яхшиланди. Амалдаги узунлиги 90 км бўлган “Зарафшон-Учқудуқ ичимлик сув қувури”и Учқудуқ саноат майдонида техник сувга бўлган эҳтиёжи учун қолдирилди. 

   1987 йилда “Кокпатас” олтин конининг ўзлаштирилиши муносабати билан, 20 км.лик ичимлик сув қувури монтаж қилинди. 2004 йилда эса “Кокпатас” олтин кони ҳудуди кенгайиб, сувга талаб ортиши ҳисобига, 4-сонли кўтарма насос мажмуаси ишга туширилди. Бугунги кунда “Кокпатас” кони ҳудуди ва овул аҳолиси учун ушбу насос станцияси обиҳаёт узатаётир. 

   Мақолани ёзиш асносида менга ҳамроҳлик қилган Ҳикматилло ака Ҳабибуллаев ва Фарҳоджон Нарзиевлар билан цехнинг ерости қудуқларидан сув тортиб олувчи яна бир насос станцияси томон борарканмиз, бир вақтлар уранни очиқ усулда қазиб олиш ишларидан ҳосил бўлган Учқудуқ “тоғлари” ортида ҳам бу мўъжаз бўлинманинг бир участкасида, яйдоқ чўлнинг шаҳардан бир неча юз чақирим нарисида иш жараёнлари қизғин эканига гувоҳ бўлдим. Ер остидан шиддатли шовқин билан олинаётган сув насослар орқали иккита 100 м3 сиғимидаги сув сақловчи захира идишларга жойланади сўнг “Олтинкўл” ҳавзасига узатилади. Сувни ярим юзага кўтариш комплекси дея номланувчи ушбу насос станциясидан “Олтинкўл”га йўл олган зилол кундузларга ўзгача кўрк, оқшомларга эса ёрқинлик улашади. Ҳатто қишнинг совуқ кунлари ҳам ҳавза юзасини қоплаган гўзал аёзий тасвирлари одамни ўзига жалб этади. Ёзнинг ойдин оқшомларини-ку, айтманг! Минглаб чироқлар ёғдусида товланаётган “Олтинкўл” Учқудуқнинг чинакам мўъжизасига айланади! 

   Бундан 40-50 йиллар аввал бийдек саҳро бағрида бу қадар мўъжизавий гўзаллик яратилишини ким тасаввур этибди, дейсиз! 

“Олтинкўл” кўркам кўнгилочар масканга айланиши билан бирга, Учқудуқ саноат ҳудудининг техник сувга эҳтиёжини яънада камайтириш ва шаҳарнинг чўл ҳудудида жойлашганлигини инобатга олиб, ҳаво намлигини меъёрида сақлаш учун айни муддао жойдир. Бу мўъжиза ортида эса бизга маълуму-номаълум бўлган цех жамоасининг катта меҳнати бор.  

   Қанийди, оилавий ёки дўст-дугоналар билан бу ерда сайр қилаётган тумандошларимиз ҳам ҳавзадаги ҳар қатра сув қанчалар катта меҳнат, харажат ва технология ортидан келаётганини тушунишса! Аҳоли кўзини қувонтириб, сўнг тозалаш иншоотлари бўлими орқали 3-сонли гидрометаллургия заводи саноат майдонига йўл олган сувнинг ҳаракатида илм ва технологиянинг нечоғли катта қудратга эга экани намоён бўлади. 

   3-сонли гидрометаллургия заводи!. Номиданоқ, ушбу саноат ҳудуди обиҳаёт билан ҳамнафасликда уйғоқ эканини тушуниш қийин эмас. Зеро, сув нафақат қимирлаган жоннинг, балки, қаттиқ металлнинг ҳам “ҳаёти” давом этаётганига ишорадир. Ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши натижасида, заводнинг сувга бўлган эҳтиёжи янада ортиб, техник сув етказиб бериш муаммосини ечиш учун Бешбулоқ сув ҳавзасидан 13 дона ерости сув қудуқлари қазилди. “Бешбулоқ” насос станцияси қайта реконструкция қилиниб, 19,8 км узунликдаги қувурлар Бешбулоқ ва 3-сонли гидрометаллургия заводи оралиғига монтаж қилинди. Бешбулоқ иккинчи кўтарма насос станциясида ўрнатилган ЦНСК 300-240 маркали насос ускуналари орқали ГМЗ-3 заводига ҳамда Учқудуқ шаҳридаги саноат объектларига келиб тушади. Бешбулоқдаги 13 та қудуқдан насос станциялари орқали ташкилотларга узлуксиз, йилига ўртача 6 млн. м3 техник сув етказиб бермоқда.

   2015 йилда 3-сонли гидрометаллургия заводи ҳудудида Германия технологияси асосидаги сувни тузсизлантириш мажмуаси ишга туширилиб, бугунги кунда мажмуада ушбу технология соатига 300 м3 гача сувни тузсизлантириб бермоқда. Саноат сувини ишлаб чиқариш даражасини ошириш мақсадида, Бешбулоқда “Бешбулоқ - ГМЗ-3” йўналиши бўйича янги насос станцияси ишга туширилди ва ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида соатига 800 м3 техник сувни Бешбулоқ сув қудуқларидан кўтариш имконияти пайдо бўлди.  

