Мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг бирламчи, энг асосий бўғини ҳисобланади. Мутахассис ва педагогларнинг илмий хулосаларига кўра, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 7 ёшгача бўлган даврда олади. Ана шу далилнинг ўзи болаларимизнинг етук ва баркамол шахс бўлиб вояга етишида боғча тарбияси қанчалик катта аҳамиятга эга эканини яққол кўрсатиб турибди.
Болаларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда турли ривожлантирувчи машғулотларни ўзида жамлаган “Илк қадам” давлат дастури туманимиздаги мавжуд 35 та давлат-нодавлат мактабгача таълим муассасаларида кенг қўлланилиб келинмоқда. Яқинда 2-сонли ДМТТ да “Мактабгача таълим ташкилотида "Илк қадам" давлат ўқув дастурини таълим-тарбия жараёнларида тадбиқ этиш орқали ўқув методик ва дидактик материаллардан самарали фойдаланишни такомиллаштириш" мавзусида семинар ўтказилди.
Амалий семинарда элементар математика йўналишида тарбиячилар Ю.Эгамова томонидан "Бўғирсоқ" ўрта гуруҳида "Уйча қуриш", М.Шомуродова томонидан “Капалак” тайёрлов гуруҳида “Сеҳрли уйча”, муассаса психологи С.Комилова томонидан “Олмахон” катта гуруҳида “Болаларнинг билиш жараёнларини ўйин орқали ривожлантириш” мавзуларида очиқ машғулотлар олиб борилди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари “Юлдузча” тайёрлов гуруҳида инглиз тили ўқитувчиси У.Ачилованинг “Мен ва менинг уйим” ноанъанавий дарс жараёнига гувоҳ бўлишди. Ўтказилган ноанъанавий очиқ дасрларда ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланилгани машғулотларнинг янада қизиқарли ўтишини таъминлади.
Тарбияланувчилар олган билимларини ривожлантирувчи марказларда ўтказилган қизиқарли машғулотларда янада мустаҳкамладилар. Фаол иштирокчилар рағбатлантирилди.
Амалий-семинар сўнгида тайёрлов гуруҳи тарбиячилари У.Жумаева, Д.Каримовалар раҳбарлигида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Аждодлар ёди мангу барҳаёт!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда кичкинтойлар томонидан Ватанни, тинчликни, истиқлолни мадҳ этувчи куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Суронли уруш йиллари ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Ой бориб, омон қайт!” деб номланган саҳна кўриниши маромига етказиб ижро этилганлиги учун барчага бирдек манзур бўлди.
Семинар ишида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Жамшид Халилов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Дилрабо КАМОЛОВА,
2-сонли ДМТТ директори.