   Сув билан узлуксиз таъминлаш кўпчилик учун оддий нарсадек туюлиши мумкин. Вилоят марказидан Учқудуққа томон йўлга тушаркансиз, йўлнинг икки четини эгаллаган қувурларнинг бири орқали аҳоли учун ичимлик суви келтирилса, яна бирида ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ва туман ҳудудидаги боғларни суғоришда ишлатиладиган техник сув келтирилади. Истеъмол учун ичимлик суви Зарафшондан 81,70 км ва Минбулоқдан 70,1 км масофадаги қувурлар орқали ташилади. Сувнинг етказилиши уч босқичда амалга оширилади: сув ости насосларидан кўтарувчи насос станциясига, сўнгра кучли насослар ёрдамида насос станциясининг 3-кўтарувчи насос станциясига етказиб берилади ва у ердан насослар ёрдамида сув шаҳар тоза сув идишларига берилади. Кимёвий тозалашдан ўтган сув махсус таҳлиллардан сўнг, захира идишлардан қувурлар орқали аҳолига узатилади. 

Юқорида биз цехнинг сув таъминоти тўғрисида тўхталдик. Ишлатилган сув-чи? У қандай жараён орқали бошқарилади?  

1967 йилда иссиқлик, сув-газ таъминоти ва оқава сув цехи таркибига яна бир хизмат киритилди. Аввал уй-жой коммунал хўжалиги таркибида бўлган ушбу хизмат шаҳар тозалаш иншоотлари (канализация) хизмати эди. 

Бугунги кунда оқава сўзи негизида ишлатилаётган тозалаш иншоотлари бўлими бир неча вазифани бажаришига кўра номланган, чунончи, шаҳар тозалаш иншоотлари, саноат тозалаш иншоотлари, 3-сонли гидрометаллургия заводи тозалаш иншоотлари каби. 

2000 йилда Учқудуқ шаҳри аҳолиси сонининг ортиши, тозалаш иншооти қувватининг талабга жавоб бермагани сабаб, янги замон талабига мос келадиган 25000м3 оқава сувни тозалаш иншооти қурилиб ишга туширилди. Ҳозирда оқава тизимига ҳам замонавий технологиялар жорий этилмоқда, электр энергиясини тежаш мақсадида, тозалаш иншоотлари бўлими ҳудудида муқобил энергия манбааларини жорий этиш орқали ҳар куни 6700 ккал қувватга эга йигирма коллекторли қуёш қурилмаси ишга туширилди. 

Яқин тарихда аҳоли сони ортиши, кўп қаватли турар-жой биноларининг қурилиши, шунингдек, кўплаб корхона ва ташкилотларнинг вужудга келиши натижасида цехнинг иш ҳажми кенгайиб, иситиш тизими, газ таъминоти хизмати ҳам бир неча йиллар давомида цех таркибида бўлган ва асосий вазифаларидан бири шаҳар аҳолиси шунингдек, саноат корхоналарини иссиқ ва совуқ сув, газ билан таъминлаган. 

Бир тасаввур қилиб кўринг-а, эрталаб уйғондингиз, ювиниш хонасига кириб жўмракни бурайсизу сув йўқлигини кўриб, кайфиятингиз тушади, агар ишга шошаётган бўлсангиз-чи, унда жиғибийрон бўлишингиз турган гап! Бу каби оддий бўлиб кўринган ва муаммосиз оқиб турган иссиқ ва совуқ сувнинг уйимизгача келишидан тортиб уйимиздан чиқиб кетишига қадар бўлган мураккаб технологик жараёнга цех ишчи-ходимлари масъулликни зиммаларига олганлар.  

2010 йилда 3-сонли гидрометаллургия заводи ва ишлаб чиқариш қозонхоналарини табиий газ билан таъминлаш мақсадида, табиий газ магистрал қувури фойдаланишга топширилди. Уларга хизмат кўрсатиш ҳам иссиқлик, сув-газ таъминоти ва оқава сув цехи томонидан амалга оширилади. 2015 йил октябр ойидан “Энергия хизмати” қайта ташкил этилиб, саноат қозонхоналари цех таркибига ўтказилди. “Фойдаланиш”, “Жорий таъмирлаш”, “Иссиқлик автоматизацияси ва саноат ускуналари” бўлимлари билан сувни қуёш электр қурилмасида қиздириш қозонхонаси, 3-сонли гидрометаллургия заводи ва темир йўллари цехи қозонхоналарига хизмат кўрсатадиган иссиқлик тармоқлари бўлинмалари ташкил этилди. 

2015 йилнинг IV-чорагида темир йўллари цехи қозонхонасида маънавий ва жисмоний эскирган ускуналар алмаштирилди, иккита замонавий КПа-10-0,7 қозонлари ўрнатилиб, 2016 йил апрел ойида сульфат кислотаси ишлаб чиқариш корхонаси худудида BOYLER қозонхонаси фойдаланишга топширилди.

Темир йўллари цехи қозонхонаси дея аталувчи иншоот ҳақида бироз тўхталиб ўтсам. Бир неча йиллардан бери йўл бўйидаги ушбу иншоот ёнидан ўтаман, бироқ, иншоот ичига кирмагандим. Ростини айтсам, бинодаги баҳайбат захира идишлари мени бироз чўчитди. Шундай маҳобатли бино ичида аёлларнинг ишлаши аввалига ҳайратлантирган бўлса, кейин, замонавий технологиянинг қулай ва осон ишлаши тўғрисида мутахассиснинг мухтасар тушунтирувидан сўнг, енгил тортдим. Ўйлаб кўрсам, қозонхона илмий, тиббий ва санитар томондан олиб қараганда ҳам, савобли ишга хисса қўшмоқда. Ватан иқтисодиётини мустаҳкамлаш йўлида меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга хизмат кўрсатиб, уларнинг оиласи бағрига тоза-озода боришига сабабчи бўлмоқда.  

Эътибор ва эътироф!.

   Бу икки сўз аслида жуда оддий, бироқ ўзи билан олам-олам қувончларни етаклаб юради, эътибордан юксаласиз, елкангизда қўшқанот пайдо бўлади гўё! Эътирофдан куч оласиз, руҳингиз шижоат ва шиддатга тўлиб кетади. Яқинда ўзининг 60 йиллик юбилейини нишонлаган цех ишчи-ходимлари концерт дастуридан эътибор ва эътирофга тўлиб чиқишди. 

   Бир неча ходимлар “НКМК” АЖ раҳбариятининг юксак эътирофидан кўксиларида унвон, кўзларида қувонч ярқиради. Уларнинг ҳар бирига “Сизлар савобли ва муқаддас касб эгасисизлар!”, дегим келади. Зеро, ҳаётимизнинг асосий бўлаги бўлган, инсондек яшамоқлигимизнинг сабабчиси ҳам аслида уларнинг машаққатли меҳнати, тунни тонгга улаган бедорлиги ортидан келаётган оби ҳаёт - сувдадир! 

Муйдинова Нилуфар,

ШКБ кадрлар бўлими мутахассиси.

Сарҳисоб (рубрика)


 

18 Jan 2023

 

    Аҳолини қийнаётган муаммолар халқ ичига чуқур кириб борилгандагина яхши билинади. Айтиш жоизки, Учқудуқ туман ҳокимининг бевосита энг оғир, энг чекка, энг олис ҳудудларга чиққан ҳолда, овулма-овул, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганаётгани ҳам амалий самарасини бермоқда. 

   Бугун туман ҳокими Соли Хамроев “Ифтихор” МФЙ га қарашли “Бохантау” аҳоли яшаш пунктида бўлиб, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганди. Туманнинг электр энергия, газ, ободонлаштириш сингари бир гуруҳ соҳа мутасаддилари ҳам иштирок этган ўрганишлар давомида қўрғонча аҳолиси томонидан бир нечта мурожаатлар, таклифлар билдирилди.

   Жумладан, Малика Юсупова икки нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи билан 1 хонали уйда яшаб келмоқда. Фарзандлари катта бўлиб қолган, ёнидаги бўш турган 1 хонали уйни қўшиб беришларини сўраб мурожаат қилди. “Кончилар” кўчасида яшовчи онахон Жибек Алгибаева оила аъзолари 7 кишидан иборатлиги, ногирон қизи бўлганлиги сабаб, ўғли фарзандлари билан алоҳида яшашни хоҳлашини айтиб, субсидия асосида уй олишга кўмак сўради. Онахоннинг уйидаги мавжуд электр симлари Учқудуқ электр таъминоти корхонаси мутахассислари томонидан қайта ўрнатиб бериладиган бўлди.

   Уйма-уй ўрганишлар давомида барча мурожаат эгаларининг масалалари туман раҳбари томонидан назоратга олиниб, масъул мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди ва назоратга олинди.

Шунингдек, туман ободонлаштириш бошқармаси балансидаги бўш турган уйларни аниқлаш, келгусида уй-жойга эҳтиёжи бор оилаларга бериш мақсадида қўрғонча аҳолиси ўртасида хатлов ўтказиш вазифаси маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддиларига топширилди.

Бундан ташқари, туман раҳбари 7-сонли мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, болаларни эртага 19 январдан муассасага қабул қилишга тайёргарлигини ҳам кўздан кечирди. 

   Халқ билан мулоқот нафақат мурожаатларни тинглаш, балки аҳолининг кундалик ҳаёти билан танишиш, масалаларни жойида бартараф этишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

    Маълумот ўрнида: Ҳозирда “Истиқлол” МФЙ га қарашли “Бохантау” аҳоли яшаш пунктида 112 та хонадонда 525 нафар аҳоли истиқомат қилади.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМГЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

18 Jan 2023

   Ҳаёт яралибдики, боғлиқлик тушунчаси мавжуд: Ой ва Қуёш, кун ва тун, давлат ва жамият, ота ва она, қўйинг-чи, бутун борлиқ, наботот олами, металлар дунёси, тил оилалари ва ҳаттоки башарият учун жонсиз саналувчи предметлар ҳам бир-бири билан боғлиқликда яшайди ва ривожланади. Аслида, дунёнинг ёзилмаган, оддий ва қадимий қонунияти ҳам ўзаро алоқадагина юксалиш мавжудлигини асрлар қатига яширмаганида! Ўша қадимий қоида бугун ҳам долзарб. Бугун ҳам ҳаётимизнинг ҳар дақиқаси турли соҳалардаги узвий алоқага асосланган.  

   ХX аср бизга кўплаб кашфиётларини ҳадя қилди. Асримизга келиб, у ихтироларнинг қайсиларидир ўз долзарблигини йўқотди, қайси бирлари аҳамиятини вақтга ҳавола этиб даврини кутмоқда, бироқ, алоқа-коммуникация соҳаси бугун, ҳаттоки, вақтдан ҳам ўзар даражада шиддат билан олдинламоқдаки, қайси касб ё тармоқда фаолият юритмайлик, кундалик ҳаётимиз ва иш-режаларимизнинг бошқарувида инсон ақл-заковатининг маҳсули бўлган коммуникация воситаларининг кўмагига эҳтиёж сезамиз. 

   Шимолий кон бошқармаси нафақат кончилик, металлургия ёки транспорт тизими, балки, турли касб-йўналишлар жамланган юксак илмий-технологик тузилмаларга эга саноат корхонасидир. Бўлинма вилоят марказидан анча олисда жойлашган, қолаверса, корхона таркибидаги завод, кон, транспорт тузилмалари ва бошқа корхоналар ўртасидаги масофалар бир-биридан узоқ, бироқ, олисни яқин қилувчи, вақтни самарали тежовчи, дақиқаларни бўйсундирувчи куч борки, у ҳам бўлса, ахборот-коммуникация технологиялари маркази мутахассислари томонидан бўлинмалар меҳнат фаолиятига тадбиқ этилган замонавий алоқа-коммуникация воситаларидир.  

    Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияси оламининг замонавий дастур ва жиҳозлари билан инновацион тафаккур орқали тил топишаётган ёш мутахассислардан иборат ахборот-коммуникация технологиялари маркази Шимолий кон бошқармаси ташкил этилган пайтда алоқа хизмати сифатида иш бошлаган. 

90-йилларда Учқудуқ туманида “Ўзтелеком” алоқа воситаси ташкил этилгунга қадар, йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида туман аҳолисига шаҳарлараро мулоқот алоқа хизмати томонидан амалга оширилган. Хизмат корхонанинг эҳтиёжи ва давр тақозосига мувофиқ равишда йилдан-йилга ривожланиб, бугунги кунда Шимолий кон бошқармасининг турли тармоқ ва соҳаларини 

ахборот-коммуникацион жиҳатдан кенг қамраб олган муҳим бўлинмага айланди ва фаолияти давомида сўнгги замонавий алоқа воситаларини саноатга жорий этиш, объектлар ва техникаларни назорат қилиш, логистик такомиллашувга эришиш, бир сўз билан айтганда, даврнинг шиддатли инновацион курашида ташкилотнинг янгича ишлаш механизмини жорий қилди. 

“НКМК телекоммуникация тармоқларини техник қайта жиҳозлаш” лойиҳасига мувофиқ, Шимолий кон бошқармасида ахборот-коммуникация технологиялари маркази томонидан бир неча йиллар мобайнида кон бошқарма бўлинмаларида ахборот-коммуникатив технологияларини такомиллаштириш, меҳнат жараёнига замонавий-инновацион услубларда ёндошиш каби масалалар босқичма-босқич амалга оширилди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш кони билан радиорелеъ ва оптик толали алоқа линиялари қурилди. “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш кони ва 3-сонли гидрометаллургия заводи, шунингдек, Учқудуқ саноат майдончаси барча йирик ишлаб чиқариш объектлари билан оптик толали алоқа линияси (ОТАЛ)нинг бунёд этилиши натижасида, бўлинмаларга қатор янги хизматлар турларини жорий этиш имконияти кенгайди. Хусусан, кон бошқарма барча ҳудудларини қамраб олиш учун Навоий кон-металлургия комбинатининг корпоратив локал ҳисоблаш тармоғи билан интеграциялашган глобал локал ҳисоблаш тармоғи қурилди.

Шимолий кон бошқармаси телефон тармоғига IP-телефонларининг тадбиқ этилиши натижасида, бир неча йиллар давомида уяли алоқа воситаларидан фойдаланган “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конида жараён ўзгарди, кон бошқармадан марказлашган ҳолда назорат қилиш имкониятини берувчи технологик видеокузатув тизими қурилди. 

    Эндиликда, бошқарма бош мутахассислари, диспетчерлик хизмати масофадан, юзлаб километр узоқликда, ўз иш жойидан “Даугизтау” ва “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конлари каръерларида олиб борилаётган технологик жараённи назорат қилиб боришлари мумкин. 

    Шу йилнинг ўзида радиоалоқа диапозонини кенгайтириш мақсадида, “Шарқий” ва “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конларида 2 дона ретрансляторлар ўрнатилди. 13 600 метр оптик-толали алоқа линиялари қурилиб, марказий моддий-техника базасининг 2-сонли маъмурий биноси, ёқилғи-мойлаш материаллари омбори, 4-сонли АЁҚШ, “Даугизтау” кони 1-сонли назорат ўтказиш пункти, кон ҳудудида жойлашган темир йўллари цехи “Кон станцияси”, 1-сонли автокорхона диспетчерлик бўлими, механик назорати бўлими, 3-сонли гидрометаллургия заводига қарашли “саноат чиқиндиларини сақлаш хўжалиги”, ахборот-коммуникцион технологиялари маркази тасарруфидаги ахборот хизмати ва 1-сонли бирлашган касаба уюшмаси биноси “НКМК” АЖ маҳаллий локал тармоғига уланди, маълумотлар узатмаси тезлиги замонавий стандартлар даражасига етказилди. 4650 метр мис толали алоқа линиялари қурилиб, умумий телекоммуникация линияларининг узунлиги 125 000 метрга етказилди.

   “Даугизтау” ва “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конларига 2 дона замонавий бошқариладиган PTZ русумли видеокузатув камералари ўрнатилиб, камераларнинг умумий сони 16 тага етказилди, бу билан кузатув қамрови кенгайтирилди. 15 дона “GrandStream IP” шлюзларининг ўрнатилиши натижасида, 500 нафар қўшимча телефон абонентларининг уланиш имконияти яратилди. Абонентлар сони 1400 нафарга етказилди. 

   Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кон-қидирув ишлари олиб бориладиган конлар учун симли алоқа доимий ноқулайликлар келтириб чиқарарди. Бугун ана шу муаммони Шимолий кон бошқармаси ахборот-коммуникацион технологиялари маркази мутахассислари оқилона ҳал этишди. Айнан, кон-қазилма ҳудудлари учун 14 000 метр узунликдаги симсиз алоқа линиялари қурилиб, умумий симсиз алоқа линиялари қамрови 65 000 метрга етказилди. Радиоалоқа қурилмалари сони 265 тага етказилди.

   Бугун шубҳасиз, Шимолий кон бошқармасида рақамли технологиялар даври бошланганини тан олиш керак. IT хизматларининг корхона ахборот-коммуникация технологияларини амалга оширишдаги аҳамияти доимий равишда ўсиб бормоқда ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти фаолиятининг турли соҳаларига жорий этилишда давом этмоқда.  

   Шимолий кон бошқармасида ишлаб чиқариш жараёнларига дастурий таъминотларни тадбиқ этиш орқали самарадорликни ошириш йўналишида биргина 2022 йилнинг ўзида ахборот-коммуникацион технологиялари маркази томонидан 15 дан ортиқ дастурий таъминотлар яратилиб, ишлаб чиқаришга муваффақиятли тадбиқ этилди. 

“Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конида кон маъданларини ташишда “Даврий оқим технологиясини назорат қилиш ахборот тизими” жорий этилган бўлиб, кон маъданларини ташишнинг салмоқли қисми ушбу технология ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли технологиянинг узлуксиз ишлашини таъминлаш муҳим вазифа ҳисобланиб, унинг режадан ташқари тўхтаб қолиши ишлаб чиқариш кўрсаткичларига салбий таъсир қилади. Ушбу дастурий таъминотни тадбиқ этиш доирасида даврий оқим технологиясидаги тўхтаб қолишларни ўз вақтида аниқлаш ва тезлик билан бартараф этиш, тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш имконияти яратилди.

   Аслида мутахассислар яратаётган ахборот тизими дастурдан кўра кенгроқ тушунчага эгалиги билан фарқ қилади. Унда захира сақланиши, маълумотларнинг фойдаланувчига етиб боргани ҳақидаги билдиргининг мавжудлиги ҳам иш унумдорлигига сезиларли таъсир кўрасатади. Масалан, 3-сонли гидрометаллургия заводига етказиб берилган кон маъданларининг тегирмонлар ёрдамида майдаланиши ишлаб чиқариш занжирининг асосий ва муҳим қисми ҳисобланади. Тегирмонларда юзага келадиган тўхтаб қолишлар саноат режаларининг бажарилишига салбий таъсир этиб, ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайишига олиб келади. Бу эса тегирмонларнинг узлуксиз ишлашини доимий назорат қилиб боришни талаб этади. Ахборот-коммуникацион технологиялари маркази дастурчилари томонидан яратилган “3-сонли гидрометаллургия заводи тегирмонлари тўхтаб қолишини назорат қилиш ахборот тизими” эса юзага келган тўхтаб қолишлар тўғрисида масъул ходимларга ўз вақтида маълумот етказиш, бу маълумотларни ягона тизимда тўплаш ва уларни таҳлил этиш орқали тегирмонлар ишлашинининг узлуксизлигини таъминлашда муҳим восита ҳисобланади.  

    “Aвтоағдаргичлар мониторинги ахборот тизими”, “Кон механизмлари мониторинги ахборот тизими”, “Тиббий кўрик ахборот тизими” каби дастурий тизимлар бошқа соҳаларга ҳам тадбиқ этилди. Чунончи, конларда маъданларни ташиш автоағдаргичлар орқали бажарилади. Назорат жараёнини автоматлаштириш ва маълумотларни онлайн тарзда кузатиш мақсадида, “Aвтоағдаргичлар мониторинги ахборот тизими” дастурий таъминоти жорий этилиб, техникаларнинг бажарган иши, меҳнат жараёнида тўхтаб қолиши ва бу каби узилишларнинг ўз вақтида бартараф этилишидек аҳамиятга молик масалалар диспетчерлик хизматлари орқали назорат қилинади. Ушбу дастур конларда логистикани таъминлашда жуда катта кўмачидир. 

   Ахборот-коммуникацион технологиялари маркази мутахассислари томонидан “Кон механизмлари мониторинги ахборот тизими” нинг жорий этилиши транспорт логистикасини янги босқичга олиб чиқди. Маълумки, кон маъданларини юклаш кон механизмлари томонидан амалга оширилади. Бунда кон механизмларига автоағдаргичларни тақсимлаш - кон техникаларидан унумли фойдаланишда муҳим ҳисобланади. Aвтоағдаргичларнинг нотўғри тақсимоти кон механизмларида навбатлар ҳосил бўлишига олиб келарди. Дастурий таъминот ёрдамида кон механизмлари олдидан, жорий вақтда мавжуд бўлган автоағдаргичлар тўғрисида маълумот олиш ва уларнинг йўналишларини қайта тақсимлаш имконияти яратилди. 

    Бундан ташқари, кон механизмининг бажарган иши тўғрисида онлайн маълумот олиш ва муҳим бошқарув қарорларини қабул қилиш мумкин. 

“Тиббий кўрик ахборот тизими” - ишлаб чиқариш жараёни бир неча сменаларда ташкил этилган бўлиб, ҳар бир смена бошланиши ва якунида ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу жараёнда ишчи-ходимлар ва уларнинг тиббий кўрик хулосалари тўғрисидаги маълумотларни расмийлаштириш кўп вақтни ва қўл меҳнатини талаб этади. Ушбу жарёнларни автоматлаштириш орқали қўл меҳнати бартараф этилиб, тиббий кўрик учун сарфланадиган вақтнинг салмоқли даражада қисқартирилишига эришилди. 

    Ахборот-коммуникацион технологиялари вақт билан беллашаётгандек гўё! Ҳар бир мутахассис, ҳар бир ходим унинг беллашувига илм билан мунтазир турмоғи шарт. Давр тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ҳамда, замонавий ахборот технологиялар илмини эгаллашимиз зарур эканини кўрсатмоқда, бу эса юксалишнинг энг қисқа йўлидан яшин мисол тезлик билан бориш имконияти демакдир! 

   Зеро, жаҳон тажрибасини кузата туриб, миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлиги ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши билан узвий боғлиқлигини англаб етдик!.

    Шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида Шимолий кон бошқармасида ҳали бажарилиши кутилаётган масалаларнинг залвори улкан, бу эса ахборот-коммуникацион технологиялари марказининг вақтни бўйсундирувчи мутахассисларига кўплаб янги ғояларни тафаккур этишга ва ўз ўрнида ишлаб чиқаришга жорий этишни тақозо этади. 

Жонибек РАХМАТОВ,

Шимолий кон бошқармаси ахборот-коммуникация технологиялари маркази бошлиғи.

 

 

18 Jan 2023

   Биз бугун вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, эски йилни    кузатиб янги йилга қадам қўйдик. Ҳаммамиз гувоҳмиз, 2022 йил ҳам бутун дунё қатори юртимиз учун ҳам оғир ва мураккаб келди. Пандемия синовлари бизни тарк этмасидан яна дунёнинг турли нуқталарида нотинчликлар давом этди. 

   Мана шундай мураккаб вазиятга қарамасдан, мамлакатимиз иқтисодиётининг драйвери НКМК АЖ жамоаси қатори Шимолий кон бошқармаси ҳар бир ишчи-ходими ўз олдига қўйилган устувор вазифаларни сидқидилдан бажаришга эришди. 

   2022 йилни комбинатимиз раҳбарияти Учқудуқда “Кончилик ишлари йили” деб эълон қилган эди. Бу учқудуқлик кончилар қатори металлургларга ва ҳар бир соҳанинг ўз билимдонларига қўйилган юксак вазифа бўлди. Йил давомида Шимолий кон бошқармаси ишчи-ходимлари фидокорона меҳнати эвазига катта ўзгаришларни амалга ошириш, янги технологияларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш борасида узлуксиз ва тизимли бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилиши таъминланди. “Шарқий” ва “Даугизтау” конларида тоғ жинсини қазиб олиш ҳажми 100,8%, сульфидли маъдан қазиб олиш ҳажми 112,1% ва 3-сонли Гидрометаллургия заводига (3-ГМЗ) сульфидли маъдан юклаш ҳажми 102,1 % бажарилди. 

    Йил якунига етмасиданоқ, Шимолий кон бошқармаси комбинат бўлинмалари орасида биринчилардан бўлиб сульфидли маъдан қазиб олиш бўйича йиллик режани ҳамда олтин ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмасини муддатидан олдин бажаришга эришди. Албатта бундай пешқадамликни, билдирилган катта ишончни аҳил жамоамиз ҳалол меҳнати билан оқлаб келмоқда. Аслида учқудуқлик кончи ва металлурглар ҳар йўналиш бўйича маррани катта олишган. 

    2022 йилда Ўзбекистон тарихида иш бошлаган дастлабки конлардан бири, "Даугизтау” кони ўзининг 20 ёшли юбилейини нишонлади. Сульфидли олтин маъдан қазиб олиш карьерларининг иккинчи босқичи ишчи лойиҳаси доирасида иш олиб борилиётган “Даугизтау” конининг узунлиги 2735 м эни 1040 м ва 280 метрдан зиёд чуқурликка эга бўлиб, ундан фойдаланиш вақтидан бошлаб 210,5 млн. метр кубдан ортиқ тоғ жинслари қазиб чиқарилиб, таркибида олтин мавжуд маъдан заҳиралари ер бағридан 3- Гидрометаллургия заводига хом ашё сифатида етказиб берилди. Конда 2019-2021 йилларда инвестицион лойиҳалар доирасида замонавий ковшининг ҳажми 5,9 м3 бўлган “HITASHI EX-1200” русумли гидравлик экскаваторлар, Flexi ROC D55 бурғилаш ускуналари ва 91 тонна юк кўтаришга қодир бўлган KOMATSU HD-785-7R карьер автоағдаргичлари ишлаб чиқаришга тадбиқ этилди. 

    Kон ишларини бошқариш сифатини ошириш бўйича, "Шарқий" ва "Даугизтау" конларида диспетчерлик хоналарини замон талабига мос равишда реконструкция қилинди ва янги замонавий интерактив доскалар ўрнатилди. Ўтган йилда “Даугизтау” очиқ усулда қазиб олиш конида рекорд натижа қайд этилди, яъни 33,5 миллион метр кубдан ортиқ кон массаси қазиб олинди ва конда “Даврий узлуксиз технологияси”(ДУТ) мажмуаси магистрал конвейери 200 метрга узайтирилиб жами 1,73 км узунликни ташкил этди. Натижада оғир юк ташувчи автоағдаргичларнинг дизел ёқилғиси, мой маҳсулотлари, автошина ва бошқа турдаги товар-моддий бойликларнинг ортиқча сарфи олди олиниб, 2022 йилнинг 12 ойида 15,5 млрд. сўм тежаб қолинди.

   Кейинги йилларда ШКБ кончи мутахассислари томонидан очиқ кон ишларида 30 дан ортиқ техник қарорлар ишлаб чиқилиб жами 93 млрд. сўмлик харажатлар иқтисод қилинишига эришилди. 

       2022 йил турли меҳнат ғалабалари қатори Шимолий кон бошқармаси кончилари ва механикларининг кўп йиллик изланишлари натижаси, яъни оғир RH 40Е, HITASHI EX-1200 кенг занжир тасмада ҳаракатланувчи гидравлик экскаваторларни ғилдиракли кўчириш қурилмаси амалиётга тадбиқ қилинди. Ўзбекистон кончилиги тарихида биринчи бор ушбу қурулма “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конида ўрнатилган тартибда амалиёт синовидан ўтди. Бунинг натижасида ҳар йили 5 миллиард сўмга яқин пул маблағлар иқтисод қилинади. 

Яна бир катта ҳажмдаги иш – ЭКГ-5А №35, ЭКГ-10 №26, ЭКГ-8И №38, ЭКГ-5А №16 экскаваторларининг гидравлика генератор-двигатель тизимидан транзисторли ўзгартиргич-двигатель тизимига модернизация қилиш орқали қўшимча электр энергияси истеъмолини камайтиришга эришилди. Бунинг натижасида ҳар бир экскаватор 1 метр куб тоғ жинсини юклаш учун сарфлайдиган электр энергияси сарфини 30 фоизга тежалишига эришилди.

 3-ГМЗ учун 2022 йил сермаҳсул йил бўлди десак муболаға бўлмайди. Завод ишчи ходимларнинг тинимсиз изланишлари ва дадил саъй ҳаракатлари туфайли сульфид маъданларни қайта ишлаш режаси 102,4%га бажарилиб, ушбу кўрсаткичнинг 2021 йилга нисбатан ўсиш суръати 103,0%ни ташкил этди, олтин ишлаб чиқариш режаси эса 102,8%га бажарилди ва ушбу кўрсаткичнинг ўсиш суръати 2021 йилда эришилган натижага нисбатан 104,4%ни ташкил этди. Белгиланган режанинг муддатидан олдин бажарилиши, якунланган 2022 йилда 3-ГМЗда амалга оширилган чора-тадбирлар маҳсулидир.

Жумладан, 2022 йилда майдалаш цехининг 1-босқичида таснифлаш жараёнининг кўрсаткичларини ўзгартириш, кунлик сульфид маъданларни қайта ишлаш ҳажмини 2,0%га оширишга ва ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулот миқдорининг ошишига замин яратди. 

Бундан ташқари, куйдириш цехида куйдирилган маҳсулотни кислота билан ишлов бериш тизимининг рН ва ҳарорат кўрсаткичлари такомиллаштирилиши, натижада куйдирилган маҳсулотдан олтинни ажратиб олиш даражаси 3,0% га оширилишига эришилди. Биооксидлаш жараёнининг унумдорлигини ва технологик кўрсатгичларини барқарорлаштириш мақсадида мавжуд сув совутиш минорасининг бир қисми қайта реконструкция қилиниб ишга туширилди. Ушбу технологик ечим ўз самарасини кўрсатди ва ҳозирги кунда ушбу миноранинг қолган икки қисмини қайта реконструкция қилиш бўйича лойиҳалаш ишлари амалга оширилмоқда. 

  Олтинсизлантирилган фаоллаштирилган кўмирни қайта технологик жараёнда қўллашдан олдин унинг кичик ғовакчаларига ўрнашиб қолган тузлардан тозалаш мақсадида махсус реактивация печларда тикланиш жараёнидан ўтказилади. Реактивация жараёнининг самарасини янада ошириш мақсадида мавжуд икки дона эски турдаги печлар реконструкция қилинди ва фаоллаштирилган кўмирнинг тикланиш жараёни яхшиланишига эришилди.  

Якунланган йил сўнгида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилига туҳфа сифатида 3- ГМЗ нинг “Сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулот цехи” ва “Фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи” нинг ишчи ходимларига қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида, Хорижий сармоялар манзилли дастурига асосан, завод ҳудудида бўш турган бино 1 млрд. 700 млн. сўм эвазига Зарафшон қурилиш бошқармаси томонидан қайта реконструкция қилиниб, шинам ва замонавий маъмурий бино фойдаланишга топширилди.

2022 йилда Шимолий кон бошқармасининг кон жиҳозларини таъмирлаш цехи ўзининг 60 ёшли юбилейини тантанали нишонлади. Бугунги кунда кон жиҳозларни таъмирлаш цехи ишлаб чиқариш узлуксизлиги ҳамда, механизмларнинг бир маромда ишлаши учун эҳтиёт қисмларини тайёрлаш ва таъмирлаш билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шимолий кон бошқармаси ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш орқали бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, материалларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда импорт ҳажмини пасайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар цехда амалга оширилмоқда. Бунда асосий эътибор, кон-металлургия соҳаси ишлаб чиқариш жараёнларига берилган рационализаторлик таклифлари ҳамда инновацион изланишларни тадбиқ этишга қаратилган. 

Кон жиҳозларини таъмирлаш цехи томонидан 2022 йилда жами 65 млрд. 461 млн. сўмлик 115 229 дона маҳсулотлар таъмирлаб берилди. Шундан 2022 йил давомида импорт ўрнини босувчи ва маҳаллийлаштириш дастуридан 1 млрд.610 млн сўмлик маҳсулотлар тайёрланди, 2023 йил учун 3 млрд. 561 млн сўмлик лойиҳа дастури ишлаб чиқилди ва ҳозирги кунда ушбу ишлар амалга оширилмоқда.   

 Ишлаб чиқариш корхоналарида истиқболли энергия самарадорлигига эришиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бугун давлатимиз раҳбарининг ҳам талаби бўлмоқда. Шимолий кон бошқармаси комбинат миқёсида сув ресурслари, табиий газ истеъмоли ҳажмлари бўйича кон бошқармалари ичида йирик истеъмолчилардан бири ҳисобланади. 2022 йил ҳисобида ШКБ томонидан бўлинмалар учун режалаштирилган сув ресурсларини 1,603 млн.м3 ҳажмдаги ичимлик сувини иқтисод қилиш ҳисобига 12,2 млрд. сўм, 2,03 млн.м3 техник сувни иқтисод қилиш ҳисобидан 10,6 млрд. сўм, шунингдек, “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонасидан олиниши режалаштирилган ичимлик сувидан 112,8 минг.м3 тежалиши ҳисобига 2,7 млрд. сўм ва 2968 г.кал иссиқлик энергияси тежалиб, 2,4 млрд. сўмлик маблағ иқтисод қилишга эришилди. Ушбу рақамлар ортида, эса 2022 йилда ўзининг 60 йиллик юбилейини нишонлаган иссиқлик, сув-газ таъминоти ва оқава суви цехи тажрибали мутахассисларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнати турибди. 

Шимолий кон бошқармасида 2022 йил давомида 1 603 128 кВт электр энергия тежалди ва 135 дона қуёш панелли кўча ёритиш чироқлари бўлинмаларда ўрнатилди. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили бўлган энергетика тизимини модернизация қилиш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш, муқобил манбалардан кенгроқ фойдаланиш борасида бир қатор ишларни амалга ошириш бўйича дастур тузилди.

Шимолий кон бошқармасининг ишлаб чиқариш бўлинмаларига 2023 йил давомида 739 дона қуёш сув иситгичларини ўрнатиш режалаштирилган. Бугунги кунда ИСГТваОСЦга қарашли темир йўл цехи қозонхонасига 490 дона, 1-сонли автокорхонага 60 дона, КЖТЦга 90 дона сув иситгичлар ўрнатиш ишлари бошланди. Бу нафақат тежамкорлик балки ишчи-ходимлар учун муносиб иш шароитларининг яратилишига ҳам имкон яратади.

    Юксак марралар учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган янги Ўзбекистонда янгича тафаккур ва янгича шижоат билан меҳнат қилишни тақозо этмоқда. Ана шундай меҳнат қилаётганларнинг пешона териси муносиб баҳоланаётганлиги бизни доим қувонтиради. 

    Энг қувонарлиси ўтган йил 8 март арафасида республикамизда кўплаб хотин-қизлар давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” очиқ усулда қазиб олиш конининг “Занжирли кон экскаваторлари ҳамда бурғулаш ускуналарини таъмирлаш ва йиғиш бўлинмаси” кран машинисти Башорат Турсунова “Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди. Йил сўнгида 3-сонли ГМЗ цех устаси- Гулжамила Турганбаева “Йил аёли” миллий танловнинг Республика босқичида “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” йўналишида ғолиб, деб топилди. 

   Ҳурматли Юртбошимизнинг доно сиёсати туфайли халқимиз қатори учқудуқликлар ҳам тинч, осойишта, фаровон ҳаёт кечирмоқда. Ишчи-ходимларимиз орзу ниятларига етишиш учун юрт истиқболи йўлида ана шундай фидокорона меҳнат қилмоқда. Фарзанд ва невараларини тарбиялаб камолини кўрмоқда. Инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!

 

Шимолий кон бошқармаси ахборот хизмати

 

17 Jan 2023

    Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 21 майда қабул қилинган
“Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги
қонунига мувофиқ

    Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга озод этилади.
Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар эгалигидаги мол-мулкка қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи солинмайди.
     Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод этилади.
Энергия етказиб берувчи ташкилот томонидан берилган амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотнома имтиёзларни бериш учун асос бўлади.

Учқудуқ туман адлия бўлими томонидан тайёрланди.

13 Jan 2023

  14 январь - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни!

  ВАТАН –УЛУҒ, БУРЧ МУҚАДДАС!!

  Учқудуқ туманидаги 99818 –сонли ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбири кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

   “Маънавият маркази” фаоллар залида ўтказилган тантанали байрам тадбирида 99818 – сонли ҳарбий қисм командири подполковник Намоз Исломов йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Мудофаа вазирининг байрам табригида қайд этилганидек, халқимиз ўзининг ботир ва довюрак фарзандлари – Ватанимизнинг ҳақиқий посбонлари билан ҳақли равишда фахрланади.

Шунингдек, байрам тадбирида Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий армиямизни тубдан такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар энг аввало, ватанимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, осойишталикни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади. Яқинда капитал таъмирдан чиқарилган ҳарбий қисм штаби учун телевизор совғага берилди.

Эътиборлиси, 99818 –сонли ҳарбий қисмда 1 млрд. 300 млн. сўм маблағ эвазига капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ҳарбий хизматчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Бу ерда “Ёшлар хиёбони”, “Маърифат боғи”, музей, кутубхона ташкил этилган. Халқимизнинг ҳарбий соҳадаги бой меросидан ҳикоя қилувчи Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур синфлари фаолият юритмоқда. 

Бундан ташқари, Шимолий кон бошқармаси ҳомийлигида ҳарбий қисм спорт зали, маърифат марказида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Байрам муносабати билан ташкил этилган “Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” шиори остида ўтказилган маърифий тадбирда ҳарбийлар ўз иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этиб, куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Айниқса, “Учқудуқ” жамоаси томонидан саҳналаштирилган ҳазил-мутойибага бой саҳна кўринишлари тадбир қатнашчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

– Дунёда касблар кўп, – дейди ҳарбий қисм командир ўринбосари, подполковник Ғофуржон Уразбаев. – Лекин улар ичида энг улуғи ва шарафлиси бу – Ватанни ҳимоя қиладиган соҳа вакиллари, яъни, ҳарбий хизматчилардир. Туну кун юрт хавфсизлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшиб келишмоқда. Уларга елкадош бўлиш эса ҳар биримизнинг бурчимиз саналади. Зеро, сарҳадларимиз мустаҳкам, кўнглимиз хотиржам!.

   Тадбирда ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг бир гуруҳига қисм командирининг фахрий ёрлиқлари тантанали равишда топширилди.

   “Учқудуқ” маданият уйи бадиий жамоалари ижросида концерт дастури намойиш этилди.

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: